Навоий вилояти: ишончли ва ёруғ қадамлар

Навоий вилоятига енгил машина яқинлашгани сайин ҳавога кўтарилаётган илиқ ҳароратли ранго-ранг оқиш булутлар саноат корхоналарининг узлуксиз ишлаётганини англатиб турарди.

Навоий шаҳри ихчам бўлса-да, жуда кўркам, шаҳар аҳлининг маданий дам олишларига мўлжаллаб барпо этилган боғлар, хиёбонларда яратилган шароитлар, кўп қаватли уй-жойларнинг ўзига хос услубда қад ростлагани, мўъжаз кўчаларнинг равонлиги кўзни қувнатса, пиёдалар йўлкаси қоидаларига ҳайдовчи ва йўловчиларнинг қатъий риоя қилиши бу ерда тартиб-қоида амалда эканлигини кўрсатади.

Хизмат сафаримиз давомида Навоийдаги изчил ислоҳотлар кечаётганига гувоҳ бўлдик. Албатта, бу ерда республикамизга маълум бўлган бир қатор йирик саноат обьектлари, жумладан, Навоий кон-металлургия комбинати, “Navoiyazot”, “Qizilqumsement” сингари етакчи корхоналар фаолият юритади. Аммо биз вилоятдаги бошқа тизимлар – матбуот, адлия, таълим-тарбия муассасаларида олиб борилаётган янгиланиш, ўзгаришлар билан танишишни ният қилдик.

Янгича ишлаш вақти келди

Ўзбекистон Журналистлар ижодий уюшмаси Навоий ви­лояти бўлими раиси Отабек Аслонов иш услубида янгича тадбир жорий этганини қуйидагича гапирди:

— Ушбу йилнинг августь ойи­дан бошлаб ҳокимлик вакиллари, ташкилот ва бошқармалар раҳбарлари ҳамда журналистлар иштирокида Пресс-тур (матбуот анжумани) ташкил этдик. Тадбирларда ташкилот раҳбарлари ўз фаолиятлари юзасидан ОАВ вакиллари билан фикр алмашади. Журналистлар соҳалар кесимида маълумотга эга бўлишади. Шунингдек, ўзларини қизиқтирган саволларга бевосита мутасаддиларнинг ўзидан жавоб олиш имкони мавжуд. Бундай тадбирлар раҳбарларда журналистлар билан мулоқот ўтказа олиш, ахборот бериш кўникмасини шакллантиради.

— Вилоятимизда баъзан қурилиш ёки бузиш ишлари кутилмаганда бошланиб кетади, — дейди вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Дилшод Мамаражабов. — Табиийки, бу жараён кўпчиликда норозилик уйғотади. Навбатдаги Пресс-тур вилоят қурилиш бош бошқармаси билан ўтказилганда айни шу масала муҳокама қилинганидан хабарим бор. Натижада, ОАВ вакиллари вилоятнинг ижтимоий-иқтисодий салоҳиятини тубдан янгилаш сари қадам қўйилаётганига гувоҳ бўлишди. Дейлик, Навоий шаҳрида яқинда фойдаланишга топширилган “Ёшлар хиёбони”нинг барпо этилиши олдидан бошланган бузилишлар ижтимоий тармоқларда анчагача танқидга учради. Бугунга келиб эса мазкур хиёбон, унинг тунги кўриниши гўзал манзара касб этгани, нафақат вилоятдошларимиз, балки воҳамизга ташриф буюрган меҳмонларни ҳам бефарқ қолдирмаяпти.

Албатта, ОАВлари билан мамлакатимиздаги мавжуд расмий идоралар ҳамкорликда фаолият юритишсагина ижобий натижага эришиш мумкин. Бунинг учун, аввало раҳбар газета ўқиши, танқидий ёки ўта мақтов битилган мақолаларга ўз муносабатини билдириб бориши керак. Марказий нашрларга бармоқ учидан қараш мамлакатда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий юксалишларни хаспўшлаётган, тирноқ орасидан кир қидиришга интилаётган “куч”ларга катта майдон яратишини унутмаслигимиз лозим.

Демак, ОАВларига обуна бўлиш масаласи фақат таҳририятларда эмас, балки ҳукумат доирасида қўллаб-қувватланиши лозимлигини давр тақозо этмоқда.

Дунё таниган, тан олган юртимиз бор

Бугунги кунда Навоий вилоятига “Эркин иқтисодий зона” мақоми берилгани хориж инвес­торларида ўзгача қизиқиш уйғотди. Айни пайтда вилоятга ташриф буюраётган чет эллик инвесторлар оқими кучайгани мавжуд меҳмонхоналарда тўлов нархи хориж валютаси курсида белгиланганидан ҳам сезилди.

— Маълумки, Конимех чорвачиликка ихтисослашган туман эди. Яқин йиллар ичида саноатлашган ҳудудга айланади, деб ҳеч ким ўйламаганди, — дейди вилоят ҳокими ўринбосари Фахриддин Солиев. — 2019-2020 йилларда туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурига асосан 25 та лойиҳа амалга оширилади. Маҳаллий тадбиркорларнинг ташаббускорлиги ошаётгани, туманга тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларнинг жалб этилгани натижалар режадан кўра салмоқли бўлишини ваъда қилмоқда. Хусусан, бугунги кунда вилоятимизга Канада, Украина, Греция, Хитой ва Ҳиндистон каби давлатларнинг бир қатор компаниялари музокаралар олиб бориш учун ташриф буюришди.

Айни пайтда Конимех туманида ўз фаолиятини бошлаган “Konimex Nasl Chorva” МЧЖ бунга мисол бўла олади. Мазкур жамият Ўзбекистон — Эрон қўшма корхонаси ҳисобланиб, лойиҳа қиймати 1,5 миллион АҚШ долларини ташкил этди.

Бугунги кунда корхонада 121 бош “Голштейн” зотли қорамол парваришланмоқда. Яқин келажакда қорамоллар сонини минг­тага етказиш ҳамда хўжалик қошида сут маҳсулотларини қайта ишлаш ва қадоқлаш цехини ишга тушириш режалаштирилган. Ушбу мақсадда қурилиш ишлари жадал олиб борилмоқда.

Ҳаммамизга аёнки, бугун дунё тижоратчилари мамлакатимизга бежизга интилаётгани йўқ, уларнинг мақсади янги бозорда ўзининг қўшимча ишлаб чиқаришини ташкил этиш, эвазига мўмай даромад кўриш экани маълум. Шундай экан, бундан аввал ЛУКОИЛ сингари хориж инвесторлари билан тузилган шартномалардаги хатолик рўй бермаслиги учун эндиги ўзаро битимларда заррача камчиликка йўл қўймаслик зарур эканлигини давр исботлади. Пухта режа асосида эртанги кун истиқболини яратиш ҳам фарз, ҳам халқимиз олдидаги қарзимиздир.

Шу кунларда дунё инвесторларининг маълум қисми вилоятдаги шарт-шароитлар билан танишиш, ўз лойиҳалари асосида ҳамкорлик фаолиятини йўлга қўйиш истагини билдиришаяпти. Мазкур йилнинг 8 октябрида Ҳиндистоннинг “Delhi International Airport limited” (DIAL) компанияси тижорат директори Санжив Эдвард билан Навоий вилояти ҳокимлиги мутасаддилари ўзаро ҳамкорлик тўғрисида суҳбат ўтказишди.

Мазкур компания аэропортлар ҳамда қайта тикланувчи энергия манбалари, автомагистраллар қуриш ишлари билан шуғулланади. Шунинг­дек, шаҳар инфраструктурасини янги шаклда барпо этиш лойиҳаларини амалга оширади. Бу компания дунёдаги йирик тижоратчи корчалонлар орасида тўртинчи ўринни банд этиб турибди. DIALнинг Непал, Индонезия, Сингапур, Филиппин ва Греция сингари мамлакатларда фаолиятдаги активлари ва лойиҳалари мавжуд.

Санжив Эдвард жаноблари Навоий халқаро аэропорти ва Халқаро интермодель логистика маркази билан танишаркан, ўзаро ҳамкорлик қилишдан мамнун эканини билдирди. Вилоятда амалга оширилаётган кенг кўламдаги ислоҳотлар бу юртнинг пойдевори мустаҳам, келажаги барқарор эканини англатади.

— Бугунги кунда вилоятнинг барча туманларида хорижий инвесторларни учратиш мумкин. Улар, асосан, хомашёдан тайёр маҳсулот ишлаб чиқарадиган корхоналарни барпо этиш, уларни энг замонавий технологиялар билан жиҳозлаш лойиҳаларини тақдим этишмаяпти, — дейди Ф.Солиев. — Шунингдек, қуритилган мева маҳсулотларини қайта ишлаш, пахта толасидан турли кийим-кечаклар тайёрлаш ҳамда саноатнинг бошқа соҳаларига ҳам инвестиция киритишга тайёр эканини билдиришаяпти. Вилоятимизда хорижлик ишбилармонларнинг эркин фаолият юртишига барча қулайликлар яратилган.

Тарозининг адл палласи

Шерзод Баҳромов,

Навоий вилояти адлия бошқармаси бошлиғи:

— Президентимизнинг 2019 йил 9 январдаги “Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги Фармони ижросини таъминлаш мақсадида ички тартибда иш режа ишлаб чиқдик. Белгиланган вазифаларни адолат тарозисига қўйиб, холис амалга оширишда аҳоли билан Навоий телевидениеси орқали қилинаётган жонли мулоқот асқотаяпти. Бундан ташқари, “Адлия минбари” телекўрсатуви жонли тарзда эфирга узатилаяпти. “Шахс – оила — маҳалла — таълим муассасаси — ташкилот — жамият” тизимида ҳамкорликни йўлга қўйдик.

Албатта, Адлия тизимида қонун бузилиши ҳолатларини бартараф этиш, одамларни рози қилиш бош масала ҳисобланади. Шу кунгача ташкилот ва идораларга 105 та тақдимнома, 24 та маъмурий жавобгарликка тортиш бўйича таклифлар киритилгани, тақдимномаларга асосан 72 нафар шахслар интизомий жавобгарликка тортилиб, 2 нафари эгаллаб турган лавозимидан озод этилгани соҳада амалий ишлар қилинаётганини кўрсатади. Бундан ташқари, 23 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилиб, судларга киритилган 7 миллиард 400 миллион сўмга яқин даъво аризалари қаноатлантирилган. Шундай пайтда тарозининг адл палласи кимнинг қўлида эканлиги билиниб қолади.

— Бизда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларига жиддий эътибор қаратилади, уларни ўз вақтида ўрганиб чиқиш чоралари кўрилиб, эътибор такрорий мурожаатларнинг олдини олишга қаратилади, — дейди Ш.Баҳромов.

Таълим янгиланиш палласида

Нурбек Улуғбердиев,

Навоий вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғи:

— Навоий вилоятидаги таълим-тарбия муассасаларида ўқиш 5 тилда, яъни ўзбек, рус, қорақалпоқ, қозоқ ва тожик тилларида олиб борилади.

2018 йил якунида маҳаллий бюджет қўшимча орттирилган маблағлар ҳисобидан мактабларнинг моддий-техника базаси мустаҳкамлаш ва қурилиш-таъмирлаш ишлари учун 39,3 млрд. сўм ажратилган ва бу кўрсаткич Республикада ҳар бир ўқувчига ажратилган маблағлар бўйича вилоят ҳокимлиги энг юқори рейтингни эгаллади.

Бошқарма ташаббуси билан шаҳар ва туманларда “Иқтидорли ёшлар клуби” ташкил этилди. Клубга иқтидорли ва истеъдодли ўқувчи-ёшлар қамраб олинди. Натижалар эса ёмон эмас — 2019 йил 30 майда умумтаълим мактаблари ўртасида ўтказилган “Энг обод мактаб” танловининг Республика босқичида Навоий шаҳар 13-умумий ўрта таълим мактаби ғолиб бўлди. Шунингдек, аниқ фанлар олимпиадасининг Республика босқичида Навоий шаҳар 8-умумий ўрта таълим мактаби 11-синф ўқувчиси Паризода Ахатова Рус тили ва адабиёти (миллий синфларда) фанидан 1-ўринни, Хатирчи туманидаги 6-умумий ўрта таълим мактаби 11-синф ўқувчиси Дурдона Олимова Давлат ва ҳуқуқ асослари фанидан 2-ўринни, Учқудуқ тумани 9-умумий ўрта таълим мактаби 11-синф ўқувчиси Гулперизат Қонарбаева Қозоқ тили ва адабиёти фанидан 3-ўринни қўлга киритди.

Шунингдек, 2019 йилнинг январь ойида Қозоғистонда Жаутиков номидаги 15-Халқаро олимпиадада Зарафшон шаҳар 12-умумий ўрта таълим мактабининг 11-синф ўқувчиси Солибой Раззоқов физика фанидан иштирок этиб, 3-ўринни эгаллади ва бронза медали соҳиби бўлди.

Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Вилоятимизда таълимга алоҳида эътибор қаратилган, иқтидорли, яъни барча фанларни аъло ўзлаштирган ўқувчилар тақдирланиб келинади. Бу ўқувчи-ёшларнинг ўтилган дарсларни ўзлаштиришида кўтаринки кайфият бағишлайди.

Бизда кучлилар тарбияланади

— Бизда спорт турлари бўйича федерациялар сони 44 та бўлиб, 23 та олимпия, 5 та миллий ва 16 ноолимпия спорт турлари бўйича 632 та мураббийлар машғулотлар олиб боришади. Мураббийларнинг 186 нафари аёл мураббийлардир, — дейди вилоят жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси бошлиғи Шаҳло Нарзиева. — Секцияларда спорт билан мунтазам шуғулланувчилар сони 90647 нафарни ташкил этди.

Мен фахр билан айтишим мумкин, ушбу йилнинг 9 ойи давомида вилоятимиз 18 марта Республика чемпионати ва кубокларига мезбонлик қилди. Бунга сабаб, вилоятимизда спорт мусобақаларини ўтказиш ўйингоҳлари талабга жавоб бера олишини доим назорат қиламиз. Йил бошидан 986 та омма­вий спорт тадбирлари ўтказилган бўлса, унда иштирок этган 114092 нафар ёшларнинг шикаст топмаслиги, биринчи нав­батда, эътиборимизда бўлди.

Бизни қувонтиргани спортчиларимиз Жаҳон чемпионатида 29, Осиё чемпионати ва кубокларида 71 та, Халқаро спорт мусобақаларида 94 та, Ўзбекистон Республикаси чемпионати ва кубоги мусобақаларида 725 та медални қўлга киритган бўлса, шундан 195 та олтин, 206 та кумуш, 324 та бронза медалларидир.

Болаларга берилган дунё

Президентимизнинг 2019 йил 14 майдаги “Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонидаги белгиланган вазифаларни амалга ошириш юзасидан Қизилтепа туманида йил якунига қадар кичик бизнес субъектини 1007 тага, қўшма ва хорижий корхоналар сонини эса 20 тага етказиш устида иш олиб борилаяпти.

Туманда бўлганимизда бизнинг эътиборимизни Давлат хусусий-шерикчилик асосида қад ростлаётган мактабгача таълим муассасалари ўзига тортди. Уларнинг сони ҳозирча тўртта экан. Мазкур болалар муассасасида яратилган шароитлар кўнгилни қувонтиради. Болаларнинг баркамол руҳда тарбия топишида махсус тарбия маскани ўқув-ўзлаштирув, расмчилик, каштачилик, бадиий гимнастикаси хоналари керакли қўлланма ва шуғулланиш ускуналари билан жиҳозланган. Ташқи ҳовлиси камалак рангда товланувчи болалар ўйингоҳи, фаввора ва ландшафт билан безатилгандир.

— 2019 йил 11 октябрда туманда яна бир давлат хусусий-шерикчилик асосидаги мактабгача таълим ташкилоти очилди, — дейди Қизилтепа туман Мактабгача таълим бўлимининг Давлат хусусий-шерикчилик асосидаги мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятини ташкил этиш шўъбаси методисти Зулхумор Исмоилова. — 75 ўринга мўлжалланган ушбу маскан “Camomile” (инглиз тилидан таржима қилганда “Бойчечак” маъносини беради) деб аталади. Бундан Маликобод аҳлининг қувончи чексиз. Сабаби, тадбиркор Сарвиноз Раҳмонова томонидан ишга туширилган “Camo­mile” болалар боғчаси ўзига хос дизайн услубида барпо этилди. Бу ерда болалар ўзларини эркин ҳис қилиши, ҳар бир дақиқаларни мазмунли ўтказиши учун барча қулайликлар яратилган. Боғча ўқув ва маш­ғулотлар ўтказиш учун керакли хоналар ва жиҳозлар билан таъминланди, рассомчилик, интеллектуал шоу ўйинлари ва спорт мусобақалари мунтазам ўтказилади. Ювиниш хоналари, баскетбол ва футбол ўйингоҳлари, бассейн ва аттракцион майдончалари мавжуд.

Қизилтепа туманида барпо этилаётган шинам ҳамда замонавий ўқув жиҳозлари билан таъминланган ДХШларида билим ва тарбия олган болажонлар кун келиб, юрт равнақига ҳисса қўшадиган етук кадрлар бўлиб етишиб чиқишига ишончимиз ортди. Бу ерда таълим ўзбек тилидан ташқари, инглиз ва рус тилида ва ментал арифметика ўргатилади. Бадиий гимнастика тўгараги ташкил қилинган.

Яна навоий эътирофда

Мамлакатимизда мактабгача таълим соҳаси ривожига жиддий эътибор қаратилаяпти. Замонавий услубда барпо этилаётган болалар боғчаларида тарбия­ланаётганлар нафақат она тили қоидаларини, балки, инглиз, рус ва бошқа тилларни ҳам ўрганишаяпти.

Навоий вилоятида қад ростлаётган ҳукуматга қарашли ва давлат хусусий-шерикчилик, нодавлат — хусусий боғчаларига вилоят аҳолиси ўзгача ҳурмат билан қараётганида сабаб бор, албатта. Кун тартибига киритилган машғулотлар ўз касбининг билимдонлари томонидан олиб борилади. Соҳа мутахассислари тил ўргатиш, расмчилик, кубиклардан турли шакл­лар ясаш соатларида болаларга болаларча муносабат билдиришади, яъни уларнинг онги қабул қила оладиган ўқитиш, ўргатиш услубидан фойдаланишади.

Мисол учун, Навоий шаҳридаги 26-сонли “Турнахон” мактабгача таълим муассасасаси тарбияловчиси Мавлуда Кубаева наинки, вилоятда, балки республикада ҳам етакчи-тарбиячи эканини исботлади. У ушбу йилнинг августь ойида ўтказилган “Йилнинг энг яхши тарбиячиси” кўрик-танловининг Республика босқичида “Энг ижодкор тарбиячи” номинацияси йўналишида 1-ўринни қўлга киритди.

— Албатта, бундан бутун жамоамиз билан биргаликда фахр­ландик. Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлар ичида бизнинг вилоятнинг эътироф этилиши қанчалик ҳаяжонли эканини юрак-юракдан ҳис қилдик. Ахир бундан фахрланмай бўладими?! — дейди Навоий вилояти мактабгача таълим бошқармаси бошлиғи Ўткир Тиллаев.

Вилоятнинг нуфузи йилдан- йилга ошиб бораяпти. Эришилаётган муваффақиятларда ҳудудда саноат корхоналарининг тез тараққий этаётгани, хориж технологиясининг энг замонавий ускуналари ишлаб чиқаришга татбиқ этилаётгани, қолаверса, хомашёдан тайёр маҳсулотни четга экспорт қилиш имконияти ошгани ҳам мадад бўлмоқда.

Маҳаллий буюджетга тушум кўпайса, одамлар турмушида фаровонлик бўлади. Оиладан хотиржам одам жамият ҳақида ўйлай бошлайди. Халқимиз болажон бўлгани учун, биринчи нав­батда, мактабгача таълим тизимига, мактабга маблағ йўналтиради. Вилоятдаги мактабгача таълим ташкилотларининг ютуғи ҳам ана шунда.

— Мен ғолиб бўламан, деб ҳеч ўйламаган эдим. Танловда иштирок этаётганларнинг барчаси ғолиб бўлишга лойиқ эди. Саҳнадан туриб, исми шарифимни ўқишганида ҳаяжондан йиғлаб юбордим. Ҳали-ҳали эсласам, кўзимга ёш келади. Давлатимиз бизларнинг етакчи тарбиячи бўлишимиз учун барча шароитларни яратиб қўйган. Фақат биз ўз устимизда ишлаб, болажонларни ўз боламиздек кўриб, таълим-тарбия беришимиз керак, — дейди “Йилнинг энг яхши тарбиячиси” Республика кўрик-танлови ғолиби Мавлуда Кубаева.

Юсуф Жўраев,

Убайдулло Хўжаниёзов,

“Hurriyat” мухбирлари.

Сирож Аслонов (ЎзА) олган суратлар.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

fourteen − 10 =