Икки минг олти юз ҳайрат водийига бир қадам…
Одам фикрлайдиган, сўзлайдиган хилқат. Бу ҳеч кимга янгилик эмас. Лекин бори янгилик Тангрининг жами махлуқлари орасида афзаллигимиз шу мўъжизанинг қатида. Шу сарварлик даражаси башар аҳли ичра мақомимизни белгилайди. Ахир сўзлашда ҳам сўзлаш, тафаккурда ҳам тафаккур бор-да. Даҳо билан ақли қосир кишининг ўйлари, тил қалдиратишида еру осмонча масофа, шамси қамар қиёсидек фарқ устувор. Лекин бу ҳамиша ҳам кўзга ташланавермайди…
Қолаверса, инсон табиати хўб ғаройиб. У ҳамиша теран фикрга ташна. Меҳрли сўзга илҳақ. Гўзал тасвирга ўч. Ҳар лаҳза Ҳақ ва ҳақиқат хаёли инсонни безовта қилади. Ҳал қилувчи зарба эса уни топмоқ, ҳис қилмоқ орасида бўлади.
Қатордан кам эмасмиз. Ҳазрат Навоийни ўйласак, манглайимиз ёришади. Бу фақат ифтихор туйғусидан эмас. Дунёни англашнинг ягона йўли бор: сут билан кирган, жон билан чиқар она тили. Она тилидаги сўзнинг жони бор. Таҳайюл, тафаккур, тасаввур, тасвир дунёларига фақат ўз алфозимиз калит бўла олади. Ўнта тилни жаҳд қилиб ўрганинг, ажнабий лисондаги сўзлар ўз тилингизда ўйланиб олинмаса, тасаввур бермаса, жонсиз, маъносиз сўзлар уюми бўлиб қолаверади. Дунёни чуқур англашни истар эканмиз, шу даражада аввало, қондош-тилдош сўз санъаткорларига қайта-қайта юкуниб боришга тўғри келади.
Ҳазрат Навоий ўтганидан кейин ҳам беш аср ўтди. Кўп нарсалардан ғубор ҳам қолмади, талай нарсалардан хабар ҳам топиб бўлмайди. Замонлар эврилишда, қарашлар ўзгаришда. Кеча ҳикматдай эшитилган гаплар бугуннинг тарозисини босолмайди: ўтмас, эскирган, хато, кераксиз…
Бироқ Навоий сўзига талаб вақт ўтган сари ортяпти. Бу жараённи изоҳлаб бериш душвор. Унинг кўлами Навоий сўзи каби маҳобатли, бардавом, барҳаёт. Айни шу талаб адабиётга ўлмаслик сувини ичиргани чин. Бу моҳият руҳиятга ниҳоятда зарур. Ўз қўли билан тартиб берган биринчи девон “Бадойиъ ул-бидоя”нинг дебочасида Навоий тилга олган ижоддан мақсад – бутун муслим башариятнинг юрагидаги жавҳардир. У қандай қаламкашни шоир деб атаса бўладиган мезон ҳамдир.
Ҳазрат Навоийнинг биргина ғазалиёт дунёсидан чинакам баҳраманд бўлишни истаган киши, ҳар ғазали англови, завқу ҳузурига бир кунини бағишласа арзийди. Шунда биргина “Хазойин ул-маоний” – “Маънолар хазинаси” уммонида 2600 кун, яъни 6 йилу 7 ой ғаввослик қилишга тўғри келар ва ҳеч ҳам бир-бирига ўхшамаган 2600 дури-жавоҳир топиши бегумон. Ҳеч қачон йўқолмайдиган, бир умр сарф қилса, қиймати камаймайдиган кўнгил жавоҳирлари булар. Мутолаа қуввати ва шавқида буюк шоирнинг шу дурдона ғазалларидан бирини шарҳлашга журъат этдик. Деганларимиз камчилигу хатодан холи бўлмаслиги мумкин. Лекин Навоийнинг ҳар бир ғазали мукаммал асар сифатида жаҳон адабиётининг энг ёрқин мўъжизалари, фалсафий-руҳий дунёнинг гўзал кашфиёти бўлиб ҳайратга солади.
Ана шу ҳайрат сизнинг ҳам ҳамроҳингиз бўлсин!
Ҳазрат Навоийнинг “Дўст” радифли ғазали бор. Ушбу ғазалга ҳеч кимса эътиборсиз қаролмайди. Ҳатто адабиётга, мумтоз шеъриятга бефарқ кўнгил ҳам беихтиёр ўйланиб қолади. У матлаъидан ўзига тортади.
Қилди душман раҳм баским,
қилди жавр изҳор дўст,
Эй кўнгул, душман топ эмди,
тутмағил зинҳор дўст.
Дўстлик жуда қадимий тушунча, аллақачон таъриф-тавсифи қотиб улгурган муносабат. Навоий эса ҳис ва ақл кучи ила бу тушунча маъносининг ботини – ҳаётда эврилишини тасвир марказига қўяди. Шунда қотган қарашларга дарз кетади.
Ғалати дунё бу… эҳтимол шунинг учун ҳам даҳри дун дейилар.
Истакка қарши, ҳаракатнинг акси, зоҳирий муносабатнинг тескарисини ботиний иш, амалда гувоҳи бўламиз. Дунёи қадимда ўзига дўсти-ҳабиб изламаган, ёру-рафиқ кўзламаган бирон-бир кимса бормикан? Аммо ҳазрат Навоийнинг нияти бунга чорлов эмас, усиз ҳам бу насиҳатни истаган одамдан эшитиш мумкин. Балки гўл, содда кўнгилларни ўзгарган маънавий одатлардан огоҳ этмоқчи бўлади.
Қилди душман раҳм баским…
Душман ҳам бизни тушуниши, ҳатто қисматимизга раҳм қилиши мумкин экан… Бу фикрнинг муҳимлигини, манзарани зоҳирида кўриш қийинлигини айтинг. Кейинги фикр эса содда қалбни баттар гангитиб қўяди:
…қилди жавр изҳор дўст.
Қарангки, ғанимнинг шафқати билан, олам гулистон бўлиб кетади, деб масрур хаёлларга берилиб ўтирганимизда, бало ўзимиздан чиқажагидан воқиф бўламиз. Қутулишнинг ҳеч иложи йўқ фожиа эсимизга солинади. Дўстнинг жабридан қайга қочиб қутулиш мумкин? Ундан қандай ҳимояланиш мумкин? Дўст қабилидаги ёвнинг хатти-ҳаракати, муомала-мадораси қанақа бўлади? Билмаймиз, билолмаймиз. Шунда… шоирнинг унча-мунча ақл эгасининг хаёлига келмайдиган даъвати бу муҳитдаги ягона чора каби янграйди:
Эй кўнгул душман топ эмди…
Тутмағил зинҳор дўст.
У фақат маслаҳат эмас, даъватгина эмас… унда яна аллақанча киноя, кутилмаган ҳикмат, фалсафа… инсоннинг зоҳирий-ботиний лаҳзада муҳрлаган реал фожиа ҳам жонланади.
Бу билан шоир ёв изла демайди, инсонни инсондан ажратиб, кимнинг кимлигини билмоққа ишора қилади. Душман душманлигини яширолмайди. Хавф очиқ, хатар аён. Шу боис ҳам ғанимни тушунса, у билан мардларча олиша туриб, уни кечирса бўлади. Ҳатто душманнинг марди унга нисбатан дўстлик, биродарлик туйғусини ҳам уйғотиши мумкин. Гўё Навоий “душман топ эмди” деганда шу яқинлик, ҳиссий алоқадорлик уйғонишини сатри аро яшириб кетгандек. Лекин ботини ёв, зоҳири ҳабиб дўстдан алҳазар. Шунинг учун ҳам шубҳага ўрин қолдирмайдиган қилиб, Навоий бу хавфдан огоҳ этади. Бунақа “дўстлар”дан умидини узиб, бизнинг ҳам умидимизни кесади…
Тутмағил зинҳор дўст!
Ҳар замон душманларим озурдадур,
эй дўстлар,
Баске, ҳар дам еткурур мен зорға
озор дўст.
Бу байтда ноаён фикрнинг ўзи йўқ. Бироқ кечажак жараён, орзуга тескари одамнинг нодонлигидан лавҳа, феъл-атворидан бир манзара – ҳақиқий ҳаётнинг бир парчаси кўзимизни ёшлайди.
Руҳоний тараққиёт юксалган сари курашлар ботинга кўчади. Шу билан ошкора кўрилган чора яроқсиз бўлиб чиқади. Кўп содда маслаҳатларнинг умри тугагани, таъсири қолмагани ҳам шундан.
Навоий сатрларининг ҳикматга айланиб бораётгани эса унда руҳнинг ҳам яширинча курашлари манзараси тилсим ҳақиқатлар сифатида жамулжам этилган. Шу боис ҳам бу байтнинг иккала сатри ҳам ниҳоятда замонавий топилма, дардимизни эсга солар огоҳлантириш.
Ғанимларнинг бир-биридан озурда бўлиши табиий ҳол. Лекин шу жойда иккинчи бир маъно яширинганга ўхшайди. Бадфеъллиги, ноҳақлигини англаб қолган душман ҳам қилмишларидан озурда, ўз ҳаракатларидан хафа, шундан озорланиб, дард чекиб турибди, лекин дўст қабилидагиларда шу сифат ҳам, шу фазилат ҳам йўқ, шундай бўлгани учун ҳам…
Баске, ҳар дам еткурур мен зорға озор дўст.
Бу доимий, қутулиш имконсиз озордан ёниб ўртанилади. Лекин мард душман сифатини айтаркан, қисмати яқин, ёнма-ён яшаётган “дўстлар” ҳам тушунса, қилмишини англаб, бу йўлдан қайтса демоқчи бўлади. Демак, Навоий сўзини ўқиб биламизки, душман етказган уқубат кулфат эмас, чинакам мусибат дўст озори…
Душман ар жонимни афгор айласа,
қилди биҳил,
Жавр тиғидан чу кўнглум айламиш
афгор дўст.
Шоир икки кулфатни бир-бирига солиштиради ва мутафаккирлиги ўлароқ уларнинг қай бири даҳшатлироқ эканлигини кўрсатади.
Душмандан душманлик кутмай, нима кутасиз? Шоир у жисмимни яраласа ҳам майли, розиман, бунга тайёрман, дейди. Биринчи мисрадаги жон сўзи кўпроқ моддиятга қаратилган. Ҳозирги лисонда кам учрайдиган “биҳил” сўзи эса “рози” деган маънони англатади.
Байтдаги фавқулодда маъно: ташқи душман зоҳиримизга, танимизга мажруҳлик етказиши мумкин, у кун келиб битиб кетади, фалокатнинг бош манбаи эса…
Эҳтимол, кимдир шоир фақат дўстидан куйган, ғазал шунга бағишланган экан, деб ўйласа хато қилади. Шоир ҳаммамиз ҳис қилмаган мураккаб жараённи ёрқин, ўзига хос тасвирлаб бергани боис ҳам шоир, англатгани сабаб мутафаккир. Аслида Навоий асл дўстлик йўли қаёқдалиги ғамини кўпроқ ейди. Ушбу байт шундан бир даракдир:
Кулса душман айб эмаским,
кўрмадим оз ҳам вафо,
Гарчи қозғондим қилиб жоним
фидо бисёр дўст.
Душман масхарасини айб, жиноят деб бўладими? Шукрки, вафони дўстдан оз кўрмадим, аммо бунинг учун жоним фидо бўлди.
Ўтган замонларга қараганда кунларимизда хушмуомалаликни кўпроқ учратамиз. Шуни вафо, меҳр ўрнида ҳам кўрамиз, ҳолбуки бу ҳаракатларнинг кўпи шунчаки, ясама. Кўнглимиз қотиб кетган, дийдаларимиз заранг, кўзимиз булоғи меҳр учун, вафо учун қуриб қолгандек… Чинакам меҳр, вафо эса фидойилик.
Шоирнинг бу лутфи муболаға эмас. Шоирнинг бу сўзи ҳақиқат. Шоирнинг бу санъати инсонлик ибрати. Атрофдагиларга биз ҳам вафо кўрсатайлик, меҳр улашайлик. Жонимиз фидо, кунларимиз қурбон бўлсин уларга. Шундагина дўстлар кўпаяди.
Соқиё, қил дўстлуқ, тут бодаким,
йўқтур ғами,
Бўлса олам душмани ҳар кимга
мендек бор дўст.
“Соқиё” дейилганда, биринчи навбатда, Яратган назарда тутилганини унутмайлик. Шундагина байтни тўғри тушуниш, ундан шунга яраша руҳий озуқа олиш мумкин. Ҳа, ҳар биримизга Яратган дўстлик, меҳрибонлик қилсагина, бу ҳузур-ҳаловат, вафодорликнинг чек-чегараси бўлмайди… Иккинчи, учинчи – бир талай уст ва таг маъноларда эса теваракдаги ҳар турли дўстлар сиймосини таниб олавериш мумкин.
Бу ердаги “бода” сўзи меҳр маъносида келади. Меҳр бор жойда ғам чекинади, жами олам душманингиз бўлгани билан сизни тушунадиган бир дўст бор экан, сизга бу оламда курашиш, севиш ҳуқуқини берибгина қолмасдан, сизни тушуниш саодатини ҳадя этади. Бу оламда одам одамни тушуниш бахти бор экан, кишилик жамияти, меҳр-муҳаббат силсиласи бардавом.
Ҳазрат Навоий эса охиригача муносабатдаги ноқисликни кишилар комиллигига соя солаётганидан қайғуради, дўст суратидаги душманлардан асраниш, асраш пайида бўлади. Сўнгги байт ҳам ана шу ясамаликни, номардликни фош этади, тиригини ўлик деб хулоса чиқаради. Бу ғавғолардан воқиф кўнгил эса ўлдим деганда ҳам тириклардан-да тирик деб билади.
Итларинг ғавғо қилур гўё Навоий ўлдиким,
Боши узра жамъ ўлуб афғон
қилурлар ёру-дўст.
Вафо ФАЙЗУЛЛОҲ