Ёлғон хабар (Fake news): Ахборот маконида алданиб қолманг! ёхуд ўт балосидан, сув балосидан… тролл балосидан ҳам асрасин!

Ёлғон-яшиқ, фисқу фасод гапларни халқимиз ҳазм қилолмаган ва бундан кейин ҳам қабул қила олмайди. Вақти келиб, бу борада миллий қонунчилигимизга янгиликлар киритилар, бироқ қинғир ишнинг қийиғи, сўроғи ҳам бор.

Бугунги ахборот асрида деярли ҳар кимнинг қўлида телефон, деярли ҳар телефонда ками билан ўнтасининг тўққизтасида бир, икки, гоҳо учталаб ижтимоий тармоқ иловалари мавжуд. Шундай экан, қўлида алоқа қурилмаси бор ҳар ким – ахборот тарқатувчи. Шу ўринда айтиш мумкин, беш қўл баробар бўлмас экан-да…

“Ҳуррият” газетасининг жорий йил 25 сентябрдаги 32-сонида чоп этилган блогерлар ҳақидаги (“Блогерни журналист деб бўлмайди”, “Ахборот майдонида ҳеч қачон бўш ўрин топилмайди”) мақолаларини ўқиб, ўз фикр-мулоҳазаларимни билдиришни лозим топдим.

Ҳозирги кунда ўзларини блогер деб атаётганлар “telegram”, “facebook”, “YouTube”, “instagram” сингари ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида обуначиларини орттириш учун ҳеч нарсадан тап тортишмаяпти.

Яқинда телевидениеда бир хабар берилди. Унда ўзини поезд остига ташлаган икки ўсмир ҳақида сўз борди. Маълум бўлишича, улар телеграмм тармоғидаги саҳифасида обуначиларини кўпайтириш учунгина бу ишга қўл уришган. Ангренлик бундай «блогер» ўсмирларга, албатта, қонуний чора кўрилди.

Афсуски, уларнинг айримлари обуначилар сонининг ортиши учун ўзини поезд остига ташласа, бошқалари ёлғон хабар — fake news тарқатишни маъқул кўраяпти. Охирги пайтда ёлғон хабарлар бироз ортгандек. Буни расмий манбаларда кунда-кунора берилаётган раддиялар ҳам тасдиқлаб турибди.

Fake news аслида нима?

Fake — (инглизчадан) «сохта», «қалбаки», деган маъноларни англатади.

Ҳақиқатга жуда ўхшаб кетадиган ёлғон хабарлар, махсус дастурлар орқали ўзгартирилган фотосуратлар, монтаж қилинган видеолавҳалар, ижтимоий тармоқларда бошқа шахслар (таниқли инсонлар) номидан очилган ёлғон профиллар бунга мисол бўла олади.

Одатда, бу каби ёлғон ахборот, ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари таъбири билан айтганда, “трол”лар томонидан тарқатилади. Ижтимоий тармоқ фойдаланувчиси — троллнинг ортида тирик шахс турибди. Лекин, исм-шариф ё тахаллуслар, профил маълумотларининг барча-барчаси сохта. Троллар ўзлари тарқатаётган ахбороти каби ёлғон шахс.

Мушук текинга офтобга чиқмаганидек, троллар ҳам текинга бирон ишга қўл уришмайди. Ҳақиқатга яқин тахминларга кўра, бу ҳаракатлар ортида манфаатдор доира вакиллари турибди ва тролларнинг фаолиятларини молиялаштирмоқда. Улар чегара билмайди, ҳар қандай давлат ва халқ­қа таҳдиддек бўй кўрсатиб туради.

Бир ёлғон ахборотга шунчами, дегувчилар учун шуни айтишни истардикки, 1993 йили Руандадаги геноцид (инсониятга қаратилган энг оғир жиноят) маҳаллий радиодан тарқалган биргина ёлғон ахборот меваси эди. Ўтган йили Ҳиндистонда ҳам “WhatsApp” мессенжери орқали тар­қалган фейк суратлар 25 кишининг тошбўрон қилинишига олиб келган. Бундан ташқари, йил бошида Жазоирдаги намойишлар ва бунинг ортидан Жазоир Президенти Абдулазиз Бутефликанинг истеъфога чиқишига «электрон пашшалар» номини олган троллар гуруҳи бош сабаб қилиб кўрсатилган.

Мисолни олисдан эмас, ўзимиздан ҳам келтириш мумкин. Зотан, ўзимиз ҳам баъзида тролларнинг ёлғон хабарларига алданиб қолаяпмиз.

Ҳали бир ой ҳам вақт ўтгани йўқ, Ўзбекистон Мусулмонлар идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимовнинг ишдан олингани ҳақида ахборотлар урчиди. Троллар, ҳатто, ёлғон хабарлари билан бошқа бир инсонни муфтий, деб ҳам эълон қилишди.

— Ҳақрост, бунга ишонмадим, — дейди Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети талабаси Умиджон Мамарасулов. — Чунки ахборот расмий манбадан берилгани йўқ. Бошқа бир интернет сайти ахборот берди, қолган интернет нашрлар одатдагидай уларга қўшилишди ёки кўчиришди. Ваҳоланки, Мусулмонлар идорасининг расмий веб-сайти — “muslim.uz”да ҳеч қандай бу ҳақда хабар берилмаганди. Ахборотга эҳтиёж сезаяпмизми, уни қабул қилиш иммунитетини ҳам шакл­лантира билишимиз керак.

Бундай ёлғон хабарлар қурбонига нафақат муфтий, балки Ўзбекистон Ҳукумати, «Вақф» хайрия жамоат фонди ҳам гирифтор бўлди. Шу йил 18 сентябрь куни айрим ижтимоий тармоқларда маҳаллалардаги масжидлар сони, диний либосда юрадиган, соқол қўйган, миссионерлик фао­лияти билан шуғулланадиган ҳамда турли мақсадларда чет элга кетган фуқаролар сонини аниқлаш бўйича саводсизларча ёзилган хабарга Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Матбуот хизмати раддия билан чиқди.

Асоссиз ва ҳеч қандай мантиққа эга бўлмагандек туюладиган бу фейк хабар замирида, агар чуқур мулоҳаза юритилса, устомонлик билан яширилган мақсад — Конституциямизда белгиланган эътиқод эркинлигига раҳна солинаётгандек тушунча келиб чиқади. Арзимагандек туюлган хабарнинг ҳам асл мақсадига эътибор беришни даврнинг ўзи тақозо қилмоқда…

Ушбу раддия сўнггида айтилганидек, ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари сохта ва ёлғон хабарларга эътибор бермасликлари ва огоҳ бўлишлари сўралади.

Блогерлик: халқ нима дейди?

Шубҳа йўқки, тролларнинг макони интернет, ижтимоий тармоқ. Блогерлик ниқоби остидаги тролларнинг жамият ва давлатга хавфи юқоридаги мисоллардан ҳам маълум. Хўш, халқ тролларнинг асосий ниқоби бўлган блогерлик фаолияти ҳақида нима дейди?

Телеграмм тармоғидаги «Сизнинг фикрингиз» саҳифасида август ойи якунида бир сўровнома ўтказилди. Унда 6245 респондент «Ўзбекистонда кўпчилик ўзини блогер ҳисоблайди. Давлат блогерлар тўғрисида қонун чиқариши керакми?» деган саволга жавоб беришган.

Респондентларнинг 22 фоизи «Ҳа, фаолият қонун билан тартибга солиниши керак», 20 фоизи «Йўқ, у ҳолда мутлақ назорат ўрнатилади», 14 фоизи «Ҳа, кўпчилик ишончсиз ахборот тар­қатаяпти», 12 фоизи «Ҳа, баъзи блогерлар шахсий ҳаётга аралашишаяпти», 10 фоизи «Йўқ, яхшиси қонун эмас, тавсиялар ишлаб чиқиш керак», 9 фоизи «Йўқ, Ўзбекистонда блогерлар нормал фаолият юритишаяпти», 8 фоизи «Ҳа, аслида ким блогерлигини аниқ белгилаш керак», 5 фоизи «Йўқ, лекин улар учун тренинглар ташкил қилиш керак», деган жавобларни йўллашган.

Донишманд халқимизда топиб айтилган нақлу ҳикматлар бисёр. Ўт балосидан, сув балосидан, тухмат балосидан асрасин, дея дуога қўл очади кексаларимиз.

Тролларнинг ҳам турган-битгани — тухмат. Йўқса, бир инсоннинг — эл кўзига кўринган сиёсатчи ё санъаткорни бадном қилишга уринишини қандай изоҳлаш мумкин?!

Ёлғон-яшиқ, фисқу фасод гапларни халқимиз ҳазм қилолмаган ва бундан кейин ҳам қабул қила олмайди. Вақти келиб, бу борада миллий қонунчилигимизга янгиликлар киритилар, бироқ қинғир ишнинг қийиғи, сўроғи ҳам бор. Унга қандай жавоб беришни троллар ва улар тимсолида троллар ижросидаги “спектакль режиссёр”лари унутмасликлари керак.

Отабек Исроилов,

Ўзбекистон журналистика ва

оммавий коммуникациялар университети талабаси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

11 + 6 =