Садоқатдан бахт қасрини қурганлар
Суҳбатларимиздан бирида узоқ йиллар “Қишлоқ ҳаёти” (аввалги “Қишлоқ ҳақиқати”) газетасига бош муҳаррирлик қилган, кўп журналистларга сабоқ берган олим, раҳматли домла Неъмат Ёқубовнинг аҳли аёлига муҳаббати ва садоқати ҳақида гапириб бердим. Турмуш ўртоқлари қирқ йилдан ортиқ оғир хасталик билан курашиб кўп азоб чекди. Устозимиз аҳли аёлининг бошига оғир дард тушганида уни ёлғизлатиб қўймади, меҳр билан парвариш қилди. Домламиз оиласига садоқатда ҳам дарс бериб ўтиб кетди.
Зуҳриддин ака (Зуҳриддин Исомиддинов таниқли журналист, адабиётшунос) ҳикоямдан таъсирланди.
— Мениям пискентлик Собиржон деган ҳамкасб дўстимнинг тақдири Неъмат Ёқубовникига ўхшаб кетаркан, — деди у.
— Бизлар Собиржон Иномов билан Тошкент давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университет)нинг журналистика факультетида бирга ўқиганмиз. Талабалик йилларида битта хонада яшаганмиз. Бошқа курсда ўқийдиган Сайёра исмли ақли-закоси, хулқи-ҳаёси, сарвиқомати гўзал бир қиз бир оёғи майиблигини била туриб Собиржон акага меҳр қўйди, муҳаббатини унга бахшида қилди. Дунёда шундай покдил қизлар борлигидан лол қолгандик.
Табиатан серзавқ, қаҳ-қаҳ уриб кулиб кўнгилни оладиган Собиржон ака гўдаклигидаги жароҳати туфайли бир оёғи оқсоқ бўлиб қолган экан. Улар талабалик йилларидаёқ турмуш қуришди, фарзандлар кўриб тарбиялашди. Тақдирида ёзилгани шу экан, орадан ўн йил ўтиб, Сайёра опа оғир дард билан тўшакка михланиб қолибди. Собиржон ака келинойимизни қирқ икки йил эътибор билан парваришлади.
Аҳли аёлига шу қадар садоқатли, машаққатларга сабрли Собиржон ака ва чидам-бардоши олдида тоғлар тиз чўкса арзигулик Сайёра онадек ҳазрати инсонлар ҳузурига олиб борса, уларни зиёрат қилиб, дуосини олиш ниятимни Зуҳриддин акага айтдим. У кутилмаган таклифимдан хурсанд бўлиб: “Дам олиш кунлари, албатта, Пискентга борамиз”, деди.
Орадан бир неча кун ўтмай, Пискентдан нохуш хабар келди, Сайёра опамиз вафот этибди. Марҳумани хотирлаб ўтказилган амри маъруф маъракасига Зуҳриддин ака, уларнинг курсдоши, таниқли навоийшунос Султонмурод Олим билан Пискентга бордик. Маъракада имом жудаям таъсирли маъруза қилди. Домланинг Собиржон отанинг аҳли аёлига орифона меҳр-муҳаббати, вафо-садоқати, сабр-бардоши ҳақидаги дил сўзлари юракларни тўлқинлантириб, кўзларни ёшлантириб юборди…
Собиржон ака билан хайрлашаётганимизда у киши менга ишора қилиб: “Бу кишини танимадим”, деб ҳамроҳларимдан сўради.
— Бу киши ижодкор дўстимиз, — деб Зуҳриддин ака мени таништирди. — Сизнинг ҳаёт йўлингиз ҳақида эшитиб, дуоингизни олгани келди.
Собиржон ака таъсирланиб кетди. Кўзлари намланди: “Аллоҳ менга яна битта дўст ато этди”, деб маҳкам бағрига босди. Ҳаққимга дуо қилди.
— Олимларга яқин юрсангиз, Аллоҳга яқинлашар экансиз, ҳаётимда шунга амин бўлдим, — деб Собиржон ака ёнидаги юзидан файз ёғилиб, тавозе билан турган олимга ишора қилди. Бу ҳикматни эшитиб маъракага илм аҳллари билан борганимдан қувониб кетдим.
Аллоҳдан унга сабр беришини сўрадим, Яратган эгамнинг сабрлиларга алоҳида ажрлари борлиги ҳақидаги ҳадисни айтиб, у билан хайрлашдим…
Ўшанда Пискентдан то Тошкентга келгунимизча кўнглимда Собиржон ака ва Сайёра опанинг эллик уч йиллик — ҳамманинг ҳам сабру бардоши етавермайдиган, машаққат гирдобидаги умр йилларини тасаввур қилиб, улар ҳақида албатта нимадир ёзаман деб қатъий ният қилдим. Ҳамроҳларимга ҳам бу ҳақда айтдим. Ниятимни эшитган Зуҳриддин ака “омин, омин” деганди.
Аллоҳ дилимга нимани солса, Ўзига таваккал қилиб, шу ишга киришиб кетаман. Иккинчи октябрь куни бомдод намозидан кейин йўлга чиқиб, Собиржон ака ҳузурига – у кишининг Пискентдаги қишлоғига соат саккизларда етиб бордим. Келишилган вақтда Пискент-Бўка йўли бўйида учрашдик.
— Бизга ҳам сизникидақа оппоқ машина миниш насиб этсин, — дея “Cobalt” машинамга ишора қилиб қучоқ очиб сўрашар экан, “Орқамдан юраверасиз”, дея автомашинасини ҳайдаб кетди. Бир оёғи оқсоқланиб юрган ҳолатида, етмиш беш ёшида ҳам машинани чиройли ҳайдаб кетаётганига қойил қолдим. Бу қишлоқ узумзорлари кўплиги билан Фарғонанинг Олтиариғини эслатиб турибди. Аввалига, тор бўлса-да, асфальт йўлдан бордик. Кейин шағал тўкилган йўл билан қаҳрамонимиз эшиги олдида тўхтадик. Ҳар томони узум боғлари билан ўралган ҳовли ёнида икки туп япон сакураси чаман-чаман бўлиб очилиб турибди. Бу гулларга қараб дилим яйраб кетди.
Рўпарадаги уйга кириб ўтирдик. Собиржон ака Қуръон оятларидан ўқиб, бизлардан ўтганларнинг, хусусан, аҳли аёли Сайёра опанинг руҳига бағишлаб дуо қилди.
— Айтишларича, руҳлар доимо уйғоқ бўлар экан, — деди у. — Яқин кишинг ўтганидан сўнг савоб ишларни кўпайтиришни ўйлаб қоларкансан. Чунки руҳлар атрофимизда ҳозир бўлиб, нима қилаётганингни билиб турар экан.
Аллоҳ ўзи суйган бандаларига ҳам бу дунёда машаққатлар бериб синар экан…
Эзгу амаллари билан номи нафақат Тошкент вилоятида, республикада ҳам яхши таниқли бўлган пискентлик Абдунаби Сиддиқов ҳақида куни кеча “Қишлоқ ҳаёти” газетасида босилган очеркимни узатдим.
“Мақолани ўқигунимча чойдан ичиб, узумдан еб туринг”, дея пиёладаги қаймоқни мен томонга суриб қўйди. Газетани ўқиётиб, акса урибоқ, “ҳақ сўзларни ёзибсиз”, деб лутф қилди. Ҳавоси пойтахтникидан анчагина тоза бўлгани боис енгилроқ нафас оламан. Дастурхонида пиёла қўйгани жой топилмайдиган киборларнинг шоҳона базму жамшидидан кўра, эгасига ўхшаган соддагина тузалган бу дастурхон менга афзалроқ кўринди.
Газетанинг ярим саҳифадан кўпроқ жойини эгаллаган мақоламни ўқиб, Собиржон ака таъсирланди.
— Абдунаби яхши инсон. Яхши одам ҳақида жуда яхши ёзибсиз. Абдунаби ўзининг кимлигини билиб оладиган қилиб ёритибсиз, раҳмат сизга. Келгуси ҳафтада қирқ кишилик дўстларимиз бир даврада йиғилишамиз, ўшанда уларга ҳам очеркингизни ўқиб бераман, — дея қўлидаги газетани тахлаб, ёнбошидаги ёстиқ устига қўйди.
— Нечта фарзандингиз бор?
— Икки қизим, икки ўғлим бор. Аллоҳга шукур, ҳаммаси ўқимишли, оилали, уйли-жойли, фарзандлари, набиралари бор.
Собиржон ака ҳикоя қилди:
—1971 йил кузи. Талабаликнинг олтин даврлари бошланди. Тошкент давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети)нинг журналистика факультетига ўқишга кирдим. Юқори курсда ўқийдиган, ўзимнинг Пискентимда туғилган Сайёра исмли қиз билан ўртамизда илиқлик пайдо бўлди. Унга кўнгил қўйиб, яхши кўриб қолгандим. Аммо юрагим хижил, ногирон йигит бўлсам, у аълочи, хушрўй ва сарвқомат қиз, менга турмушга чиқишга рози бўлармикан, деган ўй тинчлик бермасди…
Собиржон ака нимани сўрамоқчи эканимни сезди чоғи, болалигидаги ўша машъум воқеани гапириб берди. Туроб акаси мол боқиладиган бостирманинг томига чиқиб варрак учираётган бўлган.
— Ўғил боламан-ку, варрак учишини кўрай деб қизиққан бўлсам керакки, Баҳринисо опам мени ҳам томга олиб чиқади. Томда сўтаси билан маккажўхори қуритиш учун ёйиб қўйилган бўлган. Осмондаги варракнинг учишини томоша қиламан деб, оёғим сирғаниб, пастга думалаб кетибман. Танам билан молхона қўрасидаги хашакка тушибман-у, чап тўпиғим қозиққа урилиб қайрилиб кетган экан. Бормаган жойимиз, кўрсатмаган докторимиз қолмади. Тақдиримда бор экан, шунисига ҳам шукур.
— Аллоҳ ўзи суйган бандаларига дард беради, деган ҳикмат бор, — дейман унга. — Яратганнинг Ўзи ажрини берсин. Икки оёғи ишламайдиганлар қанча?
— Гап билан бўлиб сўрамабман, қора чой ичасизми, кўк чой ичасизми? — деди Собиржон ака бўшаб қолган термосни қўлига олиб.
— Қирқ беш йил Тошкентда яшасам ҳам қора чойга ўрганолмадим, кўк чой дедим мен.
Собир ака келинига чой буюриб, узилиб қолган ҳикоясини давом эттиради:
— Севгидан юрагим жўшиб юрган кунларнинг бирида ўзимда журъат топиб, Сайёрага: “Аҳволимни кўриб турибсиз, агар рози бўлсангиз, уйингизга онамни жўнатардим”, деб кўнглига қўл солдим…
Севги-муҳаббатимиз ғолиб келди, Сайёра ҳам, ота-оналаримиз ҳам турмуш қуришимизга рози бўлди. Биринчи курсни битирмасимдан тўйимиз бўлди.
Йўқчилик ёмон бўлади. Ўн олти ёшимда отам оламдан ўтиб қолгач, турмушнинг оғир юки ёлғиз онамнинг зиммасига тушиб қолганди. Онам раҳматли “отаси йўқ, ногирон, бечора ўғлимнинг кўнгли ярим, ўксимасин” деб емай-киймай мени ўқитди. Йўқчилик турмуш қурганингда билиниб қолар экан. Сайёра иккимиз камбағаллик азобларини кўп тортдик. Қорнимиз тўйиб овқат емас эдик.
Минг тўққиз юз етмиш тўртинчи йили, айниқса, оғир бўлди. Битта нонни тўртга бўлиб тўрт кун ер эдик. Мен-ку бир амаллаб чидаганман, аммо Сайёра-чи? Бечора биринчи фарзандимизга ҳомиласи билан оч қолиб, нима бўлган бўлса Худо билган, ўзи билган. Енгил-елпи овқат еб кун кечириб юриб, камқонлик касалига учрадим. Бир куни ҳушимдан кетиб қолибман. Мени Тошкентнинг Сассиқҳовузидаги биринчи шаҳар касалхонасига олиб боришиб, жонлантириш бўлимига ётқизишибди.
Ўзимга келмай қанча ётганимни билмайман. Бир пайт ғайбдан бир садо келди: “Уйғон, уйғон, сен ҳам одамлар қатори фарзандли бўласан, ўғил кўрасан. Бахт остонасига қадам қўясан”. “Бахт, бахт!” деган овоздан ўзимга келибман. Тушимми, ўнгимми — англолмай қолдим. Ҳеч нарса бўлмагандай, худди соппа-соғ одамдай ўрнимдан туриб кетдим. Бош тарафимда ёши каттароқ врач аёл йиғлаб ўтирган экан.
— Бахт, бахт, деб бақирдингиз, нега бундай дедингиз? — деб сўради. Нима бўлганини айтиб берувдим, у жудаям тўлқинланиб кетди. Бошқача бир ихлос билан “Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур расулуллоҳ” деб қайта-қайта калима келтира бошлади. Докторнинг айтишича, худди шундай воқеа унинг ҳаётида ҳам бўлган экан.
— Яшаб кетишингиздан умид қолмаганди. Аллоҳ сизни қайтариб берди, тирилганингиз мўъжиза бўлди, — деб худди туғишган укасидек қараб, меҳрибончилик билан мени даволади.
Худога ишонганлар, Худони тилга олганлар партия сафидан ўчирилиб, ишдан бўшатиб юбориладиган совет тузумининг даҳрийлик замонида бу аёлнинг қўрқмасдан калима келтириб ўтириши чинакам жасорат эди.
Йиллар ўз сўзини айтар экан, кексаликда хотиранг ҳам паришон бўлиб қоларкан. Ўшанда мени даволаган шифокор опанинг исми ҳозир ёдга келмаяпти. Аллоҳ ундан рози бўлсин.
Тўнғич фарзандимиз Икромжон, сўнг бирин-кетин катта қизимиз Гулмира, кичиги Гулнора туғилди. 1981 йил учинчи август куни кичик ўғлим Йўлчи туғилганида, акасига шерик бўлди деб роса қувондик. Чақалоқнинг эртага чилласи чиқади деган куни ҳаётимиздаги энг оғир кунларнинг бошланиши бўлди. Сайёра тўсатдан, кутилмаганда кечқурун ётиб, эрталаб ўрнидан тура олмаган. Кўп тармоқли бўғин оғриғи — полиартрит касалига мубтало бўлган экан. Авваллари ҳам аҳён-аҳёнда ревматизмдан оёғи оғриб турарди. Университетни битириб, журналист дипломини олиб, эр-хотин икковимиз ҳам Пискент туманида чиқадиган аввалги “Меҳнат байроғи”, ҳозирги “Пискент ҳаёти” газетасида тўққиз йил бирга ишладик, бирга ижод қилдик. Заифам ётиб қолгач, давоси йўқ дарднинг азоблари, турмушнинг адоғи йўқ машаққатлари бошланди.
Қанча изтиробларни ичга ютдик. Толеимиз шу экан деб Аллоҳнинг қазосига рози бўлдик. “Сен ҳали тузалиб кетасан, оёққа турасан деб ҳар куни умид бердик. Фарзандларим ёш бўлсалар ҳам отам-онам деб болаликларини ўйин-кулгига эмас, меҳнатга беришди. “Уйдаги гап кўчага чиқмасин, онангнинг касалини айтиб бирор кишига кўз ёш қилманглар”, деб айтар эдим уларга. Ҳамма фарзандим ўзини четга олмади. Керак бўлганда, ўғилларим қиздек бўлиб, қизларим ўғилдек бўлиб бизларга хизмат қилишди. Катта қизим кир ювса, кичиги дазмол қиларди. Сигир соғиб, қатиқ қилиб, қатиқ сотиб кун кўрганмиз. “Кўчада кулиб юринглар”, деб тайинлардим. Дор-дор кирларни кечаси ювишарди. Кечаси хамир қилиб, нон ёпишарди.
— Қиз бола ота уйига меҳмондек гап, бировнинг хасми, отам ногирон эди, онам ётиб қолган эди, шунинг учун ўқий олмаганига афсус қилмасин деб икковини ҳам ўқитиб, олий маълумотли қилдим, — деди Собиржон ака ҳикоясини давом эттириб. — Гулмира ўқитувчи, Гулнора шифокор бўлди. Ҳозир набираларим ҳам турли олий ўқув юртларида таҳсил олган, қолганлари ўқишмоқда.
Ўзим ҳам қараб турмадим. Чирчиқдаги ногиронларни ҳайдовчиликка ўқитадиган мактабни битказиб, гувоҳнома олдим.
— Сайёра опа ётиб қолганига қарамай, ижод қилишдан тўхтамаган экан-а?
— Сайёра опангиз жудаям адабиётни яхши кўрадиган, юзлаб китоблар ўқиган зиёли аёл эди. Яхшиям китоб ўқишни ёқтирарди, агар акси бўлганида, бедор тунларининг бир азоби минг азобга айланарди. Ёшлигида Пискент шаҳридаги кўп қаватли уйларда яшаган-да, ҳамма қўшнилари рус миллатига мансуб экан. Улар билан иноқ бўлиб, ҳатто рус тилини улардан яхши билиб олган экан. Шунинг учун бўлса керак, рус адабиётини кўп ўқиган. Вақтни неъмат деб билиб, кунларини беҳуда сарфламасди. 2008 йилда “Умидли дунё”, 2019 йилда “Бедор қалб туҳфалари” китобларини ёзиб чоп эттирди. Кўнгли ҳалим аёл эди. Эй Аллоҳим, у билан ўзинг суйган бандаларинг қаторида жаннатларда ҳам бирга бўлайлик, деб дуо қилиб яшаяпман.
Аҳли аёлимнинг дуоларини олиб, ижодимга ҳам барака кириб кетди. “Соқов хотин” деган роман ёздим. Ундан ташқари, ўн бешта китоб чиқардим. Ижодкор уқубатларни асар ёзиб енгар экан. Таъзиядан кейин келди-кетди кўпайди. Атрофимизда яхшиликни биладиган яхши одамлар кўп экан. Улар бизларни яхши кўришар экан. Келганлар кўзига ёш олиб, қуллуқ қилиб, раҳмат айтиб кетишди.
— Ҳа, Сайёра опа билан иккингиз севги-муҳаббатдан, сабр-қаноатдан, вафо-садоқатдан бахт қасрини қурган экансиз, — дедим чин кўнглимдан.
— Одамни йиғлатиб суҳбатлашар экансиз. Кўнглимни юмшатиб юбордингиз.
— Ташқарига чиқайлик, узумзорларингизни бир кўрсатинг.
— Яқинда оқ “Spark”да бир аёл кўчамизда қайрилолмай қийналиб турган экан, танимабман. Сайёра опангизга узоқ йиллар давомида худди ўзининг жигаридек меҳр билан қараган, ҳар келганда бағрига босиб кўнглини кўтарган, дилбар шифокор Мақсудахон экан. Таъзия кунлари кўринмаганди. Тошкентда касалхонада ўғлини даволатаётган экан.
Мақсудахон Алимжонова Пискентдаги касалхонада шифокор бўлиб ишлайди, самимияти ва қўли енгиллиги билан беморлар дардига дармон бўлиб, уларнинг меҳрини қозонган шифокор. Аллоҳ берган иқтидори бор доктор.
Собиржон аканинг бу шифокор ҳақидаги дил сўзларини эшитиб, кўнглимдан яхши ният ўтди. Ёзилажак мақолаларимдан бирига қаҳрамон топдим…
Уйга қайтиб кириб, суҳбатни давом эттирдик. Хона тўридаги бир кишилик диванга ишора қилиб:
— Аёлим шу жойда ётарди, — деди у. — Фарзандларимга: “Энди онангнинг диванини бошқа жойга олайликми?” десам, улар кўнишмади. “Онамни соғинганимизда, шу жойда ётиб кетамиз”, дейишди. Қизлар ота-онага бошқача меҳрибон бўлишади. Умрларидан барака топишсин.
Собиржон акадан ҳаётидаги энг қувончли кунлари ҳақида ҳам сўрадим.
— 2007 йилнинг 26 август куни кечки соат олтидан ўтган эди. Таҳририятда бир ўзим қолгандим. Уйга кетишга шайланиб турганимда, телефон жиринглаб қолди. Олсамми, олмасамми деб роса иккиландим. Охири гўшакни кўтардим.
— Ассалому алайкум, мен “Тошкент ҳақиқати” газетаси бош муҳаррири Убайдулло Абдушукуров бўламан. Сизни табриклайман, Президент фармони билан “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирланибсиз, деди.
Ҳеч кутилмаган бундай қувончли хабарни эшитиб, ўзимни билмай қолибман. Ўзимга келганимда, қоронғи тушиб қолган экан. Кўзимдан ёш тўхтамасди, оч-наҳорликда, қанча камситишлар, хўрликлар кўриб, битта қаламим билан шундай катта орден олганим учун ҳаяжонимни боса олмаётган эдим. Ўша куни Сайёра мендан ҳам кўпроқ хурсанд бўлувди, роса йиғлаганди. Бу — гарчи ожиза бўлса-да, сабр-бардоши қаршисида тоғлар тиз чўкадиган, қирқ икки йил умрини тўшакда ўтказган, оғриқлар азобига дош бера олган менинг Сайёрамга берилган мукофот эди. Бу — болалигини онасига бағишлаган менинг қизларимга берилган мукофот эди. Бу — онасини боласидек кўтариб парвариш қилган менинг ўғилларимга берилган мукофот эди. Бу — келин эмас, қиз бўлиб қайнонасига онасидан кўпроқ хизмат қилган менинг Дилоромимга берилган мукофот эди.
Собиржон ака яна бир қанча набиралари исмини санаб, уларга ҳам дуо қилди. Ўша кун ёдига тушиб, ҳаяжонидан кўзлар намланди.
Мана сизга бир оила ҳаёти, бир оила ибрати! Мана сизга бошингиз ерга теккудек таъзим қилсангиз арзийдиган ҳазрати инсонлар! Мана сизга қалам билан шуҳрат топган ижодкор, битикларидан ҳикмат нафаси уфуриб турадиган журналист!
Дилмурод ҚИРҒИЗБОЕВ,
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси
аъзоси.