Адашиб кетмайди осмонда қушлар…

Билибми… билмайми

адашдик ногоҳ,

ажрашсак

кўнгуллар совушармиди?

Барча мушкулотлар

ернинг юзида

осмонда…

ажабмас қовушармиди?..

 

Аммо,

кўкнинг чеки йўқдир

ҳайронман, ҳайрон,

кечаги кунларим

бошимга муштлар.

Оёғим заминдан узилганида    

йиқилсам ким менинг

қўлимдан ушлар?..

Адашиб кетмайди осмонда қушлар…

         * * *

Сўзларида ёлғон бор, сездим,

нигоҳи ҳам риё аралаш.

Менга жуда малол келарди

Бу ёлғон сўз,

Бу ёлғон қараш…

 

Сувдек оқиб бормоқда секин

эссиз умр,

лаҳза,

онларим…

Менга етиб ортарди, ахир,

ўзим айтган кўп ёлғонларим.

            * * *

Урилиб кетмайин дея бир   лаҳза,

қоқилдим, нимадир тушди қўлимдан.

Ўтиб кетаверди одамлар

тўхтамадим мен ҳам йўлимдан…

 

Чиқиб олсам бўлди нарига,

кимгадир дард – юкимни ортмай.

Тонгга етиб   бормоқчи эдим,

мен бугун ҳеч нарса йўқотмай.

 

Аммо, бунинг иложи қани?..

тўхтай десам, юрак бермас дов.

“Тушиб қолди нимангдир” дея,

ҳой, ҳам демас ортимдан биров…

                 * * *

Ер уйғонди, бунчалар гўзал

ёмғир ювди қиру далани.

Бу туманли, ҳарир саҳарда

дили ёруғ, қаранг, ҳамманинг…

 

Булут, сенга раҳмат, дедим мен,

баҳор, сен ҳам хуш келдинг, қани…

Қорлар ёғиб из босилганда,

эсга солдинг, қара, ҳаммани…

                   * * *

Отиб борар оқ, оппоқ тонг,

қиздиради қуёш қирни.

Тун соядек гумдон бўлди,

олиб кетди зўр бир сирни.

 

Кўнгил – кўзгу, боқиб тўйдим,

не дамлару не ғамларга.

Раҳмим келди индамай жим

кетаётган одамларга…

                 * * *

Ортиқ бунга қандай чидайман,

жуда ростга менгзаса ёлғон.

Луғатларда ҳақ сўз борлигин

унутдикми ё, аллақачон?

 

Ғамни дилдан қандай ўчирай? –

бусиз ҳам кўп эди кам-кўстим.

Кеча қалбда йўқ эди кемтик,

бугун, энди, йўқ битта дўстим…

         * * *

Ўйлар бирдан чувашиб кетди,

кетди ёруғ кунлар бурилиб.

Фаслларнинг ортидан ногоҳ,

йиллар чиқди бир-бир сурилиб.

 

Хазон бўлган барглар остидан

бир дил боқди бежилва, юпун.

Қачонлардир елларга учган,

жуда ғариб, фаромуш бир кун.

 

Қаршисида тиз чўкдим, нетай,

хотиралар унут танада…

У кунларни қаттиқроқ суйдим,

ҳаёт, сени суйдим янада…

 

Бу ёруғ…

Бу ёруғ кунларнинг юзларида доғ,

кўзларида асрий тўзон ётади.

Шўр босган заминнинг кафтидаги тоғ,

тупроқнинг бўғзига ойдек ботади.

 

Девона шамоллар вужудингда эл,

яланғоч боғларда тунар хазонлар.

Қодирий қабрини тополмасдан ел,

эшигингдан йиғлаб ўтар азонлар.

 

Бу ёруғ кунларнинг доғи – бир қўшиқ,

болалай бошлайди… юракларингга.

Йиғлайсан,

қонингда занг босган пичоқ,

бирам ботиб кетар суякларингга…

Бу ёруғ кунларнинг…

 

Алишер Нарзулло

Алишер Нарзулло — 1967 йили Тожикистон Республикасининг Кофарниҳон туманида туғилган. «Рангин олам», «Яшил дарахтлар», «Болаликнинг сўнгги куни» каби китоблар муаллифи. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

4 × one =