Клеопатра соҳили ва тиллотопарлар ҳақида
Бу дунёда ҳар бир соғлом одам – меҳнат қилишга мажбур. Акс ҳолда, жамиятда мувозанат бузилади. Ишлаганлар ишламаганларни ҳам боқишига тўғри келади. Ҳаёт-ку илмилиқ давом этаверар, лекин бунда тараққиёт юз бермайди. Мамлакат бошқалардан орқада қолади. Ривожланишда ортда қолдими, бу юрт халқи – унақасига ҳам, бунақасига ҳам, янада аниқроқ айтганда, бевосита ёхуд билвосита бошқаларга қарам бўлишга маҳкум.
Ҳар ким – қандай қилиб бўлмасин, жамиятда ўзига иш топиши, шу тариқа тирикчилик манбаига эга бўлиши, бола-чақасини, кексариб қолган ота-онасини боқиши зарур. Жамият – менга иш топиб бериши керак, деган одам қаттиқ адашади. Оддийгинаси – ишсиз қолади. Қайси давлатда, қанақа ижтимоий тузумда яшамасин, иши йўқ одам бахтсиз ҳисобланади.
40 йилга етар-етмас давр мобайнида Туркиянинг Анталия ўлкаси дунёнинг энг машҳур дам олиш масканларидан бирига айланди. 1984 йилдан бу ўлкада туризмни ривожлантиришга қаттиқ киришилди.
Биз ҳам яқинда унинг Аланя илчаси (тумани) ҳудудидаги машҳурдан-машҳур Клеопатра соҳилида дам олдик.
Дарвоқе, Клеопатра – Миср маликаси. Мисрда туғилиб ўсган бўлса ҳам, асли келиб чиқиши туркийлардан, унинг ота-боболари ўзимиздан эканлигини биласизми?
Бу ҳақда яқинда Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Алининг “Клеопатра” романи нашр этилди. Ростини айтсам ҳали ўқиб улгурмадим. Аммо албатта, ниятим бор. Ҳа, у ҳақда қанча-қанча бадиий асарлар ёзилган, фильмлар олинган. Буюк Вильям Шекспирнинг “Клеопатра” фожиаси борлигини ҳам биласиз.
Эри – машҳур Рим қўмондони Марк Антоний маликага Анталиядаги ана шу сўлим соҳилни совға қилади. “Клеопатра” номи шундан қолган. Бу воқеага икки минг йилдан ошган.
Малика, қараса, соҳил катта-катта ҳарсанг тошлардан иборат экан. Бу унга ёқмайди. Шунда Марк Антоний Мисрдаги машҳур Нил дарёси соҳилларидан неча-неча кемада қум келтиртиради. Бу шундай ширриқ қумки, баданингизга асло ёпишмайди, сочиғингизни бир силтасангиз, ундан гард ҳам қолмайди. Олимлар бу қум билан Нил дарёси соҳилларидаги қумни текшириб, таркиби бир хиллигини аниқлашган. Шунга кўра, тарихчилар бу ривоятни, ҳақиқатга яқин, деб ҳисоблашади.
Анталияда турли-туман касблар профессионал даражада ривожланган. Ҳар қадамда замонавий меҳмонхоналар, кафе ва ресторанлар, чиройли йўллар, тик ўсган пальмалари билан кишининг баҳри-дилини очадиган йўлаклар, гуллару чаманзорлар, кўнгилочар ўйингоҳлар барпо этилган. Велосипед, мопед, мотоцикл, самокат, машиналар ижарага берилади. Эҳ-ҳе, бу ерда неча минг-минг киши меҳнат қилади. Ахир, шунча сонли сайёҳга замонавий даражада хизмат кўрсатиш осон ишми? Қирғоқда меҳнат бозори қайнагандан-қайнаган. Ҳар ким бу ердан ўзига ризқ қидиради.
Соҳил бўйида кундузи бир эру хотин 10-11 яшар ўғилчаси билан яхшилаб ювиб-таралган, устига гиламчалар тўшаб безатилган, ахлати йўлакни ифлосламаслиги учун орқасига брезентдан махсус халта осилган туяни ушлаб туради. Сайёҳларга, айниқса, табиатдан ўта узоқлашиб, мегаполис шаҳарларда яшайдиганларга бу экзотика ҳам алоҳида завқ-шавқ бағишлайди. Пулини тўлаб, туяда сайр қилишади, суратларга тушишади, видеолавҳалар тайёрлаб, ижтимоий тармоқ орқали тарқатишади ва ҳоказо.
Хуллас, бу ерда, бир ўзбек мақолида айтилганидек, сайёҳнинг “эшагини суғориб, пулини олишади”.
Жонажон Ўзбекистонимизни ҳам ана шундай буюк сайёҳлик келажаги кутиб турибди. Ахир, дунёнинг ҳамма ерида ҳам биздаги Қуёш – йўқ-ку. Шимол халқи айнан шу иссиққа интилади.
Аммо аввало, миллион-миллион сайёҳни қабул қилиш учун замонавий талабларга ҳар тарафлама жавоб берадиган шароит яратиш, уйлар, меҳмонхона, кафе, ресторанлар, йўллару йўлаклар барпо этиш, қолаверса, бунча одамни кўнгилдагидек боқиш учун қишлоқ хўжалигини ҳам юксак даражада тараққий эттириб, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлайдиган кенг тармоқли саноат тизимини шакллантириш, энг муҳими, туризм бозорини дадиллик билан эгаллай бориш – керак.
Ёзнинг чилласида Ўртаер денгизининг Клеопатра соҳилидаги суви – кечаси ҳам илиққина. Чўмилиб чиқиб, қум устида ўтириб ё чўзилиб, дам оласиз. Чўзилиб ўтирсак, қирғоқ ёқалаб сапёрлик ускуналари билан тўлиқ қуролланган, ҳатто, зарур пайти ишлатиш учун пешонасига прожектор ўрнатиб олган икки ўрта яшар киши бир ярим-икки қадам оралиқ билан қирғоқдан нимадир излаб ўтиб қолди. Айтишларича, улар чўмилишга келганлар туширган қимматбаҳо тақинчоқларни излашар экан. Денгиз тўлқинлари бундай енгил нарсаларнинг ҳаммасини, албатта, қирғоққа чиқариб ташлайди.
– Олтин буюмлар топилармикан? – деб сўрадим ёнимдагилардан.
– Топилмаса, аза-база шу иш билан шуғулланишармиди? – деди шериклардан бири. – Бир ҳафтада битта тақинчоқ топса ҳам, тузуккина даромад-да.
Ана сизга ўзига ўзи иш топиш-у, мана, сизга ўзига ўзи иш топиш!
Кўп ўтмай, “тиллотопарлар” орқага қайтди. Дарвоқе, уларни “олтинизловчилар”, “олтинқидирувчилар” дейиш ҳам мумкин эди. Бироқ булар айнан йўқолган нарсаларни топгани учун шу маъқул кўринди. Бу гал улар орасидаги масофа бир оз йироқлашган: бири тиззасигача сувга кириб, иккинчиси қирғоқнинг сал юқорироғини қўлидаги искович билан назорат қилиб кетяпти.
Улар пляж охиригача бориб, орқага қайтганига қадар биздан сал нарироқда дам олаётган бир оила аъзолари безовта бўлиб, нимадир қидиришга тушиб қолди-ку. Суриштирсак, польшаликлар экан. Аёл бўйнидаги олтин хочини йўқотибди. Ўғлимиз бориб, уларга инглизчалаб, тиллотопарлар орқага қайтаётганини, улардан илтимос қилиб кўриш лозимлигини айтди.
Ҳалиги кишилардан бири наридан-бери шу атрофни текшириб кўрган бўлди. Тақинчоқ топилмади. Туркчалаб, сайёҳларга бир нималар деди-ю, ўз йўлида давом этди.
Фикр қурғур – учқур от-да. Шунда беихтиёр таржимонлик ва олтин билан бевосита боғлиқ машҳур бир ҳангома ёдга тушди.
…Қадим-қадим замонда, йироқ-йироқ томонда бир подшонинг хазинасига ўғри тушиб, унинг ота-бобосидан мерос бўлиб келаётган тилло тақинчоқлар солинган бир хумни олиб кетибди. Ҳукмдор бутун мамлакатни оёққа турғазибди. Бир ажнабийдан гумонсираб, уни тутиб, подшонинг ҳузурига олиб келишибди. Саройда унинг тилини биргина таржимон билар экан, холос. Ғазабига чидай олмаган шоҳ гумондорни таржимон орқали ўзи сўроқ қилибди. Ҳар қанча сўраб-суриштирилмасин, не-не дағдағалар қилинмасин, мусофир:
– Ўлимдан хабарим – бор, лекин тиллодан хабарим – йўқ, – дебди.
Дўқ-пўписадан чарчаб кетган ҳукмдор охири юмшоқ муомалага ўтибди:
– Бу муртадга айт, тиллоларимни қайтариб берса, ўлдирмайман – юртига чиқариб юбораман. Акс ҳолда, сапчадай бошини узаман!
Таржимон бу шартни ётиғи билан тушунтирибди. Ўғри, бундоқ қараса, тирик қолишнинг бошқа йўли – йўқ. Жиноятини бўйнига олибди. Хумни фалон тоғнинг фалон булоғи бошидаги қадим ёнғоқнинг тагига катта-катта тошлар билан кўмиб қўйганини айтибди.
Подшоҳ таржимоннинг оғзига қараб турибди:
– “Ўлдиришса, ўлдиришсин, мен ўғрилик қилганим – йўқ, агар подшоҳ менинг хунимни тўкса, қиёматда, албатта, унинг бўйнига тармашаман”, – деяпти, – дебди.
Таржимоннинг бу “моҳирона” таржимаси билан ўғри ўлимдан халос бўлармиди?!
Шунга ўхшаб, бу тиллотопарлар ярим кечаси қайтиб келиб, айнан шу ердан тақинчоқ изламайди, деб ким кафолат беради?
Эртаси кечаси яна ўша жойга бордик. Аммо бу кеча тиллотопарлар кўринмади. Тақинчоқни топган бўлса, кўриниб нима қилади, ахир?!
Бу дунёнинг аччиқдан-аччиқ қонунияти – шундай: кимдир йўқотади, кимдир топади. Йўқотганимни биров топиб олмасин, десанг, ишингга пишиқ бўл, нарсангни йўқотиб нима қиласан? Дарвоқе, халқимизда “Ўзингга эҳтиёт бўл, қўшнингни ўғри тутма”, деган мақол бежиз айтилмаган.
Султонмурод ОЛИМ,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган
маданият ходими