Тилга ҳурмат — миллатга ҳурмат
Куни кеча Президентимизнинг Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги Қонуни қабул қилинганининг ўттиз йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори она тилимизга юксак ҳурмат рамзи бўлди.
Она тилимизга эътибор доимий бўлиш керак ва уни бойитиб бориш, тилимиз табиатига ёт хусусиятларнинг кириб қолишига йўл қўймаслик барчамизнинг бурчимиздир.
Буюк бобокалонимиз Алишер Навоий ўзбек тили довруғини жаҳонга ёйди, бу тилда дунё адабиётининг ўлмас дурдоналарига айланган асарлар ижод қилди. Она тилимизнинг жозибадорлигини исботловчи тилшуносликка оид «Муҳокамат ул-луғатайн» номли асар яратди. Биз тилимизни ардоқлашни, эъзозлашни энг аввало, Ҳазрат Навоийдан ўрганамиз, десак хато қилмаймиз.
XX асрнинг буюк ёзувчиси Чингиз Айтматов ва шоир Мухтор Шохоновларнинг «Чўққида қолган овчининг оҳи зори» китобида жаҳонга машҳур адибнинг шундай сўзлари бор: «Сўзни авайлаб-асраш керак, Менга қолса, Сўз тежамкорликни ёқтиради, дердим. Сўз худди кечаси-ю кундузи оқиб ётган сув мисоли исроф қилинса, Сўзнинг ҳар мисқоли қадрланмаса, Сўз тежаб-тергаб ишлатилмаса, ўз кучини йўқотади — жонсиз бўлиб қолади».
Бу фикрлар бизни ҳам ҳамиша хушёрликка ундаб, тилга ниҳоятда эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлишимизга, ҳар бир сўзни ўрни билан мавжуд қоидаларга риоя этган ҳолда қўллашимизга даъват этади.
Ахир, «Тилга эътибор — элга эътибор», деб бежиз айтилмаган. Сўзимизга қанчалик эътиборли бўлсак, у шунча гўзаллашиб бораверади. Бироқ ҳамиша ҳам бунга муваффақ бўла олаётганимиз йўқ. Шиддатли давримизда юз бераётган воқеа-ҳодисалар, шубҳасиз, биринчи навбатда тилимизда ўз аксини топади. Бугун юртимиз дунё билан тиллашди, жаҳон жамоатчилиги мамлакатимизга ҳурмат кўзи билан қарамоқда. Натижада, бизнинг дунё билан иқтисодий, сиёсий, маданий алоқаларимиз кун сайин кучайиб бораётир. Япония, Америка, Жанубий Корея, Хитой, Франция, Германия, Россия сингари ривожланган мамлакатларнинг ишбилармонлари билан ҳамкорлик мамлакатимиз иқтисодий қудратининг ошиб боришида етакчи омиллардан бирига айланмоқда. Самарқанд вилоятида ҳам чет эл инвестицияларининг фаол жалб этилиши натижасида илғор замонавий технологияларга асосланган ишлаб чиқариш қувватларининг сони ортиб боришини таъминламоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Фармони билан ташкил этилган Ургут эркин иқтисодий зонаси ўз фаолиятини йўлга қўйиб, кўплаб хорижий тадбиркорларни юртимизга чорламоқда. Юртимиз тадбиркорлари томонидан кўплаб инвестициялар вилоятимизга киритилмоқда. Бу каби ишлар ҳам ўз навбатида она тилини мукаммал билиш билан бирга чет тилларни ҳам пухта эгаллаш кераклигини талаб этаётир. Инглиз, француз, немис, япон, корейс, рус ва бошқа хорижий тилларни ўрганиш миллатлараро кўприк вазифасини ўтайди. Аммо чет тилларига ихлос қўйиш она тилимизга эътиборнинг сусайишига олиб келмаслиги лозим.
Манбаларда ўзбекнинг 92 уруғи ҳақида маълумотлар келтирилади. Бу ҳам ўзбек миллатининг миллий тили шаклланишида барча ўзбек уруғлари тиллари ўз ҳиссасини қўшганлигини тасдиқлайди. Мана ўша уруғларнинг номлари: минг, юз, қирқ, жалойир, сарой, қўнғирот, олчин, арғун, найман, қипчоқ, чақмоқ, боёвут, бурландан тортиб бабаш қавчин, тўбали, телов, кердери, саҳтиён, қарғин, ширин, чимбой, черки, уйғур, ёбу, тарғил, турған, тайин, кўхат, фахр, шубан, кужалик, деражат, қимат, шужат, авғон, ўғлон ва бошқалар. Бу уруғларнинг ҳар бири ўнлаб шажараларга бўлиниб кетади. Шажараларнинг турли шохчалари бўлиб, уларда одамларнинг қабила-қабила бўлиб яшаган даврларидан бошлаб шаклланган урф-одат ва анъаналар ўз аксини топган. Шунинг учун бир уруғ шажарасидаги шохчалар вакилларининг тилида ҳам ўзаро фарқлар учрайди. Бу эса миллий адабий тилимиз қанчалик бой ички манбага эга эканлигини кўрсатади.
Тилимизнинг имкониятлари кенглиги, унинг бойлиги, жозибадорлиги ҳақида ҳар қанча гапирмайлик, кундалик мулоқотда, тижорий ташвиқотларда, хизмат кўрсатиш шохобчаларида она тилимиз қолиб, ажнабий тилни қўллаш, она тилимиздаги пешлавҳаларда имло қоидаларига амал қилмаслик, сўзларни бузиб ишлатиш ва талқин этиш ҳолатлари учраб турибди.
Айниқса, телевидение ва радиоканаллар орқали берилаётган кўпгина қўшиқлар, айрим ўзбек киноларидаги тилимизга беҳурматликни кўриб, оҳ чекиб юборгинг келади. Бундай ҳолатларга тўлиқ барҳам берадиган вақт аллақачон етган. Ахир, тилга ҳурмат миллатга ҳурмат эканлигини асло унутмайлик!
Мирҳасан Кичибоев,
Самарқанд туманидаги Гулобод ижтимоий-иқтисодиёт коллежи директори.