Йигирма йил бир сафда

2002 йилнинг июнь ойи. Илмий ишим охирлаб қолгани учун устозим Бойбўта Дўстқораев (Аллоҳ раҳмат қилган бўлсин)нинг   таклифи билан Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети халқаро журналистика факультетига ишга ўтдим. Ўқув йилининг охирида кафедра билан танишиш учун факультетга келдим. Бу пайтда кафедранинг айрим ўқитувчилари, хусусан, Акбар Нурматов ҳам уч-тўрт талаба билан АҚШ сафарига тайёргарлик кўришаётган экан. Озғин, жиккаккина Акбар акани биринчи марта ўшанда кўргандим. Кафедрага кириб келганимга эътибор ҳам бермай, талабалар билан гаплашишда давом этгани, аввалига жаҳлимни чиқарган. “Бунча ўзига бино қўйган бўлмаса, бу домла? Ахир кафедрасига янги ўқитувчи келяпти. Лоақал ким бу, қаердан келди, деб қизиқмади ҳам”, деган ўй ўтган кўнглимдан. Буни сезгандай Бойбўта ака Дўстқораев кафедрадагиларга: “Бу Назира, кейинги ўқув йилидан биз билан ишлайди”, деб таништирди. Акбар ака эса, эътиборсиз бир қараб қўйди, холос. Яширмайман: “Наҳотки, мана шундай ўзига бўлган баҳоси юқори, манман одам билан ишласам энди” деб ўйладим. Аммо бу бор-йўғи ўткинчи таассурот экан.

Сентябрда факультетда иш бошладим. Америкага бориб келган Акбар ака “бошқача” бўлиб қолгандек эди. Тез орада, ортиқча гапирмайдиган, аммо гапирса, қандайдир кулгили воқеани мисол қиладиган ёки албатта, бир реплика ташлаб қўядиган бу домла билан чиқишиб кетдик. Ҳатто қадрдон бўлиб қолдик. Чунки Акбар ака кўнглида кири, ғаразли мақсади йўқ, юраги тоза, билимли одам экан. Янгиликка ўчлиги, яхшиликка хайрихоҳлиги, айниқса, дилидагини бошқалар тилга кўчирса, ўйлаган фикрларини бошқаларда кўрса, уни бажонидил қўллаб-қувватлайдиган одам экан. Тез орада Акбар аканинг ана шу маънавий кўмагини, ҳамфикрлигини, ҳаммаслаклигини ҳис қила бошладим.

Факультетда талабалар Акбар Нурматовни жуда яхши кўришарди. Қачон қараса, уч-тўрт талаба қуршовида, ниманидир муҳокама қилаётган, қандайдир қизиқарли воқеани айтиб бераётган бўлади. Ҳатто дарсдан кейин ҳам кафедрага талабалар энг кўп Акбар акани сўраб келишарди. Унинг талабалар билан бунчалик самимийлиги, яқинлигига ҳавас қилардик. Мен ҳам шундай бўлишга интилардим.

Халқаро журналистика факультетига ишга келганимда кафедрамиз унча катта эмас, ҳаммаси бўлиб 12-13 нафар, уларнинг ҳам ярми амалиётчилар эди. Асосий штатда ишлайдиган беш-олти нафар домланинг ичида ягона аёл ўқитувчи ўзим. Ўша кам сонли аъзоларнинг иккитаси – Зафар Омонқулов ва Анвар Мелибоев “Умид” жамғармаси томонидан хорижда ўқиб келган ёш мутахассислар бўлиб, Акбар ака улар билан кўп ҳазиллашар, мен ҳам уларнинг суҳбатларига қўшилиб олардим. Кафедрага йиғилдик дегунча, ҳазил-мутойиба ёки қизиқарли суҳбатлар бошланарди. Иш қолиб кетаётганидан Бойбўта аканинг жаҳли чиқиб, Акбар акани койирди. Чунки гап билан бўлиб, у домла топширган вазифани қилишни эсдан чиқарарди-да. Ёки домланинг ўзи дарсдан чиққан Акбар акага бир қўл шахмат ўйнашни таклиф қилар, бу бир қўл баъзан юз қўл бўлиб, кечасигача давом этарди. Бу мен учун айни муддао эди. Чунки ҳимояга чиқай деб турганим учун, дессертациямнинг камчиликлари устида асосан дарсдан кейин ишлардим. Кафедрадаги биттагина компьютер ҳам кечки пайт бўшарди. Уларнинг шахмат ўйнаганларидан фойдаланиб, мен ишимни ёзардим. Ўзи шахмат ўйнаса ҳам, маънан ишимни қўллаб турарди.

Акбар ака билан 2009 йилгача бир кафедрада, бир мақомда ишлаб, ака-сингилдай бўлиб қолдик. Мен унинг дастурларини компьютерда ёзишга ёрдам берсам, у киши дарсларимга кўмаклашарди. Мен жиззакироқ бўлганим учун, хаёлимга келганини одамнинг юзига шартта гапириб ташлардим. Акбар ака эса аксинча, жуда бағрикенг, хотиржам бўлгани боис дарров жаҳли чиқмасди. Бирор нарсани тушунтирмоқчи бўлса, гапни ёки ҳазилдан, ёки ривоятдан бошларди. Баъзан қаттиқ гапириб юборсам, бир қовоғини уюб, жавоб бермасди. Хато қилсам, худди синглисини уришгандек сенлаб койирди. Бу менга ҳеч ҳам оғир ботмасди. Хуллас, Акбар ака ишхонадаги ҳамкорим, ҳамфикримга айланди.

Кейин у факультетимизга декан бўлди. Гарчанд ҳеч қачон мансаб қизиқтирмаган бўлса ҳам, аммо у кишидаги салоҳият шу лавозимда ишлашга имконият берди. Ҳаммага бирдай, адолатли раҳбар бўлишга ҳаракат қилди. Қўл остидаги ходимлар аҳволини тушунар, шарт-шароитини ҳисобга оларди. Энг муҳими, факультетда соғлом муҳитни сақлаб қолди. 2015 йилдан университетнинг ўқув ишлари бўйича проректори бўлди. 2017 йилда яна факультетга мен бошқараётан кафедрага мудир сифатида қайтди.

2018 йилда Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети очилиб, бир гуруҳ ҳамкасбларимиз қаторида Акбар ака ҳам шу ерга ишга ўтди. Ҳозирда босма ОАВ ва ноширлик иши факультетининг декани. Университет ташкил этилганидан кейин бир йил ўтиб   янги очилган кафедра мудирлигига мени ишга таклиф қилди. Мана, яна бирга, бир жамоада ишлаяпмиз.

Акбар ака закий инсон. Жуда кўп ўқийди, жуда кўп билади. Аммо айримлардан фарқли ўлароқ билганларини сўрамаса айтмайди, баҳслашмайди. Мавзуга оид ўз нуқтаи назарини ҳеч ким билмаган бир-иккита факт ёки далилни келтириш билан билдириб қўяди. Шунинг ўзи етарли бўлади. Суратида сокин кўрингани билан, ботинида маърифатсизликка, ҳақсизликка, дидсизликка муросасиз. Аммо буни кўп ҳам юзага чиқаравермайди. Энг кучли қуроли– киноя. Ана шу киноялари билан билимсизлик, дидсизликнинг устидан кулади.Тушунмаганлар бошида хафа бўлишади. Тушунгандан кейин эса у билан ҳисоблашади. Ҳурмат қилади. Унинг билимдонлиги бошқаларда учрамайдиган камёб ҳодиса – кучли хотира эгасилигидан бўлса керак. Ҳар бир гапига қайсидир китобнинг қайсидир эпизодидан ёки қайсидир қаҳрамоннинг сўзидан иқтибос келтиради. Бирор воқеани айтиб берса, асосий факт ва далиллардан ташқари энг кичик детали ҳам эсдан чиқмайди. Жуда кинони яхши кўради, ўнлаб машҳур режиссёрларнинг юзларча киноларини кўргани учун, мутахассис даражасида таҳлил қила олади. Жаҳон ва ўзбек адабиёти ҳақида соатлаб гаплашиши мумкин. Жаҳон ва миллий мусиқасини операдан тортиб, оркестр ижросигача, мақомдан тортиб, лирик қўшиқчиликкача, унинг ижрочиларини усул ва йўлларигача айтиб беради. Бир куни бехосдан ўн етти ёшида жаҳон чемпионатидаги барча футбол жамоаларида ўйнайдиган футболчиларнинг ҳар бирининг номини ёддан билганини айтиб қолди. Тасаввур қиляпсизми? Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Сиз билан қайси мавзуда суҳбатлашса, унинг олдида ўзингизни ўша соҳани яхши билмайдигандай ҳис қила бошлайсиз.

Энди бир-икки оғиз “танқидий” гаплардан ҳам айтайлик. Ҳа, ана шу билимдон устознинг ўзига яраша “камчиликлари” ҳам бор. У ҳамиша хаёллар оғушида юради. Сизга бирор мавзу ҳақида соатлаб гапириши мумкин, лекин ёзишга келганда, ундан танбал одам йўқ. Жуда кам ёзади. Акбар аканинг сийратини билган одам, ижодкор бўлса керак, ё шеъру достонлар, ёки насрий асарлар ёзади, деб ўйлайди. У ҳамма нарсани онгида, тафаккурида, хаёлларида яратади.

Ҳеч шошилмайди, бирор юмушни режалаштирса ҳам, юриб-юриб охирги паллада, жуда оз муддат қолганда қўл уради ўша ишга. Кейин бундан ўзининг кўнгли тўлмайди. Баъзан даврнинг шиддатига, вақтнинг ўтишига мослашолмай, хуноб бўлади. Айримларнинг шаклбозлигидан, такрорланавериб сийқаси чиққан фикрларидан энсаси қотади, ёшлар орасидаги қолипга тушган қарашлар, мақсадсизлик, мантиқсизликка нисбатан чорасизлигидан жаҳли чиқади. Шунинг учун ёзишдан кўра, ўқишни афзал кўради. У билан бирга ўқиган, ишлаган дўстлари аллақачон фан докторлари бўлишган. Шу кетиш бўлса, ҳадемай қизи Шаҳноза дадасидан ўтиб кетади. Шунинг учун Акбар ака ҳам тезроқ ғайрат қилиб, ҳадеб материал йиғавермасдан докторлик диссертациясини тугатиб, ҳимоя қилиши керак-да!

Хуллас, яхши маънода доим талашиб-тортишиб юрадиган Акбар ака билан ишлашни бошлаганимизга йигирма йил бўлибди. Бир навқирон йигит умрига тенг бу йиллар бизни обдон чархлади. Бир факультетда, бир кафедрада ишлаб, ўқитувчиликнинг қувончу ташвишини, заҳматию ҳузурини бирга баҳам кўрдик. Акбар аканинг мендан бирор нарсани ўрганганига ақлим етмайди-ю, лекин мен у кишидан жуда кўп нарсани ўргандим ва ҳали ҳам ўрганяпман.

Учар йиллар ортидан қувиб, ҳаш-паш дегунча Акбар Нурматов ҳам 60 ёшни қоралаб қўйибди. Илм соҳасида айни навқирон ёш. Бундан буёғи қатор-қатор шогирдларни чиқариш, янги китоблар, янги мақолалар ёзиш даври бошланяпти. Бироқ Акбар акани шунчаки табриклаб бўлмайди. Унга яна нимадир дегиси, миннатдорчилик билдиргиси, кўпроқ ҳурмат кўрсатгиси келади, одамнинг. Балки шунданми, Акбар акани билганлар у билан боғлиқ қандайдир воқеани ёдга олади, ҳеч бўлмаганда, бирор кинояли гапини эслаб, юзига табассум пайдо бўлади. Ким билсин, балки эсланган во­қеадан ўша одам ибрат олиб, ҳаётий хулоса чиқаргандир, балки Акбар аканинг кинояси ёки айт­ган мақолининг мағзини чақиб, унинг ҳақиқатини тан олгандир, эътироф этгандир…

Назира ҚУРБОН,

Ўзбекистон Журналистика ва

оммавий коммуникациялар университети

Медиа назарияси ва амалиёти кафедраси

мудири, профессор

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

three × 4 =