Муаллим қадри

Баҳром амакига собиқ синфдоши Тоҳирсавдо қўнғироқ қилиб, чойхонада ўтказиладиган гапга бирга боришини тайинлади.

— Бироз кутиб туринг, ўртоқ, ҳозир ёнингизга бораман, — деди.

Келишилган вақтда қадрдон дўстларидан яна бири Ғуломжон ҳам етиб келди. Қишлоқчилик, ундан-бундан суҳбатлашиб, йўл танобини торта бошладилар.

— “Жип”да келай, дедиму сизларнинг ғашларингизга тегмай, деб пиёда йўлга чиқавердим, — деб қолди Тоҳирсавдо даб­дуруст­дан.

— Нега энди ғашимиз келар экан, сергакланди Ғуломжон амаки.

— Икковингиздаям машина йўқ, икковингиз ҳам ўқигансизлар. Битта менда олий маълумот йўқ. Шу ҳолига бундай машинани қайси пулига олди, дейишларингиз мумкин-да!

— Чакки қилибсиз, биродар, бизнинг хаёлимизга бунақа бемаъни гаплар келмайди. Худога шукр борига барака, деб яшаб турибмиз.

Баҳром амаки бу гапларга аралашмайгина ўтган-қайтганлар билан ҳол-аҳвол сўрашиб бораётган эди. Тоҳирсавдо бирдан унга юзланди.

— Мана, ўзингиз айтинг, Баҳром, ҳалигача отангиздан мерос қолган уйда яшаб келяпсиз. Мен эса тўртала ўғлимни ҳам уйли-жойли қилдим. Ўзимники-ку Амир Олимхоннинг саройидан қолишмайди. Ўқимаган бўл­сам ҳам барини савдонинг орқасидан топдим.

— Шукр қилинг, Тоҳирбой, шукр қилинг, топганингиз ўзингизга буюрсин. Биз ҳам бекор юрганимиз йўқ. Халқнинг фарзандаларини саводли қиламиз, деб қирқ беш йилдан бери жон куйдириб юрибмиз. Мана, кўряпсиз, ҳамма-ўтган қайтган саломини канда қилаётгани йўқ. Хизматларимизни эл билса бўлди. Шу гапларни айтишингиз шартмиди?

— Бир гапиргим келди-да, қуруқ савлат билан ош пишириб бўлармиди, бундай ўзларингни ҳам ўйланглар, демоқчи эдим-да.

Шу пайт қишлоқ гузари ёнидаги дўкондан чиқиб келаётган маҳалла оқсоқоли Боқивой амаки уларнинг истиқболига қулочини очиб, деярли югургилаб келди ва Баҳром амакини бағрига босиб, алқади:

— Баҳромжон, дўстим, барака топинг, қилган меҳнатларингизга рози бўлинг. Неварам Мирзакаримжон Тошкентдаги халқаро университетга, бюджетга ўқишга кирди. Сизга раҳмат айтиб қўйинг, деди. Имтиҳонларда устоз ўргатгандай жавоб бердим, борсам, зиёрат қилиб қайтаман, — деди.

— Барака топсин, жуда яхши иш бўлибди. Ўзиям уқувли бола эди. Омадини бергани рост бўлсин. Тилов буванинг қиз невараси ҳам ўқишга кирибди. Қўнғироқ қилиб, раҳмат айтди. Хурсанд қилдингиз. Оллоҳ рози бўлсин. Биз вазифамизни ўтадик, оқсоқол, келажак шуларники энди.

Ғуломжон ҳамроҳи Тоҳирсавдони “кўрдингми”, дегандек туртиб қўйди.

Ҳамроҳлар жимгина йўлида давом этдилар. Тоҳирсавдо деганлари дўстларининг дилини оғритиб қўйганини сезиб, безовта бўла бошлади. Улар шу кўйи чойхонага етиб келишди. Қолган қадрдонлар ҳам йиғилишиб туришган экан. Қани-қани, сиздан бўлсин, сиздан бўлсин, дейишиб, бир-бирларини тўрга ўтқазишга ундашарди. Охири, давранинг тўрига Баҳром амакини ўтқазишди. Ҳамма жой-жойига ўтиришгач, умумий дуо қилинди. Ўзаро суҳбат қизиди. Бир пайт, пойгароқдан ўрин тегиб қолган Тоҳирсавдо ўрнидан туриб, Баҳром амакига юзланди:

— Дўстим, қадрдоним, Баҳромжон, ҳали келаётганимизда беихтиёр оғзимдан чиқиб кетган гаплар учун сиздан, Ғуломжондан узр сўрайман. Мен молу дунё топибману, эътибор топмабман. Мана, келаётиб неча-неча кишилар сиз билан қучоқ очиб сўрашди. Даврамизнинг тўри ҳам сизга насиб қилди. Билишимча, сиз энг қимматли бойлик, халқнинг ҳурмат-муҳаббатини қозонган экансиз. Бундан ортиғи бўлмаса керак, деб кўксига қўлини қўйиб, бошини эгди.

Давра бир зум жимиб қолди. Сўнг, ҳамма қарсак чалиб юборди. Ёнидагилар Тоҳирсавдонинг елкасига қўлини қўйиб, яхши қилдингиз, дейишди. Шундан сўнг­гина унинг дили ёришди. Баҳром амаки эса қўлига даст­рўмолини олиб, юз-кўзини артган бўлди.

Ўктам Хайруллаев.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

9 + ten =