Бола кимдан ўрганади?
Ҳаётнинг паст-баланди, оқ-қораси, оғир-енгили бор. Ҳар қандай романтик ҳис-туйғуларнинг ўрнини аста-секин фарзандлар ташвиши, уй-рўзғор юмушлари эгаллаб бораверади. Романтик муносабатлар бора-бора ҳокимлик қилиш учун курашиш майдонига айланиб, оилада эр ёки хотин ўз сўзини ўтказишга уринади.
Маиший муаммоларга ўралашиб қолган ота-оналар, афсуски, фарзандлар ташвишини, аввало, еб-ичириш, кийдиришда деб қабул қилишади. Фарзанднинг тарбияси, ўқиб-ўрганиши, яхши хислатлар соҳиби бўлиши барча нарсадан муҳим. Ёш оналарни кўп кузатаман, уларнинг ёшларида биз ҳам шундай хатоларга йўл қўйганмизми? Қўйганмиз. Ва… натижаси хайрли бўлмаганлигини ҳис қилиш қийин эмас.
“Бирпас жим тур, ғингшима, гапни гапга қўш, овозинг ўчгур, ҳозир уриб-ўлдираман!” қабилидаги дўқ-пўписаларни аксарият оналарнинг ҳатто жамоат жойларида ҳам бот-бот ишлатишлари аянчли ҳолат. Четдан қараган кишига бу муомала қанчалик хунук эшитилади. Қўшниси билан оғзи-оғзига тегмай гаплашаётган оналар оёғи остида нимадир истаб ғингшиётган боласини эшитиш ўрнига уни туртади. Азбаройи суҳбати қизиб кетган оналар орасида боласининг салкам саккиз соатдан бери битта тагликда юрганини ҳам унутиб қўядиганлари учрайди. “Меҳмон келса, ёнимизга яқинлашма, дастурхонга осилма, егинг келган нарсани меҳмон кетгач ейсан!” Бу тахлит оммалашган даъватни ҳар доим ва ҳаммамиз ишлатиб келамиз. Тўғрими? Аслида, келадиган меҳмондан аввал боламизни овқатлантириб қўйишимиз, меҳмон узоқ ўтириб қолганида ҳам боламизнинг истакларини инобатга олиб, уни парвариш қилишимиз эсимиздан чиқади. Меҳмон кетгунча боламизнинг жағи ўчиб турса бас. Ахир ўша меҳмоннинг ҳам боласи, набираси бор-ку, бизни тўғри тушунади, демаймиз.
Фарзандлар билан мулоқот сустлиги – барча оилаларда турлича кўринишда учрайдиган муаммодир. Бу аслида ғоят аҳамиятли муаммо. Сўнгги пайтларда диққатимни жалб этган энг катта муаммо шу бўлди, десам адашмайман: оналар, оталар, хуллас, ҳаммамиздаям бу қусур озми-кўпми мавжуд экан. Бола онасидан ёки отасидан кўп нарсани кутади. Ишдан қайтишини интизор кутиб, ўзини қизиқтирган ниманидир сўраб билмоқчи, ўйнамоқчи бўлади. Аммо, минг афсуски, ишдан ҳориб-толиб қайтган она дарҳол уй юмушларига андармон бўлса, ота боласи билан суҳбатлашиш ёки ўйин ўйнашдан кўра, телевизорга термулиш, телефон титкилаш билан банд бўлади. Нари борса, кечки овқатини апил-тапил еб, оғайнилари билан гаштаклашишга отланади. Баъзи оталар эса дам олгиси келиб атрофида ўралашган, у билан гаплашгиси келган боласини ўзидан узоқлаштириш учун қўлига бирор ўйинчоқ тутқазади ёки телефонини ўйин ўйнаши учун бериб қўяди. Телефоннинг болага зарари отани асло қизиқтирмайди, хархаша қилмасдан жимгина ўтирса бас. Ана шундан кейингина ота-она ва бола ўртасидаги мулоқотсизлик бошланади. Бу мулоқотсизлик баъзан ҳаётларининг охиригача ҳам давом этиши мумкин. Боланинг жамиятдаги бефарқлиги, жамоатчиликдан қочиши, одамови бўлиб қолиши, ҳатто журъатсиз, жасоратсиз бўлиб ўсиши ана шундай бепарволикдан жабҳа олади.
Фарзандининг фазилатли ахлоқ эгаси бўлишини истаган ота-она буни аввалбошидан ибратли оила муҳитида йўлга қўя олади. Бунинг учун энг аввало, эр-хотинлар бир-бирлари билан соғлом мулоқотни қуришлари, сўнгра фарзандларига чиройли муомала маданиятини ўргатишлари лозим.
Оила ичида, аввало фарзандларимиз билан яхши муносабатларни йўлга қўйишимизнинг энг афзал томони, барча салбий жиҳатлар ўртадан олиб ташланишидир. Фарзандларини тушуниб етишга ҳаракат қилган ота-оналар ўғил-қизларининг ўзларини намоён этишлари учун мулоқот йўлларини очиб қўйишлари лозим. Бу мулоқот эшиги очилмадими, катталар ёки болалар томонидан ҳақли эътироз юзага келади: “Сиз мени умуман эшитмайсиз!” Бир нарсага амин бўлдимки, яхши мулоқот болаларга ва уларнинг ота-оналарига ишонч, ҳурмат туйғусини мустаҳкамлашни ва бошқалар билан мулоқотга киришишини таъминлайди. Аммо, тазйиқ, танқид, қўрқитиш, синдириш, камситиш, озорлаш болаларни ўзларини оқлашга ундайди. Боланинг қалбида ота-онасидан ўч олиш туйғуси ҳам пайдо бўлади. Кейинчалик бола улғайганида ҳам ота-онасини қаттиқ ранжитадиган, улар хушламайдиган хатти-ҳаракатлар қилишга мойиллиги ортади.
Илгари ёш бўлганмиз, аммо ҳозир болаларимиз ва набираларимиз ўртасида ушбу муаммоларни кўриб, бу иллатнинг илдизи ота-оналарнинг хатти-ҳаракатларига бориб тақалишини ҳис этмоқдамиз. Уларга панду насиҳат қилиш, муаммонинг олдини олиш вазифамиздир. Агарда ҳар бир сўзимизнинг фарзандларимиз виждонига хитоб бўлиб боришини истасак, тилимиздан эмас, қалбимиздан чиқишига эътибор беришимиз зарур. Ўғил-қизларимиз билан улар ҳали мурғак ёшда эканлигидаёқ очиқ мулоқотда бўлишни ўрганайлик. Ишончсиз айтилган ҳар бир туйғусиз сўз изсиз кетиши, хотирадан тез орада ўчиши аниқ.
Фарзандларимиз ҳаётини осонлаштириш учун бир нечта оддий ҳаракатлар етарли эканлигини унутиб қўямиз. Агар бирор насиҳатдан олдин болангизни меҳр билан силасангиз, суҳбатни хотиржам овоз билан бошласангиз, болангизнинг кўзларига қараб унга мурожаат қилсангиз, мулойимлик билан худди катталарга мурожаат қилгандек ибораларни ишлатсангиз ва болангизга тўлиқ эътибор берсангиз, улар билан яқиндан дўстлаша олишингизга ишончим комил. Ишга кўмилиб қолган тақдирингизда ҳам уларни эътиборсиз ташлаб қўйманг. Иш сира тугамаган. Аммо, боланинг истаги сўнса, кейин катталарга ишонмай, гаплашмай қўйиши аниқ.
Энг ёмон иллатларимиздан бири эса боламизни тинимсиз танқид қилишимиз, камситишимиз, ҳадеб бир маслаҳатни бераверишимиз экан. Жаҳлимизни жиловлай олмасак ёки эр-хотин, қайнона-келин тортишиб қолса, яна жабрдийда бола бўлади. Унинг хархашаси катталарнинг назаридан четда қолиб кетади. Бу ҳам етмагандай, тортишган томон аламини боладан олади, уни жеркиб беради ёки силтайди. Бундай шафқатсизликни боламизга билиб-билмай қилар эканмиз.
Соғлом мулоқотда гапириш, болажонларни тинглаш ҳам муҳим. Яхши тингловчи бўлиш бошқа одамнинг сўзларини диққат билан тинглашни англатади. Ота-оналар бу борада болаларига ўрнак бўлишмаса, бола кимдан ўргансин? Биз бир-биримизга гапирсак, савол берсак, тайинли жавоб ололмасак, эътибор бермаган суҳбатдошимиздан дарров ранжиймиз. Кичикларда ҳам кўнгил бор. Сизларга болангизга бепарво бўлманг, демоқчиман. Уларни едириш-ичиришдан ташқари, мулоқот қилинг. Улар қизиқадими-йўқми, саволларига мос равишда жавоб беринг. Улар сиз билан суҳбатлашишни истаса, иложи борича ҳамма ишингизни маълум муддатга тўхтатиб, уларга вақт ажратинг. Уларни сабр-тоқат билан тингланг. Шунда улар ҳам сизни доим астойдил тинглайди. Бунинг ижобий натижасини кейин кўрасиз. Олти ёшли неварамнинг чақнаб турган кўзларида кўраман дунёни: “Энажон, сиз менга шеъримни ёдлатасиз-а, аямнинг вақти йўқ экан. Энажон, сиз менга эртак ўқиб берасиз-а, дадам чарчабди экан…”. Мен эски хатоларимни тузатиш учун неварамнинг ҳамма истакларини муҳайё қилишга уринаман. Унинг овозидаги, кўзидаги ҳайрат менгаям кўчади. Уни эшитишга ҳаракат қиламан, болани эркалатманг, дея эътироз билдиришади. Аслида бундай эмас. Эътибор бошқа, эркалатиш бошқа. Болани эшитмасак, қандай қилиб у бизни эшитсин? Илк мактабга борган болажонларимизнинг кўзлари тўла ҳайрат ва саволлар бўлади. Ишни улардан бошлайликки, токи ўқиётган синфига, устозига, ўқишига меҳр қўйсин. Дарсларда тушунолмай қолган мавзуларини эринмай, ҳижжалаб ўргатайлик. Балки устозидан тортиниб сўрамаган саволига жавобларни, балки чарчаб қолиб тушуна олмаган баъзи дарсларни… Эътиборли бўлайлик. Чунки, бошланғич таълим мустаҳкам бўлса, юқори синфларда ўзлаштириш осон кечади.
Хуллас, тарбия, фарзанд тарбиясида ҳамиша уйғоқ бўлиш шартлигини унутмаслик керак. Бу шахсий мулоҳазагина эмас, балки минг-минг йиллик ҳаёт тажрибасидан олинган оила сабоқларидандир.
Нигора ЖАЛОЛИДДИН қизи.