Олимп узра ҳилпирар Ўзбекистон байроғи

Бу кунлар шунчаки келган эмасдир,

Шунчаки келганмас бу кунлар шони.

Сув келса симириб, тошни кемириб,

Ростдан темирмиди ўзбекнинг жони?

Ўзбекистон — десак, чет элга бориб,

Биров билмас эди, кўзга илмасди.

Ўзбекистон — десак, ранги кўкариб,

Билса ҳам нописанд, тилга олмасди.

Ўзбекистон — десак, энсаси қотиб,

“Шундай жой борми?” — деб сўраган дунё.

Юзин терсга буриб, орқа ўгириб,

Ё кўрган, ё ростдан кўрмаган дунё.

Бугун кўр! Ўзбекнинг аслзодларин,

Бугун кўр! Ўзбекнинг ўғлонларини.

Кўр! Ватан байроғин баланд кўтариб,

Ортга қайтмайдиган арслонларини.

Кеча эмасмиди йиртиқ калишда,

Кузларга эгилиб, қиш ўтганимиз.

Кеча эмасмиди оғзимиз қонаб,

Бутифос аралаш қум ютганимиз.

Гулдек болаларинг пахтага ҳайдаб,

Қанча чемпионни бой берди дунё.

“Афғон уруши”да темир тобутда

Қабрда болангга жой берди дунё.

Ранги синиқ, руҳи синиқ келинчакларинг

Кўзи ёрар пайти жон бергани рост.

“Олтин қўлсан”, — дея алданганлари,

Тупроқ ялагани, тош тергани рост.

Қанча гўдакларни қутқаролмади,

“Болаларнинг юқумли шифохонаси”.

Кетмонга суяниб толди отаси,

Қирқида қирқилиб қолди онаси.

Ўйлардик: бош узра ёруғ кун борми?

Бормикин ғойибдан бирор ҳимоя?

Суякни синдирди кир “Пахта иши”,

Ўйлардик: ситамга борми ниҳоя?

Дарё бўйидаги сувсиз гул эдик,

Мустақиллик берган тож-тахтга қадар.

Неча бор қирилдик, неча тирилдик,

То озодлик қадар, то бахтга қадар.

Ниҳоят!

           Ниҳоят!

                    Шукур, ниҳоят!

Ғам тоғин қўпорди сабр ва бардош.

Асрий музликларни синдирди чил-чил,

Юртбошим қалбидан нур сочган қуёш.

Бугун офтоб тегди елкангга, халқим,

Бугун кўзларингда чақнамоқда нур.

Олимпнинг энг юксак майдони узра,

Муқаддас байроғинг ҳилпирар мағрур.

Бу кунлар шунчаки келган эмасдир,

Шунчаки келганмас бу кунлар шони.

Қопқонлардан ўтган, ўпқондан ўтган,

Ростдан темирмиди ўзбекнинг жони?

Бугун биз бирлашдик, буюк бирликдан,

Ҳар битта юракда юксалди тоғлар.

Олтин мева берди Олимпиадада,

Юртбошим қўлидан сув ичган боғлар.

Мадҳия куйланса юзларни ювган,

Шунчалар шириндир бу севинч ёшлар?!

Шунчалар азиздир терларнинг шўри,

Қонталаш юзлар-у ёрилган қошлар.

Диёра бир ён-у, Ситора бир ён.

Янги боғлари бор Ўзбекистоннинг.

Водийсида байрам, воҳасида тўй,

Хушнуд чоғлари бор Ўзбекистоннинг.

Баҳодир, Ҳасанбой, Асадхўжалар,

Лазизбейлари бор Ўзбекистоннинг.

Шогирдин болам, деб жонини берган,

Мураббийлари бор Ўзбекистоннинг.

Улуғбек султондек юлдузни урган,

Улуғ султони бор Ўзбекистоннинг.

Ҳар битта боласи ўзи бир жаҳон,

Айтинг, не армони бор Ўзбекистоннинг?

Олимп чўққисида баланддан-баланд

Шони — байроғи бор Ўзбекистоннинг!

Ҳар ўзбек боласин “боламсан” деган,

Юртбошиси — тоғи бор Ўзбекистоннинг!

Зулфия МЎМИНОВА,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

13 − 6 =