Ёш ижодкорлар семинари — иқтидорлар фабрикаси
Жазирама ёз ҳам кириб келди. Деярли барча илм масканларида ўқишлар якунига етай деяпти. 9-10 ой давом этган таълим жараёнларидан сўнг таътилни ким қандай ўтказмоқчи? Шахсан мен таътилни Зомин туманида жойлашган “Ўриклисой” оромгоҳида ўтказишни ният қилганман. “Оҳҳо, иштаҳаларингиз карнай-ку, пулингиз шунчалар кўпми?” дейишингиз мумкин. Йўғ-е, мен Зомин семинари иштирокчиси бўлиб кетишни мақсад қилганман. Хўш-хўш, бунинг учун нима қилиш керак дейсизми? Жавоби оддий! Шунчаки тинмасдан ижод қиласиз!
Бугунги кунда ижтимоий-маънавий соҳалардаги ислоҳотлардан кўзланган мақсад халқимизнинг маънавий юксалиш йўлидаги имкониятларини кенгайтириш, жамиятда маърифатпарвар, зиёли қатламни шакллантиришга қаратилган. Шу ўринда ёш ижодкорларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижодида янги қирраларни кашф этиш мақсадида ҳар йили республика Зомин семинари ўтказиб келинади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Зомин туманидаги “Ўриклисой” оромгоҳида ёш ижодкорларнинг Зомин семинари бўлиб ўтади. Ёки ушбу семинар Тошкент вилоятида жойлашган ижодкорларнинг Дўрмон боғида, ёхуд юртимизнинг бошқа гўзал табиатга эга масканларининг бирида ҳам ўтказилиши мумкин. Энг муҳими, бунда 19 ёшдан 30 ёшгача бўлган ижодкорлар ҳудудий саралаш орқали аниқланади. Семинар 7 йўналишда ўтказилади. Булар: наср, назм, драматургия, бадиий публицистика, бадиий таржима, болалар адабиёти, адабий танқид.
Ҳозир семинарнинг ҳудудий саралаш босқичи ҳам ўз ниҳоясига етай деб қолди.
Жорий йилнинг 5 июнь санасида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Сирдарё вилоят бўлими томонидан ташкил этилган семинарда Сирдарё ва Тошкент вилояти ёш ижодкорлари учрашди. Тадбирда Сирдарё вилояти ҳокими Акмалжон Махмудалиев, Ёзувчилар уюшмаси ўринбосари Ботир Эргашев, Ўзбекистон Халқ шоири Маҳмуд Тоир, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Ҳаётхон Ортиқбоева, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Бобур Бобомурод, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Қозоқбой Йўлдош, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Тошкент вилояти бўлими бош мутахассиси Зоҳиджон Олов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳарбий-ватанпарварлик бўлими бошлиғи Маъмура Эргашева ва бир қанча адабиётшунос ва мураббийлар иштирок этишди. Саралаш босқичида устозлар томонидан иштирокчиларга жуда ҳам қизиқ ва фойдали маслаҳатлар берилди. Устоз-шогирдлик анъанасини давом эттирган ҳолда иштирокчиларнинг орасидан ҳакамлар ҳайъати аъзолари баъзиларини ўзига шогирд қилиб ҳам олди. Ўртада бўлган шаффоф рақобат ва дўстона муҳитда ҳамма ўзи учун тажриба ва кўникмалар олди.
Шу каби танловлар ўтказилар экан, ўсиб келаётган авлод ҳам маърифатга эргашади. Кўпроқ илм олади, кенгроқ фикрлайди ва ўзи каби ижодкорлар билан тажриба алмашади. Ана шундай қилиб етук шоирлар, халқ меҳрини қозонувчи ёзувчилар, Озод Шарафиддинов каби етук адабий танқидчилар, Абдулла Қаҳҳор, Шукур Холмирзаев сингари моҳир ҳикоянавислар адабиётнинг кенг майдонига олға ва шаҳдам кириб келажак.
Дилдора ДЎСМАТОВА,
ЎзЖОКУ талабаси