Касбга садоқат

Қашқадарё вилоят газетасида ишлаганимда Сувон Соқий деган устозимиз бўларди. Самимий ва дилкаш, беғараз инсон эди. Шоиртабиат, ўзи ҳам шеърлар ёзарди. Ёшлар у кишини яхши кўрар, кези келса, суянарди.

Сувон ака бўлим мудири, мен оддий ходим. Таҳририятга Косондан бир йигит шикоят қилиб келди. Фиғони фалакка чиққан, кўз ёшларини тўхтата олмасди. Айтишича, ярим тунда беш ёшли қизчасининг иссиғи чиққан. Олдин қишлоқ, кейин туман шифохонасига олиб боришган. Қилинган муолажалар фойда бермай, қизча вафот этган.

Таҳририятнинг топшириғи билан Косонда бўлиб, воқеани ўрганиб келдим. Қизалоқнинг ўлимида шифокорларни эътиборсизликда, ўз касбига совуққонликда айблаб, мақола ёздим.

Сувон ака менга “мулло” деб мурожаат қиларди.

– Мулло,– дея сўради сафардан қайтган куним. – Хўш, нима бўлган экан?

– Врачлар айбдор, – дедим. – Ўз вақтида ёрдам кўрсатилмаган. Мақола ёзаяпман.

– Тўғри қиласиз. Боплаб уринг! – далда берди устоз.

Мақолани тайёрлаб, устозга ўқиши учун бердим. Шу пайт шаҳар телефони жиринглаб қолди. Хонадан чиқиб турдим. Кейин Сувон акани бош муҳаррир чақирди.

Бироздан сўнг Сувон ака мен ўтирган хонанинг эшигини очиб:

– Мулло, юринг-чи, облздравнинг бошлиғи сўраяпти экан. Борайлик-чи? – деди.

Йўл-йўлакай Сувон ака вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг бошлиғи асли косонлик экани, уни яхши мутахассис сифатида ҳурмат қилиши, танишлигини айтди.

Бошқарма бошлиғи – аёл киши экан, бизни қабулхонага чиқиб кутиб олди.

Сувон ака мени таништирди. “Ёш, келажаги бор, қалами ўткир йигитларимиздан” деб қўшиб қўйди. Бошлиқ яхши иш бўлмагани, зарур чоралар кўрилаётгани, айбдорлар албатта жазоланишини айтиб, иложи бўлса, воқеани матбуотга олиб чиқмасликни илтимос қилди. Бундан кейин ҳамкорликда ишлашини билдириб, гап орасида бирон хизмат-пизмат бўлса, бемалол келишим мумкинлигини ҳам қистириб ўтди.Сувон акани яхши танишини, жуда ҳурмат қилишини алоҳида уқтирди.

Сувон ака бирон нарса денг, дегандек менга бурилди, мен ерга қарадим.

Таҳририятга қадар иккаламиз ҳам жим келдик. Хонага киргач, устоз:

– Хўш, мулло, энди нима қилдик? – дея сўради.

– Мақолани ўқиб кўринг-чи? Менимча, берганимиз маъқул. Марҳум қизчанинг ота-онаси бироз таскин топармиди? – дедим.

Сувон ака индамай стол четида турган мақолани қўлига олди.

Эртаси куни бош муҳаррир ҳузуридаги “планировка”да Сувон ака қаттиқ туриб менинг мақоламни “номер”га беришни талаб қилди.Ўша пайтларда вилоят газеталари ҳафтада беш марта чоп этиларди. “Холис ва ҳаққоний ёзилган”, — деди у.

Танқидий мақола “Мен сизни кечирмайман, дўхтир!” сарлавҳаси билан эълон қилинди ва вилоятда анча-мунча шов-шувга сабаб бўлди.

Кейинроқ тушундим. Ўша пайтда устоз ёш, бошловчи журналистнинг кўнглига қарамасдан, мақоланинг бир-иккита камчилигини топиб, қайтариб берса ҳам бўларди. Аммо Сувон ака ёш ҳамкасбининг кўнглидаги адолатга бўлган ишончни, касбга бўлган ихлосни сўндиргиси келмади. Майда туйғулардан устун келди, узоқни ўйлади.

Раҳматлик устоз Сувон Соқийнинг касбига садоқати ҳозир ёш ҳамкасбларимнинг мақолаларини ўқиётганимда, улар билан муомала қилаётганимда тез-тез эсимга тушиб туради.

Мазлумнинг қарғиши ёки сўзнинг уволи

Марказий нашрларда ишлаётган дўсту биродарларимиз маъзур тутсинлару, асл маҳорат сабоқлари кўпинча туман, вилоят газеталарида олинади. Матбуотнинг қуйи бўғинларида ишлаётган ҳамкасбларимиз қайноқ ҳаётнинг ичида юришади. Мен қўлимга қалам олган ўтган асрнинг саксонинчи йилларидан бўён “Туман газетаси керакми?” деган мавзуда баҳслар бўлиб туради. Лекин аниқ биламанки, туман газеталари тугамайди. Ҳаёт бор экан, улар яшайверади, бу нашрлар ҳаётнинг ўзи каби қадимий ва яшовчандир. Чунки бўлғуси катта шоирлар, ёзувчилар, журналистларнинг илк машқлари туман газеталарида юз кўрсатади, уларни халққа дастлаб ана шу “кераксиз” туман нашрлари таништиради. Матбуотнинг бу қуйи бўғинида энг фидойи инсонлар ишлашади. Улар арзимаган маош олишса-да, ҳеч қачон бири икки бўлмаса-да, нолимайди, бутун умр чумолидай ғимирлаб, ишлаб юришаверади.

Тождор вирус карантини шарофати билан салкам икки ой уйда ўтириб қолдим. Бекорчиликдан уззукун ҳар хил сайтларни, ижтимоий тармоқларни титаман. Электрон нашрлардаги ҳамкасблар гина қилмасину булар журналистика эмас. Фақат кўчирҳо кўчир! Шунинг учун ҳам баъзи сайтларда тайёрланаётган яккам-дуккам оригинал нарсалар ялт этиб, кўзга ташланиб қолаётир. Бошқа ҳаммаси бири-биридан кўчириш. Бу ўқувчини зериктиради. Тўғриси, умуман қизиқтирмайди.

Қашқадарё вилоят газетасида иш бошлаган йиллари мен турадиган ишчи ётоқхонасида сочлари оқарган, ёши элликлардан ошган, қўллари қадоқ, кўринишидан ишчига ўхшайдиган кишига тез-тез йўлакда, ошхонада дуч келиб қолардим. Аксарият ёш мутахассислар, бўйдоқлар яшайдиган омонат масканда бу отахон нима қилиб юрибди экан-а, деб ўйлаб қўярдим.

– Сиз ҳам анави ёзувчиларданмисиз? – дея дабдурустдан сўраб қолди у бир куни кечқурун ошхонада учрашиб қолганимизда.

-– Кимни айтаяпсиз. Мен ёзувчи эмасман. Газетада ишлайман, холос.

Шу баҳона танишиб қолдик. Билак мускуллари ўйнаб турадиган, полвонкелбат бу одам нефть-газ қидирув экспедициясида экскаватор машинисти бўлиб ишлар, кўнгли очиқ, улфат киши экан.

Янги танишим – Дўстмурод ака билан тез-тез суҳбатлашиб қолардик. Бир сафар у кишидан ишчилар ётоқхонасида яшаши сабабини сўрадим.

У алам билан кулди. Кейин деди:

– Менинг ҳаётимни сизнинг ҳамкасбларингиз барбод қилишган.

Дўстмурод аканинг айтишича, аёли ҳам ўзи билан бирга ишларкан. Ҳамма оилада бўлганидек, гоҳи-гоҳида эр-хотин ўртасида келишмовчиликлар ҳам бўлиб тураркан. Бир куни одатдаги жанжалдан сўнг хотини “Мен сенга кўрсатаман!” дебди-ю бир журналист аёлни етаклаб келибди. Ҳе йўқ, бе йўқ, журналист хотини тарафида туриб, Дўстмурод акани золимликда, аёлига феодалларча муносабатда айблаб, вилоят газетасида фельетон эълон қилибди. Фельетон сабаб суд бўлибди. Суд ҳамма нарсани – уй-жойни ҳам, фарзандларни ҳам хотинига бериб, Дўстмурод акани ўз уйидан ҳайдаб чиқарибди. Шундан буён ишчилар ётоқхонасида экан.

Дўстмурод ака кўзига ёш олиб, ғазаб билан қарғади:

– Мени қариганимда хор-зор, оввораи сарсон қилган, оиламдан, болаларимдан ажратган сизнинг ҳовлиқма, ўпкасини босиб ололмаган ҳамкасбларингизда аламим бор. Кўргани кўзим йўқ. Илоё, уларнинг ҳам бошига менинг кунимни солсин!

Бу воқеа эсимдан чиқиб кетиши ҳам мумкин эди. Аммо ягона мафкура ҳукмрон, хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ниҳоятда баланд бўлган тузум матбуотида ишлаган инсон сифатида гувоҳ бўлганманки, ўша йиллари мавзуга фақат аёллар манфаати юзасидан ёндашиб, нохолис мақолалар ёзган, не-не оилаларни барбод қилган баъзи ҳамкасбларимизни Дўстмурод акага ўхшаган эркакларнинг қарғиши урди. Улар ҳам ёши бир жойга борганида оиласи бузилиб, муаммолар гирдобида ёлғиз қолишди…

Шундан буён ҳар сафар қўлимга қалам олаётганимда ўйлайман: бу дунёда гуноҳлар кўп, аммо ёлғон ёзиш, нохолис, адолатсиз сўз айтиш, виждонга қарши бориш гуноҳи, сўзнинг уволи ҳам оғир экан.

Абдужалол ТАЙПАТОВ,

ЎзА бош муҳаррири

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

two × 5 =