Ота – тарбия устуни

 “Оталар куни”ни ижтимоий сана сифатида белгилаш хусусида

Маълумки, ҳар бир жамият тараққиёти оилалар мустаҳкамлигига, оила мустаҳкамлиги эса ота-онанинг ўрни ва масъулиятига бевосита боғлиқ. Бугунги глобаллашув шароитида айрим ғарб мамлакатларида анъанавий оила институти ўрнини “замонавий” жамиятларда мавжуд бўлган ноодатий оила шакллари (расман никоҳдан ўтмасдан бирга яшайдиган жуфтликлар, фарзандсиз оилалар, бир жинсли жуфтликлар) эгаллаб бораётгани, оилавий қадриятлар жиддий синовларга дуч келаётгани ўзи яшаётган жамият тақдирига, келажагига бефарқ бўлмаган ҳар бир инсонни хавотирга солади.

Айрим ҳолатларда ота тимсоли фақат оиланинг иқтисодий таъминловчиси сифатида қабул қилиниб, унинг фарзандлар тарбиясидаги вазифалари етарлича эътироф этилмаяпти. Зеро, тарихимизга назар ташласак, ўзбек оилаларида ота — тарбия устуни, масъулият ва интизом тимсоли, авлодлар давомийлигининг асосий ҳалқаси сифатида қаралади. Отанинг фарзанд тарбиясидаги фаол иштироки нафақат бир оиланинг, балки бутун жамиятнинг маънавий соғломлигига хизмат қилади. Бугунги кунда вояга етмаганлар томонидан содир этилаётган ҳуқуқбузарлик, жиноят ҳолатларининг туб илдизи ҳам айнан оилада отанинг ўрни пасайиб бораётгани билан бевосита боғлиқдир.

Маълумки, давлатимиз томонидан вояга етмаганлар ўртасидаги ҳуқуқбузарлик ва жиноятчилик ҳолатларининг олдини олиш борасида кўплаб профилактик ишлар амалга ошириб келинмоқда. Жиноятчиликка мойил бўлган ёшлар билан индивидуал ишлаш, уларни ижтимоий мослаштириш борасидаги тизимли ишлар самараси ўлароқ, маълумотларга қараганда, юртимизда 2025 йилда вояга етмаганлар томонидан содир этилган жиноятлар сони 2306 тани ташкил этган (2024 йилда 2870 та ҳолат қайд этилган). Бу кўрсаткич умумий жиноятлар таркибида тахминан 2,1 фоизни ташкил этади. Шунингдек, ёшлар жиноятчилиги динамикасига кўра, 4024 та маҳалланинг жиноятсиз ҳудудга айлангани бу борада камайиш тенденцияси (йилма-йил пасайиш) кетаётганини кўрсатади.

Лекин бу таҳлиллар вояга етмаганлар томонидан ҳуқуқбузарлик ва жиноятчилик ҳолатлари умуман содир этилмаяпти, деган хулосага асос бўла олмайди. Айрим оилаларда фарзанд тарбияси бутунлай онанинг зиммасига юклаб қўйилаётгани ёшлар жиноятчилигининг асосий омилларидан бири сифатида таъкидланади. Ваҳоланки, фарзандларини билимли, ҳунарли, ахлоқли қилиб тарбиялашда ота-оналар бирдек масъулдирлар. Айниқса, ўғил фарзандлар тарбиясида отанинг ўрни беқиёс. Бугун айрим оталарнинг фарзандлар таъминоти, таълими, тарбияси учун масъуллик залворини ҳис қилмаётганликлари, улар олдидаги бурчларини унутиб қўяётганликлари боис ҳуқуқбузарлик ва жиноятлар “ёшариб” боряпти, ёшлар турли оқимлар, ёт ғоялар таъсирига, миссионерлар тузоғига осонгина тушиб қоляптилар.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг 2025-2029 йилларга мўлжалланган Сайловолди дастурида оилавий ҳамжиҳатликни таъминлаш, оила шаъни ва шавкати ҳимоячиси бўлган эркакларнинг оиладан, бола тарбиясидан узоқлашишининг олдини олиш мақсадида Ўзбекистонда “Оталар куни”ни ижтимоий сана сифатида байрам қилинишини таъминлашга оид бир қатор вазифалар белгиланган. Партиянинг 2026 йилга мўлжалланган Иш режасининг 35-бандида эркакларнинг оиладаги ўрни ва масъулиятини ошириш мақсадида норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш кўзда тутилган. Шунингдек, эркакларнинг оиладаги ўрни борасидаги илмий-тадқиқот лойиҳаларида ҳамкорлик қилиш, хорижий тажрибаларни ўрганиш, “Оталар куни”ни ижтимоий кун сифатида байрам қилиниши юзасидан аҳоли фикрини ўрганиш ҳамда жамоатчилик муҳокамаларини ташкил этиш, натижалари юзасидан Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексига ҳамда “Ўзбекистон Республикасида байрам кунлари тўғрисида”ги Қонунга тегишли қўшимча ва ўзгартишлар киритиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш режалаштирилган. Оилалар мустаҳкамлиги, ёшлар тарбияси билан боғлиқ муҳим жиҳатларни инобатга олган ҳолда партия томонидан Ўзбекистонда “Оталар куни”ни ижтимоий сана сифатида нишонлаш ташаббуси илгари сурилмоқда. Бу таклиф нафақат рамзий аҳамиятга эга, балки жамиятда оталарнинг ўрни ва масъулиятини янада мустаҳкамлашга қаратилган муҳим сиёсий-ижтимоий қадам, шунингдек, оиладаги мувозанатни тиклаш, отанинг оиладаги ўрни, фарзанд тарбиясидаги масъулиятини кенг жамоатчиликка яна бир бор эслатиш имкони ҳамдир. Давлат ва жамият ўртасида ижтимоий шерикликни кучайтиришга хизмат қиладиган ушбу ташаббус орқали давлат фуқароларнинг оила институтига бўлган эътиборини рағбатлантиради, жамоатчиликни тарбиявий масъулиятга чорлайди. Шунингдек, оилапарвар, масъулиятли ва ибратли оталарни оммага намуна сифатида кўрсатиш имконияти яратилади.

Албатта, бундай ташаббусни амалга ошириш фақат байрам ёки сана билан чекланиб қолмай, таълимий ва ижтимоий дастурлар орқали қўллаб-қувватланиши жуда муҳим. Масалан, бу байрам ёки сананинг аҳамиятига оид саволнома асосида жамоатчилик фикрини ўрганиш, давлат ва жамоат ташкилотларида оталарга эҳтиром кўрсатиш, миннатдорлик билдириш, уларнинг оиладаги ўрнини эътироф этишга қаратилган маънавий-маърифий тадбирлар, давра суҳбатлари ташкиллаштириш, таълим муассасаларида “Масъулиятли оталик” мавзусида иншолар танловини ўтказиш, “Ота ва фарзанд” форумларини ташкил этиш, маҳаллаларда “Намунали ота” танловларини йўлга қўйиш, оммавий ахборот воситаларида ижобий ота образини тарғиб қилувчи ижтимоий роликлар тайёрлаш, ота ва фарзандлар иштирокида спорт ва маданий тадбирлар ўтказиш, “Менинг отам…” челленжини эълон қилиш, оталарга аталган энг яхши мулоҳазалар, чизилган расмлар, оилавий фотосуратларни ижтимоий тармоқларга жойлаштириш каби кенг қамровли тарғибот тадбирларини амалга ошириш лозим.

“Ота хом узум еса, фарзандининг тиши қамашади”, деган нақл бор. Бу нима дегани? Бу — фарзандларимиз, хусусан, ўғил болалар отага қараб бўй чўзади, дегани. Бу — ота нобоп бўлса, ножўя ишларга қўл урса, нопок кўчаларда юрса, бу ҳолат фарзандлари тақдирига, келажагига ўз таъсирини ўтказмай қўймайди, дегани. Бу — эшитганидан кўра кўрганига кўпроқ амал қиладиган болалар отаси қилган ишни такрорлашга мойил бўлади, дегани. Бу — фарзандлар тарбияси учун, энг аввало, ота масъул, дегани.

“Бугунги кунда жамиятимизнинг юзини қора қилувчи пасткашлар, ёмонлар, бебошлар, ўғрилар, гиёҳвандлар ва нашавандлар… кечаги тарбиясига эътибор берилмаган болалардир”, деб ёзган эди маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлоний. Буюк бобомизнинг бу ўринли фикрлари бугун ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган. Зеро, оилада отанинг ўрни йўқолса, масъулияти унутилса, фарзандлар тарбиясида ноқисликлар бўй кўрсатади. Оталарнинг оиласига, фарзандларига эътиборсизлиги, лоқайдлиги нафақат ўз оиласи, балки жамият учун ҳам энг катта маънавий иллатдир. Бола тарбиясида сусткашлик, лоқайдлик қилганлар, уларни ўз ҳолига ташлаб қўйганлар ёки уларга меъёридан ортиқ меҳр бериб, тарбиядаги мувозанатни бузганлар ўзларининг ҳам, фарзандларининг ҳам умрини увол қилишлари тайин. Шундай экан, ота чин маънода оила устуни, фарзандлар таянчи бўлмоғи, уларнинг соғлом улғайиши, маънавий камолоти учун кўпроқ қайғурмоғи лозим.

Зеро, шамол силкитган ҳар бир япроқ ҳам дарахт шохларини титратганидек, ҳар бир бола тақдири билан боғлиқ ҳар қандай муаммо барчамизни бирдек ўйлантириши, ташвишга солиши керак.

Оталик бурчи, масъулиятини фарзандларини ҳеч кимдан кам қилмай едириб-ичириш, кийинтиришдангина иборат деб биладиган айрим оталаримиз даромад илинжида хорижга чиқиб кетаверишса, оилада отанинг ўрнини, ота меҳри етишмаётган болалар қалбидаги бўшлиқни қандай тўлдирамиз? Меҳрнинг кўзда эканлигини, меҳрсиз берилган тарбия гулдан тикан ундиришини уларга қандай тушунтирамиз?

Ваҳоланки, бугунги кунда дунёда кечаётган қалтис вазият, айрим давлатлардаги нотинчликлар, талатўплар, бошбошдоқликлар ҳар биримиздан огоҳликни, ўз оиламизни, фарзандларимизни турли хавф-хатарлардан ҳимоя қилишни тақозо этади.

“Оталар куни”ни ижтимоий сана сифатида жорий этиш — бу шунчаки янги байрам кунини белгилаш эмас, балки жамиятда масъулиятли оталик маданиятини шакллантириш, оила институтини мустаҳкамлаш ва миллий қадриятларни асраб-авайлашга қаратилган стратегик аҳамиятга эга ғоядир. Фикримизча, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга тегишли қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш орқали оталик институтини мустаҳкамлаш давлат сиёсати даражасига кўтарилиши мақсадга мувофиқдир. Бундай ташаббуслар эса, шубҳасиз, барқарор ва соғлом жамият қуриш йўлида муҳим қадам бўлиб хизмат қилади.

Феруза ЖАЛИЛОВА,

Ўзбекистон Журналистлар

уюшмаси аъзоси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

sixteen − 13 =