Қумлар салтанатида…

Устюрт саҳросида ҳеч бўлганмисиз? Учи-кети кўринмайдиган саҳрода кучли шамол қум уюмларини бир жойдан бошқасига учиради. Ҳафта-ўн кун илгари теп-текис бўлган жойда улкан қум тепалиги пайдо бўлади. Табиат бир зумга бўлса ҳам режадан оғишмай ўз ишини давом эттираверади.

Шамол натижасида турли ажойиб шакллар ҳосил бўлган ҳудудлар кўп. Гўёки табиатнинг бу ёдгорликлари “тил”га кириб, узоқ мозийдан сўзлагандай бўлади. Бундай антиқа шакллар Устюрт кенглигининг Козахли деган ҳудудида жойлашган. Ўзбекистон, Қозоғистон ва Туркманистон давлатлари туташган нуқтада эртакмонанд қум қасрлари-ю, ҳосил бўлган антиқа шакллар киши эътиборини ўзига тортади. Улар кўп қаватли иморатларга ўхшаб кетади ва бир дара ичида жойлашган. Ўша дара адоғида баландлиги йигирма тўрт метрдан зиёд, бироз энкайган, баҳайбат минораларни эслатувчи устун ҳосил бўлган.

Бу жойни маҳаллий аҳоли “Зол шаҳри” деб атайди. Шу ўринда шамоллар туфайли ҳосил бўлган геологик ёдгорликлар мамлакатимиз ҳудудида сероб эканини таъкидлаш жоиз.

“Зол” сўзи қадимги юнон тилидан олинган бўлиб, “шамол худоси” деган маънони англатар экан. Эл орасида оғиздан-оғизга ўтиб юрадиган афсоналардан бирида айтилишича, бир вақтлар шамол худоси кенгликлар бағрига ташриф буюриб, кўплаб гўзал табиий асарларини яратган экан.

Ушбу геологик ёдгорликлар баъзи жойларда тўда-тўда ҳолда ҳам учрайди. Уларга узоқдан қарасангиз, ажойиб манзарани, яъни ярим қўрғонларни, қадимий катта ва баланд шаҳар минораларини, қасрларни, кўп қаватли ибодатхоналарни, одам ва ҳайвон гавдаларини кўргандай бўласиз.

…Ўша куни “Зол”даги бетакрор, эртакмонанд манзараларни томоша қилиб юриб, қизиқ, ажабтовур бир ҳолатга дуч келдик. Улкан минорани ёдга соладиган устунга эчкиэмар ўрнашиб олибди. Унга сал яқинлашгандик, танасини худди пуфакдек шиширди, тилини чиқариб “пўписа” қилди. Ундан наридаги тепаликда қора қуш қоққан қозиқдай турар, аммо жойидан жилай демасди. Ҳойнаҳой, осмон қуши эчкиэмарни инидаги полапонларга элтмоқчи бўлаётганди. У ердан узоқлашдик…

“Қаранг, табиат ўзи яратган буюк асарини муҳофаза қилиш асносида эчкиэмарни қўриқчи этиб қолдирган кўринади”, деди ҳамроҳимиз Бекжурсин оға. Ўша куни тунни асрий Устюрт саҳроси қўйнидаги масканда ўтказдик. Айниқса, жилвагар, сеҳргар ой чиққанида бу жойлар янада мафтункор, жозибалироқ бўлиб кетар экан.

Судочье кўли бўйлаб — аэропланда

Бу ҳар қандай сайёҳни қизиқтиради.

Ҳар гал Орол денгизига яқин ҳудудда бўлганимда, Борсакелмас туз конининг эртакмонанд манзараси-ю, миллион йиллар бурун юз берган қудратли тектоник эврилиш натижасида пайдо бўлган Чинк жарликларидаги ғаройиб шакллар кўнглимга чўғ, завқ солади. Орол денгизининг бир бўлаги бўлган Судочье кўли баланд тепаликдан оқариб, янада мафтункор, жозибали кўринади. Бу ажойиб манзаралардан кўз узгингиз келмайди.

Ҳақиқатан ҳам, юртимизда йилнинг тўрт фаслида томоша қиладиган ва ҳордиқ чиқарадиган масканлар, бетакрор табиат ёдгорликлари бисёр. Улар сайёҳларда бир олам қувонч, унутилмас таассурот қолдиради. Қолаверса, бу масканнинг ўсимлик ва ҳайвонот олами бетакрор.

Яхши биласиз, денгиз соҳилларидаги имкониятлари асносида сайёҳларни ўзига оҳанрабодек тортадиган мамлакатларга қиш фаслида саёҳат қилишмайди. Аммо Ўзбекистонга сайёҳлар йилнинг тўрт фаслида ҳам бемалол келиши мумкин.

Бугунги кунда сайёҳларни аэропланда учиш спорт тури ҳам жуда қизиқтиради. Негаки, осмони фалакдан, само денгизидан туриб, чор-атрофни, табиат мўъжизаларини томоша қилишнинг завқи бўлакча. Қолаверса, жаҳон туризми ривожи айни шу спорт турига ҳам узвий боғлиқ. Демак, биз Оролбўйида мазкур хизматни жорий этсак, юртимизга меҳмон бўлиб келаётган хорижликларнинг сони ошиб, валюта тушуми кўпаяди.

Мутахассисларнинг фикрича, аэроплан ёрдамида икки-уч юз километргача бўлган масофани бемалол саёҳат қилиш мумкин. Гап фақат ана шу янгиликни ҳаётга жорий этишда.

Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 3 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси туризм салоҳиятини ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш бўйича қўшимча ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони бу борада муҳим қадам бўлди. Ҳужжатда туризм соҳасидаги тадбиркорлик субъектларига катта имтиёзлар берилди. Ҳаво шарларини мамлакатимизга олиб келиш ҳам божхона тўловларидан озод қилинди.

Бундан самарали фойдаланишимиз зарур. Юқорида айтганимиз — Қорақалпоғистоннинг бетакрор табиати сайёҳларни жалб этувчи ажойиб манзаралардан биридир.

“Саҳродаги Лувр”

Қорақалпоқ халқининг амалий санъат намуналарини ўзида жамлаган музей дунёда иккинчи ўринда туради.

Ўзига хос антиқа услубда барпо этилган маҳобатли бинонинг бўлимлари, экспозициялари шу қадар кўпки, қай бирини томоша қилишни билмай қоласиз. Бу ерда юз мингдан ошиқ санъат асарлари жамланган. Ушбу маълумотни музейга борганларнинг кўпчилиги қайд этиб қўяди: “Музей бундан эллик саккиз йил муқаддам рассом, тарихшунос, коллекционер Игорь Витальевич Савицкий томонидан ташкил этилган. Молпараст (маҳаллий халқ Савицкийни шундай ном билан атаган) қорақалпоқ элида бир минг тўққиз юз эллигинчи йилдан то бир минг тўққиз юз саксон тўртинчи йилгача истиқомат қилади. Ўша кезлари у овулма-овул, ҳовлима-ҳовли юриб, аҳолидан халқ амалий санъати намуналарини йиғади. Шу аснода унинг қалбида музей очиш истаги пайдо бўлади. Тўғри, дастлабки кезлари одамлар бироз нотўғри тушуниб, унга ишонишмайди. Кейинчалик маҳаллий аҳолининг ўзи ҳам нодир буюмларни тўплашда кўмак беради. Бугун музейдаги экспонатлар бир неча юз мингтани ташкил этади. Ҳали улар орасида бўлимларга, залларга қўйилишини кутиб ётган экспонатлар қанча!”

Қорақалпоқ халқининг амалий санъати дурдоналари дунёдаги барча коллекциялардан жозибалироқ, дея оламиз. Шунинг учун хорижликлар мазкур санъат кошонасини “Саҳродаги Лувр” дея эъзозлашади. Яъни унга “Бебаҳо тош”, “Қумлар бағридаги гул” деган таърифлар берилиши ҳам бежиз эмас. Қорақалпоқларнинг ажойиб ва такрорланмас санъат намуналарида халқнинг ўзлиги, миллийлиги ва анъаналари, тутумлари ўз ифодасини топган.

Эътиборимизни бирдан “Саукеле”, яъни подшоҳ тожи жалб этди. Тожга қуёш нурида жилоланадиган қимматбаҳо дуру гавҳарлар, тошлар қадалган. У ҳар қандай одамни ўзига маҳлиё этиши турган гап. Ундан сал нарида савкили, яъни аёллар киядиган кўк рангдаги кўйлак асл ҳолича сақланаётган экан. Бу кўйлак матоси ҳам қўлда тўқилган, ҳинд диёридан келтирилган нил бўёғи ишлатилган.

Игорь Савицкий номидаги Қорақалпоқ давлат санъат музейидан ноёб тарихий топилмалар, бетакрор ҳунармандчилик намуналари, атоқли рассомлар ижодига мансуб нодир асарлар муносиб жой эгаллаган. Санъат кошонаси чет давлатларда ўтказилаётган кўргазмаларда иштирок этмоқда. Айниқса, Москва шаҳридаги Александр Пушкин номидаги тасвирий санъат музейида уюштирилган “Нукус хазинаси” деб номланган кўргазма катта муваффақият қозонди. Санъат кошонаси заллари жаҳон талабларига тўла жавоб берувчи жиҳозлар асносида таъминлангани, аждодларимиздан мерос қадриятларнинг асл намуналари сақланаётгани туфайли бутун дунё сайёҳларини мафтун этмоқда.

Тарих дурдонаси

Уни кўриш учун Қорақалпоғистоннинг Аёзчўлига бориш керак.

Бу замин Элликқалъа ва Беруний туманлари оралиғида жойлашган. Унда ғоят гўзал ва бетакрор ёдгорликлар ва манзаралар кўп. Ана шу маконнинг ўзида тарих ва табиат нодир неъматларининг абадий дийдорлашувини пайқагандай бўласиз. Улар бир-бирига муштоқдек гўё.

…Ҳайдовчи машинани ўт олдирди. Бироз қиздиргач, қўзғалди. Элликқалъа тумани маркази Бўстон шаҳридан чиққан улов шимолий йўналишга қараб ўттиз-ўттиз беш чақирим юрганидан сўнг, аввал яйдоқ чўл, салдан кейин Қизилқум этаклари пешвоз чиқди. Тоғ ва азамат тепаликлар кўзга ташланди. Улкан харсангтошдан ҳосил бўлган тик деворли чўққи ҳам, унинг устига бир юз эллик, бир юз олтмиш метрча баландликда бир замонлар ­бунёд этилган қалъа қолдиқлари ҳам олисдан элас-элас кўзга ташланади. Хаёлдан Аёзқалъанинг то шу кунга қадар етиб келганининг ўзи ҳам катта гап, деган ўй кечди. Қалъа тепасига пиёда чиқдик. Бироз нафасимизни ростлагач, чор-атрофга нигоҳ ташладим. Ана, қалъадан унча узоқ бўлмаган Қулқалъа, Қирққизқалъа, Девқалъа, Ёнбошқалъа, Қўйқирилган қалъа, Гулдурсинқалъа, Элликқалъа сингари элликка яқин қалъалар ястаниб ётибди. Хуллас, рассом асарларида тасвирланган барча манзарани кўриш мумкин.

Тўққиз гектар майдонга тўртбурчак шаклда барпо этилган қалъа пойдевори ўн-ўн икки метрча келади. Узун-узун дулонлар, хоналар, отхона ва омборхонадан иборат. Уларнинг томи гумбаз шаклида, обдан тепиб пишитилган мустаҳкам ғишт билан урилган. Гумбазларнинг устида бирйўла икки-уч киши ёнма-ён юрадиган йўлаклар бор, кузатиш ва ҳимояланишга мўлжалланган учбурчаксимон тешиклар… Қудуқдаги сув бир юз эллик, бир юз олтмиш беш метр чуқурликдан чиққан. Аслида, Аёзқалъани эгизак қалъалар сирасига киритиш мумкин. Тепадаги ҳимоя қалъасидан юз метрлар нарида, эллик-олтмиш метрлар пастликда хиёл кичикроқ саҳнали бир қўрғон ҳам бор. Бу ерда қўшин бошлиқлари яшаган бўлиб, ҳар-ҳар замонда келувчи хон ва беклар учун хос хоналар бўлган. Қуйи Аёзқалъа, ўрта ва баланд Аёзқалъа орасидаги масофа бир чақиримдан кўп эмас. Қизиқ ҳолат, саройда лой топишнинг ўзи машаққат. У қалъа қуриш учун от ва туяларда узоқдан ташиб келтирилган. Бугун қалъа пастидаги кенгликда йигирмага яқин қора уй (ўтов)лар ўрнатилган. Шунинг учун ҳам бу макондан маҳаллий ва хорижий сайёҳларнинг қадами узилмайди. Улар ота-боболаримиз ақл-тафаккури асносида бунёд этилган қалъаларни кўриб, ҳайратланади.

Тарих дурдонаси ҳисобланган Аёзқалъа тарихий-меъморий ёдгорлиги дахлсиз сақлаб қолинмоғи ва синчиклаб ўрганилмоғи лозим. Негаки, қалъа жаҳон сайёҳларининг севимли масканига айланиб улгурди. Бу ҳар биримизнинг кўнглимизда фахр-ифтихор уйғотади. Зеро, ўз ўтмишига бефарқ бўлмаган халқ асло завол топмас.

Улуғбек ЖУМАЕВ,

Ўзбекистон Ёзувчилар ва Журналистлар уюшмалари аъзоси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

17 − 2 =