“Сity”дан “Dream Park”гача…

ёки ўзи хон, кўланкаси майдон тилбузарларга чора борми?

“Hurriyat”нинг шу йил 20 сентябрдаги 36-сонида ЎзМУ журналистика факультети ўқитувчиси Нуриддин Очиловнинг “Қонун “ҳуштагини” ким чалади?” сарлавҳали мақоласини ўқиб, каминанинг ҳам кўнглидан бир қатор ўйлар, кечинмалар ўтди.

Чиндан ҳам, тил масаласи доим гапириладиган, муҳокама қилинадиган мавзулардан биридир. Зеро, миллат маънавияти, она тили ҳақида гап кетганда эътиборсиз ўтиришнинг ўзи хато. Инсон ўз Ватани, ота-онасини танлай олмаганидек, она тилини ҳам танлаб ёки ўзгартириб ололмайди. Инсонда Ватан, ота ва она, тили битта бўлади.

Авар элининг таниқли шоири Расул Ҳамзатов шундай ёзади: “Парижда доғистонлик рассомни учратиб қолдим. У инқилобдан кейин хорижга кетган, ўша жойда уйланган ва юртига қайтмаган…

Париждан қайтганимдан кейин рассомнинг қариндошларини излаб топдим. Ҳайратланарлиси, унинг онаси ҳали ҳаёт экан. Онасининг уйига тўпланган қариндошлари ўз Ватанини ташлаб кетиб, уни ўзга ерларга алмашган ўғил ҳақидаги ҳикояни ғамгин тинглашди. Улар адашган ўғилни кечиргандай бўлишди, тирик эканидан суюнишди.

Шунда бирдан онаси сўраб қолди:

— Сизлар аварча сўзлашдингларми?

— Йўқ, биз таржимон ёрдамида гаплашдик. Мен русча гапирдим, у французча.

Она юзига қора чодрасини туширди, бизда оналар ўз ўғлининг ўлганини эшитганда шундай қилишади…

Узоқ жимликдан кейин она деди:

— Расул, сен янг­лишибсан, менинг ўғлим аллақачон ўлган экан. Агар менинг ўғлим ҳаёт бўлганида, авар онаси ўргатган тилни унутмаган бўларди…”

Ҳа, она ўғлидан воз кечган эди. Она тилини унутиш, тинглаган она алласидан узоқлашиш, тетапоя даврида “Ота”, “Она” деб чиққан забонида гаплаша олмаслик манқуртликдир. Расул Ҳамзатов “Она тилим” шеърида тушида вафот этгани, бироқ авар тилида сўзлашиб кетаётган икки кишининг суҳбатини эшитиб, тирилиб кетганини шундай ифодалайди:

Ажабо! Туш деган нарса қизиқ-да,

Ўлиб қолганмишман тушда ногаҳон.

Кўксимда қўрғошин, қуёш тиғида,

Тоғлар орасида ётибман бежон…

 

Фиғон отилади жонсиз бағримдан,

(Гўё фиғон бордек мурда дилида).

Шу пайт икки киши ўтди наридан,

Қувноқ суҳбат қуриб авар тилида.

 

Авар сўзин тинглаб кирди менга жон,

Оҳиста тирилдим ва шунда билдим:

Мени тузатолмас ҳеч дори-дармон,

Жонимга масиҳдир шу она тилим.

Рости ҳам шу, инсоният асоси бўлган жамиятнинг такомиллашувида тилнинг ўрни беқиёс аҳамиятга эга. Тилсиз жамият, жамиятсиз тил бўлиши мумкин эмас. Бошқа тиллардан асло кам бўлмаган она тилимиз миллатимизнинг туганмас қадрияти сифатида ҳам муқаддас саналади. Собиқ иттифоқ даврида она тилимизнинг муомала доираси беҳад чекланганди. Ҳатто Ўзбекис­тонда расмий мақом берилмади. Шундай бўлса-да, халқимиз ўз қадриятини мустамлака пайтида ҳам асрай билди.

Юртимиз тупроғини қонга белаган “оқподшо” зобитларидан бири, генерал Скобелев шундай деган экан: “Бу юртни босиб олишимиз учун, аввало, унинг тарихини, маданиятини, тилини йўқ қилишимиз керак. Ўшанда ўзи таназзулга учрайди”.

Ўзбекистон халқ ёзувчиси Саид Аҳмаднинг “Қоракўз Мажнун” ҳикоясида бўлса, онанинг ҳарбий хизматга кетган фарзанди бир руҳоний (қишлоқ бутхонаси қўнғироқчиси)нинг қизига уйланади. Шу қизни деб ўз динидан ва тилидан воз кечади. Бир муддат ўтиб, онасини кўргани келганида, у она тилини унутган, ҳатто битта жумлани ҳам тўғри айта олмас, талаффуз қилишга қийналар эди. Она шўрлик ўз жигарбандининг бу аҳволини кўриб ич-ичидан музлаб кетади. Ўғли учун туғилиб ўсган уйи, маҳалласи, Ватани, тили, дини бегона бўлиб қолганди. Ўғил эса худди ҳеч нарса бўлмагандек бепарво, беғам эди…

Буни ёзувчи ҳиқояда қисқа, лўнда қилиб, шундай тасвирлайди: “1970 йилнинг кеч кузида бир мусулмон боласи ўз динидан чиқди…”

Эътибор қилганмисиз, нимагадир охирги вақтларда янги қурилган маданий-кўнгилочар дам олиш масканларини, боғларни, сайилгоҳларни хорижий номлар билан аташ урфга айланди. Мисол учун, пойтахтимиздаги Ғафур Ғулом номидаги истироҳат боғи қайта таъмирлангандан кейин зарҳал ҳарфлар билан Ғафур Ғулом номидаги “Dream Park” деб қўйилди. Боғ номини ўзгартириш бўйича ҳеч кимдан сўралмади, маслаҳат ҳам қилинмади. Ижтимоий тармоқларда қанча баҳс-мунозара, эъти­розлар бўлди. Аввалига ҳаммаёқни “City”га айлантирдик. Кейин “Magic City” пайдо бўлди, мана энди “Dream Park”…

Тўғри, ўша пайтда боғ директори ўринбосари Зафар Мирзаулуғов: “Боғ номи ўзгармайди ва Ғафур Ғулом номи сақланиб қолади. Фақат ёнига “Dream Park” сўзи қўшилади, – деган эди. – Ном масаласида бизда жуда кўп вариант бор эди. Масалан, Ғафур Ғулом ёнига “Шум бола” сўзини ҳам қўшмоқчи бўлдик. Раҳбарият “Dream Park” номини танлади”.

Қизиқ, боғнинг номи аслича қолса нима бўларди? Улуғ шоир номи ёнига ажнабий сўзни тиқиштиришдан мақсад не эди?

Эслатиб ўтамиз, бир неча йил олдин Тошкенти азимнинг Мирзо Улуғбек номидаги маданият ва истироҳат боғига (собиқ Тельман боғи) “Central Park”, Миллий боғнинг бир қисмида ташкил этилган истироҳат масканига эса “Magic City” деган номлар берилганди.

Биров бир нарса демайди. Сенат ҳам, Давлат тилини ривожлантириш департаменти ҳам сукутда. Лекин “Ўзбек тили байрами куни”да хўжакўрсин тадбирларни қойиллатамиз. Тилимизни вақтида ҳимоя қилолмаганингиздан кейин минглаб тадбирларингиздан не наф, жаноблар?!

Жадид маърифатпарвар боболаримиздан Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг “Икки эмас, тўрт тил лозим” мақоласи 1913 йилда “Ойина” журналининг 1-сонида чоп этилган экан. Улуғ бобомиз мақолада кўп тилни билиш ҳар бир туркистонлик учун шартлиги ва шу орқали дунёга чиқиш мумкинлигини уқтиришга ҳаракат қилади. Беҳбудий миллат вакили ўз она тилидан ташқари форс, араб, рус ва ҳатто Европа тилларидан бирини билиши кераклигини таъкидлайди. Лекин шу билан бирга ўз она тилимизни ҳамиша эъзозлашимиз зарурлигини ҳам уқтирган эди.

Дунёдаги барча халқлар ўзининг миллий расмий тилига эга деб айтолмаймиз. Чунки бу, халқнинг миллий мус­тақиллиги билан боғлиқ. Мутахассисларнинг сўзларига қараганда, бугунги кунда ҳар икки ҳафтада битта тил йўқолиб бормоқда. Бу ўз навбатида ўша тилда сўзлашувчи халқларнинг йўқолишини англатади. ЮНЕСКО вакилларининг сўзларига қараганда, қачонлардир одамлар сўзлашадиган тилларнинг сони 7 мингдан 8 мингтагача етган бўлса, бугунги кунда сайёрамизда 6 мингта тил мавжуд бўлиб, уларнинг 90 фоизи йўқолиб кетиш арафасида турибди. Юзга яқин тиллар орасида Давлат тили мақомини олган Она тилимизнинг ҳам борлиги ҳар биримизни ғурурлантиради, албатта.

Лекин бу ғурур фақат баландпарвоз нутқларда, кўксимизга мукофот таққан чоғларда қалбимизда жўшмаслиги, балки юрагимизга мангу жо бўлиши керак! Мамлакатимиздаги шаҳарлар марказларига “I love” деб ёзилган жимжимадор жумлани кўрганда, аввало, юрагимизда она тилимизнинг қадри жуда юксак бўлмоғи лозим эканлигини ўйлаб қоламан. Наҳотки, ўз тилини қўйиб, ўзга тилни тарғиб қилаётганларнинг виж­дони қийналмаса…

Сўз мулкининг султони Алишер Навоий 1499 йилда ёзган “Муҳокамат ул-луғатайн” асарида туркий ва форсий тиллар ҳақида қиёсий фикр юритади. Навоий бир тилни улуғлаб, иккинчисини камситишни эмас, балки ҳар икки тилнинг ўзига хос фазилатлари, афзалликлари борлигини амалда исботлаб беради. Француз олими М.Беллин 1861 йилда ёзган “Мир Алишер Навоий биог­рафияси ва ижоди” китобида Навоийнинг она тилига жуда катта эътибор берганини буюк ватанпарварлик деб атайди: “Навоий ўз миллий тилининг афзалликларини инкор этиб бўлмайдиган далиллар билан исботлаб, ўз халқи орасига ватанпарварлик ғояларини чуқур сингдира олди”.

Навоийдан кейин туркий тилни мумтоз адабий тиллар даражасига кўтаришни дилига жо айлаган Бобур Мирзо туркий тилнинг бой оҳанг ва товушларини тўлиқ ифода этишга имкон берадиган янги алифбо яратиш зарурлигини англаб етади. 1504 йилда “Хатти Бобурий”ни яратади. Бироқ, “Хатти Бобурий”­­ни давлат миқёсида жорий этишга Маккадан рухсат келмайди. Бобурнинг ўзи, ўғиллари ва яқин одамлари ундан ўзаро ёзишмаларда фойдаланганлар.

Мустақиллик йилларида ҳам ўзбек тилининг ҳаётимиздаги ўрни ва таъсирини кучайтириш, уни том маънодаги миллий қадриятга айлантириш йўлида қатор ишлар амалга оширилди. Бош Қомусимизда ҳам давлат тилининг мақоми ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаб қўйилган. Шу тариқа, ўзбек тили қонун йўли билан ҳимоя қилинадиган муқаддас тимсоллардан бирига айланди. Давлат тили ҳақидаги қонуннинг қабул қилиниши эса тилимизнинг жамиятдаги мавқеини юксалтирди.

Куни кеча Давлатимиз раҳбари иккинчи маротаба БМТ Бош Ассамблеясининг 78-сессиясида (75-сессиясида ҳам сўзлаган эдилар) она тилимизда чиқиш қилгани улкан тарихий воқеа бўлгани ўлароқ, ҳар биримизда фахр-ифтихор туйғусини уйғотди. Халқимиз ғурурини юксалтирди, кўнглимизни тоғдек кўтарди. Зеро, ўз замонларида Амир Темур, Навоий, Бобур каби улуғ ватандошларимиз сўзлаган, унинг ривожи йўлида қайғурган она тилимиз жаҳоннинг энг нуфузли минбаридан жаранг сочиши Ватанимизнинг бой ўтмиши, бугуни ва фаровон келажагини ифода этувчи муҳим воқеликдир.

Шу боис, бу воқеа бутун халқимиз, кенг жамоатчилигимиз қалбида юксак акс-садо берди. Буни биз ижтимоий тармоқларда бўлаётган қизғин муҳокама ва чиқишлардан ҳам кўриб-билиб турибмиз. Жамоатчилик, зиёлилар билдираётган фикрлар ва муносабатлар фикримизга исботдир.

Ўз тили учун қайғураётган миллат дунё халқлари сафида ўз ўрнини, чинакам мус­тақиллигини асрашга, ҳимоя қилишга жидду жаҳд қилаётган миллат саналади. Зеро, миллатнинг ва миллий адабиётнинг мавжудлик шарти бўлган она тилимиз тақдири учун куюниш, унинг равнақи учун барча имкониятларни сафарбар этиш ҳар биримизнинг бурчимиздир.

Ислом АСИЛБЕКОВ,

журналист.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

seven − four =