Кекса кишини тунаган талончи

Ўрта мактабни бир амаллаб битирган Рашид тенгқурлари қатори бирон ўқишга ҳам ҳужжат топширмади. Куни кўчада ўтадиган бўлди.

“Оғирнинг устидан, енгилнинг остидан”, деганларидек, уни-буни алдаб тўрт-беш сўм топиб, кунни кеч қилиб уйи­­га кириб борадиган бўлди. Ота-­онаси: “Ўғлим, бирон иш топиб ишласанг бўлмайдими?” деб сўраганда: “Мен ҳам ҳар куни иш қидириб юрибман-да”, дерди. Унинг ёлғон гапига уйдагилари ишониб юраверди.

Қаерда одамлар гавжум бўлса, Рашид шу ерда ҳозиру нозир бўлиб, киссавурликни машқ қилиб юрди. Бир-икки кишининг сумкасини ҳам ковлашга улгурди. У жойини тез-тез алмаштириб турарди. Гоҳ Деновда бўлса, гоҳида Шўрчида чўнтак ковлар эди.

Бир куни маҳалла идораси олдида бир тўда одамлар тўпланиб турганига кўзи тушди. Яқинроқ бориб қараса, нафақа пули тарқатилаётган экан. Анча вақт пайт пойлаб, охири бир кекса кишининг пул олиб ҳамёнига солиб чиққанини кўрди. Ҳалиги отахон уйи томон яёв кетди. Рашид ҳам кекса кишининг ортидан тушди. Ниҳоят, овлоқ жойга борганда, отахоннинг қўлидаги ҳамённи тортиб олди-ю, ортига қараб қочди. Бечора отахон: “Дод, пулимни олиб қочди!” деганча бақирди, аммо ҳеч ким эшитмади. Пулидан айрилган киши ички ишлар бўлимига бориб, бўлган воқеани айтди. Тезкор гуруҳ дарҳол қидирувга чиқди. Бу вақтда Рашид ўзини пана жойга олган эди.

У ҳамёндаги пулларни чўнтагига солиб, бозорга борди. Аввал ошхонага кириб қорнини тўйғазди, сўнг бозордан у-бу нарсани харид қилиб уйига жўнади. Бозорликни кўрган онаси: “Иш топдингми, болам?”, деди қувониб. “Ҳа, она, бугун бир иш қилиб, озроқ пул ишлаб, бозорлик қилдим”, деб ёлғон гап­лари билан она бечорани ишонтирди.

Қинғир ишнинг қийиғи кўпга чўзилмади. Кўзи олазарак бўлиб турган йигитнинг қиёфаси жабрланувчи отахон таърифлаган ўғрига жуда ўхшашлиги ички ишлар ходимида шубҳа уйғотди. Секин бориб, унинг билагидан маҳкам ушлаб четга тортди. Сўраб-суриштириб: “Ўтган куни сен бир отахонни тунаб кетибсан”, деганида, йигитнинг пешонасидан совуқ тер чиқиб кетди.

Тергов жараёнида: “Ҳа, аҳмоқлик қилдим, мени шайтон йўлдан урди. Бошқа бундай қилмайман”, деб қилмишини бўйнига олди. Ҳа, айтганча, ҳалиги отахон 81 ёшли Қурбон Муротов экан. У кишига талончи Рашид Мамадиев олиб қочган пуллар тийинигача қайтарилди. Ота-онаси ўғлининг судланаётганидан хабар топиб, унинг қилмиши учун отахондан кечирим сўраб, пулини қайтарди. Суд 18 ёшга кирар-кирмас талончилик қилган Рашид Мамадиевга тегишли жазо тайинлади.

Абдураҳмон ЭШМУРОТОВ,

Жиноят ишлари бўйича Шўрчи туман суди ходими.

Чори ҚОРАҚУЛОВ,

журналист.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

fourteen − six =