Осмон жуда яқин эди…

Хайрулла Холтўраев

Ўша дамлар

Тунда исмин сўрар эдим ҳур-малакдан,

Гул рақсини кўрдим ўшал капалакдан,

Уялгандай боқар эди ой фалакдан,

Осмон жуда яқин эди ўшал дамлар.

Юрак буғуборлик билан тилдош эди,

Баҳор эди, гул-лолалар дилдош эди,

Мен эртакка, эртак менга йўлдош эди,

Осмон жуда яқин эди ўшал дамлар.

Тоғда ўсган лолаларим чорлар бу кун,

Дилда ёнган юлдузларим порлар бу кун,

Юрагимда эрир музлар, қорлар бу кун,

Осмон жуда яқин эди ўшал дамлар.

Хаёлимдан кетмас найнинг нолишлари,

Бобом чалган дўмбиранинг хонишлари,

Кўз ёшимга сирдош эди болишларим –

Осмон жуда яқин эди ўшал дамлар.

Дупир-дупир от чоптирган далаларим,

Кўкда баҳор юзим ювган жолаларим,

Соғинчларим, ёмғирларим, нолаларим,

Осмон жуда яқин эди ўшал дамлар.

Ёз тугади, қушдай учиб кетди умр,

Навбаҳордан кузга кўчиб кетди умр,

Ҳаётда бир сирни очиб кетди умр,

Осмон жуда яқин эди ўшал дамлар.

Ёмғирдек кўз ёшим тўкдим хазонларга,

Япроқдек совурдим умрим тўзонларга,

Юракни тобладим шамол-мезонларга,

Ойдай тўлин осмон эди ўшал дамлар,

Осмон жуда яқин эди ўшал дамлар…

* * *

Олис-олис томонларга йўл кетди,

Эзгу орзу-ҳавасларга дил кетди.

Ўтди менсиз неча-неча баҳорлар,

Сафарларга чиқди лайлу наҳорлар.

Тупроқ эдим, тупроқ кечди товоним,

Юрагимни шарҳ айлади забоним.

Кўнглимда ай соғинч тўла диёрлар,

Димоғимда қолди хушбўй ифорлар.

Қирда майса, бойчечаклар кўкарди,

Соғинч номли гулчечаклар кўкарди.

Дил оғриғи босилмайди кечалар,

Қадамимдан безор бўлди кўчалар.

Эй гулижон, висолингга муштоқман,

Ойдек ҳусни жамолингга муштоқман.

Қушлар ошиён қурди уйим шифтига,

Мактубларим олиб учди кифтига.

Ҳар баҳорда севгимизни ёд этгин,

Раҳм айлагин, ғарибингни шод этгин.

Қалбим қушдек учиб борар қошингга,

Севгим изҳор айлар қўниб бошингга.

Ана учиб келди дейсан бахт қуши,

Ваъдаларга вафо қуши – аҳд қуши.

Олис-олис томонларга йўл кетди,

Эзгу орзу-ҳавасларга дил кетди.

* * *

Оташсан, оловсан, ёндурадурсан,

Қандай шижоатсан, сен қандай тилсим?

Ҳаттоки жондан ҳам тондирадурсан.

Васлингни ато эт,

Дилинг оч, сим-сим.

Зеҳнимда, кўнглимда меҳринг илинжи,

Шарорим тилимда, парвона дилим.

Дудоғинг бол-кавсар, тишинг дур,

Васлингни ато эт,

Дилинг оч, сим-сим.

Пойингга майсалар титраб бош ургай,

Кўнгилга ўт қўйиб, кўзга ёш ургай.

Бошим ҳеч ёрилмас, ағёр тош ургай,

Ҳижрони ҳақдурсан,

Висоли тилсим.

Тегирмон тошида янчилгай,

Ер қаттиқ, осмонга етмайди қўлим.

Дилимда лоладай алвон армонлар,

Васлингни ато эт,

Кўнглинг оч, сим-сим.

Ишқ йўли тўлиқдир жабру жафога,

Ошиқнинг ҳаёти дард билан сўлим.

Сўзимни шивирлаб айтдим сабога,

Васлингни ато эт,

Дилинг оч, сим-сим.

* * *

Зувалам пишган тупроғим,

Жисмимдаги жондир ватан.

Онажоним, отажоним,

Томиримда қондир ватан.

Момоларим қурган ўчоқ,

Онам ёпган нондир ватан.

Боболарим эккан уруғ,

Даламдаги дондир ватан.

Тонгларимни нафаси қутлуғ,

Қуёшли осмондир ватан.

Ҳамма ватан ила бахтли,

Кимгадир армондир ватан.

Боболарим босган қадам,

Аждодларим ўтган довон.

Ёвга бўй бермаган қўрғон,

Ғолиб қаҳрамондир ватан.

Алломалар, авлиёлар,

Буюкларга кондир ватан.

Аждодларим ётган тупроқ,

Муқаддас макондир ватан.

Илк севгим, илк муҳаббатим,

Ва илк ҳаяжондир ватан.

Юрагимдаги Оллоҳим,

Қалбимда имондир ватан.

* * *

Хаёл карвонлари манзили узоқ,

Аёвсиз юрагим эзади фироқ.

Одамлар ҳолимга боқар хайрона,

Оҳ дили девона, дили девона.

Ўтли туғёнларнинг нола-оҳидан,

Хазонлар тўкилгай дарахт шохидан.

Юрагим ичида бир қушча йиғлар,

Ҳижрон азоблари бағримни тиғлар.

Мен-ку азоб билан яшадим бирга,

Олиб кетолмадим кўнглимни қирга.

Эна шамолларни соғиндим нетай,

Ҳамма ишни ташлаб қишлоққа кетай.

Сенсиз яшамоқлик нақадар оғир,

Ҳажрингда ўртаниб куяди бағир.

Кўп бора изладим қалбимга зиё,

Нурга чулғанмоқда ҳикматли дунё.

Мен юриб боряпман, чопиб боряпман,

Энтикиб, ичикиб, шошиб боряпман.

Тўфондай тўзғиб, дарёдай жўшиб,

Онажон ёнингга шошиб боряпман.

Қишлоққа тоғлардан ошиб боряпман…

Тўртликлар

Эй воҳ, паймонаси тўлганлар қанча,

Дунёда девона бўлганлар қанча.

Қанча номлар яшар ўтган бўлса ҳам,

Умрида тириклай ўлганлар қанча.

* * *

Армонларнинг чўкиб ётган норлари бор,

Бойсун тоғнинг чўққисида қорлари бор.

Соғинчларим сарғайтирмиш ўйларимни,

Қулоғимда онажоним зорлари бор.

* * *

Ой боқади, ойдай тўлин дилим қани?

Сир айтарга дилдошим тилим қани?

Кўп уриндим болаликка қайтайин деб,

Лекин ортга қайтадиган йўлим қани?

* * *

Боқ атрофга, турфа ранг тўзон,

Кўзларимга сочар чанг тўзон.

Чўлни кўрса қутирар қуюн,

Гулни кўрса хангу-манг тўзон.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

seven + 10 =