Эътироф, ишонч, рағбат

Шу кунларда юртимиз бўйлаб улуғ айём – Ватанимиз мустақиллигининг 32 йиллик байрами шукуҳи кезмоқда. Мазкур қутлуғ сана муносабати билан мамлакатимизнинг ҳар бир гўшасида турли маънавий-маърифий тадбирлар, ижодий учрашувлар, концертлар, фестиваль ва кўрик-танловлар ўтказил­япти.

Шунингдек, ҳар йили Истиқлол шодиёнаси кунлари олдидан журналистлар, ёзувчи ва шоирлар, санъат ҳамда киноижодкорлар ўртасида ўтказиб келинадиган “Энг улуғ, энг азиз” танлови ҳам анъанавий тадбирлардан бирига айланган. Мустақиллигимизнинг 32 йиллигига бағишлаб “Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун!” шиори билан ўтказилган “Энг улуғ, энг азиз” кўрик-танловининг Республика босқичида ижодкорлар фаол бўлишди.

Кеча Ёшлар ишлари агентлигининг анжуманлар залида бўлиб ўтган тантанали тадбирда журналистлар, шоир ва ёзувчилар, санъат, маданият, киноижодкорлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Тантанали тадбирни “Энг улуғ, энг азиз” анъанавий кўрик-танлови ташкилий қўмитаси раиси, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси вазифасини бажарувчи Х.Салимов очди ва танлов натижалари ҳақида қисқача маълумот берди.

— Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2023 йил 27 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз икки йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли мажлис баёни ижроси доирасида ўтказилган мазкур тадбир Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Ўзбекис­тон Ёзувчилар уюшмаси, Кинематография агентлиги, Ўзбекистон Миллий медиа бирлашмаси, Республика “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси, Бадиий академия, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ҳамда Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ҳамкорлигида ташкил этилгани унинг салмоғи йилдан-йилга ортиб бораётганидан далолат бўлади, — деди Х.Салимов.

Биз танлов ғолибларининг айримлари дил сўзларини ёзиб олдик.

Назира МАМБЕТШЕРИПОВА, “Ўзбекис­тон 24” телеканали муҳаррири. “Телевидение ва радио ижодкорларининг энг яхши материаллари” номинацияси бўйича биринчи ўрин соҳиби:

– Давлатимиз раҳбари бот-бот такрорлаётган “Мен журналистни қўллаб-қувватлайман. Мен уларнинг ортида турибман”, деган сўзлари шунчаки баланд­парвоз гаплар эмас.

Бу сўзлар бизларни янада руҳлантириб, очиқлик, ошкораликни таъминлашимиз, воқеликларга холисона ёндашувимизда далда бўляпти. Демак, елкамизда катта масъулият бор. Шу катта вазифани, катта масъулиятни бажаришимиз керак. Бу мукофот ана шу йўналишда бизга янада куч бўлади.

Гулжамал БАЙТУРАЕВА, “Нурлы жол” газетасининг бўлим мухбири. “Босма ОАВ ходимларининг энг яхши журналистик ишлари” номинацияси бўйича учинчи ўрин соҳиби:

– Сўз ва фикр эркинлиги бугун ўз кучини кўрсатмоқда. Давлат раҳбари доим сўз қадрини улуғловчи биз–журналистларни қўллаб-қувватлайди. Бундай юксак ишонч журналистга фақат ва фақат қанот беради. Танловда Миллатлараро тотувлик ва ижтимоий мавзудаги мақолаларим ва Республикамизда бўлаётган улкан ўзгаришлар ва янгиланишлар таҳлилига бағишланган публицистик материалларим билан иштирок этдим. Ғолиб­лик эса бутун жамоамизга икки карра масъулият юклайди.

Махсуджон КАСИМОВ,“Тас­вирий санъат, фото ва дизайн ишлари” номинацияси бўйича биринчи ўрин соҳиби:

– “Энг улуғ, энг азиз” анъанавий танлови биз каби фото, тасвирий санъат вакиллари учун ҳам синов майдони бўлди. Танловда ўзимнинг бугунги замондош қаҳрамонларнинг фаолиятларини акс эттирган тасвирий санъат асарлари билан иштирок этдим. Биласизми, ижодкор учун ютуқнинг катта-кичиги бўлмайди. Энг катта эътироф эса албатта она халқимизнинг баҳоси. Тинчлик, ҳурлик замонида яшаяпмиз. Шогирдларимга доим айтаман, бундай табаррук заминда туғилиш бахт, ижод қилиш ва ана шу ижодингнинг муносиб эътирофи эса улкан бахтдир.

Феруза ХАЙРУЛЛАЕВА, “Oyina.uz” портали муҳаррири. “Интернет-журналистикаси” номинацияси бўйича иккинчи ўрин соҳиби:

— Мазкур танловда бу йил илк марта иштирок этдим. Ҳамкасблар ундови билан ижодий ишларимни топширгандим. Натижа эса қувонарли бўлди. Бизнинг сайтимизда кейинги бир йил ичида танқидий-таҳлилий мавзулар кенг ёритилди. Ижодий жамоамизнинг ҳар бир вакили долзарб мавзуларни ёритишга интилади. Айтиш мумкинки, мазкур ғолиблик мен орқали бутун жамоамизга берилган рағбатдир. Зеро, ислоҳот ҳам, ўзгариш ҳам инсонга эътибордан бошланади.

Бу йилги танловнинг республика босқичига 7 номинация бўйича 345 нафар ижодкордан, яъни журналистлар, ёзувчи-шоирлар, кино санъати, тасвирий санъат, фото ва дизайн ишлари бўйича ижодкорлардан 1700 га яқин ижодий ишлар тақдим этилган. Ҳакамлар ҳайъати аъзо­лари ана шу ижодий ишларни беш баллик тизим бў­йича мавзунинг долзарблиги, таҳлили, асарнинг бадиийлиги, мус­тақиллик ғоя­сининг ифодаси, талқиннинг ўзига хослиги каби мезонлар асосида баҳолаган. Ҳакамлар ҳайъатининг маълум қилишича, ғолибларни аниқлашда танқидий-таҳлилий руҳдаги материалларга алоҳида жиддий эътибор қаратилди.

Маълумотларга қараганда, “Энг улуғ, энг азиз” кўрик-танловининг “Босма ОАВ ходимларининг энг яхши журналис­тик ишлари” номинациясида 74 нафар журналист ўзининг 359 та ижодий иши билан қатнашди. Эътиборли жиҳати, танловда қатнашчилар сони ошиши билан бирга, уларнинг ижодий ишлари сифати ҳам ошган. Ғолибликка номзодларнинг кўплиги ҳакамлар ҳайъати аъзоларига энг муносибларни танлашда осон бўлмагани алоҳида таъкидланди.

Бадиий публицистика жамиятда кечаётган ижтимоий-сиёсий, маданий-маърифий жараёнларга, дунё минтақаларида юз бераётган, одамлар онг-шуурига, дунёқараши ва турмуш тарзига таъсир кўрсатаётган воқеа-ҳодисаларга ҳозиржавоблик билан муносабат билдирувчи ижодий тафаккур маҳсулидир. Бу жанрда давр­нинг ижтимоий, маънавий-ахлоқий қиёфасини, ютуқ ва муаммоларини, жамият олдида турган муҳим вазифаларни, бу вазифаларни ҳал этиш йўлларини аниқ-равшан кўриш мумкин.

Танловнинг “Публицистик жанрдаги энг яхши китоб учун” номинациясига бу йил ўтган йилгига нисбатан кўп – 30 нафарга яқин ижодкорлар ўз китоб­ларини тақдим этгани, “Телевидение ва радио ижодкорларининг энг яхши материаллари” номинацияси бўйича эса 56 нафар ижодкордан 300 га яқин ижодий ишлар келиб тушгани, энг муҳими, тақдим этилган материаллар шаклан ва мазмунан ранг-баранг бўлиб, уларда ислоҳотлар натижаси, ҳудудлардаги янгиланишлар, бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари, “Инсон қадри учун” деган ғоянинг ҳаётий ифодаси аниқ мисоллар асосида очиб беришга ҳаракат қилинганини эътироф этиш жоиз.

Ҳаяжонли онларга бой бўлган маъросимда “Энг улуғ, энг азиз” кўрик-танловининг ғолиблари номи эълон қилиниб, уларга диплом ҳамда эсдалик совғалари топширилди. Бир гуруҳ устоз ижодкорлар сўзга чиқиб, бугунги кунда матбуот соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, Ватанимиз тараққиётига ўз ҳиссасини қўшиб келаётган фаол, жонкуяр журналист ва ижодкорларнинг фидокорона меҳнатларини алоҳида эътироф этди.

Кўрик-танлов сўнгида санъаткорлар томонидан ижро этилган дилбар куй-қўшиқлар байрамона шукуҳ бахш этди.

Ўз мухбиримиз.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

19 − 14 =