Китоб ўқиш… соғлиққа ҳам фойдали экан!

Мутолаа ва тиббиёт. Аслида икки хил, айни пайтда бир-бирига яқин тушунчалар. Бадиий асар ўқиган инсоннинг дунёқараши, характери бўлак, руҳияти соғлом бўлиши ҳақида кўп эшитамиз. Буни қарангки, ушбу гапни мутахассислар ҳам тасдиқлар экан. Аҳлитиб вакилларининг фикрича, мутолаа руҳиятни ҳам тарбияловчи, ҳам турли хасталиклардан ҳимоя қилуви дармондори саналади.

 

— Нима учун ўтмишда аксарият одамлар узоқ ва соғлом умр кечирган. Бунинг сабабларидан бири тинимсиз мутолаа бўлган, – дей­ди психолог Севара Каримжонова. — Китоб ўқишни нафақат руҳшунослар, балки невропатологлар ҳам тавсия этади. Сабаби ҳамма касалликларнинг асосий илдизи руҳий зўриқишдан ҳосил бўлади. Қолаверса, китоб ўқиш альцгеймердек жиддий касалликнинг олдини олишга ёрдам беради.

Модомики, бу жараён саломатликка кони фойда экан, одам неча ёшдан бошлаб китоб ўқиши керак деган саволга ҳаммадан турлича жавоб чиқиши табиий. Кимдир ҳарф танигандан деб жавоб берса, кимдир одамнинг ўзига боғлиқ дейди. Аслида эса мутолаа она қорниданоқ болага сингдирилиши керак.

— Биз болаларда кўп учровчи аутизм касаллигини маълум қадар енгишда эртаклар мутолаасини амалиётда қўллаймиз, — дейди Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети, Олигофрено педагогика таълим йўналиши талабаси Шаҳноза Саматова. — Бундай болаларга эртак энг таъсирли усул. Масални ўқиб бергач, турли шакл ёки расмлардан воқеалар ривожи кетма-кетликда жойлаштирилишини сўраймиз. Натижада болада ақлий ривожланиш аста-секин ўзгаради, хотира кучаяди, фикрини ифодалашга интилади – нутқ шаклланади. Аслида ҳар қандай бола боғчадан мактаб даврига ўтаётган пайтда китоб, мутолаа, кутубхона тушунчаларидан бохабар бўлиши, китобнинг таъсирини сезиб мактабга қадам қўйиши керак. Бу ҳам бола учун, ҳам таълим берувчи, ҳам ота-она учун фойдали.

Биз тафаккури соғлом одамни зиёли деб атаймиз. Зотан қўлида дипломи бор ҳар қандай одам ҳам зиёли саналавермайди. Чин мутолаани севган, у билан ҳамнафас яшаган одам ҳақиқий зиёлидир аслида. Шундай эмасми?

— Кўпчилик одамлар бозордаги сотувчилар китоб ўқимайди деб ўйлашади. Мен ҳам савдогарман, ёшим 66 да. Аммо доим китоб ва газета ўқиб юраман, — дейди паркентлик Марғуба Эшматова. — Нафақа пулларимизни олиб келишганида ҳар хил газета ҳам олиб келади почтачилар. Шу сабаб газеталарни қолдирмай ўқийман. Савдо пайтида ҳам харидорлар келмаган пайтлари бирор нима ўқиб ўтираман. Китоб ўқисам бошим дам олгандай бўлади. Шундан хулоса қилганманки, савдогарлар толиққанда бош оғриқ дори ичиши керак эмас, яхши бир китоб ўқиши кифоя экан.

Халқимизда қуш уясида кўрганини қилади, деган нақл бор. Бугун болаларнинг, ёшларнинг китоб ўқимай қўйиши катталарнинг ҳам бунга бефарқлиги ҳам сабаб экани ҳақида бот-бот гапирамиз. Аслида оиладаги соғлом муҳит таянчларидан бири мутолаа эмасми?

— Танлаган соҳам иқтисод бўлишига қарамай, бадиий китоблар ҳам ўқиб юраман. Кўчага чиқсам ёнимда албатта бир китоб бўлади. Бунга сабабчи бўлган инсон момом бўлади, десам ишонасизми? Момом 82 ёшида вафот этган. Аммо газета ўқимаган бирор кунларини сира кўрмаганман. Ҳар куни эрталаб қориндан аввал маънавий тўйинай, деб газета ўқирдилар ва бизга ўқиган янгиликларини гапириб берардилар. Баъзи вақтлари чанқовуз чалиб берар, ўқиган, эшитган асарларидаги ибратли воқеалардан сўзлаб берардилар. Балки шунинг учун ҳам хотиралари мустаҳкам, ўзлари ҳам бардам юрганлар деб ўйлайман. Уларнинг таъсири сабабми, биз набиралар ҳам кейинчалик илмга, мутолаага жиддий қизиқиш билдирганмиз, –дейди Ўткир Алимов Ҳиндистондаги Халқаро Османия университети талабаси.

Китоб бизни нафақат улғайтиради, балки руҳан, маънан, жисмонан кучимизни чархлайди ҳам. Ҳатто жаҳоннинг айрим мамлакатларидаги қамоқхоналарда махбусларга қанча бадиий китоб ўқиса, шунча жазо муддати қисқартирилиши белгиланган экан. Бундан маъно шундайки, тафаккури соғлом одамдан ёмонлик чиқмайди. Демак жамият соғлом бўлиши учун, аввало, онгни чиниқтириш керак экан. Хўш, сиз қанчалик соғломсиз?

Юлдуз ЎРМОНОВА

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

12 − 9 =