Уйларимиз ҳақида ўйларимиз

Ёки қурилаётган уйларнинг мустаҳкам, зилзилага бардошли, хавфсиз эканлигига Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги кафолат бера оладими?

 

Газетамизнинг жорий йил 1 март  8-сонида Нуриддин Очиловнинг “Бойлар ҳам йиғлайдими ёхуд қурилиш — меъморчилик соҳасида бизни ўйлантираётган муаммолар хусусида” мақоласи эълон қилинганидан хабардорсиз. Унда муаллиф мамлакатимизда қурилаётган кўп қаватли уйларнинг сифат даражаси ҳамиша ҳам талаб даражасида эмаслиги, айрим фақат мўмай даромадни кўзлаб уй қураётган шов­возларнинг қилмиши, соҳада назорат ишларининг янада кучайтирилиши лозимлиги ва албатта, уларнинг зилзилабардош­лиги қай даражада эканлиги борасида тўхталиб ўтганди. Аммо мана орадан икки ой ўтсада қурилиш соҳасига доир мутасаддилардан ушбу мақолага ҳеч қандай муносабат ҳам, акс-садо ҳам йўқлиги таассуфлидир. Шу сабабдан ҳам яна мавзуга қайт­дик.

 

Халқимизда “Ўт балосидан, сув балосидан, туҳмат балосидан сақласин” деган нақл бор. Бунга қўшимча қилиб “Зилзила балосидан ҳам ўзи асрасин” дейилса, ножоиз бўлмаса керак. Тўғри-да. Ўт, сув, зилзила каби табиий офатлар қачон келишини сизу биз қаердан ҳам билардик?! “Ўрмонга ўт кетса, ҳўлу қуруқ баравар ёнар” деганларидек, кутилмаганда келган офатлар ҳам одам боласини шошириб қўяди. Инчунун, инсонни ожиз қолдирадиган офатлардан энг оғири зилзиладир.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда аҳоли учун қулай, шинам тураржой мажмуаларини қуриш ишлари анча илгарилаб кетди. Нафақат пойтахт­­да, балки вилоят марказлари, олис шаҳару туманларда ҳам бир-биридан кўркам бинолар қад ростлаяпти. Таъбир жоиз бўлса, биз учун катта янгилик бўлган “city”лар ҳудудларимизга узукка кўз қўйгандек ярашмоқда. Яшаш ва меҳнат қилиш учун зарур барча қулайликлар, энг сўнгги инновацион ечимларни тақдим этувчи бундай муаззам биноларда яшашни, офис очишни ким истамайди, дейсиз?

Хўш, бизда қурилаётган уйлар, “ҳашаматли дом”лар қай даражада зилзилага бардошли? Худо кўрсатмасину агарда кучлироқ зилзила кузатилиб қолса, уйларимиз, бино ва иншоотлар қай алпозга тушади?

Бир муддат илгари Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги томонидан ташкил этилган матбуот анжуманида қуйидагича савол-жавоб бўлганди.

Журналист:

–         Бизда қурилаётган уйлар қанчалик зилзилага бардошли, тажрибалар ўтказилганми? Неча баллгача “кафолат” бера оласизлар?

Қурилиш ишлари бўйича вазир ўринбосари:

–         …Мен ўттиз олти миллион аҳоли учун “гарантия” бера олмайман…

Ажабо…

Одамлар йиллаб йиққан пулига яхши ниятда уйлар сотиб олишади. Аммо унинг сифати қай даражада? Фавқулодда ҳолатлар юз берса, боринг-ки Худо кўрсатмасин зилзила бўлиб қулаб тушса бино қурилишига бош-қош бўлган бирорта “кароматгўй” жавоб бермайдими? Тегирмончини гардсиз кўрган борми? Ёки камбағални туянинг устида ҳам ит қопаверадими?

Аслида бундай ҳолатда ким жавоб бериши керак? Пудратчими, қурилиш ташкилотими, муҳандисми? Балки жавобни кунлик меҳнатга чиққан “уста”лардан сўрармиз? Сир эмаски, тирикчилик ниятида ҳар куни “қора меҳнат”га чиқадиган, “Ҳамма ишни мана биз “ест” қиламиз” дегувчиларнинг  уйлару, баланд бинолар қурилишида ишлатилиши сир бўлмай қолди. Аслида “Чумчуқ сўйса ҳам қассоб сўйсин” эмасмиди?

…1966 йил 26 апрель, соат 5:22. Бу санани нафақат тошкентликлар, балки бутун ўзбек халқи унутмайди. Бу даҳшатли зилзилани кўрган юртдошларимиз бугун ҳам унинг нақадар катта талофат келтирганини айтишади.  Ўша маъшум тонгда рўй берган 10-12 дақиқали офатда 78 минг оила бошпанасиз қолган. Қолаверса, шу йилнинг февраль ойида қардош Туркия юртида юз берган даҳшатли зилзиладан сабоқ чиқариш нафақат бизга, балки бутун жумлаи жаҳонга тандир. Негаки, бу офат туфайли неча минг-минг одамлар қурбон бўлди, миллионлаб одамлар бошпанасиз қолди.

Энди юқоридаги савол-жавобга қайтсак. Вазирлик масъулининг ушбу фикрлари ижтимоий тармоқларда “портлаб”, анча шов-шувларга сабаб бўлганидан кейин улар қуйидагича муносабат билдиришди:

“…Видеолавҳада гап қурилишда аввало буюртмачи жавобгар экани хусусида борган. Боиси буюртмачи техник назорат бўйича мутахассисни бириктиради ёки ушбу фаолият турини амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлган юридик шахсни шартнома асосида жалб қилади.”

Тўғриси, муносабат жуда узун ва кўп­лиги боис у ерда келтирилган гап­лар, ҳужжатлар, мажбуриятларни бу ерда ҳам ёзиб ўтирмадик. Ундан шуни англаш мумкинки, асосий юк, масъулият буюртмачига қаратилган. Шаҳарсозлик кодексининг фалон боб, писмадончи моддаларида келтирилган “мажбуриятлар” айтилган.

Тўғри. Масъулият ва жавобгарлик керак. Буни ҳеч ким инкор этмоқчи эмас. Аммо мамлакатда қурилаётган уйлар, бинолар, шаҳар ичидаги шаҳарчаларни неча балгача зилзилага бардош бериши ё бермаслиги бўйича инновацион ёндашувлар ҳамда илмий асослар бўлиши лозим эмасми? Билсангиз, чет элда бирорта бино ёки иншоот қуриб битказилганидан кейин унинг неча балгача зилзилага бардошлиги сунъий равишда текшириб кўрилади. Бизда ҳам шу амалиёт қўлланиши даркор. Бунда чет элдан соҳа мутахассисларини жалб қилиш, тажриба алмашиш, бизда мавжуд бўлмаган янгиликлар билан ҳам танишиш фойдадан холи бўлмайди.

Маълумотларга кўра, Туркиядаги табиат ҳодисасининг катта йўқотиш­ларга сабаб бўлиши уй-жой қурилиши жараёнидаги камчиликларга бориб тақалмоқда. Қурилиш компаниялари халқаро миқёсдаги тендерларда ютиб, бино-иншоотлар, уй-жойлар барпо этишда қатнашадиган давлатларда ҳам бундай ачинарли ҳолатларнинг бўлиши афсусланарли, албатта.

Сўнгги йилларда биргина Тошкент шаҳрида ҳам юзлаб кўп қаватли уйлар бунёд этилди, уларнинг акса­рияти қисқа муддатларда қуриб топширилди. Сергели, Олмазор, Янги ҳаёт ва бошқа туманларда катта массивлар пайдо бўлди. Менимча, охирги ўн йилда қурилган уйларни тезкорлик билан текшириб чиқиш, хулосалар бериш керак. Уйлардан одамларни чиқариб, зилзилага бардошлик даражасини текшириш керак. Албатта, ҳар қандай табиий офатлардан, фалокатлардан Аллоҳ асрасин. Лекин хавфсизлик, эҳтиёт чораларини кўриш, бу борада қатъий назорат ўрнатиш ҳам зиён қилмайди. Қолаверса, бу тамойил қурилиш талабларига мувофиқдир.

Айтайлик, нима учун деярли ҳар куни ёки тез-тез зилзила ҳодисаси кузатиладиган Японияда осмонўпар бинолар қулаб тушмайди? Сабаби, Япония сейсмик фаол нуқтада жойлашганлиги боис бино ва иншоотларни қуриш бўйича жаҳондаги энг юқори стандартларни жорий этган мамлакат ҳисобланади. Ҳисоб-китобларга кўра, Японияда ҳар йили ўртача 2000 га яқин зилзилалар содир бўлиб туради. Аммо мазкур давлатда қурилган уйлар камдан-кам ҳолатларда қулаб тушади ёки зарар кўради.

Шу ўринда Президентнинг 2021 йилда “Ўзбекистон Республикасининг сейсмик хавфсизлигини таъминлаш соҳаларини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорини эслатиб ўтиш жоиз. Унга кўра, 2022 йил 1 апрелга қадар республикада қурилаётган бино ва иншоотларнинг зилзилабардошлигининг янги усулларини амалда татбиқ этиш учун Япониянинг Сейсмик ҳимоялаш жамияти билан узоқ муддатли ҳамкорликни йўлга қўйиш топшириғи берилганди.

Хўш, бу қарор ижроси қай даражада бажарилди ёки бажарилмоқда?

Ушбу савол билан Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигига боғлансак саволимизга жавоб бера олмаслигини, Ғ.Мавлонов номидаги Сейсмология институтига мурожаат қилишимиз кераклигини айтишди. Буни қарангки, Сейсмология институти ҳам худди шу жавоб билан бизни М.Ўрозбоев номидаги Механика ва иншоотлар сейсмик мус­таҳкамлиги институтига боғланишимиз кераклиги борасида гапирди. “Отангга бор, онангга бор” деганларидек охири биз улар билан боғланишга, саволларимизга қисман бўлса-да жавоб олишга ҳаракат қилдик. Биз билан телефон орқали суҳбат қилган Ражаббой исмли директор ўринбосари умумий қилиб соҳада ишлар жадал суръатларда амалга оширилаётгани, йўл харитаси ишлаб чиқилгани, бу ишлар тезда амалга ошмаслиги, унга йиллар керак бўлиши, чет эл билан ҳамкорлик йўлга қўйилгани ҳақида гапирди. “Истасангиз сизга қилинган ишлар ва келгусидаги режалар борасида ёзма маълумот ташлаб бераман” деди. Биз рози бўлдик, албатта. Телефон рақам алмашдик. Улар айтгандек телеграм манзилига саволимизни  яна бир маротаба ёзиб қўйдик. Орадан озгина вақт ўтиб жавоб бермаганлиги хусусида эслатиб қўяй, “ишлари кўпайиб, хаёлларидан кўтарилиб қолгандир” деб яна ёздик. Бироқ, мана орадан икки ҳафта ўтса-да на маълумот бор, на бирор қўнғироқ. Ҳа,  “Кўзларим йўлингда” фильмини томоша қилаётган киномухлисдек жавоб кутмоқдан ўзга чора йўқ.

Яна мавзуга қайтсак. Бир муддат илгари ижтимоий тармоқларда “Гулис­тон шаҳрида ўндан зиёд монолит услубидаги кўп қаватли уйлар қурилиб, фойдаланишга топширилмоқда”, деган яхши хабарларни ўқиган эдик.  Бу услубнинг ўзига хос жиҳати шундан иборат эканки, 9-10 кунда бинонинг бир қаватини битириш мумкин. Шунинг­дек, унинг зилзилага бардошлилиги юқори бўларкан. Тезроқ қурилиши эвазига қурувчининг харажатлари камаяди ҳамда аҳолига қисқа фурсатда ва арзонроқ бўлган нархларда уйларни сотиш мумкин. Оддий қурилиш бинолари 6-7 балл бўлган зилзилага чидамли ҳисобланса, монолит услубидаги уйлар 9 баллгача зилзилага бардош бера олар экан.

Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Саидносир Усмонов ушбу монолит услубида кўп қаватли уйлар қурилиши ўзини оқлаган тизим эканлигини таъкидлади. Айнан ушбу услубда уйлар қуришдан Сардоба фожиасидан зарар кўрган аҳолига уй-жой қуришда фойдаланилган.  Ҳозиргача бирорта муаммоли жараёнлар кузатилмаган эканлигини айтиб ўтди. Чиндан ҳам бу тажриба сифатли ва ишончли тарзда йўлга қўйилгани ҳамда унинг назорати тизимли равишда назорат қилиб борилишидан умидвормиз.

Шунингдек, Саидносир Усмонов рес­публика ҳудудлари сейсмик балл кўрсаткичлари бўйича зоналарга бўлинганини, шундан келиб чиққан ҳолда объектларни жойлаштиришда кўрсаткичлар инобатга олинишини ҳам айтиб ўтди.

– Ҳозирда қурилиш монтаж ишлари тугалланган бино ва иншоотлардан фойдаланишга рухсат бериш бўйича 16 576 та мурожаат келиб тушган. Шундан 11 162 та объектнинг қурилиш ишлари белгиланган нормаларга тўғри келмаслиги боис рад этилган. Бугунги кунда қурилиш ишларида, аввало, сифат ва назоратга бирламчи масала деб қаралмоқда ва бу ишлар қатъий давом эттирилади”, – дейди С.Усмонов.

Мақолани тайёрлаш давомида шаҳарсозлик кодексидаги қуйидаги нормани ўқиб қолдим: “Объектларни қуриш чоғида қурилиш устидан давлат назорати, буюртмачининг техник назорати, ишлаб чиқувчининг муаллифлик назорати ва пудратчининг ички назорати бўлиши талаб этилади”. Мана, аслида назорат қандай бўлиши керак экан!

Тўғри, биринчи галда давлат назорати кучли бўлиши керак. Кейин эса буюртмачи-ю, пудратчи, қурувчи назорати бўлаверади. Биз нима демоқчимиз, ҳар қандай иш бўлсин, у хоҳ қурилиш, хоҳ бошқа соҳа, аввало, назорат тизими йўлга қўйилиши керак. “Мен 36 миллион аҳоли учун жавоб бера олмайман” деб эмас! Бундай хатоларга йўл қўйилмаслигини давлат доим назорат қилади. Сиз ҳам, биз ҳам аслида бир назоратчимиз. Сизнинг уйингиз ёки бирорта дўконингиз бўладими, фирмангиз бўладими, унинг қурилиш ишларида хатоларга йўл қўйилса, бефарқ бўлманг” дейиш қаёқдаю мутасадди ташкилот вакилининг “Гарантия” бера олмайман” деган иддаоси қаерда?!

Милоддан аввалги 1793-1750 йилларда Бобил давлатига ҳукмдорлик қилган Хаммурапининг замонида агар қурувчи сифатсиз уй қурса ёки у қулаб тушса қандай чора-тадбирлар кўрилганини эслаб ўтмоқчимиз. Унга кўра: агар қурувчи уйни сифатсиз қуриши натижасида уй қулаб тушиб, эгаси вафот этса, қурувчига ўлим жазоси берилган; сифатсиз уй қулаб, эгасининг фарзанди ўлса, қурувчининг фарзандига ўлим жазоси берилган; сифатсиз уй қулаб, эгасининг мулкига зарар етказса, қурувчи зарарни қоплаб, уйни бошқатдан сифатли қилиб қуриб берган. Мана шундай қатъий қонунлар сабаб ҳам Бобилда қурилган бинолар сифатли бўлиб, кўп асрлар давомида қад ростлаб турган.

Албатта, ушбу қонунларни “ўзимизда ҳам жорий қилиш керак”, деган фикрдан йироқмиз. Бироқ давлатимиз раҳбари куйиниб айтадиган “Қонун устувор, жазо муқаррар” деган тамо­йилни қонунларимизда мустаҳкамлаб қўйсаккина эҳтимол бизда ҳам йиллик эмас, аксинча бир неча асрлар ўтса-да жозибасини йўқотмайдиган уйлар, бинолар қурилармиди?!

Ислом АСИЛБЕКОВ,

журналист

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

3 × 3 =