Миллат қалбига нур тушди
“Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги Қонуни қабул қилинганлигининг 30 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги давлатимиз раҳбарининг жорий йил 4 октябрда имзолаган қарори юксак азму шижоат билан оламшумул ислоҳотларни амалга ошираётган миллатдошларимиз маънавий ҳаётига алоҳида шукуҳ олиб кирди.
Менимча, бу ҳужжат ўзида миллий ғурур ва ифтихорни сақлаб яшаётган ҳар бир ватандошимизни бефарқ қолдирмади. Зеро, тил масаласи миллат учун энг бош масаладир. Тил миллатнинг ташқи белгиларидан биригина эмас, унинг номи, бошқа маданият унсурларига ўхшамаган ўзига хослигидир. Олайлик, маданиятнинг бошқа йўналишларида (масалан, санъат турлари, кийиниш ёки ошхона тизими сингари хусусий кўринишларда) ўзга маданиятлар билан қоришиқлик, уйғунлик бўлиши мумкин, тил эса фақат ўша миллатнинг ўзигагина мансубдир ва унинг бойлигига ҳеч ким даъво қила олмайди.
Шунинг учун ҳам Абдулла Авлоний ўз вақтида “Тилнинг йўқолмоғи миллатнинг йўқолмоғидир” деб эслатган эди.
Дилимизга равшанлик олиб келган ушбу қарор ҳақида ўйлаганда бундан ўттиз йил олдинги воқеликлар кўз олдимизга келади. Ҳақиқатан, давлат тили мақомининг нисор этилиши миллатнинг эрк йўлидаги илк қадами эди, бу яқинда эришилажак мустақилликнинг хабари эди гўё. Истиқлол йилларида суверен давлатнинг расмий алоқа воситаси сифатида она тилимиз янгича мақом касб этди, юқори даражага эришди. Чунончи, тарихда биринчи марта бу тилда давлатнинг асосий бош қонуни — Конституция ёзилди. Давлат мадҳияси шу тилдаги матн асосида ижро этилди. Жуда кўплаб расмий ҳужжатлар, қонунлар, умумдавлат миқёсидаги иш қоғозлари шу тилда ёзилди. Пул купьюраларида ўзбекча сўзлар пайдо бўлди. Миллий қомус, кўплаб луғатлар нашр этилди. Буларнинг барчаси мисли кўрилмаган ҳодисалар эди.
Шунингдек, тилимизнинг мавқеини мустаҳкамлаш, унинг сўз бойлигини ошириб бориш, софлигини таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатлар бир зум тўхтамади. Қарорда таъкидланганидек, Алишер Навоий номидаги ўзбек тили ва адабиёти университетининг ташкил этилиши, машҳур ёзувчи ва шоирлар номидаги ижод мактабларининг очилиши ҳам она тилимизнинг нуфузини ошириш, мавқеини юксалтириш, малакали ходимлар тайёрлаш борасидиги жаҳоншумул қадамлар бўлди. Зеро, “Сўз мулкининг султони” Алишер Навоий ижод қилган тил ана шундай эътиборга, ҳурматга лойиқдир. Айни паллада, мустақиллик шарофати билан тилимизнинг дунёдаги дўстлари кўпаймоқда. Бу ўзига хос жарангдорлик ва оҳангга эга бўлган, бой адабий-илмий хазинани жамлаган тилнинг муҳиблари уни иштиёқ билан ўрганмоқдалар, тароватини ўз қалбларида ҳис этмоқдалар. Ахир минг йиллар олдин Маҳмуд Қошғарий бобомиз “Бу тилни ўрганинг, туркийлар ўз тилини ўрганганларга шафқатлидир” деб бекорга қайд этмаган.
Шу зайлда йиллар ўтди, бу йўналишда ютуқлар ҳаммамизга аён, шу билан бирга, камчиликлар ҳам кўзга кўриниб турибди. Бир омил бор — тил ҳушёр посбон каби мамлакат ҳудудларини қўриқлаши мумкин, яъни шу тилни билганлар, унда муомала қилиш лаёқатига эга кишиларгина унинг ҳудудларида эркин бўла оладилар. Дунё тажрибасидан маълумки, қайси давлатда бўлмасин, ўша жойнинг тилига муносабат меҳмоннинг шу халққа, мамлакатга ҳурматини ва эътирофини акс эттирган. Тилга давлат тили мақоми берилиши фақат ҳужжатлар шу тилда юритилишигина эмас, балки ижтимоий фаолиятнинг барча жабҳаларида фуқаролар томонидан унинг баравар қўлланилиши мажбурияти ҳамдир. Агар бу талаб бажарилмаса, Қонун тўла амал қилмаётган бўлади.
Қарорда жойларда кенг миқёсли тадбирлар ўтказилиши, учрашувлар ташкил қилиниши баробарида амал қилиниши лозим бўлган талаблар ҳам қатъий белгилаб берилган. Айниқса, бундай тадбирларнинг Алишер Навоий ҳайкаллари пойида ўтказилиши алоҳида таъкидланганида ўзгача маъно бор. Негаки, буюк сўз санъаткори бу тилнинг шарафи учун бутун иқтидорини сарфлади. Ул зот “Хамса”дек муҳташам асарни ёзиб тугатганида мамлакат подшоси Султон Ҳусайн шоирни отга ўтқазиб, ўзи жиловбардор бўлгани айтилади. Бу ҳол тил масаласи азалдан давлат даражасидаги юмуш бўлганини таъкидлаб туради. Бугунги қарор моҳиятида ҳам ана шундай юксак эътибор мужассам. Ахир, ўттиз йилда тилимизга давлат тили мақоми берилган санага бу тарзда эътибор қаратилмаган эди.
Қарорнинг моҳиятидан яна шу нарсани англаш мумкинки, бу борадаги юмушлар энди янги сифат босқичига қадам қўяди, ўтган йилларда бой берилган имкониятлар ўрни қопланади, тилимизни юксалтириш борасидаги саъй-ҳаракатлар янги кўлам касб этади. Жумладан, ўзбек тилининг академик грамматикасини яратиш, шева ва диалектлар ҳисобидан луғат таркибини бойитиб бориш, атамалар қўмитасининг ишини қайта йўлга қўйиш ва бошқа етилган масалалар энди кун тартибига кескинроқ қўйилади. Албатта, тил байрами тадбирлари бу борадаги юмушларга янгича омил ва суръат бағишлаши, шубҳасиз.
Ҳаким Сатторий,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.