Меҳрибонлик
“Оилавий ҳангомалар” туркумидан
Баҳром АКБАРОВ
Муаллиф ҳақида:
Баҳром АКБАРОВ — 1961 йилда Тошкент вилоятида туғилган. Унинг болаларгааталган “Мўъжизалар оламига саёҳат” номли илк китоби 1997 йилда нашр этилган. “Митти ботир” номли эртак китоби рус ва немис тилларида дунё юзини кўрган. Болаларга аталган “Кичкинтойлар китоби” (1,2,3), “Ҳуснихатим чиройли”, “Хаёлимдаги ҳикоялар”, “Ғалати синов”, “Бибиқжоннинг жасорати” (ўзбек ва рус тилларида) номли китоблари эса ёш китобхонларнинг севимли асарларига айланган.
2009 йилда “Шуҳрат” медали билан тақдирланган.
Ўзбекистон Ёзувчилар ва Журналистлар уюшмалари аъзоси.
“АЁЛГА ИШОНМА, ХОТИНГА ИШОН …”
Газетада бериладиган “Донолар бисотидан” рукнидаги кичик ҳикоятларни ўқиб ўтиргандим, хотиним тикаётган кўрпачасини қўйди-да, сўраб қолди:
— Ҳа, дадаси, нимадан бунчалик каллангизни ликиллатиб, маза қилиб ўтирибсиз?
— Ўзим, шунчаки…
— Вой-бў! Намунча энди? Жа шунчалик махфий нарса эканми, хотинингизга ҳам айтмасангиз…
Хотин тихирлик қилаверганидан сўнг айтишга мажбур бўлдим:
— Мана, эшит, бўлмаса! Луқмони Ҳаким шундай деган эканлар: “Аёлга ишонма ва унга сирингни айтма”.
— У одам ҳозир борми? – сўради хотиним ажабланганча менга қараб.
— Йўқ. Ўлиб кетган… Нимайди?
— Ўлган бўлса, жойи жаннатда бўлсин. Ўзим ҳам бу гапни ҳозирги замон эркаги айтмаганини билувдим. Аслида, у тўғри айтибди. Аёлга ишонмаслик керак.
Хотинимнинг бу гапи мени жуда ҳайрон қолдирди. Чунки у унча-мунча гапни тўғри демасди-да!
— Нега гапимга ҳайрон бўлиб қараяпсиз? Ўша одамингиз аёлга ишонма дебди-ку, хотинга демаган-ку! Кеча қўшнимиз ҳақида айтмоқчи бўлган сирингизни бемалол айтаверинг!
ЧИРОЙЛИ ЖАВОБ
Кечки оқшом одатим бўйича китоб ўқирканман, қадимги олиму фузалолар, мутафаккиру адабиёт аҳли қанчалар оқил ҳамда доно бўлганига қойил қолиб, ўз-ўзимга кулиб қўярдим.
— Ҳа, – деди хотиним ҳолатимни кўриб, — сизга нима бунча таъсир қиляпти? Боядан бери ўзингизча завқланиб ўтирибсиз?
— Бунақа сермазмун гапларни тушунмайсан, хотин! Шу боис сенга гапирганнинг фойдаси йўқ!
— Нега энди?! – дея аччиқланди у. — Фақат сиз ҳамма нарсани тушунасизми?
— Ҳа, мен! – дея бироз мақтандим. — Мана, ишонмасанг эшит: “Ўғри ҳаётинг ва ҳамёнинг ўртасидаги танловга имкон беради, хотин эса икковини талаб қилади”. Сен бундай чуқур маъноли фикрни тушунармидинг?!
Хотин миқ этолмай қолганини кўриб, кетма-кет ҳужумга ўтдим-да, ғалаба нашидасини сурмоқчи бўлдим:
— Кўрдингми?! Сенда жавоб йўқ! Индаёлмайсан. Тўғрими?!
Хотиним яна бироз сукут сақлади-да, деди:
— Одамлар чиройли гапларини гапираверсинлар, сен чиройли сукут сақла! деганлар. Хўш, бунга нима дейсиз?!
— А?!
ЯНГИ ОВҚАТ
Уйга кириб улгурмасимданоқ йўлакда турган хотиним тўппончадан отгандек ўқини аямасдан ота бошлади:
— Ҳа, келишингиз бошқача? Ойлик олдингизми, дейман?
— Нимайди? – дедим унинг салом-алик қилмасдан айтган гапларидан жаҳлим чиқиб.
— Мундоқ рўзғорга у-бу нарса кўтариб келмаганингизга яраша, рўзғорда нима бор, деб сўрамайсиз ҳам.
— Рўзғорда нима бор? – дедим жўрттага овозимни баланд кўтариб.
— Ҳеч вақо! – деди у жаҳл билан.
— Ана ўшани қозонга солиб, овқатингни пиширавер, – дедим бўш келмай.
— Яхшими? Еса бўладими?
— Жуда ширин. Маза қилиб ейсан!
— Шундайми?! – деди у зарда билан ва ошхона томон йўналди.
Кийимларимни алмаштириб ошхонага кирсам, хотиним ҳеч нарса бўлмагандек минғирлаб ашула айтаяпти.
— Нима овқат қилдинг? – дедим ҳайрон бўлганча унга қараб. — Қорин очиб кетди-ку!
— Сиз айтган овқатни қилдим, — дея хиргойисида давом этди у. — Яхши овқат экан, бир зумда пишди, – деди-да, олдимга бўм-бўш косани қўйди.
— Нима бу? — ажабланиб қарадим унга.
— Сиз яхши кўрган, жуда ширин овқат: ҳеч вақо! – деди у жилмайиб.
ЧАҚМАЧАҚАР
Ишдан келсам, ўғлим хафа бўлиб ўтирибди. Ҳар доим қувноқ юрадиган нуридийдамнинг ушбу ҳолати ғалати туюлди.
— Нима гап, ўғлим? Нега хомушсан?
Ўғлим бошини ерга эгганча сукут сақларди. Яна сўрадим. Такрорий сўроғимдан сўнг менга қараб турди-да, сўради:
— Ада, чақмачақарлик яхшими? Сиз нима дейсиз?
Тўғрисини айтсам, бундай саволни кутмагандим. Ўйланиб қолдим:
— Чақмачақарлик яхши эмас. Иккита одамни уриштиришдан нима фойда? Бир одам бекорга зулм кўради. Шунинг учун мен чақмачақарларни жуда ёмон кўраман.
Ўғлимнинг чеҳраси ёришди ва бирданига дилидаги гапни айтди.
— Унда онамга айтинг! Чақмачақарлик қилмасинлар. Яхши хотин бўлиб юрсинлар.
— Онанг нима деди?
— Ҳали отанг келсин, қўшнининг олмасидан сўрамасдан олганингни айтаман, – дедилар.
— Ҳа, онанг тўғри айтибди. Нега сўрамасдан бировнинг олмасини олдинг? – дедим ўғлимга дўқ уриб.
— Ана, айтганингиз бўляпти, дада, – деди ўғлим бироз йиғламсираб, – иккита яхши одам бекорга уришаяпти… Биттаси зулм кўряпти…
— Ҳа, ўғлингиз нима деб шикоят қиляпти? — деди шу пайт хотиним қўлида капгири билан ошхонадан чиқиб.
— Ҳеч нарса! Ўғлинг сени мақтаяпти, хотин, – дедим жиддий оҳангда. – Онамдақа аёл дунёда йўқ, деяпти.
Бу гапни эшитган ўғлим йиғидан тўхтади. Юзига бироз табассум югурди. Чунки чақмачақарлик яхши эмаслигини у яхши билиб олганди…
ЎСМАЙДИГАН ЭР
Янги таъмирланган уйга кийимларни тахлаб қўйиш учун учта тортмали шкаф сотиб олдим.
Кечки пайт ишдан келсам, хотиним уст-бошларимни тортмаларга жойлаётган экан.
— Мана, дадаси, сизнинг кийимларингизни тортманинг энг юқорисига тахладим. Қадрингиз ва қаддингиз ҳамиша баланд бўлсин, дедим. Иккинчи тортмага ўзимники, учинчи тортмага ўғлингизнинг кийимларини тахладим.
Хотинимнинг ёдлаб олган оташин сўзлари қалбимнинг нозик торларини чертиб ўтди. Унга бўлган меҳрим яна жўшди.
— Раҳмат, онаси! Шунчалик қадрим ҳамиша баланд бўлишини ўйлаб тортманинг энг юқорисига кийимларимни жойлаганинг учун ташаккур. Лекин айт-чи, нима учун ўғлингнинг кийимларини энг пастига – тортманинг энг катта бўлагига қўйдинг?
Хотиним шу саволни аввалдан кутгандек, жилмайиб қаради-да, деди:
— Энди, дадаси, ўғлингиз ўсадиган бола. Шунинг учун унга катта тортмани ажратдим. Унинг кийимлари кўп бўлади.
— Мен-чи, мен ўсмайманми? – дедим бироз жаҳлим чиқиб.
— Сизми? Сиз ўсиб бўлгансиз. Кийимларингиз ҳам кўп бўлмайди, – деди у топган жавобидан ўзича қувониб.
ВАЗИФА
Кечки пайт хотиним мошхўрда қилмоқчи бўлиб, косага бир пиёла мош солди. Табиийки, мош ичида тош бўлмаслиги учун тозалаш керак. Ўғлим билағонлик қилиб косани қўлига олди-да, мошни кўздан кечира бошлади. Жиз-бизни бошлаб юборган хотиним ўғлининг қилаётган ишини кўриб, ҳайрон қолди.
— Нима қилаяпсан, ўғлим?
— Кўряпсиз-ку, мошда тош бўлмасин, деб тозалаяпман.
— Вой-вой-вой! Бу нима қилганинг?! Бу ишни ўғил болалар қилмайди. Уят бўлади-я! Ана, адангга бер. У киши тозаласин, барибир бекор ўтирибди.
— Ўғил бола мош тозаламайди, деб ҳозир ўзинг айтдинг-ку! Бу нима деган гап? – дедим эррайимлик билан.
— Тўғри! Ўғил бола мош тозалаб ўтириши уят. Сиз кап-катта кишисиз, сизга мумкин, – деди хотиним пинагини бузмай.
“САЗАНГИЗ ЎЛМАСИН…”
— Адаси, бугун ишдан неччиларда қайтасиз? – деди хотиним ялинчоқроқ оҳангда телефон қилиб.
— Ҳар доимги вақтда қайтаман. Нимайди?
— Ўғлингиз билан ўзингизга бирон егулик олиб келасизми, демоқчийдим. Уй ишлари билан оввора бўлиб, овқат қилолмадим.
Ўйланиб қолдим. Кечки пайт ошхоналардан нима ҳам оламан? Хаёлимга келган фикрдан қувониб кетдим-да:
— Дўкондан мол гўштидан тайёрланган тушёнка олиб қўя қоламан. Маза қилиб еймиз! Нима дейсан? – дедим топган фикримга мақтов кутиб.
— Вой, дадаси, ўйлаб гапиряпсизми? Айтаётган нарсангиз қачон тайёрланган, Худо билади. Ўғлингизнинг ошқозони оғриб қолмасин тағин. “Миллий таом”лар кечки пайт ҳам ишлайди. Янги тайёрланган мазали овқатлари бўлади. Ўшандан норин ола қолинг. Шўрваси эсингиздан чиқмасин.
— Тушёнканинг нимаси ёқмаяпти? Яхши-ку! – дедим таклифим ўтмаганига эътироз билдириб.
— Майли, жа тушёнка егингиз келаётган экан, ўзингиз учун ола қолинг. Лекин ўғлингизга янги тайёрланган овқат олинг, хўпми?
БЕРМУРД УЧБУРЧАГИ
Кечки оқшом хотиним ва ўғлим чой ичиб суҳбатлашарди. Қўлимда газета билан уларнинг ёнига бориб ўтирдим.
— Нима гап? – дея сўроққа тутди хотиним. — Жуда ҳаяжондасиз?
— “Hurriyat”да ҳикояларим чиқибди. Шунга, — дедим қувонч билан.
— Ҳа, ўйлабманки, ваъда қилган пиццангизни обкебсизми, деб.
— У ҳам бўлиб қолар, хотин. Энг қизиғи, бир ёзувчи оғайним ҳикояларимни ўқиб, қаҳрамонлар “Бермурд учбурчаги”ни эслатади, дейди. Кўрдингми, ёзган нарсаларимни халқ ўқияпти…
— Ўқиса, ўқир. Менга нима? Э… шошманг, шошманг, “Бермурд учбурчаги” нима дегани?
— Уми? – дея суҳбатга қўшилди ўғлим. — Ҳалокатли жой. Кўпчилик у ерда чўкиб ўлади.
— Ваҳима қилаверма, – дедим ўғлимга. — Ҳикоямда уч киши — ота, ўғил, хотин иштирок этади. Шунга ўртоғим бу гапни мажозий маънода айтди.
— Улар чўкадими? – деди хотиним кўзларини катта-катта очиб.
Унга қараб кулгим қистади-да:
— Ҳа, – дедим. — Ким сузишни билмаса, чўкади-да.
— Бу гапингиз билан мени қўрқитолмайсиз. Мен ўтда ёнмас, сувда чўкмасман, – деди у ғурурланиб.
— Сендақа мақтанчоқ сузишни билмайдиганлар дарров чўкади. Ҳеч ким сени қутқармайди, тўғрими, ўғлим?! – дедим ҳазилда давом этиб.
Ўғлим анқайганча жимгина ўтирарди.
Эрталаб турсам, хотиним мендан олдин машинага чиқиб олибди, қўлида катта сумка.
— Ҳа, йўл бўлсин?
— Бассейнга. Сузишни ўрганмасам бўлмайди, шекилли, тағин чўкиб кетмай.
— Сен ўтда ёнмас, сувда чўкмас эдинг-ку!
— Ҳо… Ниятингизни сезиб қолдим. Уй-жойим шундай бўлганда, уни бошқага ташлаб кетаманми? Бериб бўпман! Ундан кўра сузишни ўрганганим яхши. Қани, ҳайданг машинани.