Ҳар хайрда бир ҳикмат

Бу воқеа 5-6 йил аввал бўлганди…

Ҳурбуви опа ҳоким ўринбосари олдидан ҳафсаласи пир бўлиб чиқди. “Ўттиз сотих ерга етти минг доллар сўради-я, ноинсоф! Қоидаси шунақа эмиш. Бунақа қоидаларни сенга ўхшаган текинтомоқлар чиқарган. Бир деҳқон омоч билан, еттовлон чўмич билан дегандай, деҳ­қон-фермердан сўровчи кўп. Биз бир нима сўрасак, мана аҳвол!..”. Ўзига ўзи гапириб, пиёда анча юриб қўйганиниям билмади. Машинанинг таниш сигналидан ўзига келди. Хўжалик ҳисобчиси Муроджон экан.

— Ҳа, опа, тинчликми, икки-уч сигнал бердим, қарамадингиз? — деди у “Нексия”нинг орқа эшигини очиб, опани таклиф қиларкан. — Ўша масалами?

— Ўша масала! Лекин бу аҳволда битадиганга ўхшамайди. Етти минг сўраяпти, кўк эмиш! Ана бўлмаса, бели оғримаганнинг нон ейишини кўринг…

— Нима қилмоқчисиз энди?

— Буларга берадиган пулим йўқ. Ундан кўра, ўша пулни бирор эҳтиёжмандга, контракт пулини тўлолмай қийналаётган талабага берсам, ўрнига тушади… Уйда болалар, хўжайин билан маслаҳат қилганда, катта ўғлим: “Қўйинг, шу ишни, сизга нима етмаяпти? Мана, биз бормиз. Хўжаликни кенжангиз юритиб турган бўлса… Керак бўлганда, заводниям ўзи қуриб олаверади”, деб қарши бўлганди. Мен уйда ўтира олармидим. Бир кун ўтирсам, мазам қочади-ку! Кучим етгунча, хайр-савоби бор ишга қўл ургим келади, нима қилай, деб ҳокимиятга борган куним эди. Яхши режангиз бор экан, ўн-ўн бешта иш ўрни очилса, маҳаллий аҳолини сут маҳсулотлари билан таъминласангиз, бу бизгаям маъқул, деган гапни эшитарман деб ўйловдим, афсус…

— Савоб ишлар учун пулни аямаслигизни ҳамма билади, опа! Барибир уларга ҳеч бўлмаганда, ярмини бермасангиз ер ололмайсиз, — деди-да, Муроджон машинани офис ёнига тўхтатди.

Ҳурбуви опа ичкари кириши билан кўзлари кулиб турадиган котиба қизни кўриб, бироз кўнгли ёришди. “Қиз бола “шайтон” бўлади деганлари шумикан, — кўнглидан ўтказди у. — Шу қизни кўришим билан ҳамма ташвишим унут бўлади-я…”.

Опанинг тўрт ўғли бор. Ҳаммасини ўқитиб, уйли-жойли қилди. Ишлари тайин, обрў-эътибори жойида. Фақат кичигини уйлантирса бўлгани. Эндигина ўн еттини тўлдирган мана шу котиба қиз баъзан жилмайибгина сўраб қолади: “Мени келин қилмайсизми, аяжон?”

— Майли, қизим, келин бўлса, сендай бўлар-да, зиёд бўлармиди? Азимжонга маъқул келсанг бўлди, — дея ҳазил-ҳузул қилиб кетаверарди. Ҳурбуви опа ҳам. Ойгул буни жиддий қабул қилган, Азимжондек куёви бўлишини ўйлаб, ширин хаёллар билан яшаётган эди. Аммо кўпдан буён ўзидан куч кетиб бораётганини сезган қиз шифокор кўригига борди-ю, барча орзу-умидлари бир кунда чил-чил бўлди. Саратонга чалинибсан, анча вақт ўтиб кетибди, дейишди.

Ўз ташвиши билан юрган Ҳурбуви опа эса буни эшитмаган эди. Аслида, ўзи тенги бош­қа аёллардек, биров билан суҳбатлашиб, узундан-узоқ ҳангома қилиб ўтиришга ҳечам вақти йўқ. Аввалига савдо соҳасида, мана, ўн беш йилдирки, фермер хўжалиги иши билан банд. Наслли бузоқлар етиштиради, қанча ташкилотни сут билан таъминлайди. Буларнинг бари катта меҳнат. Қўл остидаги ишчи-ходимларнинг ғайрати, ишга муносабати ҳам хўжалик бекасига қараб-да! Опа озгина суст­лашдими, қолганлар ҳам ўз майлича иш тутади. Шунинг учун Ҳурбуви опа бир дақиқасини бўлсин, бекор ўтказмайди. Буни қарангки, вақти тиғиз одам соғ­лом ҳам бўларкан. “Шу ёшга кириб, дўхтирга бормаганман, фақат “роддом”га борганда дўхтирларни кўрганман, холос”, дея кулиб қўяди шу ҳақда гап кетганда. Бу ҳам майли-ку, олт­миш бешга чиқиб, ҳали бир мартаям пенсия олмаганига нима дейсиз? Нега олмагансиз, деб сўрасангиз, янада ҳайратланарли жавоб эшитасиз. “Топганимиз етиб тургач, нима қиламан у пулниям олиб? Давлат ўша маблағни пулга муҳтож бирор кишига берса хурсанд бўлардим…”.

Баъзан данғиллама уй-жой, қўша-қўша машинаси борлар бировнинг ҳақига хиёнат қилгани, маҳалладан ёрдам сўрагани, коммунал тўловларни тўламасдан қочиб юрганини эшитиб қоламиз. Уларга қараб, одамзотнинг кўзи тўймас экан-да, десак, мана шу бағрикенг аёл: “Бу ғанимат дунёда одамдан қоладигани яхшилик, хайру савоб” дея фикрингни ўзгартиради.

Хуллас, у котибасига майли, сени келин қиламан деб ваъда бериб қўйди-ю, гардуннинг чарх­палаги тескари айланиб, бу қизнинг умри тугаб бораётгани маълум бўлди. Шўрлик қизнинг кўзлари жавдираб опага тикилади:

— Энди мени келин қилишни истамайсизми? Оппоқ либос кийиш менга насиб қилмайдими? — дея чарос кўзларидан ёш қуйилади.

Ҳурбуви опа ўғлига бу ҳақда айтмагани боис тили калимага келмай, довдирайди. Сўнг ҳорғин бир қиёфада уйига кириб боради. Ўғил волидаси нимадандир безовталигини билиб сўрагач, ниҳоят ҳаммасини очиқлайди. Аввалига: “Нега бировни умидвор қилдингиз, она?” — дея норози бўлган Азимжон бир-икки кун ўтгач, фикри ўзгаради.

— Онажон, рўзаи рамазон кунларида Яратганнинг бизга юборган синовидир бу, майли, неча кун умри қолган бўлсаям ўша қизга уйланаман, — дея шу бағрикенг аёлнинг ўғли эканини исботлашга бел боғлайди.

Бу гапни эшитиб, онанинг елкасидан тоғ қулагандек, енгил тортади ва одатларимизга кўра, совчиликка шошилади.

Эшитганлар опани жиннига чиқаришади. Эрта-индин бир нима бўлиб қоладиган қизга шунча харажат, катта тўй берганини ҳазм қилолмайдиганлар ҳар хил гап-сўзлар тарқатишади. Таассуфки, бундай кимсалар Ҳурбуви опа сингари вайрон бўлган Каъбани қайта тиклашдек савоб мана шу кўринишда бўлишини англамайдилар. Орзулар қучоғида бахтиёр бўлган қиз эса афсуски тўй сўнггида касалхонага ётқизилади. Чунки бундай хасталик ўта хурсанд­чиликни ҳам кўтаролмайди. Шифокорлар қизнинг ўн кунлик умри қолганини айтишади.

Мана шу ўн кун ичида унинг барча тилакларини амалга ошириш учун она-ўғил ҳеч нимани аяшмади. Қаерга деса, элтиб, нимани истаса, муҳайё қилишди. Сўнгги кунларида келинчак опага шундай деди: “Онажон, мени бахтли қилдингиз, мен ўтиб кетгач ҳам фаришта мисол доим бошингизда парвона бўлиб, сизни қўриқлаб тураман…”.

Шундай бўлди ҳам. Бу дунё ҳисоб-китобли — бировга берганингни ўзинг ҳам оласан. Опанинг ишида тўсиқ бўлиб турган деворлар қулади. Ҳоким ўринбосари ўзгарди. Янги ўринбосарни тадбиркорни қўллайдиган инсофли одам экан дейишди. Рост экан, опага ер ажратди. Айни пайтда Ҳурбуви опа сутни қайта ишлайдиган завод қурилиши билан банд…

Холида Файзиева.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

1 × 5 =