Ўриклисой илҳомлари

Зомин туманидаги Ўриклисойда

ёш ижодкорларнинг анъанавий республика фестивали бўлиб ўтмоқда

ёки Ўриш ака Мажидовни эслаб…

Ҳар гал йўлим Зомин томонларга тушганида, туғилган қишлоғимни соғиниб, юрагим энтикади. Бу ернинг пўрим арчазорлари болалигим ўтган Сафед Булонни ёдимга солади. Тоғлар ҳамма жойда ҳам пурвиқор, салобатли, аммо ҳар жойнинг тоғида ўзгача ҳусн-тароват, ризқ-насиба, оҳанрабо бор. Икки тоғнинг орасидан ўтувчи тор йўлни Қапчиғай дейишади. Чехиянинг Карлов Варисига, ўзимизнинг Чимёнга шундай йўлдан борилади. Қишлоғимизни сув билан таъминловчи   Саночсой, Початасой бир-бирига елкадош бўлиб турган тоғ ва тепаликлар орасидан оқади. Манзил томон кўтарилар экансиз, ўйнаб-буралиб пастга шошаётган сершовқин сой суви, мусаффо ҳаво, минг дардга даво ноёб гиёҳлар, юқорироқда – арчазорлар, қушларнинг бепарво чуғур-чуғури сизга ҳамроҳ бўлади.

Зоминдан гап очилса, ижодкорлар ёдига тоғлар орасида жойлашган сўлим Ўриклисой тушади. Кейинги ўн беш – йигирма йил ичида бу ерда ҳордиқ чиқариб, ижод қилмаган шоир, ёзувчини топиш қийин бўлса керак. Республика ёш ижодкорларининг ҳар икки йилда ўтказиладиган анъанавий семинари Ўрик­лисой бағрида ўтади. Бугун адабиётимизнинг кенжа, умидли вакиллари даражасига кўтарилган кўплаб ёшларнинг қалами шу ерда чархланган, ижод йўллари Зоминнинг саховатли бағридан бошланган десак, муболаға бўлмайди.

Поляк адиби Ян Парандовский “Сўз кимёси” асарида одамларда ёзувчилик майллари ва қобилияти, гарчи тўсатдан уйғониши ва кутилмаган ҳодиса бўлиб туюлса-да, аслида бу иқтидор унинг ичида узоқ йиллар давомида пишиб етилишини, вақти келганида булоқ каби қайнаб тошишини (демакки тошдан-тошга урилиб пишишини) таъкидлар экан, шундай ёзади: “Шоирнинг шоирлиги қандай шароитларда воқе бўлганини хотирада қайта тиклаш камдан-кам одамга насиб этади. Ҳолбуки, ижодкорнинг туғилиши кишини лол қолдирувчи улуғ ҳодисадир. Бу жуда қудратли, айниқса, шоирларда биринчи муҳаббатга ўхшаб кишини бутунлай чулғаб оладиган кечинмалар билан боғлиқ бўлади”.

Ижодий уйғониш кимда ўн беш-йигирма ёшда, кимда   етмиш-саксонни ортда қолдирган пайтда содир бўлиши ҳам табиий ҳол. Гап вақтда эмас, бўлажак ижодкорни танлаган йўлидан, ниятидан қайтариб бўлмайдиган, орзу-ҳаваси, туйғуларини тушунишда, унга муттасил илҳом бахш этадиган кучнинг нималигини англашда! “Сўз кимё­си”да ўқиймиз: “Одамлар ҳаётда мавжуд бўлган ҳар қандай ҳодисани сўзда ифодалашга эҳтиёж сезадилар ва бу билан боғлиқ равишда ўз-ўзларини намоён қилишга ҳам эҳтиёж пайдо бўлади. Бу ҳолат деярли физиологик эҳтиёж бўлиб, унинг заифланиши ёхуд бутунлай йўқ бўлиб кетиши инсон табиатига зиддир”.

Демак, ижодкорлик майли бошқалардан бироз бўлса-да, ажралиб туриш, эътиборда бўлиш, четда қолиб кетмаслик истаги билан боғлиқ десак, хато бўлмайди. Бу истакни қадрламоқ, бугун адабиётга шитоб билан кириб келаётган, ўз овозида, қобилияти имкониятида сўз айтаётган, гоҳ тақлид кўчаларига бурилиб, маҳзун сўқмоқларда адашиб, йўл қидираётган ёшларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватламоқ зарур. Чақалоқнинг тилга кириши, атак-чечак қилиши машаққатли жараён бўлгани каби, қўлига қалам ушлаган ёшларнинг бадиий талқин “тил”и бийронлашуви, услуби шаклланиши, қадами илдамлашиши ҳам бирданига ва осонликча содир бўлмайди. Адабиёт – катта боғ, унда узоқ йиллардан бери муттасил ҳосил бераётган салобатли дарахтлар билан бирга, энди-энди гуллаётган кўчатлар, қаддини ростлаётган ниҳоллар ҳам бўлади. Яхши боғбон уларни меҳр билан парваришлайди, кекса дарахтга ҳам, ёш кўчатларга ҳам кўз-қулоқ бўлиб туради. Чунки, ҳаётда бўлганидек, боғда ҳам табиий алмашинув ҳодисаси юз беради. Бу муҳим “занжир” узилмаслиги,   бири иккинчисини тўлдириб, бири иккинчисига меҳр қўлини чўзиб туриши зарур.

Ўриклисой шундай фазилатга эга. Унинг бағрида, суви ва ҳавосида устоз-мураббийлик туйғуси бор десам, ишонаверинг. Бу ерда бўлганлар яхши билишади: шаҳар шовқини ортда қолиб, ўзингизни қушдек енгил сезасиз, мусаффо ҳаводан нафас олишнинг, шарқираб оқаётган ирмоқчага мос қадам ташлашнинг, хаёл суришнинг, қалам тебратишнинг ўзи – даво. Тонгда қуёшнинг тоғлар чўққисига миниши, оқшом юлдузларнинг шаҳар осмонидан кўра анча пастлаб, ўзгача жилоланиши, сиз билан сирлашиши дил қулфингизни очиб юборади, вужудингиз тетиклашади, илҳом оғушига ғарқ бўласиз. Сатрлар қуюлиб, сурон билан кела бошлайди.

Бугун адабиётимиз боғида айни шу ҳолатни кузатиш мумкин: ижодий жараёнга, ижодкорларга, айниқса, ёш қалам соҳиб­ларига эътибор ҳеч қачон бугунгичалик меҳрли-оқибатли бўлмаган. Ёш истеъдод эгаларининг ҳаяжонга тўла адабий давралари, шеърхонлик, ижодий учрашувлар, нуфузли танловлар мамлакатимизда муттасил ўтказилмоқда. Улуғ устозлар номидаги маҳорат мактабларининг фаолиятига ҳар қанча ҳавас қилсак арзийди. Уларда таълим олаётган ёшларнинг ҳаммаси ҳам машҳур шоир ёки ёзувчи бўлиб етишмаслиги мумкин, бундай мақсад кўзда тутилмаган ҳам, аммо ушбу мактабларнинг бугунги ўқувчилари орасидан чинакам ватанпарвар, элсевар, юртсевар, садоқатли, дунёқараши эзгу инсоний фазилатлар асосида шаклланган, фикри тиниқ инсонлар етишиб чиқиши аниқ. Бу – ҳар қандай жамият учун ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Ўриклисойдаги учрашувларда алоҳида ташкилотчилик қилган, ижодкор ёшларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаган фидойи инсонлардан бири, адабиёт ихлосманди, китобсевар Ўриш ака Мажидов эди. Биз у киши билан шу ерда танишдик ва узоқ йиллар дўст-қадрдон бўлиб қолдик. Шарқираб оқаётган сой соҳилида Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов бошчилигида ўтган бетакрор ижод кечаларида Ўриш ака шеър ўқиётган, хаёлга чўмиб мақола ёзаётган, адабиёт ҳақида мушоҳада юритаётган, бир-бирлари билан баҳсга киришаётган ёш қаламкашларни диққат билан тинглар, келгусида улар яхши инсон бўлиб етишишларига ишончи комил эди.

Умрини Жиззах ва Мирзачўл чўлларини обод қилишга бағишлаган, бунёд этилган иморатлар, қазилган каналлар, булбулларга ошиён бўлган гулзору боғларидан завқ олган Ўриш акани нафақат Зоминда, мамлакатимизда танимаган киши йўқ эди, десак муболаға бўлмайди. Чўлқуварлик, фидойилик, тиниб-тинчимаслик унинг тақдирига, мақсад-муддаосига айланганди, шу тақдиридан ҳаловат топарди. Умрининг сўнгги кунларигача эл-юртга беминнат хизмат қилишдан чарчамади.

Меҳнат фаолиятини “Голодностепстрой”да бош энергетик лавозимида бошлаган Ўриш ака кейинчалик “Дўстлик” қурилиш трес­тида, вилоят чўл қурилиш бошқармасида раҳбарлик лавозимларида ишлади. Ишчанлиги, изланувчан ва ташаб­бускорлиги инобатга олиниб, респуб­лика мелиорация ва сув хўжалиги вазирига биринчи ўринбосар лавозимига кўтарилди, вилоят ижроқўми раисининг муовини бўлди. Эл-юртда ном қозонган, ўзига хос меҳнат мактабларини яратган Акоп Саркисов, Тўхтамиш Боймиров, Ортиқ Холмуродов, Эҳсон Низомов, Абдулҳай Тоиров, Али Аҳмедов, Акрамжон Тошматов, Иброҳим Зуфаров, Султон Токов каби чўлқуварлар билан ёнма-ён ишлаб, катта ҳаётий тажрибага эга бўлди.

Халқимизда “Баъзи одамларни иши эмас, лавозими безайди, баъзи одамлар эса билим ва иқтидори билан лавозимини безайди”, деган нақл бор. Ўриш Ҳамидович қаерда ишламасин, катта-кичик раҳбарлардан қатъиятли, журъатли бўлишни, фақат бугунни эмас, узоқроқни ўйлаб режалар қилишни, масъулиятни дадил зиммасига олишни, мустақил фикрлашни талаб қилди ва бунга, энг аввало, ўзи амал қилди. “Баъзи ота-оналар ўзлари амал қилмайдиган нарсаларни болаларидан талаб қилишади, бу мутлақо нотўғри, ҳавога сингиб кетадиган қуруқ гап, – дер эди Ўриш ака, – раҳбар қўл остидагиларга топшириқ берар экан, бунда у раҳбарлик ваколатидан, жамият манфаатларидан ҳамда ўзининг ҳаётий принципларидан келиб чиқиши керак. Шундай ишлаш керакки, бирор кун беҳуда, самарасиз ўтмасин. Шундагина кутилган натижага эришиш мумкин”.

Куюнчак ва фидойи инсон, халқона донишмандликнинг жонли тимсоли бўлган Жўра Хоназаров бир гал Ўриш аканинг ишчанлик фазилатлари тўғрисида жўшиб гапиргани ёдимда қолган: “Бу йигитнинг ота-онаси “Ўғлимиз тиниб-тинчимас, ризқини ҳамиша ҳалолидан топадиганлардан бўлсин, эл-юртга нафи тегсин, одамларнинг оғирини енгил қилсин”, деб ният қилишган бўлса керак. Сирдарё ва Жиззахда уни танимайдиган одам тугул, бирорта канал, сой, дала, қир-адир, тоғу тош йўқлигига ишончим комил. Ўришбой бировнинг айтишини кутиб ўтирмай, билиб ишини қиладиган, бугунни эмас, эртани ҳам кўра оладиган раҳбар. Шамолнинг эсиши, ёмғиру қорнинг шашти, сувнинг шиддати, ернинг тафти бу кишининг эътиборидан четда қолмайди. Ўйлайди, фикр қилади. Бошқалардан кўра эртароқ ҳаракат бошлайди. Шунча иши туриб, футболга қизиққанини, китобсеварлигини айтмайсизми. Ўқимаган китоби қолмаган бўлса керак. Ўзи ўқийди, бошқаларни ҳам китобхонликка даъват этади. Ажойиб инсон, гаплашсанг, дилинг яйрайди…”

Ҳаёт ҳаммага сабр-қаноати, мақсад-муддаосига қараб сабоқ беради, тоб­лайди. Ўриш ака навқиронлик йилларида Ангрен, Қарағанда, Донбасс кўмир конларида муҳандис бўлиб ишлаган, бу соҳага оид катта амалий тажрибага эга бўлган. Ҳаётнинг аччиқ-чучуги, иссиқ-совуқни бошидан ўтказган. Шунинг учунми, ҳар қандай шароитда ҳам ўзини вазмин тутиши, чуқур мулоҳаза юритиши билан бошқалардан ажралиб турарди.

Ўриш ака Ўриклисойда ўзининг яна бир ибратли фазилатини намоён этди – вилоят туманларида яшаб ижод қилаётган ёш қаламкашларни бу анжуманда фаол иштирокини таъминлаш, уларнинг таниқли ижодкорлар билан учрашувларини ташкил этиш, “Устоз-шогирд” суҳбатларини ўтказиш, моддий ва маънавий рағбатлантириш ишига бош-қош бўлди, ёшларга шахсий кутубхонасидан китоблар совға қилди. Лицей ва коллежларни битираётган истеъдодли ёшларнинг келажаги ҳақида қайғурди.

Фақат шу эмас, Ўриш ака ким билан суҳбатлашмасин, гап адабиётимизда пайдо бўлаётган номлар, янги асарлар, айниқса, яқин-ўтмиш воқеаларига бағишланган хотираларга бориб тақаларди. “Сиз мана шу китобни ўқинг (ёки топиб ўқинг), маза қиласиз, кўп гап бор унда”, дер эди. У киши билан мулоқот қилиш жуда ҳузурли эди.

Шундай инсон орамиздан кетди. Начора, Оллоҳнинг иродаси шу экан. Ҳар гал Ўриклисойда мамлакатимизнинг турли вилоятларидан, жумладан, Жиззах ва Сирдарёдан келган ёш ижодкорлар билан учрашар эканмиз, Ўриш ака ва у кишининг ибратли умр йўллари, гўзал ва маъноли хотиралар кўз ўнгимдан ўтади.

Бугун биз яна Ўриклисойдамиз. Пурвиқор тоғлардан оқиб тушаётган зилол сув қуйига ошиқади, бу ерга тўпланган ёш ижодкорларга сирли қўшиқ куйлайди. Менга эса айни шу чоғда, шу тонгда Ўриш ака, одатига кўра, шеър ўқиётган ёшларни диққат билан тинглаб тургандай туюлади.

Аҳмаджон Мелибоев,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

one × three =