Қобиқдаги акс-садо

Олимларнинг фикрига кўра, замонавий журналистиканинг ривожланиши ўнбешинчи асрда Германиянинг Майнц шаҳрида босма машинанинг ихтиро қилиниши билан боғлиқ. Бўлса бордир. Аммо журналистиканинг дастлабки вазифаси хабар ва маълумот бериш бўлганини ҳисобга олсак, унинг умри ёзувнинг кашф этилиши билан тенг.

Бугунга келиб бу фаолият тури инсонларнинг ўй-фикрлари, қизиқишларини аниқлаб берувчи ўзига хос барометр вазифасини ҳам бажаришини англаб қоласиз. Мазкур барометрнинг қандай ишлашини бизнинг шароитимизда синаб кўриш қийин. Чунки чоп этилаётган газеталар ҳам, телекўрсатув ҳамда ижтимоий тармоқлар бир-бирларидан кам фарқ қилади. Ҳа, тўғри бир пайт­лар, айтайлик, ўша cобиқ Иттифоқнинг сўнгги йилларида газеталар, телекўрсатувлар, радио эшиттиришлар жуда жонланиб кетди. Ўша йиллари республикамизнинг “Фан ва турмуш” журнали адади салкам бир неча юз минг нусхага чиққани ҳам бор гап. “Ёш ленинчи” (ҳозирги “Ёшлар овози”)ни айтмайсизми, қандаям ўқишли газета эди-я. Ҳозир-чи, айрим газеталарнинг бор-йўқлигини биров билиб, биров билмайди.

Яқинда “Муштум” журналининг Бош муҳаррири Носиржон Тошматов билан бир йиғинда учрашиб қолдик.

— Қалай, ижоднинг гаштини суриб юрибсизми? — дейман қўлини олиб.

— Қалай эмас, олтин, — дейди Носиржон. — Бир-иккита масалалар бор, шуларни ҳал этиб олсак, ишимиз юришиб кетади. Масалан, обуна иши. Бизнинг эса обунани шакллантирадиган кучли “ричаг”ларимиз йўқ. “Ричаг” бу — халққа манзур чиқишлар эмасми? — дейман уни баҳсга чорлагандек бўлиб. — Э, ака дейди у кулиб, биласиз-ку, бугунга келиб нашрлар учун обуна қилиш, матбуот нашрларини тарқатиш ва савдо тизими оғзига сув томизиш ҳолатига тушиб қолган. Аслида, жуда кўп журналхонларнинг ўз манзилларига обуна бўлишмаётганининг асосий сабабларидан бири ҳам шу. Обуна бўлсангиз ҳам газета-журнал уйингизга етказиб берилмайди. Чунки минглаб алоқа бўлими ходимлари ўрни қисқариб кетган. Уйга етказиб берилмагандан кейин нима қилдим, ундан кўра “киоска”дан оламан, дейди-да ўша обуначи. Мана шу жойда эса яна бир муаммо чиқади: вилоятлардаги жуда кўп жойларда ўша “киоска”нинг ўзи йўқ… Шундан кейин кунингиз… Баъзи кинофильмларда кўргансиз: газетанинг янги сонини осмонга кўтарганларича бақириб-чақирган болакайлар харидор қидиришади. Биз ҳам бугун журналнинг асосий қисмини ана шу тахлитда сотяпмиз. Булар ҳам майли, бир кун келиб изига тушиб кетар. Босма оммавий ахборот воситаларининг фаолияти билан боғлиқ одамнинг руҳини туширадагин бошқа бир жиҳат борки, унга давлат томонидан эътибор берилмаса, “Муштум”­нинг, шунингдек, бошқа нашрларнинг ҳам боя сиз айтган “мушт”лари зарбасиз бўлиб қолаверади. Бу — чоп этилаётган танқидий мақолаларга нисбатан муносабат. Журналнинг деярли ҳар бир сонида танқидий мақола босамиз. Уларда тилга олинган на ҳокимиятлар, на судлар, на прокуратура ва на бошқа кўплаб ташкилотлар, аввало, тилга олинган масалага нисбатан лом-мим де­йишмайди, лом дейишса ҳам мимни бузиб айтишади: жавобгарликни ҳис этишмайди. Бундай боришда мустақил босма нашр­ларнинг халқ ичидаги обрўси ўша халқ­нинг ўзи айтган “…карвон эса ўтаверади” каби аҳволга тушиб қолиши ҳеч гап эмас.

Дарвоқе, мавзудан бироз чалғи­дик шекилли. Матбуотнинг жамият ҳаётидаги барометрлик вазифаси ҳақида гапираётган эдик.  Бугунги газеталаримиз ўзларининг “сегмент”­ларига — ўқувчиларига эгами? Ўз-ўзимга ана шу саволни берар эканман, хаёлимдан бир пайтлар Буюк Британиядаги “Би-би-си” телерадиокомпаниясига малака ошириш учун борганимда кўрган ва тинглаганларим ёдимга тушади. Масалан, Лондонда «Сан» («Қуёш») деган газета чоп этилади. Газета олди-қочди воқеаларни ёзади. Асосан актрисалар, модельерлар, актёрларнинг ҳаёти, уларнинг қизиқишлари, ҳою ҳаваслари, ким-ким билан яқин муносабатда-ю, кимнинг жазмани ташлаб кетгани ҳақида. Газетанинг кунлик адади икки мингинчи йиллар бошида тўрт миллион нусхани ташкил этарди. 2016 йил санасига кўра бу кўрсаткич 1 миллион 611 минг 464 тага етган. Демак, босма нашрлар инқирози нафақат бизда, шунингдек, ғарб давлатларида ҳам юз бермоқда. Шунга қарамай, бугун ҳам ўша ўлкаларда эрталаблари метрога чиқсангиз ўриндиқлар устида, вагонларнинг ойна четларида турли газеталарни, энг кўпи эса, «Сан» газетасини кўриш мумкин. Йўловчилар поездга ўтираётиб газеталарни варақлашади. Ўқигани ўқийди, ўқимагани кўз югуртириб, ўтирган жойига ташлаб кетаверади. Бошқача айтганда, камхарж талаба метрога тушиш учун пул топса бўлди. Манзилига етгунча бугунги янгиликлардан бемалол хабардор бўлиши мумкин. Бизда ҳам метро бор. Бизда ҳам газеталар бор. Аммо Англиядаги каби газетхон йўқ. Бизнинг метроларимиздаги йўловчиларнинг қўлларида газета ёки журнални эмас, оғир-оғир юк халталарни кўрасиз. Уларнинг кўзлари ким нима кийгани-ю, халтасида нима ортмоқлаб бораётганида бўлади…

Умуман, Англияда ўнлаб газета-журналлар чоп этилади. Улар орасида бутун жаҳонга машҳур газеталар борки, бу нашрлар барчаси хусусий ёки акционер гуруҳларга қарайди. «Таймс» ва «Гардиан» газеталари либерал газеталар ҳисобланиб, юксак савиядаги ахборот воситаси саналади. «Дели телеграф» ҳам оммавий газета бўлиб, кунлик адади ўша икки мингинчи йилларда 1,041 минг нусхани ташкил этарди. 2018 йил маълумотига кўра, мазкур газетанинг бир кунлик адади 363 минг 183 тага тушиб қолган. «Сан», «Мирор», «Дейли Мейль» каби «олди-қочди» газеталарнинг нуфузи ҳам йилдан-йилга пасайиб бормоқда. Аммо бу дегани жамиятда интеллектуал фикр, воқеа-ҳодисалардан кўра олди-қочди гапларга, бировларнинг шахсий ишларига аралашиш, оилавий сирларини билишга қизиқиш камайди дегани эмас. Агар бир пайтлар бу каби барометр ролини юқоридаги каби газеталар бажарган бўлса, бугун улар ўрнини телевидение ва ижтимоий тармоқлар эгаллади деса бўлади. Буни «Би-би-си»нинг бир йиллик бюджети кейинги йигирма йилда 2 миллиард фунт-стерлингдан қарийб 5 миллиардга ўсганидан ҳам билса бўлади. Мазкур бюджет ҳар бир хонадон ёки ташкилотдаги теленуқта ҳисобидан йиғилади. Битта теленуқта 100 фунт-стерлинг(йигирма йил илгари) туради. Демак, телевидение харажатларини 20 миллион хонадон ва ташкилот тўлайди. Ўша 20 миллионта хонадон пул тўлаяптими (яна олдиндан), демак, одамлар уни кўришаяпти.

Бу ҳақда «Гардиан» газетасига мақолалар ёзувчи, мустақил журналист Марсел Берлекс бизга шундай дегани ҳамон ёдимда: Малика оиласидаги воқеаларга қизиқиш, таниқли кишиларнинг шахсий ҳаётига аралашиш, уларнинг маошлари, таниш-билишлари, жазманлари ҳақида ёзиш муаммога айланиб қолди. Айниқса, малика Диана ўлимидан кейин. Журналистлар ана шундай нарсалар ҳақида кўпроқ ёзишни истайдилар. Чунки, буларнинг ҳаммаси анъана. Шунга қарамай, журналист одамларнинг шахсий ҳаётига қай даражагача аралашиши мумкин, деган муаммо мавжуд. Масалан, Франциянинг собиқ президенти Миттеран қонуний никоҳида бўлмаган хотин билан яшаган. Ундан қизи ҳам бўлган. Аммо бу ҳақда Франция матбуоти ўз вақтида лом-лим демаган. Бизда эса бундай эмас. Бизни ким бошқараётганини билишимиз керак. Давлат тепасига келган ҳар бир одамнинг ўтмиши ва бугунини жамоатчилик, албатта, билиши зарур. Нега? Чунки, турли «миш-мишлар»дан кўра, бор гапни газетада ўқиган маъқул. Зотан, англияликлар турли «миш-миш»­ларга, айниқса, эр-хотин ўртасида бўладиган сир-асрорларга жуда қизиқишади. Майли, булар ҳақида газеталар ёзсин, нима қипти? Ёлғон бўлса, суд олдида жавоб беради. Катта миқдорда товон тўлайди. «Сан» газетаси сиё­сатчи Элтон Жоннинг баъзи бир ноинсоний хатти-ҳаракатлари ҳақида ёзди. Ахборот нотўғрилиги туфайли газета 1 млн. фунт стерлинг миқдорида товон тўлади… Ёки шу газетанинг ўзи Диананинг жазмани ҳақидаги мақола учун 20 минг, суратнинг сохталиги учун 500 минг фунт-стерлинг товон тўлади».

Кўриниб турибдики, «Сан», «Мирор», «Дейли телеграф» каби ишқибоз газеталарнинг нуфузи ке­йинги йигирма йилда тушиб кетганига Марсел Берлекс айтганидек, таниқли кишиларнинг шахсий ҳаётига аралашиш, уларнинг маошлари, таниш-билишлари, жазманлари ҳақида ёзиш муаммога айланиб қолишидан ташқари ижтимоий тармоқларнинг ривожланиши ҳам асосий сабаблардан бири бўлган десак адашмаймиз. Бу дегани келажакда босма матбуот инқирозга учрайди, дегани эмас, албатта. Чунки ижтимоий тармоқлардаги битиклар нари борса уч кунлик ё тўрт-беш кунлик. Тарихни эса биз истасак-истамасак, босма нашрлар дарж этади. Кунингдан бир кун қолгунча ош е деганларидек, «кунидан бир кун қолгунча қўлида газета ушлаб жон берадиган»лар ҳали бор. Марсел жаноблари айтганларидан биз бир нарсани, барча низолар суд орқали ҳал этилиши лозимлигини ўзимизга сингдира билсак, бошқа кўп нарсалар ўз-ўзидан ҳал бўлади, деб ўйлайман. Оммавий ахборот воситаси биринчи навбатда Жарчи! Мабодо жарчи элу юртга ёлғон жар солса, ўша ёлғони учун жавоб бериши керак. Бизда ҳали бу нарсалар одат тусига кирганича йўқ. Тўғри, онда-сонда фалон газетани ёки журналист­ни судга беришибди, деган гаплар қулоққа чалиниб қолади. Аммо бу ишлар охиригача етказилмайди: оқи оққа, қораси қорага ажратилганлари кам учрайди. Англиялик журналист Тереза хоним айтадики, холислик, рост­гўйлик журналистнинг биринчи фазилати бўлиши керак. Агар ўша Тереза хоним бизнинг ишимизга: ёзаётган мақолаларимизга, кўрсатув ва эшиттиришларимизга ана шу мезон билан ёндашадиган бўлсалар, бошини чангаллаб қолишлари турган гап. Чунки, нафақат Тереза хоним, балки, ўзимиз ҳам қаерда холисмиз-у, қаерда ростгўймиз, кўпинча фарқ­лаб олишимиз қийин. Шу боис энг омма­вий газетамизнинг нуфузи 70 мингдан ошмайди. Бу қарийб 35 миллион халқ учун. Биз журналист­лар, муҳаррирлар, арбоблар ҳанузгача ўз ичимизда «икки ёки ундан ортиқ киши бўлиб» мақола ёзамиз, кўрсатув тайёрлаймиз. Биримиз айтмоқчи бўлган ҳақиқатни иккинчимиз инкор этамиз. Учинчимиз эса бу ҳақ сўз газета юзини кўрмасданоқ бурда-бурда қилиб ташлаймиз. Ҳар биримизнинг муштдек юрагимиз ёнида калладек цензура — қўрқув яшайдики, у нафақат сиз билан мени, энг ачинарлиси, бутун бир жамиятни аста-секинлик билан фикрлашдан, ташаббусдан узоқлаштиради, маънан емириб боради… Дарвоқе, шу пайтгача биз цензурани йўқотганларимиз сирасига элбурутдан қўшиб қўйган эканмиз, ҳолбуки, у қалбимизда, юрагимизда ин қуриб яшамоқда.

Хўш, бизнинг газета ва журналларимизни бозорбоп маҳсулотга айлантириш учун нима қилиш керак? Бунинг учун аслида кўп нарса керак эмас. Шунчаки, бор гапни ёзишни ўрганишимиз зарур, холос. Аммо ана шу бор гапни ёзишни ўрганиш, ҳа, айнан ўрганиш биз учун жуда катта довон. Афсуски, бугун ёши қирқ билан 70 ўртасида бўлган журналистларимизнинг, агар улар орасида битта-иккита бўлмаса, аксариятимиз бор гапни ёзишга ўрганмаганмиз. Бунинг мисоли сифатида собиқ СССРда бўлиб ўтган қайта қуриш йилларини эслаш кифоя. Ўша йиллари жуда кўп республикаларнинг журналист ва ёзувчилари бир пайт­лар ёзиб ташлаб қўйган роман, ҳикоя, шеър, публицистик мақолаларини бирин-кетин эълон қила бошладилар. Москвада нашр этилган «Новый мир», «Знамя», «Роман газета» каби журналлар, ўнлаб газеталар ёзувчи ва журналистларнинг «ёзув столи» учун ёзган асарларини чоп эта бошлашди.

Бизнинг матбуотимизда, наш­риётларимизда чоп этиш учун қачонлардир ёзилиб, тайзиққа учраган ёки шунчаки турли сабабларга кўра нашр этилмай қолиб кетган бирор-бир жиддий асар ёки туркум мақолалар топилгани йўқ. Албатта, юқорида «бизнинг кўпчилигимиз рост гапни ёзишни ўрганмаганмиз» дегани «билмаймиз» дегани эмас. Бир қатор устоз ёзувчиларимиз, журналистларимиз ўз даврида бор гапни қойиллатиб ёзишган. Шунинг учун уларнинг кўплари қатағон қилинди, йиллаб қамоқларда ётишди, олис юртларга бадарға этилди. Уларнинг барчалари бизнинг ҳақиқий топган ва йўқотганларимиздир. Мен уларнинг номларини келтириб ўтирмайман. Уларни ҳамма билади. Ўшандай қатағонлар, ўшандай қама-қамалар қолганларнинг ҳам юрагини олиб қўйган. Шу боис рост гапни айтишни гарчи билсак-да, айтмаганмиз. Халқда «қолган ишга қор ёғади» деган гап бор. Шунга ўхшаб юрагимиздаги рост гаплар айтилмай қолиб кетаверди, қолиб кетаверди, уларнинг устига эса қанча-қанча қорлар ёғиб, излар босилиб кетди. Охири келиб эса қайси рост гапу, қай бири хушомад, қайсиниси ёлғон эканини ҳам ажратолмай қолдик.

Юртимизда ҳуррият шамоллари эсганига ўттиз йилча бўляпти. Ўша шамолнинг дастлабки эпкинини ҳис қилган ўн яшар бола бугун қирчиллама ёшда. Ўша пайтда мактаб ўқувчиси бўлган бугун катта бир газетада, радио-телевидениеда муҳаррирдир, муаллифдир. Ундан каттароқлар эса улардан-да каттароқ лавозимларда, вазифаларда меҳнат қилишяпти. Ахир, улар бугун етмишбой, саксонбой, элликбойлар кўрган тайзиқларни кўришгани йўқ-ку! Мустақиллик учун қатағон бўлган ёзувчи-шоирлар, алломалар ҳақида фақат ўқишган, эшитишган. Аммо ҳали-ҳануз биз истаган, биз хоҳлаган бор гап уларнинг оғзидан чиққанича йўқ.

Айтишингиз мумкин: сизнингча нима ҳақда гапирилмай қолиб кетяпти? Қайси муаммолар журналистларимизнинг назаридан четда?

Умуман олганда, журналистларимиз тилга олмаётган соҳалар, ҳатто муаммолар ҳам йўқ ҳисоби. Ҳамма нарса ҳақида гапириляпти. Айтиш мумкинки, муҳокама ҳам этилмоқда. Аммо ана шу соҳалар, муаммолар хусусида бир хил гапирилади. Масалаларнинг моҳиятига чуқур кириб борилмайди. Энг асосийси, кўтарилаётган масалаларга нисбатан журналистларимизнинг муносабатлари, ўзига хос позициялари сезилмайди. Ўқитувчининг бахтиёрлиги ҳақида ёзилган мақола билан фермер муваффақиятлари ҳақидаги мақола бир хил услубда ёзилади. Сохта пафос, ўйлаб топилган жумлалар қалаштириб ташланади. Ўқиб чиқасизу ёдингизда ҳеч нарса қолмайди.

Ҳар хил фикр қачонки, у товуш чиқариб айтилсагина ҳар хил бўлади. Зотан, холис ва ҳақчил гапни ҳеч ким тўсиб тургани йўқ. Уни ўзимиз айтишдан истиҳола қиламиз.

— Ўша бутун дунёга «Темир хоним» деб ном чиқарган Маргарэт Тэтчернинг мамлакатни қайта қуриши учун бор-йўғи ўн йил керак бўлди, — дейди  Жуля Монтен. — Ана шу вақт мобайнида давлат тасарруфидаги мулкнинг тенг ярми хусусий қўлларга ўтди. Бу тадбир натижасида Англия 30 миллиард фунт-стерлинг фойда кўрди. Миллионлаб акция эгалари пайдо бўлди. Америкалик публицист Элвин Тоффлер тасвирлаган «курраи замин шитоб билан ўзининг энг сўнгги ҳалокатли силкинишига яқинлаб бораётган» бир пайтда мамлакатни гуллаб-яшнашига олиб келган сабаблар нима эди? Сирасини айтганда, бу сабаблар унчалик ҳам янги сабаблар эмасди. Айтайлик, улардан бири тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш. Ёки яна бир сабаб, бу — давлатнинг иқтисодий ҳаётга аралашувини ўта камайтириш, хусусий мулкни кўпайтириш. Асосий сабаблардан яна бири ҳар ким ўз-ўзини моддий жиҳатдан таъминлаши шарт қилиб қўйилди. Давлат фақат ногиронларга ёрдам бериши айтилди. Албатта, булардан ташқари ҳам сабаблар бўлган. Масалан, жамият учун зарар келтирадиган ҳар қандай иш ташлашлар қатъиян ман этилди. Кўриб турганингиздек, юқоридаги «сабаблар» мамлакат иқтисодий-сиёсий ҳаётига «давлат қўли» билан жойлаштириладиган бўлса, улар ўзининг ижобий самарасини йўқотиши мумкин. Буни, бугун жуда кўплаб бозор иқтисодиётига ўтаётган мамлакатлар тажрибасида кўриш мумкин. Бу «сабаб»лар, аввало, жамоатчилик, биринчи навбатда, ахборот воситалари ёрдамида ўзини ўзи эркин бошқариши лозим.

Шундай экан, Жуля Монтеннинг сўзлари одамни ўйлатади.

Бу ҳаётда, қанча-қанча самимиятлар сўнар экан. Қанча-қанча меҳр-оқибатлар барҳам топади…  Ана шу самимиятларнинг сўниб кетмаслиги, уларнинг аҳволидан кўпчиликни хабардор қилиб турувчи бир қатлам — бетараф қатлам бўлмоғи лозим. Бу қатлам дунё ва инсоният учун меҳнат қилсин. Бу қатламни зиёли халқи ташкил этса, журналист, журналистика ана шу қатламнинг қобиғи бўлсинки, жамиятдаги ҳар бир ҳодиса ана шу қобиққа урилиб акс-садо берсин.

Зеро, юртимизда кейинги уч йил ичида олиб борилаётган ишлар шундай дейишимизга асос бўла олади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев барча соҳаларда бўлгани каби матбуот ва ОАВлари фаолиятига ҳам катта эътибор, куч берди. Бугунги янгиланишлар, ўзгаришлар қалам аҳлидан ҳам ҳалоллик ва холислик билан изланиш, ижод қилишни тақозо этмоқда.

Ёқубжон Хўжамбердиев.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

fourteen + fifteen =