Матбуот — зиё минораси ёки газетани дазмоллаган қишлоқ аёли

Болалик хаёллари – кичик жуссадаги ноёб олмосга   ўхшайди.Унинг ҳар бир қиррасидан таралаётган нурга термулсанг, минг ҳикмат бўй кўрсатиб чиқаверади. Нурнинг ўлчами қаричга сиғмаганидек, тасаввур хаёл билан ниҳояланмайди. Одамзот гоҳида нимадир излайди, нимадир керак бўлади унга. Нималигини ўзи билмайди, излайверади. Топдим, деганда йўқотиб, йўқотдим, деганда топганларини англамайди. Гоҳида бир жумла ҳа, бир жумла оламжаҳон хотираларни денгиздай кўз олдингга қуйиб қўяди.

Мен “Hurriyat”нинг 2021 йил, 13 январь, 2-сонида эълон қилинган “Матбуотдан безор миллат эмасмиз!” мақоласини ўқиб шундай ҳолатга тушдим. Почтачини мендек яхши кўрадиган, мендек кутадиган таниш манзара! Таниш хотиралар, ҳатто қор-ёмғиргача таниш! Маҳалламизда ҳамманинг уйига газета ё журнал ташланарди. Жуда бўлмаса туман газетаси. Бизларникига эса газета-журналларга қўшилиб хат ҳам келарди. Албатта, менга! “Саодат”, “Ёш ленинчи”, “Ленин учқуни”, “Гулхан”, “Ғунча” таҳририятларидан йўлланган жавоб хатлари. Улар ҳозиргача китобларимнинг   қаватларида энг азиз   кунларимнинг – ёшлигимнинг   бетакрор дамларини ёдимга солиб туради. Тўрт қаторгина ёзилган мактуб орзуларимнинг бўй чўзишига умид берарди. Изланардим, кетма-кет таҳририятларга ҳикоялар, мақолалар жўнатардим. Гоҳида гонорар – қалам ҳақи квитанцияси келса, мактабда   овоза бўларди. Почтага ошиқардим. Катя опа деган басавлат аёл, “Как приятно”, деб қўлимга пул тутқазарди. Мен катта имконият эгасига айланардим ўша дамда. Оиланинг кам-кўстига ҳисса қўшгим келарди…

Рус тилини яхши билмасак-да, “Комсомольская правда”, “Огонёк” нашрларини ҳам олардик. Темирчи   отам бир ойлик иш ҳақини тўққиз нафар боласининг обунасига ажратарди. Мен сизларга катта уй-жой, машина ваъда қилолмайман, — дерди отам. —   Лекин китоб-дафтарингга керагини топиб бераман… Олим бўлишдан олдин, одам бўлиш керак… Ўйлаб қарасам, деярли ҳаммамиз, аввало, яхши одам бўлиш учун яшагандекмиз. Матбуот билан мунтазам боғлиқлик – эзгулик билан, умид билан, орзу билан ёруғ бир оламга   олиб киришини бола кўнглимиз ҳис қилган экан, дейман.   Аксарият қўшниларимиз битта сумкани икки киши тутарди, битта галстукни тақиш учун ака укасини, сингил опасини кутиб ўтирарди. Бир ўзимга, деган гап аҳён-аҳёнда эшитиларди. Лекин китоб олмасликни, газета-журналга обуна бўлмасликни хаёлига ҳам келтиришмасди. Ўйлаб қарасам, маҳалламиздаги ота-оналар ҳунарманд, косиб, деҳқон, боғбон, касалхона фарроши, ҳайдовчи, ҳамшира.. битта ўқитувчи ва битта фельдшер эди. Улар фарзандларининг катта одам бўлиши учун ҳамма нарсага тайёр эди, мактабда айтилган топшириқни ҳеч ким муҳокама қилганини эслолмайман. “Биз аллақачон обуна бўлганмиз” деб фахрланиб қўйишарди муҳим топшириқни бажаргандек… Мана шу самимийлик дунёнинг устунига айланган эди. Газета-журналдан иқтибос келтириш — оддий кўнгил кечинмаларининг   изҳори уларнинг чеҳрасига табассум ёярди. Мана шу кайфият уларни дадил қиларди, ота-она бўлса-да ўқиб-ўрганишга чорларди. Газета-журнал тахламлари уларнинг нон қўйиладиган токчаларидан ёнма-ён жой оларди. Навбат билан, қўлма-қўл ўқилган нашрлар хазинадек   сақланарди. Ҳамон уларнинг уйига   кирсангиз, ўша кунларнинг ифорини туя­сиз! Уринган бўлса-да, муқовалари елимланган бўлса-да саҳифаларига кўз ёшлари, қувончлари томган   мулкини   асраб-авайлайди.

Мақола муаллифи — Гўзал, мақолани жуда чиройли ёзибди. Маза қилдим. Болалигим билан учрашгандек бўлдим. Хотиралар елканг оша орқага қараганингда ёдингга тушади, дейди. Мен кўнглим билан унинг ичига кирдим. Ҳозир сумкасида қувонч олиб юрадиган почтачи Дилбар опа, Машкура опаларни кўргим, уларга   “раҳмат” айтгим келди. Қор-ёмғирларда ивиган рўмоллари устидан   салафан — елимқоғоз тортган, калишлари намиқиб кетса-да, нашрларни кечикмай тарқатадиган бу опаларни соғинибман. Эслайман… поч­та келадиган пайти, айниқса, қор-ёмғирли кунларда эшик олдида ё мен, ё онам турардик. Почта қутимиз йўқ эди. Газета – журналлар ёриқ эшикнинг бурчига қўйиб кетилса, ҳўл бўларди.

Ўша куни эрта баҳор эди.   Онам қариндошларникига йиғинга кетди, мен мактабга. Ёмғир аралаш қор   ёғарди. Дарс кеч тугади. Шошиб уйга келдим. Эшик тирқишида ҳеч нарса йўқ! Ромли айвонга қадам қўйдим. Қўлига ҳеч қачон дазмол ушламайдиган онамнинг қўлида дазмол. Ҳайрон бўлдим. Қарасам, оқ чит рўмолнинг ўртасига газетани қўйиб дазмоллаб қуритаяпти. Мени хафа бўлмаслигим учун келгунимча улгурмоқчи бўлганини сездим. Бурним ачишди, нима дейишни билмайман. Келганимни сезган онам, салгина ҳўл бўлибди газетанг, деди. Дунёнинг барча қор-ёмғири устимга тўкилса ҳам энди мен ивимас эдим!..

Йиллар ўтди, “Соғлом авлод” газетасида муҳаррирлик пайтим саксон ёшдаги онам ҳеч кимнинг тўй – маъракасини чоршанбага қўйдирмас эди: чоршанба куни Дилфузанинг   газетаси чиқади, дерди. Ўзи айтганидек, мактаб кўрмаган онам менинг газета-журналларимни шундай эъзозларди.

Бугун-чи? Янги аср, янги замон. Одамлар замонавий, ўқиган. Лекин зиёли деб айта оламизми? Агар   уйига битта ҳам нашр бормаса?! Ҳозир   почтачиларни кўрган одам, пенсия келди шекилли, дейди. Чунки битта маҳаллада нечта обуначи бор? Бармоқ ҳам ортиб қолади… тўғриси…

Ҳурматли Президентимиз минбардан матбуот нашрларининг аҳамияти ва ёшлар тарбиясидаги ўрни   ҳақида такрор-такрор нутқ сўзладилар. Аммо шунга қарамай болалар   нашрининг обунаси ачинарли аҳволда – бор-йўғи 1000, 2000 ададда! 37 миллион аҳолиси, 6 миллиондан ортиқ оилалари бўлган миллат учун бу уятли ҳол эмасми?! Яна ўн ё йигирма минг деб ўқиманг!

Биз мустақиллик йилларида юз мингдан зиёд нусхадаги нашримизни наҳотки ўн минг деб ўқисак, адашибмиз МИНГта экан! Ўн мингдан зиёд мактаб! Унда қанча бошланғич синф ўқувчилари бор. Мингтага биттадан тўғри келармикин? Одамнинг юзи иссиқ, дейди. Китобнинг, газета-журналларнинг юзи оловли, юрагимизни, умримизни иситади, тафт беради. Ўзига тортади. Аммо бу нашрларни кўрмаган, қўлига тутмаган, таъмини тотмаган бола, агар шу нашр унга тавсия қилинмаса, қандай йўл тутади, уни қандай қилиб ўқийди? Қолаверса, салла олиб кел деса, калла олиб келаётган вилоят ҳокимлари мактаб директорларига “мажбурий обуна тақиқланади” деб хат чиқариб ўтирса. Ахир, илм-маърифат ҳамиша мажбурий йўл билан олиб борилган-ку: мажбурий таълим деймиз, мажбурий хизмат деймиз, мажбурий обунага келганда эса чўнтакларимизга қўшилиб юрагимиз ҳам ачишади.

Болалар нашрлари кичкинтойлар қалбида китобга меҳр уйғотадиган илк кўприк. Бугун мана шу зумрад кўприкнинг мустаҳкамланишига   ҳар биримиз ўзимизнинг амалий ҳиссамизни   қўшсак, шу миллат, шу халқ учун битмас-­туганмас савобли ишга қўл урган бўламиз. Унутманг, ўқиган миллатнинг фарзандлари эр бўлади! Зеро, матбуот ичимиздаги устунни қувватлантирадиган — зиё минбаридир, зиё минорасидир!

Дилфуза ШОМАЛИКОВА,

“Ғунча” журнали бош муҳаррири

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

4 × one =