Сув: таҳдидлар, муаммолар ва ечим
Ер шарининг учдан икки қисми сув билан лиммо-лим тўла бўлишига қарамасдан, кейинги йилларда дунёнинг деярли барча мамлакатларида сув танқислиги ҳақида узлуксиз мунозаралар бошланди. Нега дейсизми? Ахир шунча сув захирамиз бўлса-ю, ташвишланиш ўринлимикан? Масаланинг моҳиятини чуқур англамаганлар бу каби юзаки фикр айтишлари турган гап. Аммо атрофга назар солинг, дунёнинг Африка, Осиё ва Европа қитъаларида сув танқислиги, қурғоқчилик деган муаммо кун сайин инсонларни безовта қилмоқда. Дунёда яшайдиган 8 миллиарддан ортиқ инсоннинг ҳаёти барча жабҳаларда сувга боғлиқ бўлиб, қолаверса, улар учун зарур бўлган кислородни ўзида ишлаб чиқарувчи ўсимликлар сувсиз ўсмайди, ривожланмайди. Бундан ташқари, наботот олами инсонлар учун зарур бўлган озиқ-овқат маҳсулотларини ҳам етиштириб берувчидир. Хуллас, сувнинг аҳамияти, қиймати ҳақида узоқ тўхталиш мумкин.
Инсон танасининг 55-65 фоизини, энди туғилган чақалоқларда эса 90 фоизгача сув ташкил қилади.
Сув — инсонлар ҳаётида тирикликни белгилайдиган ёки сайёрамизда энг кўп фойдаланиладиган ва турли сабабларга кўра катта тезликда камайиб бораётган ресурслардан бири.
Сув — эндиликда ҳатто давлатлараро келишмовчилик ва баҳсларга сабаб бўладиган омиллардан бири бўлиши мумкин.
Сув танқислиги ва қурғоқчиликдан азият чеккан аҳоли ўз она тупроғини ташлаб кетиши, сарсону саргардон ёки муҳожир бўлиши каби аянчли ҳолатни юзага келтиради.
Демак, сув ҳаёт манбаидир!
Ўзини табиатнинг мутлақ ҳокими деб биладиган инсон сувсиз бир ҳафтагача яшай олади, холос. Маълумотларга кўра, Ер юзида мавжуд аҳолининг чорак қисмига (2023 йилда 2 миллиард одамнинг) истеъмол қилиши учун тоза ичимлик суви етишмайди ва аҳвол шу тариқа кетаверса, яқин 10 йилликда яна 700 миллион одамга кўпайиши кутилмоқда.
Биосферамиз, аслида, сувдан иборат, лекин…
Сувнинг тузли (океан ва денгизларда), чучук (дарё, кўл, ер остида ва муз кўринишида), ёмғир, минералли кўринишига эга бўлган, шунингдек, инсоният томонидан қайта ишлов берилган шаклдаги турлари мавжуд. Дунёнинг ¾ қисми сувдан иборат. Мавжуд дарёлар ва тўғонлар сув таъминоти учун муҳим бўлса-да, уларнинг имконият доираси мукаммал эмас. Чунки дарёларнинг суви, аслида, бир фоизгина чучук сувни ташкил қилади. Чучук сувни айримлар “атмосферада кўп, биз ёмғир ёғдирамиз” деб хомтама бўладилар, аммо атмосферада ҳам тахминан 0,001 фоизи чучук сув буғи бўлиб, улар сайёрамизда вақти билан ёмғир ва қор шаклида ерга қайтиб тушади.
Атоқли қирғиз ёзувчиси Чингиз Айтматовнинг “Соҳил бўйлаб чопаётган Олапар” номли асарида денгизда сузиб адашиб қолган қайиқдагиларнинг тақдири ҳикоя қилинади ёки сувнинг ичида сувга ташна одамларнинг тақдири тасвирланади. Шунда қайиқдаги сувсиз лаблари қақраб, ёрилиб кетган ота ва бола бир ашулани хиргойи қилишади: “Кўк сичқонча, бизга сув бер” деб қайта-қайта такрорлашади. Ниҳоят, қирқ беш ёшлардаги йигит сувсизликка чидай олмай, бир кружка денгиз сувини ичади, бирпасдан сўнг ичи ёниб кетаётгандай бўлади ва чидай олмай ўзини сувга ташлайди…
Нуроний қария сувсизликдан азият чекиб вафот этади. Қайиқда 6-7 ёшлардаги бола қолади, унга охирги томчи чучук сувни асраш учун икки катта киши ўзларини қурбон қилишади. Қаранг, ўзлари бепоён кенгликда, сувнинг ичида сузиб боришмоқда, аммо сувсизликдан жонлари узилади.
Беихтиёр хаёлга бериласан, ён-атрофимиздаги денгиз ва океан сувларини ичимлик сувга айлантириш мумкинмикан? Олимларнинг фикрича, бу мумкин экан. Аммо денгиз сувини чучук сувга айлантириш жуда қимматдир. Океан ва денгиз сувларини чучук сувга айлантириш кундалик ҳаётда ўзини деярли оқламайдиган ниҳоятда қиммат жараён ҳисобланаркан.
Чучук сувни сарфлаш меъёри қанча?
Олинган маълумотларга кўра, Жаҳон Соғлиқни Сақлаш ташкилоти томонидан маълум қилинишича, бир инсон эҳтиёжи учун бир кунда ўртача 50-100 литр сувни сарфлаши мумкин. Доимо қурғоқчиликка мойил бўлган Африка қитъасининг четроқ жойларида бир киши одатдагидан анча кам миқдорда ва кунига зўрға 10-20 литр сувни ишлатади. БМТ маълумотлари бўйича, инсоннинг нормал ҳаёт фаолияти учун бир кеча-кундузда 20 литрдан ортиқроқ, санитария тизимларида ишлатиш учун яна 50 литр сув керак. АҚШда бўлса, аксинча, меъёрдан юқори — 450 литр сув ишлатилади, Канада давлатида эса 340 литр, Японияда 320 литр сув сарфи кузатилади. Ушбу мамлакатларда сув сарфи каттароқ, чунки уларда сув миқдори оддий кўз билан қараганда кўпдек, чунки мамлакатнинг икки томони сув билан ўралган бўлишига қарамасдан, фойдаланиладиган сувнинг нархи юқорилиги учун бир кишига сарфланадиган сув миқдори ўртача 130 дан 180 литргача тўғри келади.
Дунё бўйича сувни энг кўп сарфлайдиган давлат бу — Саудия Арабистони бўлиб, ўртача бир киши учун кунига 500 литр сув сарфи мавжудлиги кузатилади. Шуни айтиш лозимки, барча сув инсонлар томонидан ишлатилмайди. 5,5 млн кубометр ичимлик сув ишлаб чиқариш учун 350 минг баррель нефть маҳсулоти сарфланади. Энг қизиғи шундаки, мамлакатда, 1 баррель нефт ишлаб чиқариш учун 159 литр чучук сувни сарфланади.
Маълумки, сув инсонлар ҳаётида, саноатда, техникада, қишлоқ хўжалигида, чорвачиликда йил бўйи узлуксиз равишда фойдаланилади. Ёки қайсики соҳани олиб қарасак, ҳамма жойда сув зарур ва биринчи маҳсулот бўлиб қолади. Саноатда 1 тонна тошкўмир қазиб чиқариш учун 3 тонна сув зарур, ўйлаб қарасангиз, кунига қанча тонна тошкўмир қазиб олинади? Мартен печларида 1 тонна пўлатни эритиш учун камида 250-300 тонна сув зарур бўлиб, бу печлар ўчирилмайди, тинимсиз ёки узлуксиз ишлаши керак. Мартен печлари совиб қолса, уларни иситиш жараёни секин кечади. Агарда бир суткада сарфланадиган сув миқдорини тонналарга олсак, жуда катта кўрсаткич келиб чиқади.
Қишлоқ хўжалиги учун зарур бўлган 1 тонна азотли ўғитни ишлаб чиқариш учун 600 тоннагача сув зарур. Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида 4 млн гектар маданий экинлар экиладиган майдон бор, демак, жуда катта миқдорда азот заводларига сув зарур бўлади.
Бугунги кунда Ўзбекистонда энг катта тармоқлардан бири бўлган текстиль саноатида 1 тонна синтетик тола ишлаб чиқариш вақтида эса 4000 тоннагача сув талаб қилинади. Етиштираётган пахтадан 1 тонна оддий ип газлама тайёрлаш учун 10 тонна сув сарфланади. Мамлакатда минглаб тонна пахта толасидан ип калава тайёрланади, таркиби турлича бўлган, баъзи бир синтетик толалардан 1 тонна газлама ишлаб чиқариш учун текстиль комбинатлари 3000 тоннагача сув ишлатади.
Маълумки, энг катта миқдордаги чучук сув мамлакат қишлоқ хўжалиги учун сарфланади. Масалан, далага экилган буғдойлардан 1 тонна ҳосил олиш учун 1500 тонна сув сарфланади (юртимизда 1 млн 300 минг гектар майдонга буғдой экилади). Сарфланаётган сув миқдорини ҳисоблаб чиқиш учун рақамлар етмаслиги аниқ. Яна шунингдек, 1 тонна шоли етиштириш учун 4000 тонна сув сарфи талаб этилади ва ҳоказо.
Демак, сувдан тежаб-тергаб фойдаланиш куннинг ва ҳар бир соҳа мутахассисининг бош вазифаси бўлиб қолмоқда. Бу борада қандай ишларни амалга ошириш лозим? Бизнингча:
— фермер ўзи экадиган экиннинг сувга қанча талабчанлигини билиб олиши, уларни ер ости сувларининг жойлашиши ва маълум экиннинг сувга талабчанлигини эътиборга олган ҳолда экин ва нав танлашга ўргатиш ҳамда фермернинг сувга муносабатини ижобий ўзгартириш;
— экин майдонларида томчилатиб суғориш тизимига ўтишни тезлаштириш ва майдонларда сувни тежаш, бебаҳо неъматнинг бекорга тупроққа сингиб кетишининг олдини олиш учун ариқлар ва каналлар четларини бетонлаш;
— ариқлар ва каналларни қамиш, бута, турли хил ўсимликлар ва бошқа чиқиндилардан тозалаш;
— экиладиган экинлар структурасини қайта кўриб чиқиш, халқ хўжалиги учун катта даромад келтирадиган, сувга кам талабчан экинларни ва уларнинг навларини тупроқ ва иқлим шароитига қараб танлаш;
— экин турларини танлаганда томчилатиб суғориш имкони бўлган экинларни етиштиришни жорий этиш лозим ва ҳоказо.
Сувсизлик — асрнинг глобал муаммоси
Ўзбекистонга чучук сувлар қаердан келади?
Мамлакатимизга сувлар аслида Помир ва Тяньшань тоғ музликларидан оқиб келади. Хўш, бу музликларда аҳвол қандай экан? Глобал исишнинг оқибатлари баланд тоғларга сезилаяптими, йўқми?
2019 йил апрель ойида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган муаммога оид конференцияда швейцариялик олим Доктор Томас Сакс маълумотига кўра, кейинги ўн йилликда Помир—Тяньшань тоғларидаги музликлар тезлик билан эриб бормоқда. Музликларнинг тезлик билан эриши натижасида маълум дарё ва кўллар сувининг хажмига ижобий таъсирини сезиш мумкин. Доктор Томас Сакс ўз маърузасида музликлар ҳақида кўпгина нотўғри маълумотлар қайд этилаётганини ачиниш билан сўзлайди ва Марказий Осиё музликларининг бугунги ҳолати ҳақидаги маълумотларнинг 40 фоизи ортиқча бўрттирилган эканлигини, аслида, бу музликларнинг ҳажми кутилганидан ҳам тезлик билан кичрайиб бораётганлиги ҳақида гапирган эди.
Музликларнинг эриб бориши ўз навбатида сув танқислигини келтириб чиқаради, шусиз ҳам Марказий Осиё республикаларида аҳоли сонининг ортиб бориши бошқа худудларга қараганда бирмунча юқори эканлиги маълумотлардан аниқланган. Кўпайиб бораётган аҳолини озиқ-овқат билан таъминлаш — янги ерларни ўзлаштириш, экинлардан юқори ҳосил олишни тақозо қилади, демак, бу тадбирлар учун яна сув захиралари керак бўлади. Сирдарёни мисол тариқасида олиб кўрсак, энг узун (2137 км) дарёлардан бири бўлиб, Фарғона водийсидан бошланиб, Қирғизистон, Тожикистон, Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳудудларидан, 25 миллион аҳоли яшайдиган ҳудудлардан оқиб ўтади. Афсуслар бўлсинки, мана шунча аҳоли учун бу дарёнинг суви камлик қилади. Орол денгизига неча ўн йилларки, Сирдарёдан сув бормай қўйди ва бу ҳолат Орол фожиасига олиб келди. Аҳоли сонининг кўпайиши билан иссиқ иқлимли ҳудудларда чўлланиш, шўрланиш жараёни кучайиб бормоқда. Бу дарёнинг сувидан барча туташ республикалар тенг фойдаланишга ҳаракат қилишади.
Масалан, Сирдарёнинг Норин ирмоғидан Қирғизистон ҳудудида Тўхтагул сув омбори қурилган бўлиб, унинг тўлиқ сув сиғими 19,5 км2ни ташкил қилади. Қозоғистон давлати Сирдарёдаги катта ҳажмдаги тоза чучук сувдан суғоришда фойдаланиш мақсадида Чордара сув омбори қуйи қисмида сув ҳажми 3,0 км3лик Кўксарой сув омборини қуриб тугатди. 2006 йилдан бошлаб Чордара сув омборидан Арнасой ботиғидаги сув ҳавзаларига кам миқдорда сув тушмоқда. Айдаркўлга тушадиган сувнинг хажми камайиб бормоқда ва оқибатда Айдаркўл сув сатҳи кейинги 6 йил ичида 1,5-2,0 метр пастга тушганлиги маълум.
Амударё ҳудудимиздаги энг серсув дарё бўлиб, узунлиги 1415 км, майдони 309 минг км2. Амударёнинг 74 фоиз суви Тожикистон ҳудудида, 13,9 фоизи қўшни Афғонистон ва Эрон давлатларида, фақатгина 8,5 фоизи бизнинг ҳудудимизда шаклланади. Амударёнинг чап ирмоғи бўлган Қундуз дарёсининг узунлиги 420 км, майдони 31 300 км². Бамиан вилоятидаги Кўҳи бобо тоғларидан оқиб келади ва суви Амударё йиллик сув ҳажмининг 8 фоизини ташкил қилади. Собиқ иттифоқ даврида 1958 йилда имзоланган битимга асосан, Афғонистон давлати Панж ва Қундуз дарёлари ва бошқа баъзи ирмоқ сувларидан ҳар йили 9 км2 гача ҳажмдаги сувдан фойдаланиши мумкинлиги кўрсатилган. 9 км2 сув Амударё йиллик сув оқимининг 10 фоизини ташкил қилади. 2023 йилгача Афғонистон давлати ҳаммаси бўлиб йилига Амударёнинг 2 км2 сувидан фойдаланган, аммо қўшни мамлакатда Қўштепа канали қурилгандан кейин Амударёдан оладиган сув ҳажми кўпаяди, бу эса Амударёнинг қуйи ўзанларида жойлашган аҳолининг сувга бўлган талабининг янада ошишига олиб келди.
Дарҳақиқат, Ўзбекистон ва унга қўшни малакатларда сув масаласи ниҳоятда жиддий бўлиб, Амударё ва Сирдарё сувида Марказий Осиёдаги 75 миллиондан ошиқроқ аҳолининг ҳаёт-мамот масаласи ётади. Ўз-ўзидан равшанки, шунча аҳолининг асосий қисми Ўзбекистонда яшашини эътиборга олиб, сувсизлик таҳдидларини тўғри ўрганиб, чучук сувдан тежаб-тергаб фойдаланиш, сув кам талаб қиладиган экинлар турини шакллантирган ҳолда, замонавий технологияларга асосланиб, фермерларимизнинг ҳам билимини оширмоқ — ҳаётий зарурат. Масалага жиддий қаралмаса, глобал исишнинг аянчли оқибатлари тез орада ўзи ҳақида маълум қилиши муқаррар.
Алоҳида таъкидлаш жоизки, бу улкан муаммонинг олдини олиш мақсадида Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан қишлоқ хўжалиги соҳасида тежамкор технологияларни жорий қилиш бўйича қатор қарорлар қабул қилингани бежиз эмас.
Дилором ЁРМАТОВА,
профессор.
Анвар САФАРОВ,
тадқиқотчи.