“Майсага ағанаб ўқимоқ керак”
Open book on green grass in a field with daisys background concept for reading, relaxing and recreation
Бундан уч йилча аввал курсдошим, таниқли шоира Кавсар Турдиеванинг ижодий кечаси муносабати билан бўлган учрашув куни Ўзбекистон халқ шоири Хуршид Даврондан: “Ака, одамларнинг том-том китоблари чиқяпти, сизнинг асарларингиздан дарак йўқ”, деб сўрагандим, жавоб жуда қисқа бўлди:
— Топшириб қўйганман. Чиқиб қолар…
Хайрият, ўша кун келди. Қўлимда Хуршид аканинг Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳомийлигида чоп этилган “Танланган асарлар” тўплами. Сўзбошига қизиқдим: Ўзбекнинг катта олими, профессор Қозоқбой Йўлдош ва қизлари, таниқли олима Муҳайёхон Йўлдошеваларнинг сўзбошисини ўқиган китобхон Хуршид Даврондай шоирнинг “шиддатли, жўшқин, ички куч ва туйғуга бой” асарлари билан танишишга, аввал ўқиган бўлса-да, қайтадан қўлига олмоққа шошилиб қолиши тайин. Китоб кўтарган одамни кўрса, ажабланадиган замонга ҳам етиб келган бир пайтда шошилиб қоладиган ўқирманлар борлигидан хурсанд бўлиб кетишингиз аниқ. Бунинг сабаби битта: ота-бола олимлар таъкидлаганидек, бу ерда “эрк ва ғурур куйчиси” бўлмиш Хуршид Давроннинг кучи бор.
Тўғриси, аввалига бир ўқувчи сифатида Хуршид Даврондай забардаст адиб ижоди ҳақида фикр билдиришга менга йўл бўлсин, деган ўй-хаёлларга бордим. Бунинг устига, адабиётимизнинг ҳақиқий жонкуярлари, ўта билимдони, Қозоқбой акадек олимлари ўз баҳосини бериб, “Танланган асарлар” ҳақида атрофлича ёзиб қўйган бўлсалар. Лекин бир ҳолат далда берди. 1990 йили радиода “Оқшом тўлқинларида” ахборот-мусиқий эшиттириши орқали асло чўчимасдан фикр билдириб юборганим ва ўша эфирда гапирганларимга аканинг самимий муносабати, ҳар гал учрашганимизда айтадиган гаплари, қолаверса, “Танланган асарлар”ни ўқиганимдан кейинги ҳаяжон ёзишга ундади.
Сўзбоши баҳонасида айтилган гапларни асло четлаб ўтиб бўлмайди:
“…Узоқ келажагини тасаввур қилмаган, унинг бугундан кўра шонлироқ бўлиши учун курашмаган миллат бахтга муносиб эмас. Кечаги кунини унутиб юборган ёки эслагиси келмаган кимсалар учун эртанги кун ҳам бўлмайди. Улар худди жонлиқлар каби фақат ҳозир билан тирикчилик қиладилар”.
Бу сатрларни ўқигач, ўйланиб қоласан киши. Ўз-ўзидан жуда кўп саволлар пайдо бўлади. Қуйилиб келаверади. Бахтга муносиб бўлмаган миллат… Орамизда кечаги кунини унутиб юборган ва эслагиси келмайдиганлар шунчалар кўпми? Жонлиқлар каби яшайдиганлар-чи? Бу ёруғ дунёга келган ҳар бир инсон бахтли яшашга ҳақли, деган гапларни эшитганмиз, китобларда ўқиганмиз. Лекин бахтли инсон, бахтли миллат…
Хуршид Давроннинг “Ойбек” деган жуда машҳур шеъри бор. Қозоқбой Йўлдош ва Муҳайёхон бу ноёб асарга муносиб баҳо бериб, ўз айтар сўзларини айтиб қўйибди. Ўқидим қайта-қайта. Эсламайин, такрор бўлгани сабаб ўқирманга эслатмайин, дегандим, бўлмади.
Ойбекнинг шеърини далага чиқиб,
Майсага ағанаб ўқимоқ керак.
Ва сокин шивирни-оҳангни уқиб,
“Ойбекми? Майсами?” — деб толсин юрак.
Ойбекнинг шеърини бедазор аро,
Сой саси аралаш тингламоқ зарур,
Билмай қолсин юрак сув узрами ё
Ойбекнинг шеърида ўйнайди бу нур?
Назаримда, бу шеър Хуршид Давроннинг буюк Ойбек домлага бўлган юксак эҳтироми, унинг ижодига меҳри, муносабатигина эмас, балки ўлмас ижоднинг мусаввир Хуршид Даврон томонидан чизилган, даврлар, йиллар ўтса-да, асло ўчмайдиган, аксинча, одамларни ҳайратлантирадиган, ўзига тортиб ром қиладиган ноёб асар-сурати дейиш мумкин. Бу шеърни ўқигач, шеъриятни сал-пал тушунадиган бугунги кун ўқувчиси ҳам Ойбек домла асарлари жамланган китобни қўлтиғига қистириб, далага чиқиб кетгиси келиб қолади. Беихтиёр эгат бошига бориб ёнбошлаганида, шудринг тарқамаган майсадаги нам таъсири белига ўтганини ҳам сезмай, ўқирманга айланиши ҳеч гап эмас.
Кўзларимдан айрилиб кўрдим бутун дунёни…
Абу Абдуллоҳ Рудакийнинг асаридаги сатрлар эпиграф қилиб олинган ажойиб бир шеър бор.
— Дунё гўзал, — деди,
қари шоирнинг
ўйилган кўзлари менга боқарди.
— Дунё гўзал, — деди
бўш қабоқларнинг
қаъридан ситилиб қонлар оқарди.
Дунё гўзал… Ҳақ гап. Лекин биз кўзи очиқлар, ҳаммамиз ҳам шу гўзалликни сўқирча бўлмай, ҳис қилмай яшамаяпмизми? Бу ёруғ дунёнинг гўзаллигини билмайдиганлар қанча? Шу гўзалликни топтайдиганлар, хўрлайдиганлар, кунпаякун қилаётганлар-чи? Тоғ бағрига боринг, боғ ораланг, кимсасиз чўлу биёбонга боқинг: гўзаллик бор. Фақат уни кўра билиш керак.
Ўтган асрда Тошкентда Ўрол Тансиқбоев деган бир мусаввир яшаган. Ўша рассом поездда қорни очганини ҳам эсдан чиқариб, қозоқ чўлларига маҳлиё бўлиб кетаётганида, ҳамроҳларидан бири: “Оға, тушликка юринг, томоша қиладиган нима бор бу яйдоқ чўлда?” деган гапни айтади. Шу заҳотиёқ бу ҳамроҳлар рассом учун бегонага айланади. Табиатни жондан яхши кўрган буюк мусаввир улар билан гаплашмай қўяди. Мана гўзалликни кўрган-у кўрмайдиганлар орасидаги фарқ. Гўзалликни кўрмаслар ҳаракати оқибатида инсоният бошига не ташвишлар тушаётганини кўпчилик билиб, кўриб турибди. Эртага нима бўлади? Дунё гўзаллигини кўриш учун кўзлар очиқ бўлишининг ўзи етмаскан. Шоир Хуршид Даврон нидоси:
— Дунё гўзал, — деди, — боқма кўзимга,
Бу гўзал дунёда минг ранг, минг оҳанг.
Ҳали ишонасан менинг сўзимга
Сен ҳам кўзларингдан бир кун айрилсанг.
Яқинда буюк алломанинг ҳаёти акс этган “Алихонтўра Соғуний ҳақида хотиралар” деб номланган китобни ўқиб қолдим. Маршал буванинг набираси Баҳманёр Шокир ёзган бу кичик китобда катта гаплар айтилган экан. Ундан ўрин олган “Боғи Эрам” деб номланган лавҳадан бир парча:
“Бобом ниҳоятда юксак дидли, таъби назм соҳиби эдилар. Эсимда, бир куни эндигина қуёш кўтарилган тонг маҳали — субҳидамда боғда юрган эдилар. Бир маҳал уларнинг: “Баҳманёр ўғлим, тез келинг, мана буни кўринг!” деганларини эшитдим. Югуриб ёнларига борсам, бобом сал энгашиб, атиргул баргидаги шудринг томчисига завқ билан тикилиб турибдилар.
“Қаранг, ўғлим, бунинг гўзаллигини кўринг, — дедилар бобом, — дунёнинг бутун ранглари шу қатрада мужассам! Мўъжиза-ку бу, субҳоноллоҳ, субҳоноллоҳ!”
Ана, бутун ҳаётини эрк ва озодлик йўлига тиккан буюк инсон, маршал бобонинг гўзалликка муносабати! Соғуний ҳазратлари талайгина шеърлар ёзгани ҳам бежиз эмас. Хуршид Даврон шеърияти билан танишган ўқирман шоирнинг табиатга бўлган ажиб муҳаббатини кўриши аниқ. Гўзалликни кўра олиш, ундан завқланиш шоир Хуршид Даврон шеъриятида ярқ этиб кўзга ташланади. Бунда Соғуний бобо билан Хуршид ака ўртасида қандайдир яқинлик бордай кўринди менга.
Шоир борки, Ватан ҳақида шеър ёзади. Шеър нималигини тушуниб етмаган қизалоқ ҳам Ватан ҳақида шеър ёзишга ҳаракат қилади. Лекин шундай шеърлар борки, Ватан ҳақида сен айтмоқчи бўлган гапни олдиндан айтиб қўяди, юмилган кўзларни очади, тасаввурингизни уйғотиб юборади. Буни ҳақиқий шеърият дейдилар.
Шоир юрагидан отилиб чиққан сатрлар дилингизга яқинлиги учун шеърда ўзингизни кўрасиз. Уни ўқиб, кўзингизни юмгач, тасаввурингизда остона, туғилиб ўсган қишлоғингиз — Ватаннинг бир бўлаги пайдо бўлади. Таниш манзарага дуч келасиз. Мусофирлик нималигини англаб етганларнинг кўпчилигидан: “Қишлоққа борсам, яйраб кетаман”, деган гапларни эшитганман.
“Ия-ия, қачон келдинг? Бормисан бу
дунёда ўзи?” —
дея мени кутиб олар қишлоққа қайтсам,
йўл четида ўсган гиёҳлар…
Ортга қайтсам:
“Сен кимсан?” — деб танимас шаҳар.
Йўл четида ўсган гиёҳларнинг ҳам кутиб олиши… Ватаннинг улуғлигини кўрсатиш учун баландпарвоз гапларнинг кераги йўқ. Хуршид Даврон шеърини ўқиб, бунга яна бир бор тан берасиз. Ўзингиз ўқимасангиз, набирангизга ўқитиб, тингланг. Аслида, бу шеър қишлоқдан келиб, шаҳарда қўним топганларнинг қўшиғи. Қўшиқ бўлгандаям ҳаётнинг ўзи.
“Ўзбек тили — Давлат тили” деб кариллаймиз. Ҳар йили 21 октябрда бир кун байрам ҳам қиламиз. Оммавий ахборот воситалари борки, ҳаммаси тилга киради. Лекин бу тилни давлат тили қиламиз, деб куйиб ёнганларнинг дарди ичида. Нега? Ҳафсаласи пир бўлганми?
Маҳаллада яшайман. Баъзан кечқурун кўча айлансам, “продаётся дом” деган эълон-ёзувларига кўзим тушади. Ўрис яшармикан, деб бир-икки уйга харидор сифатида кириб ҳам кўрганман. Йўқ, ҳаммаси ўзбеклар. “Барака топгур, сенинг уйингни бошқа миллат олмайди, олса ҳам ўз тилингни ҳам уйингга қўшиб сотма”, дегим келади. Яна бефойда эканлигини биламан. Шунинг учун индамайман.
Яна бошқа бир манзара. Бу саҳна кўриниши эмас, ҳақиқат. Кўчада икки қиз гаплашяпти. Бировнинг гапига қулоқ солиш одобсизлик. Начора, автобус тўхташ жойи торроқ. Бир-бири билан “улуғлар тили”да гурунг қилган ўзбекларнинг сўзлашувини эшитишга мажбурсиз. Улар ор қилса керак она тилида гаплашишга. Уйида инглиз ва бошқа тилда тили чиққан боласидан хурсанд ота-онанинг қувончи чексизлигини кўриш одатий ҳолга айланяпти. Аслида, тил билганнинг нимаси ёмон? Бир эмас, ўн тилни билсин. Ундайлар билан фахрланайлик. Лекин ўз она тилини билмаслик, унутиш, шу тилда гаплашишга ор қилиш даражасига етишни нима дейиш керак? Қандай баҳоламоқ лозим?
Шундай пайтда ҳам миллат ойдинлари жим тураверишлари керакми? Миллат шоири қандай ором олиб ухлайди? Баданига тиканлар кирмайдими? Хайрият, бу миллатнинг Хуршид Давронлари бор, ҳақиқий шоирлари бор. Шунинг учун шоирнинг қоп-қора сочлари оқариб кетган. “Қани у тим қора жингалак сочлар?” дегинг келади. Дард кўп. Шоир нима қилсин? Аламини сатрларга тўкади-да. Мана ҳайқириқ, мана нидо:
Ўз тилини унутган халқнинг
боғларида ўсган гулларни
чирмаб ухлар заҳарли илон.
Ўз тилини унутган халқнинг
осмонида порламас қуёш —
нур ўрнида тўкилади тош.
Ўз тилини унутган халқнинг
уйқусида асло ором йўқ —
тегиб турар курагига ўқ.
Ўз тилини унутган халқнинг
мозорида аждодлар қабри
узра қўяр болалар тикан.
Ўзга тилга меҳр қўйиб, ўз тилини унутганлар бу сатрларни тушунмасликлари мумкин. Шоирнинг ҳайқириғини сезмасликлари ҳам тайин. Нима қилиш керак? Ҳеч бўлмаса, кўп жойларга ёзиб, шиордай осиб қўйса бўлади-ку! Бир-иккита бемаза рекламанинг ўрнини эгалласа, нима бўпти? Ўзга миллат тилида гапириб, ўз тилини унутганлар бу қандай шеър бўлди, деб сўрасалар, ўзбек тилини биладиганлар ўқиб беришса, ғафлат уйқусидан уйғониб кетар балки? Ҳа, аслида, бу асар мактабларда, болалар боғчаларида деворларга осилган шиорлар қаторидан жой оладиган шеър. Ғурури бор адабиёт муаллими ўқувчиларига бу шеърни ёдлатади.
Шоирнинг “Дўстим Шавкат Раҳмонга” деган шеъри шундай мисралар билан бошланади:
Ҳамдард излаган чоғим
Тўсатдан сени эслаб
Зирқиради юрагим.
Шу сатрларнинг ўзи бу икки ижодкорни биладиганлар, ҳақиқий шеър ўқирманлар учун етарлидай. Ҳамдард излаш… Бугун кўплар учун оғир, азобли, осон бўлмайдиган иш. Дард кўп-у, ҳамдард йўқ, дегандай.
Шеър давом этади:
Дардларимни айтай деб
Сени излаб боргандим —
Деразанг қоп-қоронғу.
Умид билан излаб борганда қоп-қоронғи дераза кутиб олса. Бу ҳолатни билмоқ, тушунмоқ учун икки шоир Хуршид Даврон ва Шавкат Раҳмон дунёсига кирмоқ керак. Аммо бу дунёга кириш осон эмас. Бошқача олам. Буни ҳамдардлар дунёси дейдилар. Ахир ҳамма ҳам ҳамдард бўлавермайди…
Тўпламда Хуршид Давроннинг яна “Шаҳидлар шоҳи” деб номланган ажойиб бир асари бор. Бу асарни катта ёзувчининг уйқусиз тунлари, машаққатли меҳнати эвазига яратилган, ўзбек адабиётини бойитган шоҳ асарлардан бири дейиш билан чекланганим маъқул.
“Босқинчилик қаҳрамонлик бўладими?”
Сарлавҳанинг ўзи кўп нарсани айтиб турибди. “Звезда Востока” ойномасининг ўша вақтдаги бош муҳаррири С.Татурга ёзилган бу очиқ хатни миллат фарзандининг жасорати дейиш мумкин.
Очиқ хат мазмунига ўтишдан олдин бир воқеани эслашга тўғри келди. Ўтган асрнинг ўрталарида Соҳибқирон Амир Темур номини тилга олишдан одамлар чўчиб юрган кунлари ўзбекнинг бир алломаси, академик Иброҳим Мўминов катта олимларни тўплаб, буюк бобомиз ҳақида асар ёзиш таклифини ўртага ташлайди. Ҳамма жим. Ниҳоят, домланинг ўзлари ёзади. Шундай қилиб, “Амир Темурнинг тарихдаги ўрни ва роли” деб номланган кичик рисола пайдо бўлади. Ундан кейин домлага қилинган ҳужумларнинг қай даражада бўлганлигини кўпчилик билади. Лекин бир ҳақиқат бор. Ўшанда академик Мўминов тарихий жасорат кўрсатганди.
Хуршид Даврон ҳам ўзининг бу очиқ хати билан ҳақиқий жасорат кўрсатди. Ўшанда ойноманинг 3-сонида Михаил Поповнинг “Ак-паша — белый генерал” деб номланган мақоласи босилади. Хуршид ака ҳам айримларга ўхшаб “битта ўрис бола алжираса алжирабди-да”, деб қўя қолса бўларди. Йўқ! У жим ўтириб томошабин бўладиганлардан эмас. Очиқ хат бошланишида миллатимизнинг бошига оғир кунлар тушганда ҳимоячиларидан бири бўлган буюк адиб Чингиз Айтматовнинг “Босқинчи қаҳрамон бўлолмайди” деган сўзлари ўрин олган. Шундан сўнг ёзувчи Хуршид Даврон босқинчининг қаҳрамон бўла олмаслигини исботлаган. Хуршид Даврон Айтматовнинг бу сўзлари орқали бугунги кунда ҳам босқинчиларга нисбатан қарашлари ўзгармаган кимсаларга жавоб бериб қўя қолган. Поповнинг мақоласи тўқсон тўққиз фоиз ёлғондан иборат эканлигини билдириб, бирма-бир аниқ жавоб қайтарган. Хуршид ака бундан аввал ҳам Чор Россиясининг мустамлакачилик сиёсати ҳақида бир нечта мақола ёзган. Лекин буниси бошқача бўлганди. Мақолани ўша куниёқ тўлиғича республика радиосининг ўз пайтида тингловчилар назарига тушган “Оқшом тўлқинларида” ахборот-мусиқий эшиттириш орқали ўқиб бергандим. Сал чўчиброқ бўлсаям, муносабатимни билдириб юборганман. “Қўш-қўш унвонлари бор тарихчи олимлар, қайдасиз? Сизларнинг ишингизни миллатнинг зўр шоири бажариб қўйганлигини тан олсангиз керак”, деган гапларни ҳам айтгандим. Эртасига олимлардан жавоб кутганман. Жимжитлик… Биз шундаймиз!
Хуршид Даврон ёзади:
“А.Аминов, Б.Бобохўжаев каби совет тарихчилари маҳаллий халқ рус босқинчиларига деярли қаршилик кўрсатмайдилар, деб уялмай-нетмай ёзганларида, ўз она юртлари Туркистонни душманлардан ҳимоя қилиб ҳалок бўлган қаҳрамонлар хотирасини топтаганларини ўйлаб кўрганмилар? Илмий ҳақиқатга хиёнат қилган тарихчилар Тошкент шаҳрининг забт этилишига ҳисса қўшган Абдураҳмонбек Шодмонбеков, Қўқон хонлигида кечган миллий озодлик курашини бостиришда фон Кауфмандан маслаҳатларини аямаган Мирза Ҳаким парвоначи, Самарқанднинг ботир ўғлони Бобонбек Алибой ўғлини русларга тутиб берган Саидхон Каримхоновга ўхшаган сотқинлар билан тенг турадилар”.
Ёшлигимда кексалардан “Искобилга бордик”, “Искобилнинг чинорлари кўп”, деган гапларни кўп эшитганман. Тўғриси, ўшанда бу Искобил дегани қандай жой эканлигини билмаганман. Улар бугунги Фарғонани Искобил деган эканлар. Скобелев каби қонхўр босқинчилар номи билан аталган яна бир қанча жойлар яқин-яқингача бўлганлигини кўпчилик, айниқса, кексалар яхши билишади.
Хуршид Давроннинг бу очиқ хатини романларга тенглашадиган асар дегим келади. Бу асарда Чор ҳукуматининг босқинчилик сиёсати аниқ маълумотлар орқали фош қилиб ташланган. Тарихий ҳақиқат исботланган. “Генерал Скобелев ким?” деган саволга жавоб берилган.
“Генерал М.Д.Скобелев ташаббуси билан қўзғолончи қипчоқларга қарши “Икки сув ораси” деб номланган уруш ҳаракатномаси ишлаб чиқилади. Бу ҳаракатнома, асосан, қўзғолончиларга қарши қаратилган бўлиб, яна бир марта уруш уюштириш, қўзғолончиларнинг асосий кучларини тор-мор этиш кўзланган эди.
Қонхўр генерал бу ниятини амалга ошириш мақсадида йўлида учраган барча қишлоқларни култепага айлантириб, 1876 йилнинг 8 январида Андижон остонасига етади. Ўртада даҳшатли жанг бошланади. Андижонликлардан 20 минг одам ўлдирилади…
— Халқ қонини дарё қилиб оқизган, йўлида учраган барча қишлоқлар кулини кўкка совурган, тирик жонни, бола демай, аёл, қари демай, тиғдан ўтказган генерал Скобелев эса 1876 йилнинг 19 февралида подшоҳ ҳукми билан ташкил этилган Фарғона областининг ҳарбий губернатори деб эълон қилинди”.
Бу асарда Чор босқинчиларининг ўлкамизда амалга оширган ёвуз ишлари тўғрисида жуда кўплаб воқеалар келтирилади. Асосли тарихий ҳақиқат Поповнинг ёлғонларини чилпарчин қилади. Ёлғон аралашмаган ҳақиқат кучли экани кўрсатилади.
Ўзбек фарзандлари Чор Россияси босқини даври ҳақида билиши шарт бўлган маълумотлар борлиги билан ҳам бу асар мактабларда дарслик сифатида ўқилиши керак, деган хулосага келишга асос бўла олади. Хуршид ака ўзининг бу асарини алоҳида китобча қилиб чоп эттирса, яхши бўларди. Чунки бу китоб орқали “босқинчи ким?” деган саволга жавоб ҳам топилади. Ота-боболарининг аянчли қисматидан хабардор авлод учун ҳозирда ҳам тез-тез отилиб турган тошларга жавоб беришда бундай асар кучи, салмоғи катта бўлади. Хуршид Даврон ўзининг бу асари орқали бир ижодкор сифатида ўз миллати олдидаги вазифасини, бурчини бажариб қўйган:
Бу дунёда босқинчидек ғар,
Босқинчидек золим йўқ, халқим!
Бу миллат шоирининг, ҳақиқий фарзандининг ҳайқириғи! Уни эшитмоқ учун соф қалб, тоза юрак зарур! Бу “Танланган асарлар”ни ҳам буюк Ойбекнинг шеърлари қатори “Майсага ағанаб ўқимоқ керак”. Уқмоқ керак!
Анвар Абдувалиев,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган
журналист.
