Навбатдаги ПРЕСС-ТУР Конимех туманида ўтказилди

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Навоий вилояти бўлими ташаббуси билан шаҳар-туманларда ўтказилаётган Пресс-турнинг навбатдагиси Конимех туманида бўлиб ўтди. Маҳаллий ва республика ОАВ вакиллари – 20 нафар журналист иштирок этган тадбир давомида қатнашчилар туманда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ўзгаришлар, бунёдкорлик ишлари билан танишишди.

Дарҳақиқат, бугунги кунда 37 минг нафардан ортиқ аҳоли истиқомат қилаётган ҳудуд тараққий этмоқда. Айниқса, сўнгги икки йил ичида туманга инвесторларнинг ташрифи, қолаверса, маҳаллий тадбиркорларнинг лойиҳалари кўпайиб, янги-янги замонавий корхоналар фаолият бошлаяпти.

Наслли қорамолчилик, йўл ва бинолар қурилишида ишлатиладиган маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳамда иссиқхоначилик йўналишидаги “Konimex Nasl Chorva” Ўзбекистон — Эрон қўшма корхонаси, “Navoiy Gips Xomashyo”, “Riverstone Powders”, “Konimex — Askomj” масъулияти чекланган жамиятлари бугунги кунда ҳудуддаги истиқболли корхоналардан саналади. Пресс-тур доирасида журналистлар мазкур корхоналар фаолияти билан яқиндан танишиб, тадбиркорлар, инвесторлар ҳамда ишчи-ходимлар билан мулоқот олиб боришди.

— Яқинда Ўзбекистонда 50 йил давомида бизнес юритиш борасида шартнома имзоладик, — дейди эронлик инвестор Хассан Шабанали. — Юртингизда Навоий вилоятининг тўлиқ эркин иқтисодий ҳудуд, деб эълон қилингани бизни ўзига жалб этиб, Конимехда иш бошлаганмиз. Бу ерда минг бошгача қорамол парваришлаш сиғимига эга замонавий қорамолчилик биносини ташкил этаяпмиз. Куни кеча туман ҳудудидан бизга минг гектар ер ажратиб берилди. Мазкур дашт ерларида томчилаб суғориш орқали озуқа етиштиришни йўлга қўямиз.

Ўтган йилдан буён фаолият юритаётган “Riverstone Powders” МЧЖ МП-1 маркали активлаштирилган минерал кукун ишлаб чиқарадиган юртимиздаги ягона субъект саналади. У ишлаб чиқараётган маҳсулот йўл қурилиш корхоналарига етказиб берилмоқда. Мазкур модда асфальт қопламага қўшилгач, йўлнинг чидамлилик даражасини икки баробарга оширади ҳамда ундан фойдаланиш муддати ҳам шунчага кўпая­ди. Ушбу корхона бугунги кунда фаолиятини кенгайтириб, Марказий Осиё бўйича ўз маҳсулотларини экспортга чиқариш ҳаракатида.

Журналистлар тадбир давомида нафақат иқтисодий соҳа, балки туманнинг ижтимоий ҳаёти билан танишиш мақсадида “Кенимех таны” газетаси таҳририяти, туман Болалар ва ўсмирлар спорт мактаби фаолияти, қолаверса, Давлат хизматлари ҳамда Маънавият ва маърифат марказларининг янги биноларини бориб кўришди.

Пресс-тур якунида туман ҳокими Муратхан Эгамқулов иштирокида матбуот анжумани ташкил этилиб, журналистлар ўзларини қизиқтирган саволлар юзасидан туман раҳбари билан юзма-юз мулоқот олиб боришди.

Туман марказий бозоридаги савдогарларнинг норозилиги қандай ечим топгани, туман газетаси фаолиятига эътибор қаратилиш-қаратилмаслиги, инвесторларни жалб қилиш борасида яна қандай ишлар олиб борилаётгани, жорий йилда туманга қўшиб берилган ҳудуд — Зафаробод қўрғонида аҳоли учун қандай ўзгаришлар амалга оширилаётгани каби саволлар анжуманга қизғин руҳ бағишлади.

— Яқин уч йилда Конимех чорвачиликка ихтисослашган тумандан саноатлашган ҳудудга айланди, — деди М.Эгамқулов. — 2019-2020 йилларда туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурига асосан 25 та лойиҳа амалга оширилмоқда. Маҳаллий тадбиркорларнинг ташаббускорлиги тобора ошаётгани ва туманга тўғридан-тўғри хорижий инвестиция­ларни жалб этиш бўйича ишлар жадаллашганини инобатга олсак, натижалар режадан ҳам кўра салмоқли. Хусусан, бугунги кунда туман ҳокимлиги ва Канада, Украина, Греция, Хитой ва Ҳиндистон каби давлатларнинг бир қатор компаниялари билан музокаралар олиб борилмоқда. Улар муваффақиятли якун топса, сутни, жунни ҳамда қўй терисини қайта ишлаш, гранулаланган туз ишлаб чиқариш, мавжуд маҳсулотларни экспортга чиқариш каби йўналишларда янги ва замонавий корхоналар ташкил этилади.

— Конимех ижтимоий тармоқларда вилоятимизнинг энг кўп танқидга учраётган ҳудудларидан саналади, — дейди биз билан суҳбатда “Навоий ёшлари” газетаси муҳаррири, тадбир иштирокчиси Санжар Қурбонов. — Бироқ бу ерда бўлаётган ўзгаришларнинг кўлами бошқа шаҳар-туманларимизга қараганда кўпроқ десак, хато эмас. Пресс-тур жараёнида бунга амин бўлдик. ОАВ билан бирга ижтимоий тармоқларда ҳам мазкур янгиланишлар жараёнини холис ёритиб борсак, бу катта иш бўлади. Шу жиҳатдан олиб қараганда бугунги Пресс-тур алоҳида аҳамиятга эга бўлди.

Уюшма томонидан анъанавий тарзда ўтказилиб келинаётган бу галги тадбир дастуридан туманнинг фольклор жамоалари ҳамда истеъдодли ёшларнинг чиқишлари ҳам ўрин олгани иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.

Озод Мустафоев,

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси

Навоий вилояти бўлими мутахассиси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

thirteen − 3 =