Юртимизга кўз тегмасин

Ёшим 82 дан ошди. Яратганга ҳамду-сано, шукроналар айтаман. Тенгқурларим қаторида Янги Ўзбекистонда кексалик гаштини сураётганимдан мамнунман.

Албатта бу ёшга етгунга қадар кўпгина воқеаларни кўрганман, турмушнинг аччиқ-чучугини татиганман. Қишлоқда туғилиб ўсганим сабабли умримнинг асосий қисми қишлоқ хўжалиги юмушлари билан кечган.

Болалигим Иккинчи жаҳон уруши ва урушдан кейинги қийинчиликлар даврига тўғри келган. Ҳозиргидай егулик-ичимликни саралаб эмас, борига шукр қилиб яшаганмиз. Отамиз урушдан ярадор бўлиб келган. Бизларни сабр-қаноатга ўргатган. Рўзғор учун товуқ парвариш қилдик, кейин эчки олдик, қўй қилдик, уларни сотиб бузоқ олдик, бузоқ сигир бўлди. Буларнинг ҳаммаси сабр-қаноат туфайли пайдо бўлди ва турмушимизга қут-барака берди, деб кўп такрорлар эди.

1945-50 йилларда қишлоқларда ҳамма одамлар томорқасига оқ жўхори экиб, олинган ҳосилдан йил давомида ун қилиб зоғора нон билан ҳаёт кечирар эди. Буғдой ун 1950 йилдан кейин пайдо бўлди, у тансиқ таом сифатида меҳмонларга, бетоб инсонларга тайёрланар эди. Ҳафтанинг фақат якшанбасида отамиз Яканшик ота бозорига бориб, қанд-қурс ва бош­­қа егулик олиб келар эди. Демоқчиманки, ҳозиргидай дўконлар йўқ эди, қишлоқда биттагина дўкон бўлиб унда ҳам озиқ-овқат маҳсулотлари жуда кам эди.

1991 йил СССР деган мустабид тузум инқирозга юз тутиб, тугатилди. Ва Ўзбекистонимиз мустақил деб эълон қилинди. Бу жараёнда XII чақириқ Ўзбекистон Олий Кенгашининг депутати   — халқ вакили сифатида Мустақиллик учун овоз берганимдан ҳамиша фахрланаман ва ғурурланаман.

1991-95 йилларда Ўзбекистон Рес­публикасининг Бош Қомуси— Конституциясини, байроғини, мадҳиясини, қарийб 200 та қонунлар қабул қилинишида овоз берганим ҳаётимдаги тарихий воқеалардан ҳисобланади.

Жонажон Ўзбекистонимиз Мус­тақилликка эришгандан кейин, айниқса, кейинги 6 йилда ҳар томонлама ривож­ланди, обод бўлди. Мамлакатимиз аграр мамлакатдан саноати ривож­ланган мамлакатга айланди. Газни қайта ишлаш заводи — “Uzbekiston GTL” жаҳондаги учинчи завод эканлиги ҳаммамизни ғурурлантиради. Бошқа соҳаларда ҳам етакчи ўринларда эканлигимиз мақтовга сазовордир.

Одамларнинг турмуш шароити сезиларли даражада яхшиланди. Айниқса, қиш­лоқларда электр энер­гияси, газ таъминотининг узлуксизлигини таърифлашга сўз ожиз.

Мен кекса авлод вакили сифатида қари оқсоқоллар билан кўпроқ мулоқотда бўлганим сабабли, кўрсатилаётган ғамхўрлик ва эътироф учун Президентимиз шаънига миннатдорлик сўзларини кўп эшитаман. Тиниб-тинчимас Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекис­тонга биринчи раҳбар бўлгани бу Аллоҳнинг Ўзбекистон халқига кўрсатган иноятига шукроналар билдиришади ва у кишининг ҳақига дуо қилишади.

Дарҳақиқат, Президентимиз катта кўламда, кенг қамровли ишларни амалга оширмоқда. Қайси соҳада сал оқсоқлик пайдо бўлса, дарҳол чора-тадбирларни белгилаб қарор қабул қилишлари, сим орқали барча мутасаддиларни йиғиб мажлис ўтка­зишлари, топшириқ бериб қўйиш эмас, камчиликларни бартараф этишга сарфланадиган харажатлар учун ортиғи билан маблағ ажратишлари таҳсинга сазовордир.

Республикамиздаги ижобий ўзгариш­ларнинг барчаси юртимизда олиб борилаётган оқилона сиёсатининг сермаҳсул меваси деб биламиз. У кишининг ташаб­буслари билан 2017-2021 йиллар учун Ҳаракатлар стратегияси, 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегияси ўртага ташланди. Улар аниқ мақсадли режалар асосида ишлаб чиқилган бўлиб, Президентимизнинг ғоялари, халқни янада фаровон қилиш йўлидаги улуғ саъй-ҳаракатлардир. Ҳар бир банди, сатри — асосли. Бу албатта биз кексаларни ҳам қувонтиради.

Мамлакатимиздаги шахдам қадамлар билан ривожланиш айрим ғаламис, ҳасадгўй кимсаларни “шайтон”лик хислатларини намойиш қилмасдан қўймайди. Халқимизда азалдан “Мевали дарахтга тош отишади” деган мақол бор. Бу пурмаъно мақолнинг мағзини, маъносини айрим нодонларга, ғўр ёшларимизга англаб етишлари учун тушунтиришимиз даркор бўлади.

Мустақилликка эришгандан бош­лаб, 31 йил давомида тизимлар бир мунча ўзгарди. Бу албатта, Конституциямизга ҳам ўзгартиришлар киритишни тақозо этмоқда. Биз кексалар Янги Ўзбекистоннинг Конституциявий қонунини — халқчил қонунини қабул қилинишини маъқуллаймиз.

Биз тинчлик тарафдоримиз. Мен сўзимнинг бошида бекорга Иккинчи жаҳон урушини, унинг оқибатларини эсламадим. Бувим раҳматлининг 2 нафар укалари урушдан қайтмаган, жангда ҳалок бўлган. Бир умр урушни қоралаб кечалари юм-юм йиғлаб фашистларни қарғаб ўтди. Урушнинг номи ўчсин. Ўзбекис­тон халқ артисти Ғуломжон Ёқубовнинг “Ҳеч қачон инсонни инсон урмасин” деб номланган ашуласи ҳамма миллат учун ибратлидир.

Ўзбекистонимизга кўз тегмасин. Бозору-дўконларимиз мева-чевага, озиқ-овқатларга тўла, тўкин-сочинлик. Ваҳимага ҳеч қандай ўрин йўқ. Сабаби бизга Аллоҳ берган тиниб-тинчимас, ҳамиша халқ ғамини ўйлаб ишлаётган сергак, ҳушёр, уйғоқ раҳбаримиз — Президентимиз омон бўлсин деб дуо қиламиз.

Абдушукур МУҲАММАДҚУЛОВ,

I-даражали меҳнат фахрийси.

Самарқанд вилояти

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

eighteen − 10 =