Жадидлар мероси Туркияда ҳам кенг ўрганилмоқда

Жадид зиёлиларимиз мумтоз адабиётимиз тарихини пухта билгани ҳолда, жаҳон адабиётидан ҳам яхши хабардор бўлганлар. Шарқ адабиёти, хусусан, турк, озарбайжон, татар адабиётини мунтазам кузатганлар. У ёқларда чоп этилаётган матбуот билан танишиб борганлар. Шулар таъсирида ўзлари ҳам журналлар нашр қилдира бошлади (“Тараққий”, “Ойина”, “Садойи Туркистон” ва бошқалар). Ҳар бир зиёли, ижодкор ўз маънавиятини юксалтириш учун жаҳон адабиётини ва санъатини кенгроқ ўрганишга ҳаракат қилиши табиий. Аммо жадидларимиз жаҳон адабиётини теран ўрганиб, ўзбек адабиёти, санъатини ривожлантиришда андоза олишни ўйлаганлар. XХ асрнинг биринчи чорагидаги адабиётимизда шакл ва мазмун жиҳатдан кескин бурилиш бўлгани бунинг мисоли. Жадидлар адабиётда сифат ўзгариши қилиб, адабиёт, таълим орқали халқни маърифатли қилиш, маънавиятини, маорифини юксалтириш учун ҳаракат қилдилар.

Мустамлака зулмидаги ўша йилларда ўзбек зиёлилари учун турк маданияти, адабиёти бир ёруғ туйнук эди. Жадидлар ижодида “Ватан”, “миллат”, “ҳуррият” мавзуларининг бўртиб (доминант) туришида турк, татар ижодкорларининг, матбуотининг таъсири бўлгани шубҳасиз. Илм, маърифат орқали халқнинг кўзини очиб, жаҳолатдан қутулишни Маҳмудхўжа Беҳбудий, Абдулла Авлоний, Абдулла Қодирий, Чўлпон, Ҳамза ва бошқа илғор адибларимиз яхши ҳис қилганлар. Машҳур ёзувчимиз Абдулла Қодирий 1925 йил “Маориф ва ўқитувчи” журналининг 4-сонидаги “Туркия матбуоти” мақоласида бу ҳақда шундай ёзганди: “Биз ҳам айтамизки, бугун Шарқ олами, айниқса, янги турк дунёси ишқи мамнух, моҳи сиёҳларни ва уларнинг муҳаррирларини эмас, Яҳё Камолларни, Робиндранат Тагорларни кўрмак истайдилар… Рафиқ Холид, Холида Адиб, Яҳё Камолнинг бугунги ҳаётни ва муҳитнинг акси бўлғон асарлари керакдир”. Чунки турк адабиётида маърифатпарварлик Европа адабиётининг, кўпроқ француз адабиётининг таъсирида бирмунча илгари — ХIХ асрнинг иккинчи ярмидан бошланганди. Ғарб адабиёти таъсири сезила бошлаган даврни турк адабиётшунослари ўз навбатида учга бўладилар:   Танзимот адабиёти, Адабиё­­ти жадида, яъни жадид адабиёти, XX юз йил адабиёти (жумҳурият эълон қилингунга қадар).

Турк матбуоти, айниқса, “Турк юрти” ва “Сарвати фунун” журнали Туркистонда машҳур бўлиб, бизнинг жадидларимизни турк ва Европа адабиёти билан таништиришда ўрни муҳимдир. Қўқондаги Ҳамза музейида “Сарвати фунун” журналининг кўплаб сонлари ва Фуат Кўпрулининг асримиз бошида эълон қилинган “Турк адабиёти” китобининг сақланиши фикримиз далилидир. Матбуот, рус-турк урушида асир олинган ва Ўрта Осиёда сургунда ўқитувчилик қилган турк зобитлари, айниқса, тилнинг яқинлиги зиёлиларимизни турк маданий ҳаёти билан таништиришнинг асосий омилларидан бўлган. Абдулҳамид Чўлпон Туркиядаги воқеаларга бағишлаб шеърлар, Товфиқ Фикрат сингари шоирлар ҳақида мақолалар ёзса, Абдурауф Фитрат, Ҳамза ва яна бир қанча ўзбеклар Истанбулда бирмунча вақт таҳсил олганлар. Ҳамза “Дорулвоизин”да ўқиган. Ҳамзанинг чет эллардаги ҳаёти ҳамзанавислар томонидан озми-кўпми ўрганилган.   Измирда, Истанбулда бўлган Ҳамза турк тарихи, маданияти билан қизиққанлиги шубҳасиз. Ҳамза Ҳакимзода Ниёзийнинг эпистоляр мероси — хатларида турк тилида ёзилган хатлар бўлиши билан бирга, Туркия ҳаётига оид маълумотлар ҳам бор. Ҳамзанинг 1919 йил 21 мартда Ҳамидхон афандига ёзган мактубининг орқа бетида “Талъат афанди” ҳақидаги пьесанинг режаси келтирилган.   Талъат афанди 1908 йилнинг 3 июлидаги ёш турклар инқилобини амалга оширганлардан бири бўлиб, аср бошидаги Туркия сиёсий оламида таъсири кучли эди. Талъат афанди, Анвар пошшо, Жавдод пошшо ёш турклар инқилобидан сўнг сиёсатдаги асосий арбоблардан эдилар. Бизнингча, Ҳамза Талъат афанди шахси мисолида, ХХ аср бошидаги Туркия ҳаёти ҳақида асар ёзмоқчи бўлган, аммо нима сабабдандир амалга оширилмаган. Турк адабиёти, маданиятини яхши билган Ҳамзани Туркияда шоир сифатида қанчалик билишади? Ҳамза ҳаётлигида турк матбуотида асарлари эълон қилинганми-йўқми, бу биз учун ҳозирча номаълум. Собиқ шўролар вақтида эса, шоир асарлари турк тилида чоп этилган эмас (шўро шоирлари ҳақидаги бир манзума (антология)ни ҳисобга олмаганда). Истиқлолимиз шарофати туфайли Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий асарлари Туркияда нашр қилина бошлади. У ҳақида илмий мақолалар ёзилди ва ёзил­япти. “Турк дунёси” адабий журналининг 1996 йилги 1-сонида фан доктори Темур Хўжаўғлининг “Замонавий ўзбек шеъри” номли илмий тадқиқоти эълон қилинган. Темур Хўжаўғли сўнгги юз йиллик шеъриятимиз тарихини қуйидагича тасниф қилади:

  1. Ўтиш даври (1860-1910): Чиғатой шеъриятидан замонавий шеъриятга ўтиш.
  2. Жадид (янгиликчи) даври (1910-1930)
  3. Совет даври (1930-1991)
  4. Мустақиллик даври (1992 йилдан сўнг)

Мақолада жадид даврида ижод қилган шоирлар ҳақида сўз юритиларкан, Абдурауф Фитрат, Ҳамзаларнинг янги модерн шеър намуналарини яратганлиги алоҳида таъкид­ланади.

“Турк дунёси” журналининг ўша йилги 2-сонида ҳам профессор Иристой Қўчқортоев ва туркиялик тадқиқотчи Ойнур Ўзнинг Абдурауф Фитрат, Ҳамза, Абдулла Қаҳҳор, Саид Аҳмад ҳақидаги мақолалари ва асарларидан намуналар берилган. Бу мақолада Ҳамза шеърияти, драматургияси ҳақида имкони борича кенгроқ маълумот беришга ҳаракат қилинган. “Ким дониш бўлса”, “Тасвирда”, “Салом айтинг”, “Тошбақа ва чаён” шеърлари илова қилиб берилган. Туркияда ўзбек шеъриятига оид биринчи антология 1988 йили Ирфон Анвар Насриддин ўғли тарафидан тайёрланиб, “Ҳозирги Ўзбекистон шеърияти антологияси” номида Анқарада нашр қилинди. Бу мажмуада 50 нафар ўзбек шоирининг 98 та шеъри ўзбек тилида лотин алифбосида ва турк тилида қўш саҳифа қилиб берилган. Антология Ҳамза шеърлари билан бошланганлиги, айниқса, муҳимдир. Туркия матбуотида бу мажмуа ҳақида тақризлар эълон қилинади, шу муносабат билан ўзбек шеърияти ҳақидаги фикрлар ўртага ташланади.

1997 йил 4-7 ноябрь кунлари Анқара шаҳрида бўлиб ўтган туркий халқларнинг халқаро анжуманида бир нечта ўзбек олимлари иштирок этдилар. Профессорлар — Лазиз Қаюмов, Бегали Қосимов, Умарали Норматов, камина ва яна икки киши. Хусусан, профессор Лазиз Қаюмовнинг “Истиқлол ва Ҳамза” мавзусидаги маърузаси тингловчиларда Ҳамза ижодига янада қизиқиш уйғотган эди.

Туркияда нашр қилинаётган 30 жилдлик “Турк дунёси тарихи” китобига Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий ҳаёти ва ижодига бағишланган махсус мақола ёзилди. Туркия телевидениесининг “Сомон йўли” дастурида Ҳамза ижодига бағишланган кўрсатувлар эфирга узатилди. Бугунги кунда Туркиянинг бир нечта университетларида (Масалан, Истанбул университети, Анқарада Ғози университети) ўзбек тили ва адабиёти ўқитилмоқда. Ўзбек адабиёти дастурида Ҳамза ҳаёти ва ижодини алоҳида ўрганиш кўзда тутилган.

Жадидларимиздан Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий ижодининг Туркияда ўрганилишидаги муҳим жиҳат Ҳамза ижодига, шоир шахсига “Яша шўронинг куйчиси” (гарчи Ҳамза “Яша, Турон!” дея ёзган бўлса-да) сифатида эмас, аксинча, миллат учун, халқ учун қайғурган шоир: “Ё миллат деб кўйида ўл, Ниҳоний, Ё дунё деб миллатдан уз вафони” сатрларининг муаллифи сифатида қаралишидир. Келажакда шоирнинг алоҳида тўпламлари турк тилида нашр қилинишига, драмалари турк саҳнасида ўйналишига ишончимиз комил.

Ўтган йили, аниқроғи, 2023 йилнинг 11-12 декабрь кунлари пойтахтимизда бўлиб ўтган “Жадидлар: миллий ўзлик, истиқлол ва давлатчилик” мавзусидаги халқаро илмий конференция жадид боболаримиз меросини, шахсини ўрганишда янги даврни бошлаб берди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ўтказилган ушбу анжуман ХIХ аср охири ХХ аср бошидаги жадидлар бошлаган “миллий уйғониш даври”нинг илмий ўрганилиши ва жадид адибларимиз ижодини теран таҳлил қилишда янгича қарашга ундайди. Шулардан келиб чиқиб, “Жадидлар ва жаҳон адабиёти” мавзусига янада кўпроқ эътибор қилишимиз жуда муҳимдир.

Адҳамбек АЛИМБЕКОВ,

Тошкент давлат шарқшунослик университети

профессори.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

15 − fourteen =