Ҳайитликка китоб

Халқимизда яхши удум бор. Ҳайит кунларида оила аъзолари, яқинлари, қўни-қўшниларига ҳайитликлар улашадилар. Сирдарё вилояти, Оқолтин туманидаги “Саховат” маҳалласи раисаси Ширингул Тўраева бу удумга янгича ёндашди. Қурбон ҳайити кунлари маҳалладошларига ўз ҳисобидан 3 миллион сўмлик 200 жилд бадиий китобларни ҳайитлик сифатида тарқатиб чиқди.

— Президентимиз Шавкат Мирзиёев миллатимизнинг китобхон миллатга айланиши борасида кўп қайғурмоқдалар, — деди Ш.Тўраева. — Зеро, мамлакатимиз келажагини илмли, билимли фуқаролар белгилайди. Китобларни тарқатар эканман, нафақат мактаб ўқувчилари, балки онахонлар, ёш келинлар ҳам жуда қувондилар. Жараённи кузатиб, биз кўпроқ маънавий эҳсонларни кучайтиришимиз керак, деган қатъий хулосага келдим. Бу ташаббусни келгусида анъанага айлантиришни кўнглимга тугиб қўйдим. Боиси, илм йўлидаги машаққатни таълим ходимлари билан бир қаторда маҳалла фуқаролар йиғинлари масъуллари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари бирдай олиб боришлари мақсадга мувофиқдир.

Ушбу маҳаллада оилавий кутубхоналарни ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратиляпти. Чунки ҳар бир хонадонда китоб бўлса, ота-оналар китоб ўқиб турса, фарзандлар ҳам катталардан таассуб олишади. Айниқса, оналар, аёллар китобхонлигига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Зеро, миллат аёлидан баланд бўлолмайди, деган ҳикмат мавжуд. Қолаверса, халқимизда: “Онаси ўқиганнинг бари ўқийди”, деган нақл бор.

— Яхши ниятда бошлаган ишимизни элга овоза қилмоқчи эмасдик, — деди биз билан суҳбатда Ш.Тўраева. — Бироқ оиламиз аъзолари хайрли ташаббусни кенг ёйишимни, маънавиятимизни юксалтириш йўлидаги қадамимизни одамлар билишларини, ўрнак олишларини истадилар. Зеро, биз ўқирманлар сафини кенгайтириб, “Китобсевар миллат”га айланишимиз лозимлигини бот-бот эслатдилар. Шу имдоддан кейин бу ҳақда кенг оммага ошкор қилишга розилик бердим…

Хайрли ташаббус, албатта, элимиз узра қанот боғлаб учиши керак. Чунки унинг замирида миллат равнақи, тараққиёти каби эзгу ғоялар мужассам. Замон тараққиётининг жилови, шак-шубҳасиз, ўқирманлар қўлида бўлади. Бу исбот талаб қилмайдиган ҳақиқат.

Муҳаммадали АҲМАД

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

19 − sixteen =