“Отамдан қолган далалар” экранга қайтадими?

“Hurriyat” газетасининг 2021 йил 3 февраль 5-сонида чоп этилган Шерзод Маҳмудовнинг: “Отамдан қол(ма)ган далалар!” мақоласини ўқиб…

 

Тоғай Мурод ҳақида гап кетганда, кўпинча ёзувчининг “Мен ўзбек халқига ҳайкал қўяман”, деган сўзлари ёдга тушади. Асарларини ўқиган, унда адибнинг юрак уришини, кечинмаларини кўра билганлар ёзувчининг ўз ваъдасини бажара олганини ҳис қилиши табиий ҳол.

Айрим китобни варақлаб-варақламай ҳукм ўқийдиганлар ёки “лупа” билан курмак изловчилар эса баланд овозда айтишга журъат қила олмайдиган иддаоларини пичирлашади. Тоғай Мурод яратган ҳайкаллар эса аллақачонлар пичинглардан баландда, адабиётнинг абадият бўстонида муносиб ўрнини эгаллаб бўлган. Буни англаш учун на адабиётшунослик илми, на дорилфунун дипломи керак, назаримда. Адибни англамоқ учун, шу халқнинг бир вакили сифатида, ҳеч бўлмаса битта асарини, мисол учун, “Отамдан қолган далалар”ни ўқиш, кифоя.

Аслида Тоғай Муроднинг ўқувчилар меҳрини қозонишига асосий омил бу — унинг ўз миллатини яхши кўргани бўлган десак, хато бўлмаса керак. Адиб шу элнинг гадосию амалдорини, ғарибу ғуробосини бирдек кўриб, ўзиники, қондоши, жигардоши деб билди. Барчасини ардоқлаб тилга олади. Яхши кўради. Шу меҳр тафти туфайли ҳам ёзувчининг асарлари китобхонни сеҳрлайди гўё.

Баъзан ўйлаб қоламан: Тоғай Мурод қандай юрак билан халқига ҳайкал қўйишдек катта ваъдани берди экан? Бу фикр, бу қатъий мақсад унда қачон пайдо бўлган? Жавобни эса адибнинг “Мен” номли ўзи ёзган таржимаи ҳолидан топгандек бўламан: “Ана шу вақт қатағон авж олди. Ишдан ҳайда-ҳайда авж олди. Фирқадан ўчир-ўчир авж олди. Сур-сур авж олди. Ниҳоят… қама-қама авж олди. Ўзбек зиёлилари кишанбанд бўлди. Ўзбек зиёлилари маҳбус бўлди… Ана шунда полвонлик қоним қайнади!..

— Мен ўзбек халқига ҳайкал қўяман!

Мен ана шундай шаҳд билан оламжаҳон ғанимларим сари шайландим. Адабиёт институтида ўқиш учун йўл олдим. Барча ҳайрон бўлиб қолди. Боиси — мен эндигина уйланиб эдим.

— Саводнинг мазаси йўқ, Москвада ўқиб келмасак бўлмади, — дедим.

Дардим ўқиш бўлмади. Дардим прокуратуралар бўлди, дардим судлар бўлди”.

Қизиқ, бу қандай дард экан? Бу дарднинг отини ёзувчининг 1988 йил 29 январда “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида чоп этилган интервьюсидан билиб оламиз: “Менми? Мен “Отамдан қолган далалар” деган бир асар дардида юрибман. Эҳтимол роман бўлар, эҳтимол қисса бўлар? Билмадим. Ишқилиб, кўнглимда борини тўкиб соламан”.

Гувоҳи бўламизки, Тоғай Мурод “Отамдан қолган далалар” романининг илк уруғи кўнглига тушганда халқига ҳайкал қўя олишини ҳис қилган. Чиндан ҳам, бу асар Деҳқонқул образида бутун бошли халқ қиёфаси, дарду ғурбати, ориятию номуси, мутеълигию букилмаслигини, қўйингки, инсон хулқ-атворини бор бўй-басти билан кўрсата олди. Шу боисдир китобхон уни қайта-қайта ўқиса-да, яна ўқигиси келади, асарнинг ҳеч оҳори тўкилмайди. Роман ўз муносиб баҳосини аллақачон олган бўлса-да, бундан кейин ҳам муштарийлар эътирофига сазовор бўлаверади.

Қолаверса, шу роман асосида суратга олинган фильм ҳам ўз даврида олқишларга муносиб кўрилганини санъатшунослар тасдиқлашади. Фильм таниқли режиссёр Шуҳрат Аббосов томонидан суратга олинганди. Бу киноасар томошабин меҳру муҳаббатига сазовор бўлганини режиссёрнинг ўзи Тоғай Мурод ҳақидаги хотираларида шундай ёдга олади: “Эсимда, Бухорода ўтказилган кино кунларида ҳаво 20 даража совуқ эди. Залда тумонат одам. Мен қалин кийиниб олган бўлсам-да, музлаб қолаётгандек бўлганимдан, совуқда ўн дақиқа ҳам ўтиролмадим. Ҳаттоки, кичкина болаларгача тўрт соатлик кинони охиригача кўрди, ҳеч ким залдан чиқиб кетмади. Бунга сабаб нима эди? Томошабинни қандай жозиба тўрт соатлик кинони кўришга мажбур этди? Ахир “Отамдан қолган далалар” фильми Америка киноларига ўхшаб детектив бўлмаса ёки Мексика сериалларига ўхшаб бир илмоқ билан томошабинни алдаб ўтирмаса… Йўқ! Томошабинни фильм охиригача ўтиришга мажбур этган сабаб — экранда аёвсиз, ҳаққоний ҳаёт кечмоқда эди”.

Чиндан ҳам, яхши асардан яхши кинолар яралади. “Отамдан қолган далалар” фильми аминмизки, бугун ҳам томошабиннинг юрак уришини маромдан чиқариб юборишга қодир. Чунки унда бадиийлик жозибасиаро тирик тарих ҳақиқати яшайди. Халқ эса ҳамиша ҳақиқатга чанқоқ. Аммо…

Аммо фильм бир намойиш этилди-ю мана бир неча ўн йилдирки, қайта намойиш қилинмаяпти.

Кўплаб сара фильмларимизнинг арраланиб, қайчиланиб эфирга узатилганини кўрдик. Ҳатто “Ўтган кунлар”дай нодир асарнинг ҳам қирқилганига гувоҳ бўлдик. Шукрки, бу рўйхатнинг “оқарганига” ҳам, анча вақт бўлди. Юртимиздаги очиқлик сиёсатини жаҳон афкор оммаси-да эътироф этаяпти. Лекин негадир “Отамдан қолган далалар” экранга қайтмаётир…

Ахир, шахсан Президентимизнинг ташаббуси ва қўллаб-қувватлашлари туфайли тарихий кинолар яратишга бел боғланди. Бу йўналишда бир неча фильмлар суратга олинди ҳам. “Отамдан қолган далалар” яқин ўтмишимиз ҳақидаги бебаҳо асар эмасми?! Унга ҳануз муносиб эътибор қаратилмаётганини қандай тушуниш мумкин?

Шуҳрат Аббосовнинг биз юқорида тилга олган хотира-мақоласида яна шундай жумлалар бор: “Отамдан қолган далалар” фильмининг давомийлиги тўрт соатни ташкил этади. Шундай қилиб, кино қўйилди. Томошабин шунақаям яхши қабул қилдики… қарсаклар, олқишлар зални тутди. Биз шу орада Тоғай Муродни йўқотиб қўйдик. Ахир, одатга кўра, премьерадан кейин зиёфат берилиши керак эди-да. Биз, фильм ижодкорлари бирга ўтиришиб, бир-биримизни табрикламоқчи эдик. Шу қидирамиз, Тоғай Мурод йўқ, бирдан ғойиб бўлиб қолибди.

Қизиқ одам эди-да Тоғай Мурод! Унга “Отамдан қолган далалар” асарининг фильм варианти ёқдими йўқми, билолмадим. Тоғай бу дунёдан ўтиб кетди… Лекин бир нарсага хурсандман: у мени сўкмади, ҳа, сўкмади. Чунки раҳматлик шундай ҳалол, принципиал одам эдики… Биринчидан, Тоғай Мурод ўз асарини саҳнага, экранга қўйишларига ҳамиша ҳам рози бўлавермасди. Иккинчидан, унинг ижозатисиз асарини саҳнага олиб чиққан беписанд санъаткорларнинг танобини тортиб қўярди. Муқимий театрида шундай воқеа бўлган, деб эшитганман”.

Бу фикрлардан англашиладики, асар муаллифига ҳам фильм маъқул келган эди. Халқимиз ҳам бу кинофильм қайтишини истайди. Яқин ўтмишимиздаги турли сабаблар боис, таъқиқга учраган қанча кинолар экранга қайтди. Масалан, “Шайтанат” фильми ҳам қайтди. Энди навбат — “Отамдан қолган далалар”га бўлса, ажаб эмас!

Ситора ТОЖИДДИНОВА,

журналист

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

ten − 5 =