Замон билан ҳамнафас

Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмасининг бир йиллик фаолиятига назар

 

2021 йил 4 июнь. Шу куни пойтахтдаги Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасининг навбатдан ташқари конференцияси бўлиб ўтди. Йиғилишда ташкилий масала кўрилиб, конференция иштирокчилари таниқли журналист ва ҳуқуқшунос Олимжон Ўсаровни Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасининг янги раҳбари этиб сайлади.

Вақт деганлари югурик. Мана, орадан бир йил ўтди, демак, сарҳисоб қилиш палласи ҳам етиб келди! Хўш, шу давр мобайнида Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси Олимжон Ўсаров раҳбарлигида қандай ишлар амалга оширилди?

Келинг, сарҳисобдан олдин “Мозийга қайтиб иш кўрмоқ хайр­лидир” деганларидек, аввало, Уюшманинг кечаги кунига назар ташлайлик. Очиғини айтиш керак, неча ўн йиллар давомида Уюшма ўз олдига қўйган мақсадларни тўлақонли бажара олмади, бунинг объектив ва субъектив сабаблари бор эди, албатта. Уюшма номланишидаги каби журналистлар ҳуқуқини ҳимоя қилувчи, уларни ижтимоий-маънавий қўллаб-қувватловчи, ёш кадрларнинг малакасини оширишга кўмаклашувчи эмас, шунчаки ижодий ташкилотга айланиб қолганди.

Бугун бемалол айта оламиз: Олимжон Ўсаров раҳбарлигида Уюшма журналистларнинг яқин ҳамкори, маслаҳатчисига айланиб бормоқда. Шу билан бир қаторда ташкилот — соҳа ривожига, миллий оммавий ахборот воситалари равнақига кўмак бериш ва сифат жиҳатдан янги босқичга кўтаришга ҳисса қўшиш, жаҳон андозалари талаблари даражасида фаолият кўрсатиши учун зарур шароитларни яратиш, журналистларнинг касбий маҳорати, интеллектуал савия­сини ошириш, уларнинг ижтимоий ҳаё­тидаги фаоллигини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратмоқда. Энг асосийси, юртимизда амалга оширилаётган ижтимоий-сиёсий жараёнларга, ОАВ ёки журналистлар фаолиятига доир масалаларга Уюшма томонидан тезкор муносабат билдириш амалиёти шакл­ланди.

Уюшманинг вилоятлардаги бўлим­лари фаолияти жонланди. Кечагина янги, ёш раисга ишонқирамай қараганлар бугун ўзлари иш маромини ўзгартиришга, фаолроқ бўлишга ҳаракат қилмоқдалар.

Аниқ мисолларга тўхталиб ўтсак, Миллий матбуот марказида Уюшма раисининг ОАВ ходимлари билан учрашувларини ўтказиб бориш анъанавийлик касб этди. Учрашувларда Уюшма томонидан бажарилган ишлар ва истиқболдаги режалар, лойиҳа-дас­турлар ҳақида батафсил маълумот берилмоқда, муҳокама қилинмоқда.

Журналистлар билан яқиндан мулоқот қилиш, уларни қийнаётган муаммолар билан бирга таклифлари, мурожаатларини ҳам атрофлича ўрганишга киришилди. Шу мақсадда журналистлар билан тўғридан-тўғри мулоқот қилиш учун уюшма раиси алоҳида @jurnalist_uz_bot каналини ишга туширди. Бу орқали кўп­лаб ҳамкасбларимизнинг соҳа ривожига бефарқ эмаслиги, юзлаб ёшларимиз бугунги замонавий журналис­тика ихлосманди экани маълум бўла бошлади.

Яна бир муҳим жиҳати, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси   ва Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ўртасида меморандум имзоланди. “Замонавий масс-медианинг долзарб муаммолари” мавзусида республика илмий-амалий конференциясида миллий журналистикамиз олдида турган муҳим масалалар муҳокама этилди. Хўш, меморандумдан кўзланган мақсад нима? Биринчидан, назария қачонки амалиёт билан чамбарчас боғланганидагина салоҳиятли кадрлар етишиб чиқади. Уюшма талабаларнинг таҳририятларда намунали амалиёт ўташи, тажриба ошириши учун “Устоз-шогирд” анъаналарини тиклаш масалаларини ўз зиммасига олди. Таниқли, тажрибали журналистларнинг маҳорат мактаблари ташкил этилди. Иккинчидан, университет профессор-ўқитувчиларнинг фақат назарияга боғланиб қолмасдан амалиётда учраётган масалаларни ҳам илмий жиҳатдан асослаб, таҳлил қилиб беришига имконият яратилди.

Бундан кўриниб турибдики, Уюшма ва университетнинг яқин ҳамкорлиги миллий журналистикамиз равнақи йўлида хизмат қилади.

Дарҳақиқат, Уюшма оммавий ахборот воситаларини ривожлантиришга кўмаклашиш, соҳага профессионал кадр­ларни етказиб бериш борасида ўз олдига катта мақсадларни қўймоқда. Журналистларни ҳам, блогерларни ҳам ижтимоий ҳаётда фаол бўлишга даъват этмоқда.

Зеро, сўнгги йилларда миллий журналистика соҳасида рўй берган ўзгариш ва янгиланишларни илгари тасаввур этиб бўлмасди. Айни пайтда соҳа ва унинг вакилларига кенг эркинликлар берилиши журналистлардан замон билан ҳамнафас бўлиш, бир қадам олдинда юришни тақозо этади.

 

“ЎЗБЕКИСТОН МАТБУОТИ” ВА “МУШТУМ” ҚАЙТА ТИКЛАНДИ

 

Биз ўзбек матбуоти катта ва шонли йўлни босиб ўтгани билан ҳамиша фахрланамиз. Аммо бир асрдан ортиқ вақт мобайнида зиёлиларга ҳамроҳ бўлган, журналист ва матбаачиларни бирлаштирган, уларга муносиб минбар бўла олган “Ўзбекистон матбуоти” журнали қарийб икки йил чоп этилмай қолганди.

Дастлаб 2018 йилнинг 15 июлида “Туркистон матбаачиси” (“Туркестанский печатник”) номи билан ўзбек ва рус тилларида яхлит ҳолда бир ойда икки марта нашр этилган журнал кейинчалик “Мухбирлар йўлдоши” номи билан чоп этила бошлаган. Гарчи кейин ҳам номланиши кўп бора ўзгартирилган бўлса-да, журналистларнинг яқин ҳамроҳи бўлишда давом этади.

1991 йил январдан журнал яна “Ўзбекистон матбуоти” (1965-1968 йилларда ҳам шундай номланган) номи билан нашр қилинди. Мустақилликнинг дастлабки йилларидаёқ ХХ аср бошларида миллий матбуотимизнинг тамал тошини қўйган маърифатпарвар матбуотчиларимиз анъаналарига мувофиқ, юксак ватанпарварлик, миллатпарварлик руҳидаги илмий-таҳлилий, маънавий-маърифий, фалсафий, танқидий мақолалар эълон қилинди. Улар журналистик ижод ва публицистиканинг энг ёрқин намуналари сифатида эътироф қилинди.

Демак, 100 йилдан ортиқ вақт мобайнида турли даврлар ва эврилишлар аро турли номларда бўлса-да, журнал ўзбек матбуоти ва матбаачилиги вакилларига, оддий мухбирдан тортиб, маҳоратли журналист ва малакали ноширлар, радио ва телевидение ходимларига яқин ҳамфикр, ҳамсуҳбат, кези келганда, устоз вазифасини бажариб келди.

Икки йиллик танаффусдан сўнг Ўзбекис­тон Журналистлари ижодий уюшмаси ва ҳамкорлар саъй-ҳаракатлари билан “Ўзбекистон матбуоти” яна чин маънода ҳаётга қайт­­ди, қайта нашр қилина бош­лади. Журналнинг тақдимот маросими нафақат маҳаллий матбуотда, балки хорижий ОАВ, хусусан, Туркия, Озарбайжон телеканалларида кенг ёритилди.

Кулгисевар халқимизга салкам бир асрдан буён табассум улашиб келган “Муштум” журналининг фаолияти ҳам сўнгги йилларда тўхтаб қолганди. Бу журналга   маърифатпарвар жадид боболаримиз асос солган, 1923 йилдан нашр қилина бошлаган. Юзлаб танқидий мақолалар, фельетонлар жамиятни турли иллатлардан тозалашда “Муштум”нинг асосий қуроли ҳисобланган.

Ўз вақтида “Муштум” журнали бир ойда икки марта чоп этилган, бир ойлик умумий тиражи 1 500 000 дан ошиқни ташкил этган. Ўзбекистонда деярли бу журнал кириб бормаган шаҳар, қишлоқ, туманни, ташкилот ва хонадонни топиш қийин эди.

Сўнгги йилларда “Муштум” журнали таҳририяти иқтисодий муаммолар гирдобига тушиб қолишининг маълум сабаблари бор, албатта. Унинг моддий-техника базаси, кадрлар салоҳияти замонавий талаблар даражасида қайта шакллантирилмади.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ва ташаббускорлар кўмаги билан “Муштум” журнали чоп этила бош­ланди. Ва яна халқимизга табассум улашишга киришди.

 

ЙИГИРМА ЙИЛДАН СЎНГ…

 

Уюшма фаолияти жонланиши билан узоқ йиллардан буён журналистларни қийнаб келаётган аъзолик масаласи ҳам ҳал этилди. Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси 1957 йилда ташкил топган бўлса, ўтган йиллар мобайнида 20 мингга яқин журналист аъзоликка қабул қилинган. Аммо маълум сабабларга кўра, 2001 йилдан бошлаб аъзолик тўхтатилган. Уюшманинг 2019 йил июль ойидаги конференциясида аъзоликка қабул қайта тиклангач, аъзолик гувоҳномаси, кўкрак нишонлари янгидан тайёрланади. Бироқ коронавирус пандемияси туфайли бу жараён яна тўхтаб қолади.

Тасаввур қилаяпсизми, 20 йил деганда янги аъзоларни қабул қилиш жараёни бошланди. Уюшма раиси сайлангач, дастлаб “Овози тожик” ва “Нурли жол” газеталари таҳририятига бориб, ходимларга яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишди. Ҳар иккала жамоага замонавий компьютер тўпламлари совға қилинди ҳамда энг фаол таҳририятнинг журналистларига Уюшмага аъзолик билети ва кўкрак нишони тантанали вазиятда топширилди.

Ўтган қисқа давр ичида Уюшмага аъзо бўлиш истагини билдирганлар сезиларли кўпайди. 2021 йил мобайнида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳри бўйича 160 нафар, бу йил 61 нафар   энг фаол журналистлар Уюшма аъзолигига қабул қилинди. Уларга аъзолик гувоҳномалари ва кўкрак нишонлари Уюшма ҳудудий бўлимлари томонидан ташкил этилган тадбирларда тантанали равишда топширилмоқда.

Уюшмага аъзо бўлиш истагини билдирган журналистлар учун Jurnalistlar.uz веб-сайтида барча маълумотлар жойлаштирилди.

 

“ЖУРНАЛИСТЛАР БОҒИ”НИ ЯРАТИШ ТАШАББУСИ

 

Президентимиз раислигида 2021 йилнинг 2 ноябрь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида 200 миллион туп дарахт ва бута кўчатларини экиш ва шу орқали шаҳарлардаги яшил майдонларни ошириш юзасидан дарахт экиш бўйича “Долзарб 40 кунлик” эълон қилинди.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасига муносиб ҳисса қўшиш мақсадида “Журналистлар боғи”ни яратиш ташаббуси билан чиқди.

Бу ташаббус қатор оммавий ахборот воситаларида фаолият олиб бораётган ҳамкасбларимиз ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан қўллаб-қувватланди. 2021 йилнинг 14 ноябрь куни Тошкент шаҳридаги “Боғишамол” кўчаси бўйлаб кўчат экиш тадбири уюшқоқлик билан ўтказилди. Унда пойтахтдаги барча таҳририятлар вакиллари, журналист кадрлар тайёрловчи олий таълим даргоҳлари профессор-ўқитувчилари, талаба-ёшлар фаол иштирок этишди. Кейинчалик бу тадбирлар Андижон, Самарқанд, Бухоро ва Қорақалпоғистон Республикасида давом эттирилди ва вилоятларда ҳам “Журналистлар боғи” ташкил этилди.

 

МЕДИАФОРУМЛАР ВА ТАРАҚҚИЁТГА ДАХЛДОРЛИК ТУЙҒУСИ

 

Жорий йилнинг 25-30 март кунлари Навоий вилоятида ўтказилган “Миллий журналистика: анъаналар давомийлиги ва замонавийлик” мавзусидаги I респуб­лика медиафорумида Янги Ўзбекистон медиамаконида миллий журналистика анъаналари ва замонавийлик тамойилларини уйғунлаштириш муҳокама марказида бўлди. Анжуманда бугун оммавий ахборот воситалари олдида турган долзарб вазифалар, ечимини кутаётган масалаларга янгича ёндашув, журналистика соҳасида тўпланган тажриба ва давр талаблари хусусида атрофлича фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Мазкур медиафорумда давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 26 июнда Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан соҳа вакилларига йўллаган табригида журналистларнинг малакасини ошириш, уларнинг ижодий салоҳиятини юксалтириш, тажриба алмашинувини йўлга қўйиш мақсадида ҳудудларда минтақавий семинарлар, давра суҳбатлари, учрашувлар ташкил этиш бўйича Ўзбекис­тон Журналистлари ижодий уюшмаси олдига қўйилган вазифалар ижроси доирасида ташкил этилди.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси, Навоий вилояти ҳокимлиги, “Навоий кон-металлургия комбинати” акциядорлик жамияти ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур медиафорумда Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри, вилоятлардан 102 нафар ОАВ вакили иштирок этди ва телевидение, радио, матбуот ва интернет нашрлари тўлиқ қамраб олинди. Таъкидлаш жоизки, шу пайтгача Уюшма томонидан бундай кенг кўламли медиафорум ўтказилмаганди.

Хабарингиз бор, ўтган йили Ўзбекис­тон Журналистлари ижодий уюшмаси томонидан бир қатор ташаббуслар, яъни миллий медиа маконимизга дадил кириб келаётган ёш журналистлар, блогерлар, ахборот тизимлари ходимлари иштирокида “Миллий журналистика: анъаналар давомийлиги ва замонавийлик” мавзусида илмий-амалий конференция ташкил этиш, шунингдек, оммавий ахборот воситаларида “Ўзбекистон журналистика мактаби: ижодий мерос ва анъаналар”, “Жамият ва оммавий ахборот воситалари”, “Журналистика одоби” каби мавзуларда давра суҳбатлари ва маҳорат дарслари, ижодий танловлар уюштиришга доир таклифлар илгари сурилганди.

Бундай тадбирлар журналистларнинг назарий билим ва маҳоратини ошириш билан бирга, бугунги глобаллашув ва ахборотлашган жамият шароитида журналистлар олдига қўйилаётган талаблар ва тамойиллардан воқиф бўлиш, ўзаро тажриба алмашиш имкониятини бермоқда. Уларни бир эзгу мақсад йўлида жипслаштиради.

Фарғона туманининг “Чимён” сиҳатгоҳида ташкил этилган “Жамият ва оммавий ахборот воситалари”   мавзусидаги анъанавий Х Чимён медиафоруми ҳам бунга бир мисол бўлади.

Навоий вилоятида беш кун давом этган медиафорум иштирокчилари вилоятда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, йирик ишлаб чиқариш объектлари, саноат корхоналари фаолияти билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлишди.

Медиафорум доирасида ўтказилган тадбирларда Навоий вилояти ҳокими Нормат Турсунов, “Навоий кон-металлургия комбинати” АЖ Бошқаруви раиси, Ўзбекистон Қаҳрамони, Сенатор Қувондиқ Санақулов иштирок этгани мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан келган медиа соҳаси вакилларига, журналистларга кўплаб саволларга жавоб олиш имконини берди.

Ҳар жиҳатдан юксак савияда ташкил этилган ушбу медиафорумда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси, уюшманинг Самарқанд вилояти бўлими раиси Фармон Тошев, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, таниқли журналист Расул Кушербоев, Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори, ЎзММА Бошқаруви раиси Шерзодхон Қудратхўжа, Ўзбекис­тон Миллий ахборот агентлиги бош директорининг биринчи ўринбосари Собир Шукуров, “Халқ сўзи” газетаси бош муҳаррири ўринбосари Шуҳрат Жаб­боров, “Жаҳон адабиёти” журнали бош муҳаррири Аҳмаджон Мелибоев, “Ishonch”—“Ishonch-Доверие” газеталари бош муҳаррири Ҳусан Эрматов, “Қишлоқ ҳаёти” газетаси бош муҳаррири Чори Латипов, “XXI asr” газетаси бош муҳаррири Норқобил Жалилов, “Hurriyat” газетаси бош муҳаррири Абдурасул Жумақулов, Ўзбекистон педагогика фанлари илмий-тадқиқот институти профессори Муҳаммаджон Қуронов сингари эл таниган ижодкорлар соҳа истиқболига оид долзарб мавзулардаги маърузалари билан иштирок этди.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ва Жиззах вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида вилоятда олиб борилаётган ислоҳотлар, янгиланишлар билан кенг жамоатчиликни янада яқинроқ таништириш мақсадида шу йилнинг 30-31 май кунлари “Янгиланаётган Жиззах – журналистлар нигоҳида” мавзусидаги халқаро медиатурда юртимизнинг марказий нашрлари ҳамда 15 нафар хорижий оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этишди.

Халқаро медиафорум Жиззахнинг суюкли фарзандлари Шароф Рашидов, Ҳамид Олимжон ва Зулфияхоним ёдгорлик мажмуаларини зиёрат қилишдан бош­ланди. Журналистлар вилоятда сўнг­­ги йилларда амалга оширилган улкан бунёдкорлик ишлари билан яқиндан танишдилар. Биргаликда шиддат билан ривожланаётган туристик объект­ларда бўлдилар, муқаддас қадамжоларни ҳам зиёрат қилдилар.

Халқаро медиатур таассуротлари деярли ҳар куни “ТАСС” мухбири Валерий Бирюков (Россия), “АзерТадж” мухбири Гулу Казимов (Озарбайжон), “Рейтер” мухбири Муҳаммадшариф Маматкулов (Буюк Британия), “Анадолу” мухбири Бахтиёр Абдукаримов (Туркия), “Фарсньюс” мухбири Шерали Авезметов (Эрон), “ТРТ” телеканалининг Ўзбекис­тондаги ваколатхонаси раҳбари Низам Шаҳин (Туркия), “Фергана.ру” мухбири Андрей Кудряшов (Россия), “Жумҳурият” газетаси мухбири Мирасрор Аҳроров (Тожикистон), “Регнум” мухбири Ниёзматов Абу Али (Россия),   “Орзу ТВ” журналистлари Саид Санжар Барлос, Абид Аҳмад Басир (Афғонистон) томонидан кенг ёритилиб борилди.

Бир сўз билан айтганда, “Янгиланаётган Жиззах — журналистлар нигоҳида” мавзусидаги халқаро медиатур юқори савияда ва таассуротларга бой кечди.

 

ХАЛҚАРО АЛОҚАЛАР

 

Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси хорижий мамлакатлардаги журналистлари уюшмалари билан алоқаларни мустаҳкамлашга интилмоқда ва Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо давлатлар медиа тузилмалари вакиллари иштирокида Тошкентда халқаро форум ўтказишни режалаштирган.

Шу ўринда, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси Олимжон Ўсаров ва Халқаро матбуот институти Озарбайжон миллий қўмитаси раиси Умуд Мирзаевнинг учрашувини алоҳида эслаб ўтиш жоиз. Мулоқотда икки давлат журналистлари ўртасида ўзаро тажриба алмашишни йўлга қўйиш келишиб олинди.

Россия Федерацияси “ЕвроМедиа” халқаро нашриёт уйи ҳокимият органлари билан алоқалар департаменти директори Галина Амирова, “МедиаЮг” нашриёт уйи ижрочи директори Владимир Денисовнинг таклифига кўра, 2021 йил 27 октябрь куни Миллий матбуот марказида ўтказилган Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раҳбарияти билан учрашув ҳам самарали бўлди.

Бундан ташқари, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия ва Ҳиндистон журналистлари уюшмалари билан ҳамкорлик меморандумини имзолаш, Хитой, Жанубий Корея, Россия журналистлари уюшмалари билан келишилган ҳолда бир гуруҳ журналистларни шу давлатларга хизмат сафарига юбориш кўзда тутилган. Буларнинг барчаси журналист кадрлар салоҳиятини ошириш, уларни замон талабларига жавоб берадиган профессио­нал даражага олиб чиқиш мақсадида ташкил этилади.

Бугунги кунда юртимизда кўплаб хорижлик журналистлар фаолият юритмоқда. Мамлакатимиз ОАВларининг ҳам чет элларда мухбирлик пунктларини очиш вақти келди.

2022 йил 7 май куни Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ва Тожикистон Журналистлари иттифоқи ўртасида ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Миллий матбуот марказида бўлиб ўтган тадбир мазкур ҳамкорлик масаласига бағишланди. Анжуманда Ўзбекис­тон Журналистлари ижодий уюшмаси ва Тожикистон Журналистлари иттифоқи томонидан бир гуруҳ журналистларга аъзолик гувоҳномалари ҳамда кўк­рак нишонлари топширилди.

 

“АТИРГУЛ” — ЖУРНАЛИСТ АЁЛЛАРГА МУНОСИБ ТУҲФА

 

Юртимиз тараққиёти йўлидаги эзгу мақсадларни рўёбга чиқариш, Янги Ўзбекистон руҳига мос янгича тафаккур тарзини шакллантириш, умуминсоний қадриятларни тарғиб этиш, ёш авлод маънавиятини юксалтиришда журналист хотин-қизларнинг ҳам муносиб хизмати бор.

Бугунги кунда олий ўқув юртларини тамомлаб, журналистика соҳасига кириб келаётган кадрларнинг 60-70 фоизини хотин-қизлар ташкил этаётгани, оммавий ахборот воситаларида кўпчилик журналист аёллар хизмат қилаётгани барчага маълум.

Журналистик фаолият билан шуғулланаётган зукко опа-сингилларимиз томонидан ёзилган мақолалар, тайёрланган телекўрсатув ва радиоэшиттириш­ларда нафақат касб маҳорати, балки қалб қўри, аёллик назокати ҳам яққол сезилиб туради. Республикамиз миқёсида ўтказиладиган журналист хотин-қизлар ўртасидаги танловнинг “Атиргул” деб номланиши бежиз эмас. Зеро, атиргул тимсолида аёл нафосати ва гўзаллиги мужассам.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси қошидаги Журналист аёллар кенгашининг 2021 йил ноябрь ойида ўтказилган йиғилишида Уюшма раиси ­томонидан “Атиргул” танловини қайта тиклаш, мазкур танлов ғолибларини 8 март — Халқаро хотин-қизлар куни арафасида тақдирлаш таклифи билдирилди ва таклиф Кенгаш томонидан қўллаб-қувватланди ва тегишли қарор қабул қилинди.

Ҳақиқатан ҳам, журналист аёллар орасида мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига ўзларининг салмоқли ҳиссасини қўшиб келаётган, юксак маънавиятли, оилада ва фарзанд тарбиясида ибрат бўлиш билан бирга ўз касбий фаолиятида фидойилик кўрсатаётган хотин-қизлар ўртасида танловнинг қайта тиклангани айни муддао бўлди.

“Атиргул” танлови журналист аёлларнинг касбий маҳоратини ошириш, улар ўртасида соғлом рақобатни юзага келтириш, иқтидор эгаларини рағбатлантириш, босма ОАВ, интернет нашрлар ва эфирга узатиладиган телерадиомаҳсулотлар сифатини яхшилаш, материаллар тайёрлашда фикрлар хилма-хиллиги ва турлича ижодий ёндашувларга самарали таъсир кўрсатиши шубҳасиз.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, “Атиргул” танлови номигагина тикланмади, замон руҳига мос янги маъно-мазмун касб этди. Буни танлов йўналишлари ҳам англатиб турибди.

Мухтасар айтганда, “Атиргул” танловининг қайта тиклангани ва ўтказилгани журналист аёлларга эҳтиромнинг ўзига хос рамзи дейишимиз мумкин. Ғолибларга диплом, махсус статуэтка ва қимматбаҳо совғалар 8 март – Халқаро хотин-қизлар байрами арафасида тантанали равишда топширилди.

 

“ОЛТИН ҚАЛАМ” — ЮКСАК РАҒБАТ ВА ЭЪТИРОФ

 

Биргина ўтган 2021 йили юз нафардан ортиқ журналистлар, матбуот вакиллари давлатимизнинг юксак мукофотлари — орден ва медаллар билан, минг нафарга яқин журналистлар эса “Ўзбекис­тон Республикаси Мустақиллигининг 30 йиллиги” эсдалик нишони билан тақдирлангани ҳам соҳа вакилларига қаратилаётган юксак эътибордан далолат беради.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси томонидан қатор   ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда 2006 йилдан бери ўтказиб келинаётган “Олтин қалам” Миллий мукофоти   учун халқаро танлов ҳам мамлакатимизда матбуот эркинлиги, журналистларимизга кўрсатилаётган алоҳида эътиборнинг ёрқин намунасидир.

Ушбу анъанавий танловни ўтказишдан асосий мақсад – миллий ва халқаро журналистиканинг энг юксак ютуқларини, илғор тажрибаларини кенг оммалаштириш, оммавий ахборот воситалари ходимларининг фуқаролик позициясини намоён этишларига шароит яратиш ҳамда журналистларда танқидий-таҳлилий мушоҳада ва ижодий фао­лиятга янгича ёндашувларни такомиллаштиришга қаратилган.

Бу йил “Олтин қалам” танлови Янги Ўзбекистонда кечаётган янгиланиш жараёнларига монанд кўтаринки руҳда, юксак савияда, 16 марта ўтказилди. Ўтган йиллар давомида мазкур танловда 8 мингга яқин журналист 115 000 га яқин материаллари билан иштирок этган. 350 нафардан зиёд журналист ғолиб ва совриндор бўлган.

Жорий йилдан эътиборан ушбу танловни аввалгиларидан бошқача, бугунги кун талаби даражасида — янгича форматда ўтказишга ҳаракат қилинди. Тегиш­ли таклиф-тавсиялар асосида танлов низомига ўзгартиришлар киритилди.

Бу йилги танловда 448 нафар   журналист 5000 га яқин ижодий иши билан   қатнашди. Ҳайъат аъзолари ҳар бир ижодий ишни, ҳар бир материални диққат билан кўриб чиқди. Энг муҳими, ҳар бир ижодий иш бугунги кунда ҳаёт олдимизга   қўяётган талаблар — сўзга масъулият ва ифода маҳорати, журналистнинг фуқаролик позицияси, танқидий-таҳлилий мушоҳада, юксак профессионализм, ижодий фаолиятга   янгича ёндашув каби мезонлар асосида баҳоланди.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси томонидан Жаҳон матбуоти эркинлиги кунига бағишланган журналистика соҳасида “Олтин қалам” XVI Миллий мукофоти учун халқаро танловнинг ғолиб ва совриндорларини тантанали тақдирлаш маросими “Туркистон” санъат саройида янги руҳда ўтказилди.

 

ХУЛОСА ЎРНИДА…

 

Мамлакатимизнинг фаол журналистлари ва блогерлари эътирофи асосида таъсис этилган “Йил танлови” анъанавий тақдирлаш маросимида Ўзбекис­тон Журналистлари ижодий уюшмаси “Йилнинг энг намунали жамоат ташкилоти” номинацияси бўйича 1-ўринни эгаллагани бежиз эмас. Уюшма жамият ҳаётида ўзининг фаоллигини намоён этиб, Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерацияси, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги каби кўплаб давлат ва жамоат ташкилотлари билан яқиндан ҳамкорлик қилиб келмоқда.

Бир йил гарчи оз муддат бўлса-да, шу давр мобайнида Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси томонидан Олимжон Ўсаров раҳбарлигида амалга оширилган ишлар, ижодий ўзгаришлар ҳақида кўп ва хўп гапириш мумкин. Қувонарли жиҳати, Уюшма ҳақиқатан ҳам журналистлар ҳуқуқини ҳимоя қила оладиган ва оммавий ахборот воситалари равнақига кўмаклашадиган ташкилотга айланиб бормоқда.

Суюндик МАМИРОВ,

журналист

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

twenty − nine =