Форточка очиқ бўлсин

Жамиятдаги тарихий эврилишлар даврида одамлар ғайритабиий нарсаларни излай бошлайди. Бир даврга келиб, ҳар турли полтергейст, кўзбойлоғич, экстрасенслар юзага чиқиб қолди. Айниқса, Кашпировский деганларини эслайсизми? Бир дам урса, улатиб, бир дам урса, уйғотарди. Яралар ўз-ўзидан битади, касалликлар йўқолади. Яна унинг олдида айланиб юрган ўзимизнинг маҳаллий лайчаларни кўрсангиз! Ҳаммаси Кашпировскийга тақлид қиларди. Чумак деган экстрасенс ҳар куни эрталаб қўли билан одамнинг ичак-чавоғини у ёқдан бу ёққа ағдариб, тортқилагани-тортқилаган.

Янгиликнинг – қаноти бор дейдилар. Ўзимизда дуппа-дуруст юрган касбли-корли одамларда ҳам сеҳрли қувват, биоэнергия пайдо бўлди. Биттаси халқаро экстрасенслар уюшмасига раҳбар бўлди, қолгани фалон пул билан унга аъзо бўлиб, одамларни “даволай” бошлади. Басрулло деган окахон ҳам бир думалаб полтергейст бўлди-қолди. Ризамат деган ёрдамчиси билан гастролга бормаган жойи қолмади. Йўқ, охири уч йил чиллага ўтириб, ҳозир яна тинчгина тирикчилигини қилиб юрибди.

Яхшигина ҳофиз экстрасенсга айланиб, йиллаб сеанс ўтказди. Гуррос-гуррос одамлар изидан чопган, сеансга патта тополмай сарсон бўлганлар қанча! Ҳофиз-экстрасенс шундан данғиллама иморат қурди, ҳовлисини ҳайвонот боғига айлантирди. Ҳозир унинг ҳам бозори касод бўлди. Яна битта экстрасенс нуқул туғмайдиган аёлларни даволай-даволай, охири “Демос” газетаси мухбири бўлиб олди.

Булар ҳам майли, дуппа-дуруст юрган Ёнбош Дўнгбош деган шоир биродаримизнинг экстрасенс бўлганига нима дейсиз?

Уч-тўрт киши журнал идорасида шахмат ўйнаб ўтирган эдик, ўша шоир келди-ю, гап яна экстрасенсликка боғланиб кетди:

— Мана ишонмасангиз, – деди у олд сочи тўкилган шеригини кўрсатиб, — икки ойдан буён даволаяпман, — кейин унинг телпагини бошидан олди. — Кўряпсизми, кам-кам соч чиқяпти. Икки ойда олдинги ҳолига келади. Тўғрими? — шеригига мурожаат қилди шоир-экстрасенс.

— Ҳа, энди, иҳҳи, иҳҳи, – деди шериги бурнини тортиб, ўнғайсизланиб. — Шундай…

— Мен масофадан ҳам таъсир қила оламан, — рағбатланиб кетди шоир-экстрасенс. — Кечаси ликопчага шакар қўйиб ётасиз-да, эрталаб қарайсиз, унда бармоқ изим қолган бўлади.

— Суратга қараб ҳам даволайсизми? — сўради содда шерикларимдан бири.

— Ҳа, суратингизни келтириб берасиз, кейин ликопчага шакар қўясиз. Лекин албатта форточка очиқ бўлиши керак. Усиз киришим қийин бўлади…

Бу гапдан ҳаммамиз бағоят таъсирландик ва албатта, форточкани очиб қўямиз, деган қарорга келдик. Шоир-экстрасенс Ёнбош Дўнгбош ўртага чўккан сукунатдан фойдаланиб, гапида давом этди:

— Хоҳлайсизми, ҳозир сизларни ортиқча руҳий зўриқишдан халос қиламан…

— Хоҳлаймиз, хоҳлаймиз, — деган овозлар эшитилди.

— Ундай бўлса, ҳаммангиз кўзни юминг, ҳеч нарсани ўйламанг. Сеансни бошладим.

Ҳамма кўзини юмиб турибди. Ёнбош Дўнгбош нималарнидир пичирлаб ўқияпти, рўпарамга келиб қўлини кўтариб-туширяпти, кўзимни тўлиқ очишга қўрқаман — ҳурматсизлик бўлмасин, дейман. Бир пайт у:

— Бўлди, кўзни очинг, — дея буйруқ берди. — Қандай, ўзингизни аввалгига қараганда яхши ҳис қиляпсизми?

— Яхши, яхши, раҳмат сизга, — деган олқишлар айтилди. — Анча енгил тортдик.

— Мана сизга ҳожи буво, қўл назри, — дея ёнимдаги шерик унга ихлос билан эллик минг сўм узатди. Олти кишининг ҳаммаси қўл назри, деб Ёнбош Дўнгбошга пул узатди. Мен ҳам чўнтагимдаги охирги тушлик пулини унга бердим.

— Ўзи мен пул олмайман, — деди Ёнбош Дўнгбош камтарлик билан. — Энди қўл назри бўлгандан кейин, майли, дея пулларни йиғиб олди.

Шу шоир-экстрасенс яна катта-катта йиғинда, залларда анча йил ўз синоатини намойиш қилди. Ҳозир эса бинойидек шоирлигига қайтди. Энди Ватан, демократия, уйғониш ҳақида ажабтовур шеърлар ёзяпти. Кўз бойлоғичлик билан одамларни ухлатиб юрган шоирнинг уйғониш ҳақида шеър ёзиши қизиқ бўларкан. Ҳа, барибир шеър улуғ-да!

Бир режиссёр дўстимиз бор, Давронали Ҳайдарий Ҳусниддинхўжа деган. Бу касаллик унга ҳам тегибди.

— Ўзим ҳеч ош қилмаганман, бир куни ош егим келиб қолди, — деди бир куни у. — Ёлғиз ўзимман, сабзини тўғраб, пиёзни қовурдим. Кейин қозонга гўшт, гуруч, сув солиб:

— Ё пиру авлиё, ўзинг қўлла, — деб қопқоқни ёпдим. Қирқ беш дақиқадан кейин қозонни очсам, Худонинг каромати билан ош пишибди. Ошни суздим, чойни дамладим, ота-онам арвоҳини хотирлаб: “Ота, бу чой сизга, она, бу чой сизга”, — деб бир пиёладан чой қўйдим. Кейин, қани олинглар, бисмилло, деб ошни едим. Бир лаган ош, тавба қилдим, ҳаш-паш дегунча тамом бўлса бўладими? — деди.

— Ўша лаганда бегона қўлларни сезмадингизми? — деб сўрадим қитмирлигим тутиб.

— Нега бегона қўл бўлади? — ҳайрон бўлди Давронали Ҳайдарий.

— Чунки бу уй ўрнидаги “общий двор”да кўп кампирлар яшарди. Уларнинг руҳи ҳам адашиб, ошга шерик бўлган бўлиши мумкин-ку!

Бу гапимдан, албатта, Давронали Ҳайдарий хафа бўлди. Тўғри-да, одам кўнглидаги гапини тўкиб солса-ю, уни ҳазилга йўйсанг, ҳар қандай одам хафа бўлади-да!

Ҳозир замон ўзгараяпти, барқарорлик бўлаяпти, ҳамма нарса изга тушаяпти. Полтергейст, кўзбойлоғич, экстресенсликлар барҳам топаяпти. Бу ҳали ҳаммаси яхши бўлишидан далолат.

Нуруллоҳ ОСТОН

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

eighteen − 5 =