Адабиёт – жамият иммунитети

Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим ижоди ҳақида ўйлар

Усмон Азимнинг “Бахшиёна” туркуми ёдингизда бўлса, Алпомиш Қалмоққа кетаётиб, Барчинга қараб шундай дейди:

Оламда кўп эрур ибора,

Бир сўз бор – оғриқдан иборат.

У – Ватан! Барчиним, у – Ватан!

Боламга, “Ватан” де илк бора.

 

Ушбу шеър ёзилганда туғилганлар бугун қирқдан ошди. Ёлғон лашкар тортиб, юртни, қалбларни забт этган бир даврда битилган бундай сатрлар зимистон кўнгилларга чироқ эди гўё. Ёлғонни рост деб билган омма ҳақ сўзда хатар кўрарди ўша пайтларда. Йўқсиллар доҳийсига алдов ёт, у киши фақат бир кунгина, азбаройи инқилоб учун ёлғон гапиришга мажбур бўлган, деган уйдирма салкам бир аср ақида бўлганини, эҳтимол, бугунги авлод билмас. Мусулмон одам ёлғончи бўлмайди, дейилади ҳадиси шарифларда. Таассуфки, халқимиз бош-адоқ ёлғон сиёсатларни беҳад кўп кўрди, мунофиқликдан, сохта ақидалардан кўп жабр чекди. Усмон Азим сиғингани сароб бўлиб чиққанлар номидан шундай бонг урган эди:

 

Мен чарчаб сенга суяндим, Ҳақиқат.

Соат бонг урмоқда,

Гаплашайлик, кел.

Қўрқма, ўтиб кетди бир кунлик даҳшат.

Бугун иккинчи апрель,

Ҳақиқат,

Иккинчи апрель…

 

Бу шеър риёкорликни шиор қилган сиёсат ва тузумнинг, ёлғон ғоянинг асл қиёфасини ўша вақтдаёқ кўрсатиб бергани билан қадрли.

Ўтган асрнинг иккинчи ярмидаги адабиёт ҳақ сўзни айтишдай ўта қалтис, мураккаб вазифани зиммасига олди, янги авлод рост туйғулар тараннумини гоҳ очиқ, гоҳ пинҳон куйлай бошлади. Бу адабий авлоднинг энг катта орзуси шахслар жамиятини барпо этиш эди. Усмон Азим айтмоқчи, “Адабиёт шахснинг бутунлигини хуш кўради. Масалан, мунофиқ кимса ёзувчи сифатида ҳам шу тарзда қолади. Феъл-атворининг ноқислиги сабаб, бир қарашда истеъдодли кўринса ҳам, асл адабиётга дахли бўлмайди. Баъзан эса унга жиддий зарар ҳам етказади. Тарих шоҳид: фақат тили ва дили бир зотларгина катта Адабиётни яратган. Алишер Навоий, Пушкин, Лев Толстой…”

Олов рўбарў турганнинг қорачиқларида ёнгани каби, юракдан отилиб чиққан учқун – мисралар ҳақиқатга ташна ўқувчилар қалбини ҳам ёқди. Оташин шеърият ҳақорат ва разолатга қарши курашда яловбардор бўлди. Рамзлар, тимсолларга бурканган, халқ ва Ватан дардида битилган сўз шу қадар қудратли куч эдики, унинг мислсиз ҳарорати олдида Намруднинг Иброҳим қасдида қалаган гулхани ҳеч!

Яқин ўтмишимизни ғофил элнинг эртаси ёруғ бўлмаслигига яққол далил дейиш мумкин. Мозийнинг яна бир сабоғи шуки, тафаккур эмас, тақлидчиликни шараф деб биладиган, истеъмолчиликни фаровонлик белгиси деб тушунадиган омма учун энг катта рақиб – ФИКР. Адабиёт – жамият иммунитети. Иммунитет қанча кучли бўлса, омманинг тафаккур даражаси шунча юқори бўлади, халқ ўзини англаб етади. Адабиёт деган сирли оламга дарз кетса, жамият ҳам таназзулга юз буради. Мустабид давр миллий тафаккурни уйғотишга чоғланган адабиёт фикр кушандаси саналмиш нафснинг майин, аммо мунтазам қаршилигини истисно этмасликни ҳам уқтирди. Уққан бўлсак, бош устига!

Усмон Азимнинг шўро даврида битган “Чумоли ҳақида нутқ”и худди ана ўша ғофил, оғзи қалбни айтиш учун эмас, нафс учунгина яралган молимардумхўрлар ҳақида эди:

 

Ўраб олди махлуқлар чиндан,

Бузиб орнинг чегарасини,

Ҳатто она Ҳуррият қилган

Васиятлар тегарасини.

 

Қалби мудом ҳақ ва халқ билан пайваста шоир бу шеърни ҳув ўша олис йилларда эмас, куни кеча ёзгандай туюлаверади. Ижодкор шахси миллат шахсияти билан пайваста бўлмаса бекор.

Шоирнинг “Турди Фароғий” шеърида ҳам элни бирлаштиришга бел боғлаган, лекин орзуси ушалмай ўтган куюк кўнгил фарёди тасвирланган. Турди Фароғий “Бу элни, бу тупроқни улоқ қилиб чопишди” дея зорланади. “Битиктошлар орзуси” шеърида эса инқирозга юз тутган туркий олам фожиаси акс этади:

Мен Усмон эмасман, Алптегинман – мен

Энасой бағрида тўлғонган ғоя, –

дейди шоир. Ватан озодлиги йўлида шаҳид кетган “Сарбадорлар қўшиғи” хаёлни олис мозийга етаклайди. Усмон Азим “Йигирма бешинчи йил”, “Қўрбошининг ўлими” шеърларида “Беражакмиз жонни – беминнат! // Хўрликдаги она юрт учун…” дея ёвга кўксини қалқон қилган фидойиларни мадҳ этди. Аммо “Омад кетиб қолганин сезиб” хиёнат йўлига ўтганлар туфайли ватанпарварлар маҳв бўлади. Пировардида, “Нурсиз қисмат измига кирар // Душманларга топширилган юрт”.

Ватанни севиш, миллатпарварлик туйғуси шоирнинг драматик ва насрий асарларида ҳам яққол кўринади. Ўндан зиёд саҳна асари ёзиб қўйган сермаҳсул ижодкорга бу борада ҳам рақобатчи йўқ. Усмон Азимдан кунига бир шеър ўқимаса ухлолмайдиган мухлисларнинг драматургия ва наср шеърга сиғмаган дард туфайлимикан ёки шунчаки бир ишқибозлик, деган саволига муаллиф: “Шоирларнинг деярли ҳаммаси ҳам вақти келиб ёндош жанрларда ижод қилишга жазм этган. Навоий, Пушкин, Лермонтов, Лорка… Назаримда, бу ҳол ўзини тўлиқроқ ифода этиш иштиёқидан туғилса керак”, дея жавоб берган эди.

Ҳақрост, дунё адабиётида бўлгани каби миллий адабиётимизда ҳам назм ва насрда бирдай қалам сурган ижодкорлар кўплаб топилади. Чўлпон, Ойбек, Ғафур Ғулом, Асқад Мухтор ҳар икки жабҳада гўзал намуналар яратган. Бу улуғ зотлар шижоатига кейинги авлодлар ҳам ҳавасманд бўлди. Икки фронтда жанг қилишга чоғланиш бугун ҳам унда-бунда кўриниб қолади. Аммо “ишқ бошқа, ҳавас бошқа” деганларидек, аксарият қаламкашлар даъвоси “Ўз уйида кескан кесмаган, бировнинг уйида умоч увибди” мақолини ёдга солади. Очиқроқ айтадиган бўлсак, наср ва драматургия ижодкордан катта ҳаётий тажриба ҳам талаб этади. Халқчил асар яратишнинг энг муҳим шарти, бу – халқ руҳиятини англашдир. Миллатнинг руҳи ўз ижод маҳсули – достон, эртак, мақол ва маталларида мужассам. Халқ достонлари – бу, назм ва наср уйғунлиги. Мана шу уйғун руҳда тарбия топган Усмон Азим роса қирқ ёшида – ижоди камолга етган бир пайтда насрда ёза бошлади. Илк туркум – “Севги”, “Ғоз” ва “Бировнинг умри” ҳикоялари 1991 йил “Шарқ юлдузи” журналида Шукур Холмирзаев сўзбошиси билан эълон қилинади. Салкам ўттиз йил мобайнида шоирнинг ўндан зиёд ҳикояси эълон қилинди. “Алпомиш”га ҳамоҳанг ва замон руҳини акс эттирган бу асарларни адабий жамоатчилик эътироф этди. “Яхши шоир яхши носир ҳам бўлиши мумкин”, деган фикр катта-кичик давраларда айтила бошлади.

Усмон Азим шеъриятда илҳом ва шиддатни қандай уйғунлаштирган бўлса, ҳикояларида ҳам бу ўзига хос завқ-шавқ яққол кўриниб туради. Шеър ва балладалардаги сюжетлилик, шоирона нигоҳ насрда ҳам ички оҳангни сақлашда жуда қўл келди. “Ғоз” ҳикояси мавзу ва йўналиш нуқтаи назаридан “Сиз билмайдиган замонларда”, “Алпомиш ва Қоражон” ҳикояларида давом эттирилди. “Сиз билмайдиган замонларда” ҳикояси қаҳрамони “Бахшиёна” туркуми билан элда танилган Эломон бахшидир. Лекин ҳикоя “Бахшиёна”нинг насрий табдили эмас. Усмон Азим асарга жуда порлоқ, улуғвор, абадий ғояни сингдирган. Шоир Алпомишнинг юртга қайтишини, салтанат соҳибининг яна Бойсун – Қўнғиротга эгалик қилишини чин дилдан истайди. Унинг бир ўкинчи бор:

Бойчиборсиз қолган элнинг

Ҳоли энди не кечар?..

Аслида, бу ғоя шоирнинг талай шеърларида ҳам акс этган. Ҳикоядаги драма ҳақиқатгўй, тўғрисўз Ҳаққул бахши ва оқкўнгил, самимий Эломон бахши ўртасида кечади. Ҳаққул бахши “Ростини айтмоқ – тариқат, отам ҳам, энам ҳам – ҳақиқат” дейди. Халқнинг кутгани, Эломон бахшининг топгани Алпомиш эмас. У – Ёлғон. У – Сароб. Лекин у ўзини Алпомиш деб танитишдан чарчамайди. Куйиб хор бўлган эл Ёлғоннинг этагидан тутади. Уни тавоф қилади алп деб. “Юртга Алпомиш қайтди!..” деган ўтирик ҳар ерда ўрмалайди. Ҳаққул бахшининг шубҳа-гумонларига биров қайрилиб қарамайди. Дасти узун, лашкари кўп Ёлғон Ҳаққул бахшини Ойнакўлнинг ёқасида бўғизлайди. Лекин тўғрисўз бахшининг жонига қасд қилганлар топилмайди. Ёлғон салтанат қотилларни бўш қўяди…

“Севги” – ўзбек ҳикоячилигининг энг сара намуналаридан бири. Сарлавҳани ўқиган ўқувчи ошиқ-маъшуқларнинг беадад, чучмал ҳою ҳаваслари, узун-узун орзулари ва албатта, кўнгилхуш саҳналарни кўз олдига келтириб варақлай бошлайди. Лекин тезда бунинг аксини – ўтган тузумнинг, унинг жозибали ғояларига инонган одамларнинг аянчли тақдирини кўради. Тақдирларки, унутилган, улоққан, бешафқат турмуш зарбаларидан абгор бўлган…

Ҳикоя қаҳрамони Абдураҳмон Чаганада юрган оддий қишлоқ боласи эди. Болалар уйида тарбияланган йигит ҳақорат ва адолатсизликни кўтаролмайдиган, ҳақиқатпараст бўлиб ўсади. Аммо армия ҳаёти унинг тақдирини ўзгартириб юборади. Ҳикоядаги Маша ва Салима образлари миллат аёлларининг севги-муҳаббатга, инсоний қадр-қимматга садоқати рамзи. Эҳтимол, миллий характер муаммоси ҳам мана шу образлар орқали намоён бўлгандир? Маша учун севги кайф-сафо, тўкин ҳаёт, ашир-нашир дастурхон бўлса, Салима учун бир умрлик сир, қалбга кўмилган хазина, юракнинг бебаҳо ганжинаси. Абдураҳмон-чи, дерсиз. Ўтмишини, ўзлигини унутган, жонбахш томирларидан узоқлашган Абдураҳмоннинг туйғулари ҳам ўлиб бўлган. У энди бошқа бир муҳит ва жамиятнинг одами. Ҳикоянавис ифлос ва чиркин муҳит инсоннинг энг нозик ҳис-туйғуларини ҳам ўлдириб юбориши мумкинлигини мазкур образ орқали ҳаққоний кўрсатиб беради.

Дарҳақиқат, “Севги” – фожиавий асар. Асардаги аксарият қаҳрамонлар тақдири аянчли. Ҳикоядаги бир деталь – “Ўткан кунлар” китоби рамзий маънога эга. Малларанг муқовали асар Абдураҳмонга ўтмишни, севгини эслатиб туради. Ўқувчи ҳам ёзувчига қўшилиб китоб Абдураҳмоннинг ўлган хотирасини тирилтиришини, китоб унга эзгуликлар, яхшиликлар ҳадя этишини, болаликдаги каби беғуборлик, мардлик ва олижаноблик унга яна қайтишини истайди. Лекин, на чора! Абдураҳмон ўша биқиқ, уфунат босган ҳаётни, фарзанди орқали боғланган ўргимчак тўрини қўмсаб йўлга тушади. Ёзувчи инсоннинг мураккаб махлуқ экани,феъл-хўйи ҳатто ўзига ҳам бўйсунмаслиги ҳақидаги ҳақиқатларни аянчли тақдирлар мисолида ифодалайди.

Шоирнинг охирги йилларда эълон қилган ҳикояларини олам ва одамнинг мураккаблигидан тўлиқиб кетган қалб кечинмалари дейиш мумкин. Адиб бу битиклар орқали замондошларимиз қиёфасига чизгилар беради. Профессор Қозоқбой Йўлдошев: “Усмон Азимнинг “Ишхонадаги кўргазма”, “Бир даста қизил атиргул”, “Ходимлар бўлими бошлиғи” дея номланган триптих – учлик ҳикоясида эзгулик, гўзаллик, эрк ва одамийлик сингари юксак туйғулар инсонни улуғлаши-ю одамлараро муносабатларнинг чигал ва тушунарсизлиги оригинал воқеалар тасвири асносида улкан маҳорат билан кўрсатилган. Бу асарлар тасвирнинг ҳаққоний ва таъсирчанлиги, тилининг жозибаси, сюжетнинг пухталиги, персонажлар руҳиятининг теран ифодасига кўра очун ҳикоячилигининг энг сара намуналари билан бемалол беллаша олади”, дея юксак баҳолайди.

“ТОНГ ОТГАН ТАРАФЛАРДА”

Усмон Азим ушбу насрий-драматик достонини онаси Менглихол Холиёр қизига бағишлаган. Драма “Алпомиш” достонидаги кичик бир эпизод-лавҳадан ўсиб чиққан. Шакаман тоғида яшовчи овчи элнинг бир фарзанди тимсолида Кўк Тангрига сиғинувчи туркийлар ҳаёти тасвирланади. Асарда бу ғоя Олтой тоғларидан Ҳазар денгизигача ўрмондай шовуллаб турган Тонгли эли дея сифатланган. Тонгёруғ она ўғли Ёлғиз Мерганга туққан элини таништиряпти: “Олтойдан Ҳазаргача от сурган элинг бор эди, Ёлғиз Мерган. Қишловда яйловдан кўчса, йилқиларнинг туёғи тагида қолиб кетмайлик, деб бошқа улуслар кўз кўринмас жойларга ўзларини оларди. Элингнинг бағри кенг, қудратининг чеки йўқ – давлатининг шавкатига етти иқлимнинг подшоҳлари таъзим қилар эди! Шундай эл йўқ бўлди!”

Турк хоқонликлари, туркий салтанатларнинг тарих бағрига сувдай сингиб кетгани асарда мана шу тарзда дард билан айтиб ўтилади. “Алпомиш” туркий халқлар эпоси экан, унда турк элининг минг-минг йиллик армон-ғамлари, изтироб ва қайғулари акс этмаслиги мумкинми? “Тонг отган тарафларда” насрий-драматик достони мана шу жиҳатларига кўра ҳам катта аҳамиятга эга. Достондаги Ғоз Ҳакимбек ва Бойсун – Қўнғирот эли ўртасидаги халоскор – элчи бўлса, драматург бундан унумли фойдаланиб, Ғозга тириклик тимсоли сифатида қарайди. Ёлғиз Мерган ғозни отолмаса ҳаёти тугайди. Шўрлик она аслида унга “Ўқинг хато кетмасин…”, дея таълим берган. Асардаги Она ва Ўғил ўртасидаги суҳбат, Мангуқутнинг васияти, Алпомиш ва Барчинойнинг Ёлғиз Мерган жонини сақлаб қолиш учун ҳатто Ёдгорни қурбонликка бериши, Ёдгорнинг жўмардлиги томошабинни ҳаяжонга солади, албатта.

Асарда Бўлган Калнинг Тонгёруққа қарата айтган “Бу дунёда фидокорнинг иши оғирдир! Қайси фидокорнинг манглайи ярқираб бу ­дунёдан ўтди? Сен бу дунёни мард деб ўйлама!” деган гаплари бежиз эмас. Тонгёруғ Ғозни – элчини сақлаб қолиш учун ўғлининг йўлини тўсди. Алпомишнинг қайтиши, Бойсун – Қўнғиротнинг гуллаб-яшнаши учун қилди бу ишни. Бу – бир фидойилик. Иккинчи фидойилиги, Онаизор авлодни сақлаш, ўлим ёқасида турган ўғлини қутқариш учун Тангрига илтижо қилиб Ғозга айланади ва ўғли беозор қуш – Онани отиб олади. Онанинг ўлими – Тонгли элининг омонлиги эди.

Истиқлол йилларида кўпчилигимиз ҳуда-беҳуда, баъзан эрмак учун, баъзан фикрга безак сифатида аср бошида яшаб ўтган улуғ маърифатпарварларни тилга олдик, лекин бу миллатсеварлар номи мустақиллик арафасидаги маънавий-мафкуравий курашлар эвазига қайтиб келганини билмас эдик. 1987 – 1989 йилларгача жадидлар ҳаёти ва ижоди оммадан жуда ҳам сир тутилган, бармоқ билан санарли даражадаги мутахассисларгагина маълум эди. Ўзликни англашнинг энг муҳим, самарали ва таъсирчан йўли сифатида тадқиқ қилинган миллат маърифати, пировардида, жамиятнинг уйғонишига ҳам сезиларли даражада таъсир кўрсатди. Усмон Азим мана шу долғали, мураккаб ва серқирра даврда шахс ва ижодкор сифатида ўзининг фаол гражданлик позициясини намоён этди. Зеро, ҳақ сўзни айтмаган ижодкор ҳақиқий ижодкор эмас. Мунофиқлигига фатво излаган қаламкаш ғаним билан баробар.

Жадидлар меросини ўрганиш ва тарғиб этиш, улар орзу қилган ғояларни байроқ қилиб кўтариш республикамизда 90-йиллар ўрталаригача гуриллади. Истиқлолга беш йил тўлиб-тўлмай мавзунинг долзарблиги номаълум сабабларга кўра сўна бошлади. Матбуотда, телевидение ва радиода, илмий тадқиқот ишларида ўрганилиши сустлашиб, янги аср бошида деярли тўхтади. Мустақиллик арафасида ва истиқлолнинг дастлабки йиллари ҳар куни ёд этиладиган маърифатпарварлар номи унутилиш даражасига етди. Аслида, эрк ва ҳуррият учун умрини тиккан жадидлар ғояси истиқлолга эришган Ўзбекистоннинг миллий мафкураси сифатида жаранглаши лозим эди. Таассуфки, янги тарих ҳам бошқа ўзандан кетди…

Бугун биз жадидлар меросини ўрганишга қаттиқ бел боғладик. Бу хайрли иш кампаниябозликка айланиб кетмаслиги лозим.

Озодлик, ҳуррият учун ширин жонидан кечган аждодларимиз мероси очилмаган сирли сандиқ бўлиб турибди. Тарихнинг не-не тилсиз гувоҳлари архивларда чанг босиб ётибди. Аслида, ҳар бир жадид боболаримиз ҳаёти романлар, достонларга арзигулик ҳаётдир.

Усмон Азимнинг улуғ адиблар ҳаётига бағишланган драмалари “илдизи” ўтган асрнинг 80-йиллари бошида битилган “Абдулла Қодирий”, “Усмон Носирнинг сўнгги туши”, “Ойбекнинг сўнгги шеъри”, “Мақсуд Шайхзода” каби шеърларига бориб тақалади.

 

Ёмғирдай бир соғинч кўксимга тўлди,

Юракка туташди нотаниш ғулу.

Ногоҳ Ватанимни кўргандай бўлдим,

Қодирийнинг худди ўзи эди у.

 

Қонхўр сиёсат қиличи ўйнаб турган замонда бундан ортиқ ёзиш ҳалокатли эди. Шоирнинг Ватанга ўкинч билан берган таърифи ўшанда нозик дидли ўқувчиларга катта ҳақиқатларни англатгани шубҳасиз. “Усмон Носирнинг сўнгги туши” шеъридаги қуйидаги сўров бекитилган тарихга ишора, аслида:

 

Тонготарга боқдим-да, бирдан –

Кўкрагимни қолдим қучоқлаб.

Уфқ нега қонга беланган,

Ким осмонни кетди пичоқлаб?

 

“Мақсуд Шайхзода” шеъридаги сўнгги тўрт сатр қандай сирдан огоҳ қилмоқда?

 

Қора рангга қўл тегизма,

Шафқат ҳам керак андак!

Мен кечирдим, наҳотки, сен

Кечирмайсан, келажак…

 

Мустабидлик қояси емирилиб, қора булутлар тарқай бошлаган йилларда Усмон Азим “Ўттиз саккизинчи йил. Лагерь”, “Эллик йил аввал ҳам у чечан эди, // “Абдулла Қодирий миллатчи”, дерди”, деган шеърлар битди. “Чўлпон” шеърида шоир тилидан “Менинг тақдирим – қийноқ, // Фақат тун аро умрим” деб ёзди. Хуллас, ижодкор “Адибнинг умри”, “Абдулла Қаҳҳор”, “Кундузсиз кечалар” пьесаларини битишга руҳан ва маънан тайёр эди. Ижодкорларнинг таваллуд саналари туртки берди, холос.

Ёдингизда бўлса, “Адибнинг умри” пьесаси шундай бошланади: “Ойбекнинг боғи. Чўлпон, Саидносир Миржалилов супада ўтирибди. Улар қопдан китоб олиб, бирин-бирин варақлаб кўради. Ойбек самовар ёнида – чой қайнатиш билан овора. Абдулла Қодирий гулзорнинг четидаги бир гул тепасида, унга тикилганча турибди.

 

Чўлпон. Ойбек, ўзбекнинг кичиги бўлгунча… А?

Ойбек. Сўраманг!

Қодирий (кўзини гулдан узмасдан). Абдулҳамид, Муса ўзбекнинг кичиги бўлмай кими бўлсин?

Чўлпон (кўзи китобда). Каттаси бўлсин...

Қодирий. Ўзбекнинг каттаси қолмаган, Абдулҳамид!

Миржалилов (китобдан бош кўтариб). Абдулла, нималар деяпсан?

Қодирий. Мағлуб халқнинг, бўйнини қисиб яшайдиган халқнинг каттаси бўлмайди!

Чўлпон. Катталари қаерга кетаркан?..

Қодирий. Қаерга кетаётганини билмайсанми?

Чўлпон (узоқ сукутдан сўнг). Биламан…

Миржалилов. Абдулла, ундай дема!.. Худога шукур, сен борсан, Чўлпон бор!..

Қодирий. Булар куч олди! Энди ҳеч кимни омон қўйишмайди”.

 

Драматург боғ манзарасини бежиз киритмаган. Боғ миллат маънавиятининг тимсоли. Бу беқиёс гулзордаги гуллар – халқнинг асл фарзандлари. Муаллиф Ойбек бошидан ўтказган туҳмату қийноқлар орқали давр манзарасини чизади. Драматургнинг ютуғи шундаки, асар фактлар шарҳидан иборат бўлиб қолмай, балки ҳар бир образ томошабин кўз ўнгида феъл-атвори ва зиммасидаги “вазифа”га кўра тирик одам бўлиб гавдаланди. Асардаги Отақўзи, Мирсаид, Зоҳид, Сафар, Ботир ана шундай образлар сирасига киради. Муаллиф пьесага бу номларни шунчаки бир илова тарзида киритмаган. Бу персонажларнинг прототиплари мавжуд. Асар воқеалари 30 – 50-йилларда бўлиб ўтганини эътиборга оладиган бўлсак, “қаҳрамонлар”нинг қиладиган талай “иши” бор. Ойбекнинг бағрикенглиги, жўмардлиги асарда жуда чиройли тасвирланган. Хиёнатга меҳр билан жавоб бериш, тавба қилиб келган бошни силаш чин мусулмоннинг иши. Кечиримли Ойбекнинг катта қалби томошабинни ҳайратга солади, одам қалби билан ОДАМ экан-да, дея ўйлашга мажбур этади.

Ўзбекнинг буюк шоири Абдулҳамид Чўлпонга бағишланган “Кундузсиз кечалар” асарини ўзимизга тутилган кўзгу дейиш мумкин. Халқимизнинг аянчли тарихи ҳақидаги асар номи, биринчидан, даврга ишора бўлса, иккинчидан, Чўлпоннинг “Кеча ва кундуз” романи сарлавҳасига уйқаш қилиб танланган. Пьесада Чўлпон яшаган муҳит, қатағон даври, мустабиднинг ҳийла-найранглари ва айрим зиёлилардаги шахсий ғараз-нафратнинг ижтимоий иллатга айланиши-ю миллат зиёлиларининг маҳв этилиши тарихий манбалар асосида ҳаққоний тасвирланган. Чўлпоннинг қуйидаги дардчил сўзлари унинг васияти эди аслида: “Адабиёт яшаса миллат яшар, адабиёти гулламаган ва адабиётининг тараққийсига чалишмаган ва адиблар етиштирмаган миллат охири бир кун ҳиссиётидан, ўйидан фикран маҳрум қолиб, секин-секин инқироз бўлур”.

Адабиётшунос Шуҳрат Ризаев “Кундузсиз кечалар”, “Адибнинг умри” ва “Абдулла Қаҳҳор” номли ижтимоий-тарихий-биографик асарларни “адабий учлик” – “трилогия” деб атайди.

Усмон Азим ижоди ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда, тарих, адабиётни танитишда беқиёс аҳамиятга эга. Жунун ўти етмиш бешда ҳам гуриллаб турган адиблар кўп эмас. Элим деган шоир бамисоли Каъба қопқасида турган посбон. Зеро, ҳақиқатгўй шоирнинг ёш авлодга айтар сўзи шу:

 

Юравер. Қолма йўлдан.

Қолган қолар. Ачинма.

Чўчима ҳеч нарсадан –

Ўзбекистон олдинда.

Ботир бўл. Олға югур.

Қўрқма ҳар хил қотилдан.

Ахир, тоғдек суянчинг –

Ўзбекистон ортингда.

Олим ТОШБОЕВ,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, ёзувчи.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

three × five =