Ўриклисой оқшомлари

Ёш ижодкорларнинг республика Зомин семинари кўплаб иқтидорларни кашф қилди

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг қизғин фаолият олиб борадиган Ёш ижодкорлар билан ишлаш бўлимида мамлакатимизда бадиий адабиёт соҳасининг турли йўналишларида ижод қилаётган ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларга ижодий имкониятлар яратиш, адабий жараёнга жалб қилиш, турли лойиҳаларда иштирокини йўлга қўйиш ишлари амалга оширилади. Бўлим фаолияти республикамизнинг энг чекка ҳудудларигача, Қорақалпоғистон Республикасида қалам тебратаётган ёшларни ҳам ўзига қамраб олади. Бунда Уюшманинг ҳудудлардаги бўлимлари катта кўмак кўрсатади ва ўз ҳудудидаги ижодкор ёшларни жараёнларга тортиш, уларни қўллаб-қувватлашда кучли қанот бўлиб хизмат қилади. Бу ўринда фаолиятга нисбатан эътироф қилиш ўринли. Фарғона, Хоразм, Жиззах, Тошкент, Қашқадарё, Бухоро вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасининг ёш ижодкорлар билан ишлаш бўйича фаолиятини алоҳида таъкидлаш мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 апрелдаги “Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорига мувофиқ ёш ижодкорларнинг анъанавий Зомин семинари қайта тикланиб, ҳар йили юртимизнинг энг баҳаво тоғли ҳудудларидан бири бўлган Зоминдаги Ўриклисой оромгоҳида юқори савияда ўтказиб келинмоқда. Семинар бадиий ижод соҳасида ўз истеъдодини намоён этаётган ёшларнинг иқтидорини юзага чиқаради, устозлар суҳбатига етказади, маҳорат дарсларидан баҳраманд қилади. Ёшлар баҳаво ва муаззам тоғлар бағрида шу Ватанга дахлдорлиги, унинг тинчлиги, фаровонлигига бирдек масъул эканликларини янада чуқурроқ англаб етадилар. Устозлар ўгитига қулоқ тутиб, ижодкорлик масъулиятини янада теран ҳис қиладилар. Бу гўша бир неча юзлаб ёшларга сабоқ берди, оқ фотиҳа бериб адабиёт майдонига кузатди.

Куни кеча семинарда иштирок этиб, устозлар эътирофига сазовор бўлган ижодкорлар — Суҳроб Зиё, Кумуш Абдусаломова, Нурмуҳаммад Азиз, Жамолиддин Бадалов, Хуршид Абдурашид, Гулруҳ Худоёрова, Алишер Сабрий, Шаҳриёр Шавкат, Анвар Ботир каби ижодкорлар сўз майдонида ўз ўқувчи-мухлисларини топиш билан бирга, жамиятнинг турли бўғинларида меҳнат қилиб, мамлакатимиздаги маънавий-маърифий муҳитни янада ривожлантириш, эзгу ғоялар, юксак ва олижаноб мақсадларни амалга ошириш, китобхонликни янада кенгайтириш йўлида меҳнат қилмоқда.

Ҳар доимгидек, семинарнинг ҳудудий босқичлари республикамизнинг етти вилоятида ўтказилди. Бу босқичларда Ёзувчилар уюшмасининг таниқли аъзолари — шоир ва ёзувчилар, адабиётшунослар иштирок этиб, ҳудудлардан иштирок этган ёшларни ўз сабоқларидан баҳраманд қилдилар. Ҳудудий босқичларда Сувон Мели, Қозоқбой Йўлдошев, Нурали Қобул, Улуғбек Ҳамдам, Қўчқор Норқобил, Зебо Мирзаева, Салим Ашур каби устозлар томонидан олиб борилган маҳорат дарслари семинаргача етиб келолмаган бўлса ҳам, ижоддан тўхтамаётган ёшларнинг ёдида қолгани, қалам тебратиш масъулиятини янада чуқурроқ ҳис эттиргани шубҳасиз. Зомин семинарининг ҳудудий босқичларида жами 467 нафар ёш ижодкор иштирок этди. Биринчи босқичдан муваффақиятли ўтган ёшларнинг 86 нафари анъанавий Зомин семинарига йўлланма олган эди. Мамлакатимиз раҳбарининг 2024 йил 1 апрелдаги “Ижод мактаблари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан бу йил мамлакатимиздаги ҳар бир ижод мактабидан беш нафардан ижодкор ўқувчи саралаб олинди. Ана шу хайрли ташаббус ортида ижод мактабларида ижодий муҳитни янада яхшилаш, уларда таълим олаётган ижодкор ёшларни қўллаб-қувватлаш, адабиётнинг катта майдонига тортишдек эзгу мақсад ҳам мужассамдир. Семинарнинг кўлами шу сабабли ҳам янада кенгайди ва жуда қизиқарли бўлди. Миллий адабиётимизнинг бу улкан байрамида жорий йили 121 нафар ёш қаламкаш иштирок этди.

Бугунги кунда мамлакатимизнинг турли ҳудудларида шу ҳудудларда туғилиб, бадиий адабиётимизга муносиб ҳисса қўшган ижодкорлар номи билан аталган — Муҳаммадризо Огаҳий, Исҳоқхон Ибрат, Абдулла Қодирий, Ҳамид Олимжон ва Зулфия, Ибройим Юсупов, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Муҳаммад Юсуф, Ҳалима Худойбердиева номида 9 та ижод мактаби фаолият олиб бормоқда. Уларда тилимизнинг бўлғуси ҳимоячилари ва адабиётимизнинг чинакам билимдонлари таълим олаётгани семинар жараёнида янада яққол кўринди. Бадиий ижодга меҳр қўйган иқтидорли ўқувчиларни тарбиялаш, уларнинг истеъдодини ривожлантириш, келажакда ўзбек адабиёти ва санъати, оммавий ахборот воситалари учун муносиб кадрлар тайёрлаш, миллий ўзлигимиз, Ватанимиз ва халқимизга садоқатли етук ижодкорларнинг янги авлодини камол топтиришдек улуғ мақсадлар йўлида ижод мактаблари ижодкор ўқувчилари ва республика ёш ижодкорларининг бир даврага тўплангани самарали натижа кўрсатади, албатта. Ўқувчилар учун мактабларда таниқли ёзувчи-шоирлар, адабиётшунослар билан маҳорат дарслари мунтазам ташкил этилган бўлса-да, катта давралар, тенгдошлар, замондош ёшлар билан ўзи ижод қилаётган жанрда суҳбатларда бўлиш, ўз ижодининг ютуқ ва камчиликлари борасида муҳокамаларда қатнашиш ўқувчилар учун катта мактаб ва унутилмас кунлар бўлади. Семинарнинг республика босқичида фаол иштирок этган 45 нафар ижодкор ўқувчи ва уларнинг кузатувчи устозлари Зомин семинарида катта таассуротларга эга бўлдилар.

Иштирокчиларга маҳорат дарсларини ижтимоий ва ижодий фаол, кенг жамоатчилик ўртасида обрў-эътибор қозонган адиблар олиб бордилар. Бу йил бадиий ижоднинг шеърият шўъбасида бешта гуруҳ фаолият кўрсатди. Уларда шоирлар — Эшқобил Шукур, Халила Давлатназар, Азиз Саид, Рустам Мусурмон, Зебо Мирзаева, Муҳиддин Абдусамад, адабиётшунослар — Сувон Мели, Нурбой Жабборов кабилар ёшларга бадиий адабиёт майдонида энг таъсирчан ва кенг тарқалган жанр — шеърият соҳасида қалам тебратиш масъулиятидан сабоқ бердилар. Наср йўналишида ёзувчилар Кенесбой Каримов, Шойим Бўтаев, Нурилла Чори, адабий танқид йўналишида профессор Қозоқбой Йўлдошев, бадиий публицистика йўналишида “Саодат” журнали бош муҳаррири Мунаввара Усмонова, ёзувчи ва публицист Уйғун Рўзиев, драматургия йўналишида Абдуқаюм Йўлдошев, болалар адабиёти йўналишида Умида Абдуазимова ва Ориф Тўхташ, бадиий таржима йўналишида Бегойим Холбекова, байналмилал адабиёт йўналишида Николай Ильин каби адиблар ёшларнинг ижоди борасида ўз маслаҳатларини бердилар.

Ёшларнинг кўзларида мамнунлик, ҳаётсеварлик, шу билан бирга, адабиётдек улуғ оламга дахлдорлик ва бундан етадиган масъулият залворини кўрмоқ, ҳис қилмоқ мумкин эди.

Адабиётшунос Сувон Мели шеърият шўъбасида ёшлар ижоди билан танишиб, Қашқадарё вилоятидан Бибигул Адиева ва Сурхондарё вилоятидан Шамсиқамар Суюновани эътироф қилган бўлса, шоир Азиз Саид Қорақалпоғистон Республикасидан иштирокчи Венера Нурмаматова ва Жиззах вилоятидан Фаррух Амиров каби шоирлар ижодидаги ўзига хосликни таъкидлаб ўтди. Профессор Қозоқбой Йўлдошев адабий танқид йўналишида фарғоналик ёш ижодкор Кумуш Одина Қаршибоевани, ёзувчи Шойим Бўтаев эса “Шамсиҳилол қиссаси” номли қисса билан ҳайратлантирган Маҳбуба Абдураҳимова ва ҳикоялар устаси Шаҳбоз Некбоевни эътироф қилдилар. Бадиий публицистика йўналишида маҳорат сабоғи олиб борган “Саодат” журнали бош муҳаррири Мунаввара Усмонова Сирдарё вилоятидан иштирокчи Занжилой Абдусаломова, Қорақалпоғистон Республикасидан Муниса Тожибоевани “қалами чархланган, тайёр публицистлар”, дея баҳолади. Энг қизғин сабоқлар драматургия йўналишида бўлиб ўтди. Истеъдодли адибимиз Абдуқаюм Йўлдошев Тошкент вилоятидан иштирокчи Шаҳзод Конишовнинг драмаларини ижобий баҳолади. Болалар адабиётида меҳнат қилган болалар шоирлари Умида Абдуазимова билан Ориф Тўхташ Қашқадарё вилоятидан иштирокчи Маҳлиё Ҳайдаровадан яхши умид қилаётганларини билдирдилар. Худди шу каби, бадиий таржима йўналишида таржимон Бегойим Холбекова Фарғона вилоятидан иштирокчи Шоҳрўз Мўминзодани, байналмилал адабиёт бўйича устозлик қилган Николай Ильин Тошкент вилоятидан иштирокчи Феруза Ғофуровани энг яхши ёш ижодкорлар деб тавсифладилар.

Барча устозларнинг муштарак маслаҳати — улкан ва ўлмас мумтоз адабиётимиз, ўтган аср адабиёти яратувчиларининг бой илмий мероси, шунингдек, замонавий адабиётимиз асарларини чуқур ўрганиш, ўз-ўзида адабий-эстетик дидни, бадиий асар яхлитлигини юзага келтириш ва тилини яратиш кўникмасини шакллантириш, тасвирда ўз услубини топиш зарурлиги кабилар бўлди.

Ижод мактабларининг ижодкор ўқувчилари орасида Огаҳий номидаги ижод мактабидан Комила Баҳодирова, Ибройим Юсупов номидаги ижод мактабидан Аниса Каримбаева, Исҳоқхон Ибрат номидаги ижод мактабидан Ифорабону Олимжонова, Абдулла Қодирий ижод мактабидан Гуласал Омонова, Ҳамид Олимжон ва Зулфия мактабидан Камола Комилжонова, Эркин Воҳидов ижод мактабидан Муқаддас Муҳаммадалиева, Абдулла Орипов ижод мактабидан Ҳикматбек Бойқобилов, Муҳаммад Юсуф ижод мактаби ўқувчиларидан Моҳларой Зафаржонова, Гулбаданбегим Алиқулова, Ҳалима Худойбердиева номидаги ижод мактаби ўқувчиларидан Гулбаҳор Ёрқинова, Зуҳра Тожибоева каби ёш иқтидорлар адабиётнинг турли йўналишларида юқори натижа кўрсатдилар.

Муҳими, бу майдонда айни вақтнинг ўзида Ватанимиз ёшлари орасидан 120 нафар китобхон бир даврага жам бўлди. Уларнинг китоб мутолааси шунчаки бўлмайди. Улар сўзни теран ҳис қилиб, китоб ўқийдилар. Албатта, семинардан сўнг китоб мутолааси уларда янада кучайиб боради.

Мамлакатимизнинг турли томонларидан келган, ҳаётга қарашлари ўзгача, ижоддаги ифода йўсинлари ўзгача бўлган бу ёшларнинг тезда бир-бирларига киришиб кетишлари, бир-бирларини ишораларданоқ англашлари ҳам бежиз эмас. Уларнинг кўксида юрак “адабиёт” деб ураётганидан эди бу. Сўзнинг сеҳри ва қудратини ҳис қилишдан, ўзининг борлиққа айтар сўзи борлигидан эди. Бадиий тафаккурнинг қай поғонада бўлса ҳам барқарорлиги ва шубҳасиз, ўсиб бориши, ҳаётни, кўнгил кечинмаларини теран ҳис қилиш бахти, сўз жилваларидан баҳрамандлик, муштарак мақсадларга қалбни боғлаганликдан эди бу.

Семинар давомида Ўзбекистон Қаҳрамони, устоз таржимон Иброҳим Ғафуровнинг маҳорат сабоғи нафақат ёшлар, балки семинарга масъул бўлган барча ижодкорлар, ҳудудий бўлим раҳбарларигача жуда катта қимматга эга бўлди.

Маъруза давомида Иброҳим Ғафуров, жумладан, шундай деди:

“Азиз дўстлар, сизларнинг ёзаётган асарларингиз бўлиқ бир ердан униб чиқаётгани йўқ. Сизгача яратилган асарларнинг мағиз-мағзини чаққансиз, миянгизга сингдиргансиз. Улар яшаган даврларни таҳлил қилгансиз. Бугун Сиз турган мана шу ижодий зиналар устида бир-икки Сиз билан фикрлашадиган сўзларимиз ҳам йўқ эмас. Келажакда ўзининг ижодий изланишлари, янгиликлари билан ўз даври адабиётини белгилайдиган ёшларнинг топиши зарур бўлган йўл — бу қайси йўл? Биринчи навбатда Сиз ўзингизнинг ривоя услубингизни, баён услубингизни ва бадиият услубингизни топиб олишингиз керак. Қалбингизнинг нимага қодирлиги, нимага лойиқлигини чамалаб олишингиз керак. Агар ҳозироқ ривоя услубингизни топмасангиз, ижод майдонида янги асарлар ярата олмайсиз. Шоир бўладиган, носир бўладиган, драматург бўладиган одам ўзингизни ҳозироқ намоён қилмасангиз, кейин топишингиз қийин бўлади. Сиз китобхонни банди қилиб қўйинг. Шунга қодирмисиз? Сиз ўзингизни яратишингиз керак бўлади. Буни ҳаётни кўриб, юзлаб образларни кўзингиздан ўтказиб амалга оширасиз”.

Семинар жараёнида икки кун давомида “Ўриклисой оқшомлари” шеърият кечаси ҳам ташкил этилди. Бу кечада ёшлар ҳам, устоз шоирлар ҳам шеърлар ўқидилар. Бу жўшқин ва унутилмас лаҳзалар тасвирларга муҳрланди, юракларга ҳам. Зоминда ёзги мавсумда ҳордиқ чиқараётган кўп сонли юртдошларимиз ҳам шеър тинглаш учун жараён ўтказилаётган майдонга йиғилиб, то якунлангунча шунда бўлдилар.

Иштирокчиларга сертификат, статуэтка, китоблар жамланмаси ва қимматбаҳо совғалар тақдим этилди.

Ижодкор ёшларнинг бир умр ёдида қоладиган, устозлар маслаҳатларига, ўгитларига мушарраф этадиган ушбу адабиёт байрами барча иштирокчи фарзандларимизга муборак бўлсин. Бу гал семинар тадбирларида иштирок эта олмаётган ёшларга келгуси ижодларида омад тилаймиз. Ўз устларида янада чуқур ишлаб, мутолаа ва ижоддан тўхтамасликлари лозимлигини таъкидлаймиз. Адабиётнинг миллатимиз ва бутун инсоният олдидаги улкан вазифаси, сўз масъулияти, миллий адабиётимизни тарғиб этиш ва унинг залворини кўтаришга жавобгарликни зиммамизга олганимизни унутмасликларини истар эдик.

Маъмура ЗОҲИДОВА,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси

Ўқув-методика ва ҳарбий-ватанпарварлик

бўлими бошлиғи.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

three × two =