Ойдай аён ҳақиқатга мункир қамар

ёки ўйнаб гапирсанг ҳам, ўйлаб гапир!

Мулоҳазаларимиз яна она тилимиз ҳақида. Унинг бугуни ва эртаси, унга муносабат, таассуфки турли ғайрли муносабатлар ҳақида ҳам.

Она тилимиз Ўзбекистон деб аталган ватаннинг ўзида ҳам осонликча давлат тили бўлиб қолмаяпти. Унинг равнақ топиб, яйраб-яшнашига, бошқаларни қўятуринг, ҳатто халқ ноибларининг бир қисми ҳам, азбаройи “партия”, “фракция” деган нарсаларни рўкач қилиб, қарши чиқишаётган экан, бошқалардан ўпкалаш чикора?

Бу тил давлат тили мақомини янада мустаҳкамласа, нима бўлар экан, аммо ҳалитдан баъзиларни бу ҳамон жазиллаётганини эшитиб турибмиз. Улар халқ иродасига қарши чиқиб, бугун бошқа тилга “расмий тил” мақомини беришни талаб қилишса, эртага қонуннинг ҳали у, ҳали бу моддасини “юмшатиш” талабида бўлишади. Ҳолбуки, юзлаб мамлакатларнинг тил ҳақида кескин қонунлари бор, ҳаммаси бинойидай ишлаб турибди ва ҳеч кимнинг улар билан иши йўқ, аммо ўзбек тилининг тўлақонли давлат тили бўлиб қолишига тиш-тирноғи билан қаршиларни санаб тугатиб бўлмайди.

Ким ўзи улар? Ўзбек тилини у миллат мамлакатининг ўзида четга суришдай машъум ҳаракатдан асл мақсадлари фақат тил масаласи, холосми?

Бизнингча, Ўзбекистон жуда катта стратегик манфаатларнинг қоқ марказида тургани учун ҳам шундай бўлаётган кўринади. Чунончи, Россия Ташқи ишлар вазирлигининг масъул ходими Мария Захарова ўтган йил ёз бошида ҳамма ишини бир четга қўйиб, биздаги тил сиёсатини таҳлил этган, якунида эса “Ўзбекистонда иш юритишда рус тилини қўллаш республика фуқароларининг манфаатларига мос келади”, деган мантиқдан йироқ бир “кашфиёт”ни майдонга ташлаган эди. Ундан роса бир йил аввал эса кўпчилик билган бир нечта “ўзбек” туз ичиб тузлуққа тупурган одамнинг ишини қилган эди. Ажаб, ҳар жавзо бошланганида буларнинг жазаваси тутадими, дейман?

Энди, тасаввур қилинг, масалан мен, бирон ижтимоий тармоқ орқали “Россияда иш юритишда инглиз тилини қўллаш бу юрт фуқароларининг манфаатларига мос келади”, деб даъво қилиб қолсам борми? Қилмайман, чунки бунақа ишдан, тўғрироғи, ишбузуқиликдан кимга наф? Ҳолбуки, Ўзбекистонда иш юритишда рус тилини қўллашга қараганда Россияда бу соҳада инглизчадан фойдаланиш Захарованинг айтганидан кўра мантиқлироқ. Чунки, глобаллашув даври. Замон шунақа экан деб инглизча сўзлаш ҳар кимсанинг тилида мода бўлди.

Аввало, Ўзбекистонда рус тилида иш юритиш қанақасига “ўзбекларнинг манфаати”га мос келади, буни далиллаш керак. Аммо ундан ҳам аввал, бу дунёи дунда манфаатдан каттароқ нарсалар ҳам борки, ўша туфайли Россияда рус тили давлат тили қилиб олинган, Ўзбекистонда эса ўзбек тили. Миллий ориятдан, миллий ҳамиятдан ҳеч ким воз кечиб кетган эмас.

Четдагиларку, нима дейишса ҳам “туя ҳаммомни орзу қилибди-да”, деб қўярсан, аммо ўз ичингдан чиққан олов ёмонроқ бўлар экан. Яқинда Самарқанд давлат университетида 58 йил ишлаб, энди Амриқога кетворган Аслиддин Қамарзода отли бир фан номзодининг Ўзбекистонда тожик тилига ҳам давлат тили мақоми берилсин, деган даъвосини ижтимоий тармоқларда ўқиб қолдим ва тилимиз ғанимларининг иш услублари хилма-хиллашиб бораётганига яна бир бор гувоҳ бўлдим.

Мундай олиб қараганда, “Она тилига ҳурматдир — асоси миллат, бошқа тилларни билишдир — фазилат”, дея донишмандона сўз бош­лаган муаллиф Ўзбекистонда ўзбеклардан кейинги энг катта этнос бўлган тожиклар тили давлат тили сифатида қўлланадиган ареални янада кенгайтириш тилагида, билибми-билмайми, бирмунча пасту баланд гапларни ёзгандай. Бироқ бу “алломаи замон” прописур оддийгина мантиққа риоя қилмас экан – икки бетлик мақола-мурожаатининг бир жойида тожиклар Ўзбекис­тон элининг “деярли ярмидан иборат” деса (17 миллион?), кейинги сатрда “инсоф” қилиб, 11 миллион нафар ҳақида гапириб кетади. Афтидан, 17 миллион билан 11 миллион орасидаги олти миллион одам домулло учун “ҳеч”, ёки ёшим саксондан ошди, энди алжирасам бўлаверади, дейдилар, шекилли.

Расмий маълумотларга кўра, Ўзбекистон аҳолисининг 4,8 фоизи тожиклардан иборат. Демак, Қамарзода 4,8 фоиз аҳолининг тили, мамлакат элининг 82 фоизини ташкил этган ўзбеклар тили билан баб-баравар “давлат тили” бўлиши лозим, деяпти.

Беш фоизга яқин тожик элининг тили Ўзбекистонда давлат тилига айланиши мантиқий бўлса, бунинг муқобилида Тожикистонда ўзбек тили ҳам давлат тили бўлсин, деб айтмабди-да домулло, деб ўйлайсан киши. Негаки, Тожикистонда ўзбеклар 4,8 эмас, 14 фоиздан ортиқ-ку, статистика бўйича?

Аммо бу фикр – хато бўлур эди. Тожикистонда фақат тожик тили, Ўзбекистонда эса фақат ўзбек тили давлат тили бўлиши керак, биз шунинг тарафдоримиз. Боягидақа иддаолар эса аслида, ҳар бир мамлакатда давлат тили тўғрисидаги қонунни кучайтиришга эмас, миллатлар орасига низо уруғини сочишга хизмат қилади. Қачонки, юзлаб давлатда битта тил устувор бўлгани ҳолда, икки-учтасида шунақа эканини достон қилиб, уларни байроқ сифатида кўрсатиш илмий тилда демагогия деб аталади. Чунки бугун она тилимиз ёнида исталган бир тилга (рус ёки тожик тили) шундай мақом берилиши ўзбек тилига, ўзбек миллатига ва Ўзбекистон давлатига ҳурматсизликдан бошқа нарса бўлмайди! Ойдай равшан бу ҳақиқатни мулло Қамарзода чиндан ҳам кўрмаяптими, ёки кўришни истамаётирми?

Масаланинг аслидан бехабар Аслиддин оға Марказий Осиёда азалдан яшаб келаётган қозоқлар, қирғизлар ва туркманларни жуда оз нисбатда кўради ва улар учун руслар, корейс, поляклар… қатори маданий марказлар тузилишини ёқлагани ҳолда, тожик маданий маркази керак эмас, зеро бу ер уларнинг ўз ватани, деган “даъво”ни олдинга суради. Бу эса муаллифнинг муддаоси аслида тил масаласи эмаслигини аён кўрсатади.

Сониян, бу “аллома” шуни яхши уқиб олиши керакки, нафақат тожиклар, балки қозоқлар, қирғизлар ва туркманлар ҳам шу масканнинг азалий эллари, улар бутун Марказий Осиёда асрлар давомида бирга, аралаш яшашади, бинобарин боягидай “бегоналатиш” фақат ноинсофлик бўлур эди.

Домлажон, дейман, ёшингиз саксондан ошибди, Амриқоларга бориб олибсиз, пири бадавлат ҳам бўлсангиз керак. Бойбува бўлиб юра беринг. Бой бўлишнинг эса биргина шарти бор, билсангиз керак. Аммо лекин бу гапларни аслида сизни рағбатлантирган ҳомийларингиз кутганидан ҳам “аъло” қилиб айтгандексиз. Чунки биз ноаҳил бўлиб, ўзаро можаролашиб юрсак, бўшаб қолган аскару аслаҳаларини қаерга жойлаштиришга боши қотиб юрган валинеъматларингизга зап баҳона бўлар эди-да. Биргина чатоғи, шунча гапни 58 йил давомида ичингизда сақлаб, миқ этмай юрганингиз ҳолда, олисга бориб, оғасини кўрганида ботирланиб, хезланиб кетувчиларга ўхшаб қопсиз.

Энди сизга бир “маслаҳат”: балки бу “назариянгиз”ни ҳозир ўзингиз яшаб турган Америкада амалга оширарсиз? Инглиз тили билан бирга, масалан, ҳиндуларнинг тили ҳам давлат тили қилиб белгилансин, деб кўринг. Ахир, инглизларнинг Ғарбий ярим шарга XVI асрдан сўнг боришгани маълум-ку?

Одатда, одам бирон ёққа сафар қилганида ҳаётни, ўтган умрини мушоҳада қилади, ажиб хулосаларга келади. Самарқанддай жойда – икки эл дўстлигининг сарзамини бўлган бу шаҳри азимда яшаган сиздай мўйсафид одам биродарлик алоқаларига янги туртки берадиган ташаббусларни олға сурса қани эди, деймиз. Аммо далага чиққан кишилар турлича бўлар экан-да: кимлардир гул-чечаклардан завқ олса, яна кимдир ердаги алафни тепиб, сассиғини чиқариб, димоғини чоғларкан…

Зуҳриддин ИСОМИДДИНОВ,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

nine + seven =