Ўзбек адибининг китоби Туркияда чоп этилди

Туркия пойтахти Анқара шаҳридаги “Kültür Ajansı” нашриёти томонидан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Қулман Очилнинг “Erkekçe sözüm” (“Йигит сўзим”) китоби чоп этилди.

Мазкур китобда муаллифнинг турли йилларда яратилган “Недур хаёлинг”, “Йигит сўзим”, “Бир капгир ош”, “Лафз”, “Қизил кўрпача”, “Ўғри” сингари ўндан ортиқ ҳикоялари жой олган. Асарларни турк тилига уюшма аъзоси, ёзувчи ва таржимон Рустам Жабборов таржима қилган.

Китоб Туркия Республикаси Президентининг Фармонига биноан ташкил этилган Жаҳон сўз академияси раиси, таниқли адиб, филология фанлари доктори, профессор Хайриддин Ивгин таҳрири остида чоп этилди.

Хайриддин Ивгин мазкур китобга ёзган сўзбошисида: “Бу ёруғ оламда китоб номлиғ мўъжизанинг ўрнини ҳеч нарса босолмайди, – деб таъкидлайди. — Кўнглингизга ойдинлик, ҳаётингизга мазмун олиб кирадиган буюк мўъжиза. Адибнинг “Йигит сўзим” китоби ҳам қалбларга нур ва ишонч бағишлайдиган ана шундай мўъжизалардан бири эканига шубҳам йўқ”.

Китоб Туркиядаги китоб дўконларида сотувга чиқарилади, шунингдек, кутубхоналар, таълим масканлари, ижодий ташкилот ва уюшмаларга тарқатилади.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

3 × 3 =