Органлар трансплантацияси

Давлат томонидан берилаётган дори-дармон воситалари беморларга нега салбий таъсир кўрсатмоқда?

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 23 октябрдаги қарори асосида “Яқин қариндошлар орасида буйрак ва (ёки) жигар бўлагини трансплантация қилиш тартиби ҳақида” вақтинчалик низом тасдиқланган. Ушбу ҳужжат трансплантация бажаришга кўрсатма ва қарши кўрсатмаларни, донор ва реципиентнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятларини белгилайди.

Қарорда таъкидланганидек, трансплантация бажарилгандан сўнг донор ва реципиент учун камида 3 йил давомида профилактик диспансер кўриги ташкил этилиши зарур. Шунингдек, амбулатория назоратида бўлган беморлар тегишли дори-дармон воситалари билан таъминланиши белгиланган.

Ўзбекистонда буйраги алмаштирилган беморлар сони 600 нафардан ошади. Улар иммунитетни пасайтирувчи дори воситаларини мунтазам қабул қилишлари керак ва бу дорилар Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан бепул таъминланади.

Аммо жорий йил август ойи­дан бошлаб беморларга таклиф этилаётган “Ролиграф” дори воситасини кўпчилик қабул қилишни истамай, ўрнига шу пайтгача қўлланилиб келинган “Панграф” дориси берилишини талаб қилишади. Янги дорининг рад этилиши сабаби сифатида уни қабул қилган беморларнинг аҳволи оғирлашгани асос қилиб кўрсатилмоқда.

Бир гуруҳ беморлар ва уларнинг яқинлари “Адолат” социал-демократик партиясига мурожаат қилди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Муҳаррам Дадахўжае­ва фуқароларни қабул қилиб, дардларини тинглади. Парламентнинг қуйи палатаси биносига йиғилган депутат билан суҳбат асносида мурожаатчилар ўз истакларини билдирдилар.

Маъсуда Нурмуҳаммедова, беморнинг онаси:

— Қизимга 4 йил олдин отасининг буйраги кўчириб ўтказилди. Операцияни Ҳиндистонда қилдирдик ва шифокорлар доимий ичиб юришга дорилар буюрдилар. “Панграф” дориси давлат томонидан берилар, “Майфотик” деган дори эса дорихоналарда йўқ, интернет орқали Ҳиндистондан буюртма бериб, қимматга сотиб оламиз. Шу йил августдан бери Соғ­лиқни сақлаш вазирлиги томонидан бепул тарқатиладиган “Панграф” ўрнига “Ролиграф” бериладиган бўлди. Лекин уни қабул қилгач, аҳволи оғирлашган беморлар ҳақида эшитдик.

Маҳбуба Чориева, бемор:

— 2018 йили буйрагимни трансплантация қилишди. Мен каби хорижда операция қилдиришга имконияти йўқларга юртимизда аъзо кўчириб ўтказишга рухсат берилгани яхши бўлди. Операциядан сўнг дори таъминотида узилиш бўлиб, “Ролиграф”га ўтилди. Мен ҳам бу дорини олишни рад этдим.

Дилшод Мамадалиев, бемор:

— Ҳиндистонда операция бўлганман. Ўша ерда шифокорлар тавсия қилган дориларни ичиб келяпман. Биз ҳар бир қадамимизни шифокор билан маслаҳатлашиб босишимиз керак. Ўзимизни асрашга, доимий парҳез қилишга мажбурмиз.

Жаҳонгир Мухрушбоев, беморнинг куёви:

— Қайнотамнинг буйраги 2016 йили Ҳиндистонда трансплантация қилинган, унга онасининг буйраги кўчириб ўтказилган. Августда яна алмаштирилганди “Ролиграф”ни қабул қилди ва соғлиги ёмонлашди. Ҳозир унинг аҳволи жуда оғир, қайта буйрак кўчириб ўтказишга эҳтиёжманд бўлиб қолди, аммо бунга етарли маблағимиз йўқ.

Моҳичеҳра Тўрахўжаева, бемор:

— 2015 йили Ҳиндистондан операция бўлиб қайтдим. Шундан бери менга давлат томонидан “Панграф” бепул бериларди. Кейин “Ролиграф”га ўтказишди. Ушбу дорини бир ҳафта ичдим. Шу вақт ичида соғлиғимда салбий ўзгаришлар сездим. Масалан, кўнглим айниди, ичим кетди, қорним қаттиқ оғриди. Дорини тўхтатиб, аввалги турини сотиб олдим. Шукрки, аҳволим яхшиланди.

Беморлар ва уларнинг яқинлари томонидан кўтарилган муаммо юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги расмий баёнот берди. Унда таъкидланишича, юртимизда ишлаб чиқарилган ёки импорт қилинган ҳар бир дори воситасининг серияси сифат назоратидан ўтказилиб, мувофиқлик сертификати расмийлаштирилади. Соғлиқни сақлаш вазирлиги бош трансплантологи Улуғбек Йўлдошевнинг айтишича, айни пайтда беморларга берилаётган “Ролиграф” дори воситасининг таркиби ва таъсир этувчи моддаси “Панграф” дори воситаси билан бир хил. “Панграф”, “Програф”, “Такролимус” дори воситалари суткасига икки марта қабул қилинган бўлса, “Адваграф” ва “Ролиграф” дори воситаларининг таъсири узайтирилган бўлиб, улар суткасига бир марта қабул қилинади. Фарқи шунда.

Депутат Муҳаррам Дадахўжаева мурожаатларни оғзаки ва ёзма тарзда қабул қилиб олди. Айни пайтда парламентнинг қуйи палатасида “Инсон органлари, тўқималари ва (ёки) ҳужайраларини трансплантация қилиш ҳақида”ги қонун ло­йиҳаси ишлаб чиқилмоқда. Депутат мазкур қонун ижодкорлигида фуқароларнинг мурожаатида тилга олинган масалалар ўртага ташланишини билдирди.

Шунингдек, мазкур масала юзасидан мутасадди ташкилотларга сўров чиқаришни маълум қилди.

Дурдона Алимова.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

two × one =