Жонни жизиллатувчи оғриқлар

Таниқли журналист Ҳусан Эрматовнинг “Hurriyat” газетаси (2022 йил, 2 ноябрь №43-сон)да эълон қилинган “Босма нашрлар трансформацияси: нималарга боғлиқ бўлиб қолмоқда?” сарлавҳали мақоласини ўқиб…

 

Баъзилар гоҳида шундай иддао қилишади: “Илгари газеталарда фелъетонлар чиқарди, фелъетон бўлган одамлар пар­тиядан ўчирилиб, ишдан ҳайдаларди. Мана ҳақиқат! Ҳозир-чи, газеталарда нима бор?”

Афсус ва яна афсуски, мана шу ҳолнинг ўзиёқ, бизнинг ҳақиқат борасидаги тасаввурларимиз ўта ғариблигини тасдиқлайди. Томошага ўчмиз. Бугун ҳам кимлардир ишдан ҳайдалишини, матбуотда урилиб, сурилиб, шармандаи шармисор бўлишини жуда истаймиз. Интернет эса, бу каби ҳолларнинг нақд уяси! Тасодифан емакхонада қўлингиздан бир стакан тушиб кетдими, тамом, ярим дақиқа ўтар-ўтмас, сиз қайсидир ижтимоий тармоқда пайдо бўласиз. “Ана, зараркунанда!” “Стаканни синдирибди. Балки, ичгандир. Танобини тортиш керак!”

“Лайкбоз”ларнинг қайси бирига тушунтирасиз, йўқ, барака топгур, мен атай қилмадим, қўлимдан тушиб кетди, синган идишнинг жаримасини ҳам тўладим, деб?!

“Босма нашрлар трансформацияси: нималарга боғлиқ бўлиб қолмоқда?” мақоласида келтирилганидек, ҳамма назаримда “facebook” ва “google”нинг шайдосига айланди.

Бир қизиқ факт: маҳаллий раҳбарларнинг баъзилари очиқ айтганда, аллақачон блогерлардан чўчиб қолди. Сабаби аён, боя айтилганидек, тугмадек “хато”си топилса, филдек қилиб оламга ёйишади.

Ҳолбуки, муаллиф куюнганидек, катта-кичик идораларнинг мутасаддилари газетага, ҳатто ўз муассислигидаги газеталарга ҳам қайрилиб қараб қўяётгани йўқ. Мабодо, қараса ҳам, панжа ортидан қараётгани биргина “Ишонч” сўровларига гоҳ-гоҳ келаётган “бетакрор” жавоблардан маълум.

Газета, босма нашрлар аҳволи ҳақида қатор мақолалар чоп этилди. Масалан, муқаддам “Hurriyat” мустақил нашрида босилган “Тош деворга карнай чалиб…” ва “Ўзбекистон овози”даги “Янгича ёндашув зарур” мақолаларини эслаш кифоя. Бунақанги чиқишлардан қанчаси матбуот юзини кўрди. Афсус, мажбурий обуна ҳақидаги, таъбир жоиз кўрилса, сафсаталар ҳалиям бор.

Ҳамон интернет шайдосимиз.

Мени қийнаган бир масала шуки, илгари ҳеч кимнинг “айб”и-ю, “айбғина”сини билмасдик. Қаранг, ҳозир жамиятда айбдор бўлмаган, емаган сомсага пул тўлашга мажбур қилинаётган Шахслар сони юлдузлардек саноқсиз!

“Фалон раҳбар ишдан кетди. Унга келгусида жазо чораси кўрилиши кутилмоқда” омма таъбири билан айтса, интернет бу каби хабардан “портлайди!”. Ура, адолат қарор топибди. Ҳой барака топкур, бу раҳбар айнан сенга нима ёмонлик қилувдики, унинг ишдан олинганидан тоғангнинг тўйидек масрур-у мамнунсан, ё бирор айби устида шам ёқиб турганмидинг, дегувчи кас йўқ.

Ахир, ўша раҳбар ҳам кимнингдир фарзанди, кимнингдир яқини-ку, кимнингдир маҳалладоши-ку, дейдиган инсофли одам йўқ. Агар муқаддас дини исломда бировнинг бахтсизлигидан шодланиш мўминга хос эмаслиги айтилганини инобатга олинса, минг намоз ўқиб, рўза тутиб, ҳатто беш фарзни тўла адо қилган бўлсак-да, кимлигимиз шу хил муносабатдан дарров ошкор бўлади-қўяди. Майли, айбдор мансабдор қонун олдида жавоб берар. Аммо тарафма-тараф бўлиб ярим тараф лойга қориб, ярим тараф ўзича “ҳимоя” қилишидан қандай мантиқ бор?!

Агар муаммолар, халқимизнинг эртаси учун қайғурмоқ ниятида эканмиз, нега мактаб кутубхоналари, айниқса, чекка қишлоқларимиздаги мактаб кутубхоналарининг аҳволи бизни ташвишга солмаяпти, қийнамаяпти?

Мактаб кутубхонасида бугун уч-тўртта эртаклар, сиёсий уч-тўрт адабиётларгина қолди. Тўғри, мактабларга бугун замонавий адабиёт намуналари етиб боргани ва айрим журналларнинг ҳам пешма-пеш етказилаётгани ҳам бор гап. Аммо яқинда “Ўзбекистон адабиёт ва санъати” ҳафталигида босилган устоз шоир Икром Отамуроднинг бир мақоласини эслатмоқчи эдим. Устоз мактаб кутубхонаси, ундаги бой китоблар шоирни шоир қилганини, синфдошларига асқотганини ғурур билан ёзади. Афсуски, бугун кутубхоналаримизда китобхон ёшлар жуда сийрак. Қутлибека Раҳимбоева айтмоқчи, дарсларга китоб қўлтиқлаб кириб, болаларга адабиёт ҳақида жонли маъруза ўқийдиган фидойи ва савияли муаллим-у муаллималар борми?! Агар бўлса, бугун нега улар ҳақида эшитмаяпмиз ё ўқимаяпмиз?

Мактаб кутубхонаси, албатта, журнал ва газеталар билан бойитилиши керак, бироқ, шу билан бирга, маҳаллий вилоят ва тумандаги яхши адиблар ва шоирларнинг асарларини сотиб олишлари ва шунинг ҳисобидан, ўқувчиларга ўз “олдидан оқаётган тиниқ дарёлар” қадрини сингдириши лозим. Масалан, Наманган шаҳридаги мактабда Ўзбекис­тон халқ шоири Ҳабиб Саъдулланинг асарлари бўлса, қандай яхши.

Масаланинг иккинчи томони ҳам бор: биз ҳали-бери ўқитувчини керак-нокерак ҳужжатбозликдан тамом қутқарганимизча йўқ. Бир ўқитувчи шоира қизимиз бор. Туманлардан бирида ўрта мактабда сабоқ беради. Ҳар кўрганимда, китоб ўқияпсизми, ижод қалай, деб суриштираман. Синглимиз эса, ижодга ортинмаётганини, кечалари ҳам “Кундалик.ком”га баҳо чиқараётганидан, гоҳо тест ишлаётганидан, шулар банд этганидан сўзлайди. Хайриятки, ўқитувчи зоти конспектдан хориж бўлди, йўқса, бутун тун давомида мук тушиб ёзув-чизув қилармиди? Шундай жараёнда бадиий асар ўқишга, уни таҳлил қилишга, ўз ўқувчисига шарҳлаб беришга вақти бўлармиди ўқитувчининг? Ижодкор ўқитувчики, шундай деб тургач, бошқасини қўяверинг! Аёлларга икки бора қийин – оила бор, боз устига, тузукроқ маош олиш учун тоифа ҳам олиши керак.

Хуллас, мактабда китоб ё журнал кам, бўлса ҳам, уни ўқийдиган ёшлар оз. Муштдай боламизнинг, кечагина туғилган ва тили чиққан набирамизнинг ҳам “Самсунг”дек мураккаб аппаратларимиздан биздан кўра чапдастлик билан фойдаланишидан ғурурланиб, давраларда гапириб юрамиз. Афсуски, болага уяли телефон ҳам жисмонан, ҳам маънан, ўзимизга эса, иқтисодий зарар келтираётганидан қайғурмаймиз. Гўёки, ҳаммаси шундай бўлиши керакдек.

Хуллас, мактаб кутубхонаси бугун истаймизми-йўқми, жамиятнинг пинҳон тиш оғриғи!

Модомики, бугун газеталар, босма нашрлар тақдири ҳақида сўз бораётган экан, Андижон вилоятидаги босма нашрлар аҳволи ҳақида ҳам тўхталиш жоиз. Яқинда вилоятда бўлган катта анжуманда ва бошқа шу каби тадбирларда бот-бот “Андижоннома”да омманинг, хусусан, газетанинг ашаддий истеъмолчиси бўлган зиёлиларнинг кўнгли тўлмаётганига гувоҳ бўлдик, бўлаяпмиз. Бунинг сабабини инсонлар бир вақтлар бағрикенг бўлган, адади ҳам 80-100 минг теграсида бўлган нашрнинг бугунги ночор ҳолидан қайғураётганлиги билан изоҳлайдилар. Ҳолатнинг туб моҳияти билан эса, Андижонда қизиқадиган одам йўқ.

Таъкидлаб қўяй, бу менинг шахсий кузатишларим, кечинмаларим. Керак бўлса, жонни жизиллатган дардларим. Уларни илгари ҳам у ёки бу кўринишда турли матбуотларга тақдим қилиб кўрганман. Ҳар гал ҳар хил важлар билан уни эълон қилишдан бош тортишган. “Ука, қўйинг, буни берсак, гап тегади”, деб йиғламоқдан бери бўлган муҳаррирлар, масъул котибларни ҳам кўрганман. Бироқ буларни қачондир айтиш вақти барибир келади, дердим. Мана, келган бўлса, ажабмас. Касални яширганимиз, минг гапларни юмшоқ қилиб хаспўшлаганимиз билан муаммо барҳам топ­майди. Барҳам топмаслигини муқаддам эълон қилинган мақолалардан, хусусан, Хусан Эрматов кабиларнинг чиқиш­ларидан билиб олиш қийин эмас. Кўринадики, амалий чоралар, яхлит аниқ дадил қадам, чоралар даври келгандир.

Икромжон АСЛИЙ-АНДИЖОНИЙ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

2 × 2 =