Маънавий меросимизга таянайлик!

Ўтган йиллар давомида миллий истиқлол ғояси халқимизнинг миллий тикланишига хизмат қилди. Ғоявий курашларда халқимизни бирлаштирди, бузғунчи ғоялар моҳиятини англашда, айниқса, ёшларимиз онгу тафаккурини бойитишда муҳим аҳамият касб этмоқда. 2017 йилдан бошлаб Ўзбекистон ўз тараққиётининг янги – Миллий юксалиш босқичига кирди. Конституциямизга асосланган, халқимизнинг манфаатларига жавоб берадиган мамлакатни ривожлантиришнинг Ҳаракатлар стратегияси амалиётга киритилди. Кейинги йилларда эришилган юксак марралар халқимиз ҳаётини фаровон қилишга қаратилган ислоҳотлар самараларини яққол кўрсатмоқда.

Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган “Миллий тикланишдан — миллий юксалиш сари” деган устувор ғоя асосида “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла”, “Ёшлар — келажагимиз”, “Беш ижобий ташаббус” каби дастурларнинг ҳаётга татбиқ этилиши аҳолини янгича фикрлаш ва ишлашга сафарбар этишда муҳим роль ўйнамоқда. Бунинг натижасида, мамлакатнинг энг чекка ҳудудлари, марказлардан олисда жойлашган қишлоқларнинг ҳам меъморий қиёфаси тубдан янгиланиб, аҳолининг турмуш фаровонлиги юксалтирилмоқда. Соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт, илм-фан, айниқса, таълим-тарбия соҳаларида бўлаётган улкан ўзгаришларга барчамиз гувоҳ бўлиб турибмиз. Аммо шу билан бирга, ҳамон ечимини кутаётган муаммолар ҳам йўқ эмас.

Жорий йил 12 сентябрь куни “Халқ сўзи” ва “Нородное слова” газеталари таҳририяти мажлислар залида ўтказилган тадбирда шулар ҳақида сўз борди. “Миллий тикланишдан — миллий юксалиш сари — тараққиётимизнинг маънавий асоси” деб номланган Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ташкил этган мазкур семинар мавзуси Президентимизнинг жорий йил 8 апрелдаги “Ўзбекистон тараққиётининг янги бос­қичида миллий ғояни ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармойиши ҳамда давлатимиз раҳбарининг шу йил 3 майдаги “Маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросига қаратилди.

Унда Ўзбекистон Журна­листлари ижодий уюшмаси ва Республика Маънавият ва маърифат маркази масъул ходимлари, маънавий-маърифий соҳа, марказий оммавий ахборот воситалари вакиллари, айрим интернет журналистикаси вакиллари иштирок этди.

Семинарда қайд этилганидек, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг муваффақияти, республикамизнинг дунёдаги ривожланган давлатлар қаторидан муносиб ўрин эгаллаши, миллат якдиллигини таъминлаш, миллий ғоя барча соҳалар қатори, оммавий ахборот воситалари ривожи медиа-тузилмаларда фаолият юритаётган журналистларнинг билим ва малакаси, ўз ишига масъулияти, фидойилигига ҳам боғлиқ.

Глобаллашув жараёнининг шиддат билан тус олиши оқибатида ўсиб келаётган ёшлар орасида турли ёт ғоялар шаклланишининг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар мамлакатимизда рўй бераётган янгиланиш суръатларидан ортда қолмоқда. Дунё­да юз бераётган мураккаб мафкуравий ва геосиёсий жараёнларни англаш даражасининг етарлича шакилланмагани одам савдоси, экстремизм, “оммавий маданият” ва наркобизнес каби таҳдидларга қарши курашишда миллий ғоя омилидан фойдаланиш имкониятини бермаяпти.

— Маънавият — мамлакатнинг ҳақиқий мафкуравий устуни. Уни ҳимоя қилиб, узлуксиз маънавий тарбияни йўлга қўйишимиз керак, — дейди Республика Маънавият ва маърифат маркази бўлим мудири Эргаш Даминов. — Биз бугун оммавий ахборот воситалари орқали, мақсадли, тизимли ишларни йўлга қўёлганимиз йўқ. Миллий маънавиятимиз асоси бўлган алломаларимиз ижоди, фаолиятини чуқур ўрганган олимларнинг чиқишлари матбуотда ҳам, телерадиода ҳам деярли кўринмаяпти. Журналистлар, таҳририятлар ана шундай кучли мутахассислар, олимлар билан доимий мулоқотда бўлиб, буюк алломаларимизнинг меросини халққа, келажак авлодга етказиб турувчи восита бўлиши керак. Ҳар битта мавзунинг эгаси бўлган олимларимиз бор. Ана шундай ҳамкорликнинг йўлга қўйилмагани оқибатида жиддий хатоларга йўл қўйилмоқда. Масалан, яқинда телеканалларимиздан бирида, тўғридан-тўғри эфирда “Имом Бухорий ҳазратларини тўрт марта ўз юртидан қувилган” деган хато маълумот бериб юборилди. Ваҳоланки, аслида бундай бўлмаган. Саройга бориб сабоқ беришни ўзлари истамагач, шоҳ майли, келмаса, кетаверсин деган мазмунда гапирган, холос. Тарихий ҳақиқатни бу тарзда бузиб талқин этиш ёшларда қандай таассурот қолдиришини ўйлаб кўриш зарур. Жанубий Корея­дан келган бир меҳмон йигит менга бир ручка совға қилди. Унда шу юртнинг миллий қаҳрамони Жумонгнинг ҳайкалчаси сурати бор эди. Бу ҳам миллий ғоя тарғиботининг бир кўриниши. Биз айнан шу масалада оқсаяпмиз. Кўча-кўйда менталитетимизга бутунлай ёт бўлган рекламалар акс этган паннолар кўп учрамоқда ва бу ёшлар маънавиятига салбий таъсир этаётгани сир эмас. Матбуот, телевидение ва радио ана шундай ҳаётимизга номуносиб рекламалар тар­ғиботи билан эмас, аксинча, миллий қадриятларимизга ёт бўлган бу каби рекламалардан воз кечиш тўғрисида чиқишлар қилиши керак. Асрлар силсиласидан ўтиб келган миллий қадриятларимиз, халқ­ни ортидан эргаштира олган оқсоқоллар, кайвонилар, керак бўлса, ибратли қайноналар, оилалар ҳақида мақолаларни кўпайтиришимиз лозим. Президентимиз томонидан олиб борилаётган ислоҳотлар миллий ғоя халқимизнинг куч-қудратига айланиши учун шароит яратди. Энди гап миллий ғояни ҳар бир ўзбекистонликнинг ниятига ва ҳаракатига айлантиришда…

Тадбирда ижтимоий тармоқлар орқали тарқалаётган бўлар-бўлмас хабарлар ва уларнинг оқибати хусусида ҳам сўз борди. Таъкидланганидек, яхши фикр яхшиликка, ёмон фикр ёмонликка йўл очади. Ахборот майдонини нуқул негатив фикр­лайдиганлар эгаллаб олмаслиги учун позитив, некбин мазмундаги мавзулар билан мутаносиб тўлдиришга алоҳида эътибор қаратмоғимиз зарур. Негаки, катталар ҳам, болалар ҳам яхши-ёмон фикрлардан таъсирланади. Одамлар бир-бири билан ижтимоий тармоқда тортишади, айтишади, уришади. Лекин ҳамма ҳам бу негатив фикрлардан бошланган ғоялар кураши эканини анг­ламайди.

Юқорида номи келтирилган фармойиш ва қарор орқали соҳадаги муаммоларни бартараф этиш бўйича миллий ғоя мавзуида адабиётлар яратиш, миллий ғояни ривожлантириш борасида илмий изланишлар олиб бориш ва бу борадаги тарғибот-ташвиқот ишларининг сифатини таъминлаш мақсадида қатор тадбирлар амалга оширилгани ҳам қайд этилди.

Республика Маънавият ва маърифат кенгаши фаолиятининг асосий йўналишлари хусусида ҳам сўз юритилди. Маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини янада ошириш, аҳолининг интеллектуал салоҳияти ва дунёқарашини юксалтиришга, мафкуравий иммунитетини мустаҳкамлашга доир чора-тадбирлар дастури тасдиқланди. Дастур доирасида республика бўйлаб “Маънавият фестивали”, “Йилнинг энг фаол маънавият тарғиботчиси” танлови ўтказилди. “Бу йилда ўқиш зарур бўлган 100 та китоб” рўйхати тузилди. “Маънавият фидойиси” кўкрак нишони таъсис этилди. Узлуксиз маънавий тарбия концепцияси ҳамда жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитнинг ҳолатини аниқлаш ва манзилли соғломлаштириш методикаси ишлаб чиқилмоқда.

Очиқ мулоқот тарзида ўтган семинарда журналистлар кўтарилган масалалар бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар, тегишли таклиф ва тавсиялар қабул қилинди.

Холида Аҳмаджонова.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

four × 2 =