Фикр эркинлиги асри

Бундан йигирма тўрт йил аввал Тошкентда улуғ адиб Чингиз Айтматов билан бўлган бир суҳбат матнини муҳтарам газетхонлар ҳукмига ҳавола этишни лозим топдик.

 

Истиқлолимизнинг саккизинчи йили эди. Елкамизга эркинликнинг ёқимли шабадаси теккан бўлса-да, адабий, маданий-маърифий соҳада маълум узи­лишлар ҳамон давом этаётган, мустақил давлатлар бу йўналишда бир-биридан узоқлашиб, ҳамкорлик, қардошлик йўлларида сунъий тўсиқлар пайдо бўлган, Чингиз оғанинг сўзлари билан айтганда, “ҳар ким ўз ҳолича от сураётган” пайт эди.

Тошкентда меҳмон бўлиб турган адибга Ёзувчилар уюшмасида бўлиб ўтган учрашувда бир неча саволлар билан мурожаат қилдим. Чингиз Айтматов ўзи раҳбарлигида Тошкентда тузилган Маданият арбоблари ассамблеясининг таъсис қурултойи минбарида туриб айтган жўшқин фикрларини янада кенг маънода шарҳлаб берди. Бугун мамлакатимизда олиб борилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар замирида айни шу мақсад – яхши қўшничилик, ўзаро ишонч ва ҳурмат, маданий-маънавий бирлик, манфаатли ҳамкорлик, умуминсоний қадриятларни қадрлаш, туркий дунёнинг бирлигига қайтиш, бу борада амалий ибрат намуналарини кўрсатиш ғояси ётади. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг Самарқанд шаҳрида ўтказилган навбатдаги мажлисида, шунингдек, Туркий Давлатлар Ташкилотининг биринчи саммитида бугун дунё миқёсидаги энг мураккаб муаммоларни манфаатли ҳамкорлик, яхши қўшничилик, ўзаро ишонч билан ҳал этиш мумкинлигига   тўхталиб,   Самарқанд қадим-қадимдан Шарқий Осиёдан то Шимолий Африка, Яқин Шарқ ва Европагача бўлган маконда яшайдиган халқлар ўртасида маънавий, иқтисодий, маданий ва илмий алмашувларнинг маркази бўлиб келганини таъкидлади. Туризм соҳасидаги ҳамкорликка янги суръат бағишлаш учун 2023 йилни “ШҲТ маконида туризмни ривожлантириш йили”, деб эълон қилиш таклифи маъқулланди.

Дунё бугун бирлашмаслик, бир-бирини тушунмаслик, ҳар бир томон ўз манфаатини бошқалар манфаатидан устун қўйишидан, ўзи каби бошқаларнинг ҳам миллий тараққиёт йўлини мустақил белгилашга ҳуқуқи борлигини эътироф этмасликдан азоб чекмоқда. Ер юзида тириклик тақдирини бундан буён ҳарбий куч-қудрат намойиши эмас, бамаслаҳат иш тутиш, бошқаларни ҳам эшитиш, савдо-сотиқ йўлларини очиш ҳал қилиши мумкинлигини англаб етиш вақти келди. Шу маънода ушбу тийран мушоҳадалар адиб ихлосмандларига ўзига хос совға бўлиши мумкин, деган фикрдамиз.

                                                                               Аҳмаджон МЕЛИБОЕВ,

“Жаҳон адабиёти” журнали Бош муҳаррири

 

 

Чингиз Айтматов:

“Шунчаки кузатувчи бўлиб яшаш мумкин эмас!”

 

“Биз ҳозир тамомила янги бир даврда, янги шароитда яшамоқдамиз. Тарихнинг чўнг синовидан ўтмоқдамиз, деб ҳам айтиш мумкин.   Бугун биз — зиёлиларга шундай шароитда яшаш, ижод қилиш, шу улуғ синовдан қандай ўтамиз, нимани топамиз, нимани йўқотамиз қабилидаги савол-сўроқларга жавоб топишга, янги вазиятда ўз ўрнимизни топишга тўғри келади. Ўз ўрнимиз деганим шуки, эндиликда атрофимизда кечаётган воқеа-ҳодисаларга бефарқ муносабатда бўлиб, айтайликки, шунчаки кузатувчанлик мақомида яшаш мумкин эмас. Эгаменлик (мустақиллик), эркинлик даврнинг тезкор шиддатига мос қадам ташлашни, унинг ғояларига аниқ-равшан муносабатда бўлишни, яъниким, ўзига хос ижтимоий фаолликни талаб этади. Кўз қаранди бўлмасдан яшаш – бу энг аввало, фикр эркинлиги ҳам экан.

Биз, кўпларимиз, мана эркинлик бўлди, демократия бўлди, энди зўр асарлар ёзамиз, қо­йиллатиб ташлаймиз, китобларимиз бетўхтов чиқади, деб ўйлаган эдик. Йўқ, бундай эмас экан. Ўқувчига манзур бўладиган ҳақиқий бадиий асарни яратиш учун, аввало, шу эркинликни жон-жондан ҳис этиш, қалбан идрок этиш, моҳиятини англаш, масъулиятини тушуниш зарур экан. Бу энди – дил қийноғи, жон азоби дегани, биродарлар. Эркинлик бўлсаёқ ҳаммаёқни зўр китобларга тўлдириб ташлаймиз, деган ўй янглиш ўй экан, мана, орадан саккиз йил ўтяпти – ўша кутилган зўр ки­тоблар ҳали-ҳануз яратилмаганининг сабаби ҳам шунда. Замон ўзгарди, ўқувчилар ҳам ўзгармоқда. Энди уларни якуни аввалдан маълум бўладиган жўн севги қиссалари, сюжети бир-биридан фарқ қилмайдиган ҳикоялар билан овутиб бўлмайди. Бугунги ва эртанги кун китобхонларига янги қаҳрамонлар, уларнинг янгича қарашлари, янги ечимлар керак. Бунинг учун ёзувчи иссиқ хоналарни тарк этиб, ҳаётнинг жўшқин чорраҳаларига отланиши, ёшларга яқин бўлиши зарур.

Авваллари собиқ мафкура бизни кўп жиҳатдан жиловлаб қўяр эди. Очиғини айтишим керак, мен, ҳар қалай, анча-мунча китоблар ёзган, хорижий мамлакатларда ҳам ўз ўқувчиларимга эга бўлган ёзувчиман. Лекин менинг асарларим ҳам жиддий назоратдан ўтарди. Баъзан эса очиқдан-очиқ: “Мана бу масалани бундай ёзиш керак, охирги хулосаси бундай бўлиши керак”, деган кўрсатмалар ҳам бўларди. Сир эмас, биз бундай раҳбарликка кўникишга мажбур эдик. “Жамила” асаримни яхши биласизлар. Дунёнинг неча ўнлаб тилларига таржима қилинган. Икки ёшнинг соф муҳаббати, инсоний туйғулари тўғрисидаги асар. Шу асарим учун ўша кезлари кўп маломатга қолганман. Адабий йиғинларда мени дўппослаш одат тусига кирган эди, десам ҳам бўлаверади. Сизларга айтсам, у пайтлари Ёзувчилар уюшмаларида партия мажлислари жуда шафқатсиз ўтарди. Ҳозир буни кулиб эслаймиз, ижод уйи­­да партия мажлисига нима бор? Аммо ўша кезлари шундай эди. Оташин айблов нутқларидан кейин кимнингдир тақдири ҳал бўларди-қўярди.

Шундай йиғилишлардан бирида ўзини қирғиз адабиётининг тирик классиги деб юрган оқсоқол адибларимиздан бири сўз олиб қолди-ку. У биз томонга маъноли қараб сўзини мана бундай бошлади: “Яқинда колхозчилар қандай яшаяпти экан, турмушлари қандай экан деб, шу масалани ўрганиш учун чекка қишлоқлардан бирига чиққан эдим. Бир куни қишлоқ йўлидан кетаётсам, бир аравакаш келаяпти. Албатта, мени таниди. “Сиз фалончи ёзувчимисиз”, деб сўради. “Ҳа, ўша сен айтган ёзувчи мен бўламан”, дедим. “Ўртоқ ёзувчи, бу сизларнинг орангиздан Айтматов дегани чиқибди. “Жамила” деган бир нарса ёзибди. У ёқда уруш кетаётган эмишу, фронтга кетган совет жангчисининг хотини бу ёқда бошқа биров билан донлашиб юриб, охири у билан қочиб кетган эмиш. Агар ўша Айтматовни кўриб қолганимда борми, мана шу қўлимдаги қамчиним билан боплаб таъзирини бериб қўйган бўлардим…”

“Ҳой ука, – деди оқсоқол менга қаҳрли юзланиб, – агар қўлимда ҳозир ўша аравакашнинг қамчини бўлганида борми, мен сени шу ернинг ўзида, шу партия мажлисида пўстагингни қоқардим…”

Бунақа гаплар кўп бўлган. Адабиётимизга энди-энди кириб келаётган ёшлар буни билиш­лари керак. Ҳозир эса, ҳаммамиз янги бир тарихий бирлик шароитида яшамоқдамиз. Марҳамат, қаламни қўлингга олу ёз. Мавзулар тўлиб-тошиб ётибди. Ҳеч ким сенга тўсқинлик қилмайди. Имконият эшиклари ланг очиб қў­йилган. Лекин шуни унутмаслик керакки, эгаменлик, эркинлик тушунчалари қотиб қолган, ҳаракатсиз тушунчалар эмас. Улар доимий ҳаракатда, доимий ривожланишда. Ҳа, биз эркин бўлдик, озодликка эришдик, дея гапириб қўйишнинг ўзи бўлмайди. Унга доимий эътибор зарур,   ғамхўрлик, парвариш лозим. Одамлар каби эгаменликнинг ҳам ўзига яраша эҳтиёжи бўлади. Ундан огоҳ бўлиб туриш керак. Февраль ойида Тошкентда содир бўлган ва менинг ҳам қалбимни ларзага келтирган, ич-ичимда оғриқли бир акс-садо берган нохуш воқеалар буни яққол кўрсатди.

Ёшим етмишга етди. Бу ёшга етган киши ўз умрининг ортда қолган сўқмоқларига, қилган ишларига, айтган-деганларига бир қараб олади. Бутун дунёдаги мухлисларимдан кўп­лаб хатлар, табриклар олар эканман, мен кўпроқ ўз-ўзимга, “Хўш, энди нима ёзаман, қандай ёзишим керак, қайси мавзуни, қай муаммони кўтаришим керак”, деган савол бераман. Миллий адабиётларимиз, миллий маданиятларимиз олдида турган умумий вазифалар нималардан иборат эканлигини англашга, шу тўғрида фикр юритишга ҳаракат қиламан. Ўзини зиёли деб ҳисоблайдиган ҳар бир ижодкор шундай қилиши керак.

Менинг назаримда, бугун биз – ижодкор зиё­лилар, бир-биримиздан узоқлашиб кетмаслик йўлларини ахтаришимиз зарур. Эркинликнинг тақдири кўп жиҳатдан шунга боғлиқ. Миллий маданиятлар ўз моҳиятларини йўқотмаган, сақлаган ҳолда, бугун тараққиётнинг қайси йўналишларидан бормоқдалар, қай тамойилларга амал қилмоқдалар, нима эътиборимизда, нима четда қолмоқда – бундан бохабар бўлмасак бўлмайди. Эндиликда ҳеч ким, ҳеч бир адабиёт, ҳеч бир маданият ўз ҳолича, бош­қалардан узилган ҳолда яшай олмайди. Дунёнииг тақдири умумлашиб бормоқда, одамлар тақдиран бир-бирларига яқинлашмоқдалар. Буни англашимиз, ақл-фаросат билан иш кўришимиз керак. Мана шу яхлитликнинг гўзал қирраларини миллий ўзига хосликлар ҳам белгилашини унутмайлик.

Бизнинг Тошкентда тузилган Ассамблеямиз ўз олдига жуда олижаноб вазифаларни қўйган. Ҳозиргача анча-мунча ишлар қилдик. Парижда Ассамблеямизнинг расмий тақдимоти бўлади. Европаликлар улуғ бир минтақада яшаётган қондош-жондош бир неча халқлар маданиятларининг ўзаро уйғунлигини, бир мақсад йўлида ҳар бирлари ўзлари танлаган тараққиёт йўлидан бир-бирларига ҳалақит бермай олға томон бораётганларига жиддий қизиқиш билан қарамоқдалар.

Ассамблеямизнинг навбатдаги мажлисида миллий маданиятлар ривожи билан боғлиқ кўп масалаларни муҳокама қилдик. “Туризм за миллий маданиятлар” дегани бир қарашда бизга бевосита дахлдор эмас. Аммо чуқурроқ ўйлаб кўрилса, бу ниҳоятда муҳим масала. Сайёҳлик керак, уни ривожлантириш зарур. Марҳамат, одамлар келиб кўришсин юртимизни, Самарқанд, Бухорода бўлишсин, Иссиқкўлдан завқланишсин, осмонўпар тоғларимизда дам олишсин, ўзларига керак нарсалар бўлса ўрганишсин. Аммо миллий маданиятлар “Сайёҳларга мана бу нарса ёқар экан, мана бунга зўр чапак чалишар экан”, деб уларнинг шунчаки қизиқишларига мослашиб кетса, бунинг оқибати яхши бўлмайди. Миллий маданият ўзининг хусусиятини йўқотади.

Бир мисол келтирай. Бизда туристлар келса уларга қўбизини сайратиб, керак бўлса эртадан пешинга қадар, ҳатто кечга қадар ҳам тинимсиз шеър тўқишга қодир, меҳмонларнинг шаънига бир пастда мадҳиялар тўқиб ташлайдиган истеъдодлар бор. Албатта, бу иш ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди. Жуда катта талант керак. Лекин ёмони шундаки, бундай кишилар меҳмонлар келишини кутиб туришади. Уларни қандай мадҳ этишни, ўзларига ром қилиб, бир нима ундиришни ўйлашади. Натижада, ижод, бадиийлик ўлади. Қуруқ мадҳия қолади, холос. Туризмда бунга йўл қўймаслик керак, деб ўйлайман. Миллий маданиятимиз энг аввало ўзимизга хизмат қилсин, бизнинг эҳтиёжларимизни қондирсин.

Миллий маданиятлар ривожини миллий кино ва театр ривожисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Ҳозир бу соҳалар ҳам ўз ёғига ўзлари қоврилиб ётибди. Қирғиз ва қозоқ кинолари сустлашиб кетди. Сизларда маълум ҳаракатлар бўлмоқда. Бу соҳаларга кучли ҳомийлар керак. Аммо ҳомийлар мавзу ва моҳиятни белгилашда бирламчилик мақомига эга бўлиб кетмасин.

Олдимизда янги аср турибди.   Бу – ёшлар асри. Уларга айтарим шуки, сизлар янги асрда эркин ижод қиласизлар, ўзларингизни эркин намоён қиласизлар. Аммо билингки, бу ҳолат зиммангизга жуда катта масъулият юклайди. Эркинлик, демократия деганлари асосан бурч ва масъулият эканлигини унутмаслик керак. Менинг бу фикрларим асарларим ҳақида кўп мақолалар эълон қиладиган ўзбек мат­буоти орқали ўқувчиларга етиб борса, бундан, шубҳасиз, мамнун бўламан”.

1998 йил, Тошкент

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

two × 1 =