“Ўлсам, умрим қордаги из бўлмасми?”

Асрлар давомида Қозоғистон ва Ўзбекистон орасидаги муносабатлар ўзаро ҳурмат, ишонч ва ўзаро фойдали шерикчилик руҳида ривожланиб келди. Бизнинг мамлакатларимиз қандайдир ҳал қилиб бўлмайдиган келишмовчиликка дуч келмаган. Бизларни Марказий Осиёдаги энг узун чегара боғлаб турибди ва уни дарҳақиқат дўстлик чегараси деб атаса бўлади. Геосиёсий ва эпидемиологик инқирозлар туфайли глобал ва интеграцион жараёнларнинг турғунликка тушиб қолиши, транспорт алоқалар ва таъминот занжирларининг бузилиши шароитида ҳам айнан қўшничилик омили мамлакатларимизнинг ривожланишида муҳим ўрин тутгани ҳақиқат.

Бугунги кунда Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида иқтисодий-сиёсий ҳамда маданий-маърифий алоқалар тобора мустаҳкамланиб бормоқда. Албатта, мазкур дўстона алоқалар, икки давлат халқларининг янада яқинлашуви ҳамда шарқона маданиятни ривож­лантириш йўлида биргаликда ҳаракат қилишга, ёш авлодни комил инсон бўлиб камол топишида ўзининг самарали натижасини бериши шубҳасиз.

Қолаверса, бугунги кунда Ўзбекистон ва Қозоғистон кино санъатида ҳам ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилиб, ўзбек киноижодкорлари томонидан атоқли қозоқ намояндаси Абай Қўнанбоев ҳаёти ва ижоди тўғрисида янги фильм  тасвирга олинди.

Куни кеча пойтахтимиздаги “Киночилар уйи”да Ўзбекистон Республикаси Кинематография агентлиги буюртмасига биноан ишлаб чиқарилган ушбу фильмнинг дастлабки намойиши ўтказилди.

Тадбирда Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси, маданият маркази вакиллари, Ўзбекистонда яшайдиган қозоқ миллати зиёлилари ва ёшлари иштирок этишди. Намойиш аввалида икки қардош халқнинг тарихан муштарак орзу-умидлари, мустаҳкам ҳамдўстлик алоқалари эътироф этилди. Айниқса, икки ҳамдўст давлат раҳбарларининг оқилона ва дўстона сиёсати икки элни янада яқинлаштиргани алоҳида таъкидланди.

Режиссёр Шуҳрат Маҳмудов томонидан тасвирга олинган “Абай сўзи” деб номланган бу фильмда қозоқ классик адабиёти асосчиларидан бири, буюк шоир ва маърифатпарвар Абайнинг ҳаёт ва ижод йўли, унинг қозоқ классик адабиёти ривожига қўшган улкан ҳиссаси ҳақида батафсил сўз боради. Фильмда илгари сурилган сюжетлар адибнинг улкан қозоқ сўз санъаткори, миллатнинг чинакам куйчиси ва фахри эканлиги билан боғлиқ воқеаларга асосланади.

Фильмни кузатган томошабин Абай донишмандлиги ҳамда унинг маърифат ва ибратга йўғрилган ҳаёт йўли, адабиётга қўшган салмоқли ҳиссаси ҳақида кўп­лаб маълумотларга эга бўлади.

Шунингдек, фильмда Абай шеъриятида муҳаббатсиз, дўстликсиз ҳаёт бўлмайди, деган ғоя илгари сурилгани, Абай ўз давридаги золим бойларни, феодалларни меҳр-мурувватли бўлишга чорлагани ва эзгулик, адолатпарварликни тўлиб-тошиб куйлагани борасидаги фикрларни билдириш асносида кўплаб дунё олимлари томонидан унинг ҳали кўпчиликка маълум бўлмаган изланишлари, жаҳон адабиётига қўшган улкан ҳиссаси баён қилинган.

– Бугун намойиш этилган “Абай сўзи” ҳужжатли фильми ўзбек-қозоқ киноижодкорлари томонидан ҳамкорликда яратилган 11-фильм ҳисобланади. Бу асарни яратиш жараёнида Абай туғилган Семипалатинск вилоятига қарашли, ҳозирги Абай тумани, Чингизтоғ бовуридаги Қашқабулоқ маконига бориб суратга олингани сабабли фильм жуда таъсирли ва ишонч­­ли чиққанининг гувоҳи бўлиш мумкин. Қолаверса, Ўзбекис­тонда “Абай Қўнанбоевнинг мероси кунлари”нинг ўтказилиши ҳамда юқоридаги фильмнинг яратилиши ўзбекларнинг қозоқ қардошларига бўлган юксак ҳурмати белгиси, дўстона алоқаларни янада яхшилашдек эзгу мақсадда эканлигининг яққол далили десак хато бўлмайди. Ўйлаймизки, бу каби ишлар ёшларнинг маънавий онгига ўзининг ижобий таъсирини ўтказади. Илоҳим, ўзбек ва қозоқ миллати дўстлиги абадий бўлсин – дейди, Ўзбекистон қозоқ миллий маданий маркази раиси Серикбай УСЕНОВ.

Ўлсам, умрим қордаги из бўлмасми?

Ўткир тилим тортинчоқ қиз бўлмасми?

Муҳаббат ва ҳасратда ёниб ўтган

Менинг оташ юрагим муз бўлмасми?

Ушбу мисраларни битган Абай Қўнанбоев боқий дунё­­га рихлат қилгандан сўнг ёзганлари, маърифат йўлида олиб борган барча-барча фаолияти унут бўлишидан, ёш авлод эса маънавият ва маърифатдан йироқлашиб кетишидан хавотирланганини англаш қийин эмас. Аммо ишонч билан айта оламизки, энди бу хавотирларга ҳожат йўқ. Негаки, буюк оқин Абай шахсияти ва ижодини дунё аҳли катта ихлос билан ўрганмоқда. Унинг ҳаётий ҳайқириқлари катта-ю кичик қалбидан мангу ўрин олмоқда.

Ўз мухбиримиз

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

1 × two =