Меҳр вa қаҳр
(ГУЛБАДАНБЕГИМ)
Бадиий фильм сценарийсидан икки лавҳа
Гулбадан рухсорини экранда кўришга маҳтал ҳолатда битилди бу сценарий. Фильм ташвишлари бошланганида ҳам ўша муштоқлик ҳиссиёти тарк этмади каминани.
Ўзбек аёлларининг бадиий истеъдоди ҳамда фикр теранлиги, оилада ҳам, жамиятда ҳам садоқати, ирода ва нозик табиати, ғазабнок ҳолати, жўш урган эҳтиросини ҳам гоҳ ширин, гоҳ фалсафий, гоҳ эса шиддатли бир тарзда ифодаланган мисраларда ҳам майин, ораста бир шаклда, нидо, ҳайқириқни эслатувчи, қудратли руҳий тўлқинлар билан қаламга олганидан, лирик кечинмаларни ҳам юксак драмаларда, эзгу ният, комил ишончни барбод этмайдиган, лекин фожиавий мазмунини сақлаб қоладиган нозик, аламли туб моҳиятини англашга кўмаклашадиган шеъриятдан бизни воқиф этганларга таъзим қилгим келади. Зебинисо ва Нодира бегимни, Анбар отин ҳамда Увайсийни, насрий асарини поэтик даражага кўтарган Гулбаданбегимни ва унинг ёнгинасида бизнинг мўътабар замондошимиз бўлган Ҳалима Худойбердиевани — бу ноёб, ёрқин истеъдод соҳибаларини даҳоларга хос бир тарзда, кучли иқтидор, лекин аёлларга хос назокат, латофат билан бирга жиндек араз, муболағага ҳам ўрин топиб, ақлли қаламларини изтиробидаги юраклари уриши маромида тебратиб, ўтмишда, узоқларда қолган дугоналари — кўп ўринда маслакдошлари даъватлари, дил изҳорлари, ушалмаган орзуларини ХХI аср ихтиролари даражасида кўп фасллик бадиий телевизион асарлар бобларида намоён этиш истагини уйғотгимиз келади. Мен ҳақирни устоз деб биладиган Гулноза (икки нафар) Шоҳида, Маҳлиё, Сабоҳат интеллектуал жиҳатдан бой, лекин эмоционаллик, ҳис-ҳаяжондан йироқ қалам соҳибаларидан араздамикан?..
Шу сабабларга кўрами, муборак ёшимга қадар ўйлаб юрган, малика шоираларнинг тиниқ, равон шеъриятининг ҳали ёзилмаган қонуниятлари даражасида мажозий ифодалар, тиниқ, равон, ниҳоятда самимий мисралар таъсирига берилмаганлар, деб ўйлаб қоламан. Ўзимда ҳам зўр эҳтиёж бўлганиданмикан, асрлар ортида қолган Ҳаж сафарини олти йил давомида бажо келтириб, 80 ёшида Хонзодабегимлар билан видолашган Гулбаданбегим ҳамда бу тарихий шахс барҳаёт дамларида доно халқимиз баҳодирликни, чин севгини мадҳ этган “Тоҳир ва Зуҳра” фильмига яқинда — ХХ асрда умр берилишида ҳам илҳом париси, ҳам марказий қаҳрамон Зуҳранинг ҳавас қилгудек чиройини, рафторини, ижросида самимиятини, дурдек тўкилган кўз ёшини хуш кайфияти, ўткир нигоҳи билан кўрсатиб, оламга танилган Юлдузхон Ризаевага кўп серияли фильм сценарийсини бахшида этиш ширин дамларда Зуҳра — Юлдузхоннинг ўйлари, муҳити меники ҳам бўлгандек туюлди. Юлдуз опанинг ҳаёти, фаолияти саҳифалари муштарийни қизиқтирса, газетанинг кейинги сонларида бир-икки эпизодни чоп этиш тараддудида бўламиз. Бугун эса Бобурнинг севикли қизи, ажойиб “Ҳумоюннома” асарининг муаллифи таваллуд топган муҳити билан боғлиқ саҳналар ҳамда Гулбаданнинг етук ёшидаги руҳий ҳолати, ўзига ярашган рафторини икки лавҳа — эпизодда ифода этдик.
Биз қаламга олган икки сценарийни киностудия қабул қилиб, бадиий асар ишлаб чиқишнинг ҳам нашъали, ҳам ниҳоятда мураккаб ташвишлари билан банд.
1
…Эрта кўкламнинг ҳали заҳри кетмаган шабадаси тоғ бағрини кезади. Эрий бошлаган қор ва ях қатламлари орасида не тўсиқларни ёриб чиққан бойчечак барглари гувиллаб эсаётган шамолда титрайди. Қор тагидан униб чиқиб, изғиринга дуч келганидан пушаймондек. Яна маконига — муз-қор тагига яширинмоқчи, келгуси баҳоргача тин олмоқчи, ер бағрида ором олмоқчидек. Шамолнинг енгил тўлқини эса гул баргини олиб кетди. Тинимсиз эсиб турган шамол таъсирида турли шаклга кирган муз ва қор уюмлари устидан олиб ўтиб, тиниқ булоққа етказди. Гулбанд нозик япроқлари билан булоқнинг илиқ сиртида паноҳ топгандек бўлди. Унинг тубида ғойиб бўлди.
Бу дам от, хачир минган сипоҳлар ва улар кузатиб келаётган отга ўрнатилган, обдан ясатилган кенг курсида виқор билан атрофга нигоҳ ташлаб келаётган Дилдор бегим… Бу манзара бир қарашда сайилгоҳни эслатса-да, узоқ сафар чарчоғи сезилиб турарди. Сўлғин чеҳралар, зўр-базўр қадам ташлаётган зотли отлар. Сарой аҳли, оғир қурол-яроғни жабдуққа ортган сарбозларнинг узоқларга тикилган чанқоқ кўзлари. Улар бойчечаклар униб чиққан ерлардан ҳам ўтдилар, ҳалиги бойчечакнинг новдаси барглари ила шўнғиган булоқ бошига етдилар. Ер қаъридан ҳароратини йўқотмай, юзага чиққан мавжланиб турган зилол сув манзилга етган гуруҳни домига тортди. Дилдор бегимга ҳамроҳ бўлиб келган фолбин аёл булоқ бошига келиб нималарнидир пичирлаб ўтирарди. У ўрнидан туриб, Мирзо Бобурнинг севикли рафиқасига жой кўрсатди. Йиғилганлар довруғи узоқ элларга тарқалган бу сеҳрли булоқ сувини ҳовучлаб ичишга ҳам ботина олмай турганида сув бетига ҳалиги бойчечак новдаси барглари билан қалқиб чиқди. Барча фолбин аёлга, сўнгра Дилдор бегимга қараб бу мўъжизанинг изоҳини кутди. Жавоб, изоҳ тайёр эди.
— Подшоҳи оламга тангри яна бир қиз ато этмоқчи. Эрта баҳор нишонаси — бойчечакнинг нафис кўрки бизни бундан воқиф этди…
Фолбин сўзини тугалламаган ҳам эдики, барча қўл очиб ўқий бошлаган дуони тинглади. Ўғил фарзандлардан ташқари беш қиз кўрган шаҳаншоҳнинг олтинчи қизи эсон-омон таваллуд топишини истаб дуои хайр ўқилди. Барча ҳомиладор Дилдор бегимга таъзим қилиб, журъат этганлар унинг узун этагини силаб, ўзича дуои жон ўқиб, “эсон-омон қутулинг”, деб фотиҳага қўл очди. Дилдорнинг меҳри — оналик меҳри ҳали туғилмаган боласига қаратилганди. Таъзимларга жавобан табассум ила миннатдорчилигини билдирар эди.
Қайнар булоқ суви эса тўлиб-тошиб оқишда давом этди. У жилдираб оқиб турган ариқ четида нимжон, ҳали офтоб нури тафтига тўймаган кўкатлар майин шамолда аста тебранишда давом этарди. Ариққа аста-секин жилғалар уланар, у бора-бора анҳорга айланар, дарё бўлиб оқар, балки. Дилдор неча қайта санаган кунлар ҳам оқар сувдек ўтди.
Чақалоқнинг жарангдор овози дала-даштга, миноралар ва масжиду мадрасалар ўлкасига тарқалди. Кўкларга бўй чўзган миноранинг ёнгинасида эса дардараги билан шовқин солиб учаётган варрак ипининг учини ушлаб турган икки жажжи қўл кечаги чақалоқники. Умрининг икки йилини Кобулда ўтказган қизалоқнинг қўллари. Унинг ёнида Моҳим бегим — бу манзарага ҳавас билан қараб турган, катта режалар тузаётган Моҳим бегим. У ҳозир Гулбаданни туққан онаси Дилдорнинг қўлидан дафъатан олишга журъат этмайди. Кўзлари қизалоқда-ю, кўнгли саройда. Подшоҳ билан ўтказган дамларни қайта эшитгандек, кўргандек бўлади.
Ҳашаматли саройда Бобур подшоҳнинг севикли хотини Моҳимнинг сўзлари янграйди. Уни тинглаётганларни кўрамиз. Саройнинг паҳлавон, ўймакор дарвозасига қадар виқор билан қадам ташлаб келган, қизлик кўркамлигидан қолган нишоналарни ўсмаю сурмалар билан пардозлаган аёл сарой остонасини ҳатлаб ўтиши билан ғоз юришга чек қўйди, ўзи ўрганган маконда нақш билан қопланган эшикнинг аста очилиши маромида қадам ташлаб тўрга қўйилган тахт ва унинг ворисига илтижо билан қараб фазл, дин аҳлига илтифотини билдирди. Бу дақиқаларда унинг илтижо билан айтган сўзлари янграб, кўпчиликни ҳайратга келтирди, баъзилар таажжубларини яширмадилар ҳам.
— Ҳазратим, ҳузурингизга хизматингизга, фармонингизга мунтазир фақир бўлиб қадам ранжида этдим.
— Фақир эмас, Маҳди улъё унвонини лозим кўрганмиз Сизга, — гапни бўлди подшо.
— Ижозатингиз билан Маҳди улъё эмас, ашроф қатори шахс ҳам эмас, фақир ва мискинлар қатори келдим.
Бир ёстиққа бош қўйган икки шахснинг бу тарздаги мулоқоти мулозимларга ажиб, бироз ғайритабиий кўринди. Подшонинг катта хотини эса илтимосини баралла айтаверди. Бу мулоқот мазмуни сарой аҳлига маълум бўлишини истаган эди.
— Худойим сизга кўп ўғил, қизлар берди. Фасоҳат эгаси, муборак Дилдор бегим, кичик хотинингизнинг ўзи беш фарзанд — уч қиз кўрди, — “кичик хотинингиз” жумласини маъноли табассум билан айтган тўнғич хотин секингина “уч ўғилнинг онаси бўлди”, деб қўшиб қўйди.
— Сўз мухтасар бўлса, мўътабар ҳам бўлар, — деб гапни яна бўлди подшоҳ.
— Ҳарислик эмас, меҳр-оқибат ҳис-туйғулари олиб келди ҳузурингизга. Эмикдош Дилдор бир қизини — сиз ҳазратим исм қўйган Гулбаданни менга берсин. Оналик қилай. Икки қизим уч бўлсин. Қизалоққа Дилдор меҳрини ҳам мен берай. Қобил қомати, латофати унга ёр бўлса, худойим яна фарзандлар беришини дуо қилай.
Орага сукут тушди. Барчанинг нигоҳи ўйга ботган подшоҳда. У эса Моҳимни ёнига таклиф этди. Сарой аҳли кескин вазият юмшаганини англади. Шоҳ табассум ила Маҳди улъё деб мурожаат этган, ёши бироз ўтган, лекин кўркамлигини йўқотмаган сарой маликаси бола тилаб келганидан меҳрлари товланиб, дуо ва сано айтишга тайёр бўлди. Шоҳ тахт зинапоясига чўккалаган хотинининг ёнбошига зарҳал лўлаболиш қўйишни истади. Истаги бажо келтирилди. Эзгу орзу ушалишини сезган малика учун суҳбатдоши шоҳ эмас, қизалоқнинг — унинг қизалоғининг отаси бўлиб кўринарди, эҳтирос эмас, меҳр устун турди бу дамда.
— Мажлисни мунаввар этдингиз, бегим. Ўзингизни фақир, Дилдорни эмикдош дедингиз. Менинг тилагим шу эди. Гулбаданнигина эмас, Ҳиндолни ҳам тарбиянгизга олсангиз. Буюк бобомиз Соҳибқирон Амир Темур ҳам Мирзо Улуғбек тарбиясини туққан онаси Гавҳаршодбегим билан севикли жуфти ҳалоли Сароймулкхонимга топширди.
Соҳибқирон номи катта саройда янграганида унинг руҳига таъзим қилгандек бўлдилар, калима келтирдилар. Шоҳ бироз сукут сақлаб, сўзини мухтасар қилди:
— Падари бузруквори бир-у, волидаи меҳрибони икки — Сизу Дилдор бегим бўлсин. Болани туққан онасидан маҳрум эта олмайман. Гулбадан онасини “Дилдор бегим” деб, сиз Моҳимбонуни “онам ҳазратлари”, десин. Розилигимни Дилдор бегимга етказурсиз. Фармони олий эмас, бу илтижо.
Моҳим бегим ўрнидан туриб, миннатдорчилигини билдирди. Таъзим қилиб:
— Хусравона сўзларингиз юрагимга малҳам бўлди. Қимматли Дилдорга ҳомилалик кунлари ҳам ҳавас билан қарардим. Қиз кўрса ҳам, ўғил кўрса ҳам тилаб оламан, деб орзу қилардим.
Барча нозик иш осонгина битаётганидан мамнун бўлиб фотиҳага қўл очди. Бобур подшоҳга омад, соғлиқ, Моҳим бегимга бахтли кунларни, Дилдорга сабр-тоқат, оналик меҳри сўнмаслигини тиладилар.
Гулбадан тилга олинмади. У ийдгоҳда жажжи қўллари билан осмону фалакда чарх уриб учаётган варрак ипини ушлаб турганидан қотиб-қотиб кулар, тойчалар қўшилган кажавага чиқмоқчи бўлиб хархаша қиларди. Туққан онаси бағрида ўтаётган сўнгги дамлар эди.
Сарой мулозимлари назорати остида, бир текис маромда келган кажава ийдгоҳнинг аслзодалар учун ажратилган қисмида тўхтади. Моҳим Бобур никоҳидан ўтган Гулруҳ ҳамда унинг тўнғич ўғли Комрон билан кажавадан тушиб, Дилдор бегим томон кела бошладилар. Моҳимнинг ҳамроҳлари подшоҳ хоҳишидан воқиф бўлсалар керак: улар кўзларини Дилдордан узмас эдилар. Фақат Комрон бесаранжом, кўзи олазарак эди, у кўпроқ Дилдорни кузатар, Моҳимга нималарнидир пичирларди.
Дилдор Моҳим бегим билан кўришишга шайланди. Қўлини кўксига қўйиб ўрнидан турди. “Нечук бу ерга ташриф буюрдилар? Тинчликмикин? Бирор хабар, янгилик билан келдилармикин?” — шундай фикрлар ўтди. Шубҳани, мавҳум ҳолатни аёлларнинг қуроли — дилбар табассум, ёқимли сўз, мулойим овоз билан яширишни ният қилди. Фавқулодда пайдо бўлган меҳмон эса таъзимни бажо келтириб, қулоч очиб, ҳол-аҳвол сўрашга тараддуд кўриб турган Дилдор бегим томон эмас, тойча қўшилган аравачадаги қўнғироқларнинг фарангли товушига ошиқ ҳолда турган Гулбадан томон илдам одим ташлади. Қизалоқни бағрига босди, оппоқ момиқ юзларидан ўпганида Гулбаданнинг кўзлари онасида бўлди. Она эса ҳамиша жиддий, талабчан кундош бугун нечук бунчалик меҳрли, кайфияти чоғ эканлигига тушунмай четда турар, бундай дамда ҳатто ўзини ортиқча билиб, ширин лаҳзага суқилиб киришни эп билмай ўзини панага олмоқчи бўларди. Гулбадан эса янги онасининг тиззасида ўтирганини билмай тилла суви юргизилган нимчага, жисмоний меҳнатдан холи бўлган қўллардаги билагузук, оппоқ бармоқларга тақилган ялтироқ узукларга мафтун эди. Бу дамларни кузатиб турган Гулруҳ ҳамда Комрон ўзга хаёл оғушида эдилар.
Моҳим бегим қизалоқнинг шоҳи кўйлаги, бошидаги жажжи дуррачасини гоҳ ечиб, гоҳ кийгизиб Гулруҳни ишора билан ёнига чақирди. Нималарнидир пичирлашди. Қизалоқнинг оёқ кийимини ечиб, кажаванинг бир бурчагига ирғитди. Гулбадан ранг-баранг иплардан тўқилган пойабзалдан ажраб қолганидан хархаша қила бошлади. Йиғи келганида икки кундош Моҳим ва Гулруҳ Дилдорни даврага чақирдилар.
Дилдор:
— Ширин суҳбатларинг бузмай, деб кўришгани ҳам келмай ўтирган эдим.
Гулруҳ:
— Энди орангиздан қил ўтмайди, чоғи. Бир қизнинг икки онаси бир-бирига кундош эмас, асли муҳиб.
Таажжубда қолган Дилдорга “Ҳазрати Она” ҳуқуқини олган Моҳим тантанали бир оҳангда:
— Подшоҳи олам фармон қилдилар: Гулбаданга сиз “Дилдор бегимсиз”, мен “Ҳазрати Она”.
Дилдор ўзи беҳол, тили лол бўлди. Гапга Комрон аралашди:
— Фармон эмас, илтимос, илтижо, дегандингиз.
— Подшоҳнинг илтимоси фармоннинг ўзгинаси. Яхши бола икки онани эмади, дейишади. Бола ўстирмаганманми, унинг қадрига етмайсизми?
— Қизим эмизикли ёшдан ўтган.
— “Қизим” деманг, “қизингиз”, десангиз фармони олийга тўғри келар… Ранжа айладингиз, чамаси, Дилдор бегим? Гулнинг кийимидан кўнглим тўлмади, айниқса, кофш дағалроқ кўринди. Зебо хилъат ато этаман, — норозилигини билдирди “Ҳазрати Она”.
— Муҳтасиб сўзларини айтаяпсиз, пошшохон ая. Гап қайтариш одатим йўқ. Бу кун воқеасини ҳайрат аҳлига ҳавола этдим. Бу гаплардан мени фориғ этинг… ахир Сиз Маҳди улъёсиз!
Аёлларнинг даҳанаки жанги можарога айланаёзганди. Бола савдосига олиб келиши хавфи бор эди. Дилдор уни англадими, баҳсга чек қўйиш истагида бўлдими, подшонинг яқин кишиси, сарой аҳлларига бериладиган олий унвон — Маҳди улъё соҳибаси бугун Гулбаданни тортиб олишга астойдил киришган Моҳим бонуга тегишли эканлигини эслатиб қўйди. У қизини она меҳридан маҳрум этмаслигини биларди. Оқила аёл “она” сўзини эшитишдан маҳрум этган Моҳимга “Она ҳазратлари” даражасининг берилишини донишмандлик белгиси, деб билмасди. Оқила аёлнинг кўз ўнгида, унинг бевосита иштирокида содир бўлаётган воқеа эса тез ривож этиб борарди. Икки она — бири чин, иккинчиси асралган онанинг ҳаракати, елиб югуриши, имо-ишораси, унсиз, лекин кескин эди. Гулбаданнинг йиғиси-ю Дилдор эслаётган, қўмсаётган “Алла”нинг маъюс оҳанги эшитиларди. Гулбадан ўйинчоқлар сочилиб ётган гиламда омонатгина ўтирган икки аёл ўртасида сарсон. Гоҳ туққан онаси уни бағрига олиб, қўл-оёқларини, қирра бурни, тим қора кўзларини ўпади, гоҳ эса Гулбаданни Дилдорнинг иссиқ қўйнидан тортиб олаётган Моҳим ўйинчоқларни кўз-кўз қилади, билагида, қўлида ялтираб турган тақинчоқларни ечиб қизалоққа тутқазади, ўзига оғдирмоқчи бўлади. У тасаввурида бу ширин қизалоқни ўзининг қўйнида кўради, уни эркалайди. Фарзанд, асранди қиз дардидаги икки кундошнинг ўткир нигоҳлари тўқнашади, эҳтиросли дамлар вужудга келади. Боланинг йиғиси тўхтамайди. Вазиятни балоғат ёшига етган Гулбадан таърифлайди.
Севги ёшидаги Гулбаданнинг латиф чеҳраси. Андижонлик отасининг истаги бўлса керак, дуррачани фарғонача ўраб олган. Қулоғидаги ёқут зиракларнинг ўткир нурларидан унинг ҳусни, меҳр ва эҳтиросга тўла кўзлари жозибалироқ, кўркамроқ. У чуқур ўйга ботган бу дамда хушбичим, марғилонча атлас кўйлаги сарв қоматини таъкидлаб туришини ҳам илғаб оламиз. Қалин соч танғиб олинган дуррача ёнларидан мўралаб, нафис қулоқларни ўраб олишга шай эди. Гулбадан:
“Онам ҳазратлари Моҳим бегим мени ўз тарбиясига олганларида мен икки ёшда эдим. Фирдавс макон (Бобур) ижобат берган эдилар. “Воқеанома”ларида рақам этганлар: “Моҳимдан хат келди… Хоҳи ўғил бўлсин, хоҳи қиз, менинг бахту толеим, менга беринг, мен фарзанд қилай, мен сақлай”. Падари бузрукворимиз сафарда бўлганларида Маҳди улъё ниятларидан воқиф бўлганлар.
Гулбадан асти фарзанд можаросини қилаётганлар ёнига бормайди. Уни ҳеч ким кўрмайди, эшитмайди. У икки ёшдаги йиғлоқи қизни кўриб, мийиғида кулиб қўяди, бола ташвишидаги икки аёлга боққанида чеҳраси ўзгармайди, жиддий ҳолат устун туради. Жамолини ниқоб ила беркитган гўё. У бугун ўзини, атрофидагиларни таърифлайдиган кўз илғамас шахс. Ёзиб қолдирган ҳикоялари, юрак изтиробларини, ушалмаган орзуларини, фарёд айлаганларини бизга айтиб берар. Асрлар оша биз билан мулоқотда бўлар. Бунинг учун ўзи замин кўргандек. Падари бузруквори — Бобур изидан бориб, ибратли воқеаларнинг иштирокчиси, жангу жадал, шингил-шингил ҳаёт воқеаларининг гувоҳи бўлиб изоҳ берар…
2
Гулбадан ранж тортиб юрган кунлар узоқ давом этди. Падари бузрукворини саройнинг нақшли устунлари ортига бекиниб пойлаб турган дамларни эслаганида тўр ниқоби кўтарилгандек, изғирин шамол пасайганидек, енгил шамол тўлқинлари юзини силаб ўтаётгандек бўлар, шунда хаёл оғушида ўзи танҳо қолишни истар, кимсасиз кўча, ийдгоҳ узра сайр қилиб юришни афзал кўрарди. Ўша тотли кунлар, дийдор кўришишлардан баҳра олган қизалоқни тасаввур этарди. Мана, ҳозир ҳам фавқулодда келган сел аста тина бошлаганида яхши кўрадиган гулли нимчасини кийди, кенг шойи дуррачасининг бирини бошига фарғонача ўради, иккинчисини бошига ва елкасига омонатгина ташлади-ю ташқарига чиқди. Ёмғирнинг йирик доналари узоқлардан отилган ўқдек ерга санчилар, обдан савалашда давом этарди. Сон-саноқсиз ёмғир пуфакларига тўлган Ҳарамсарой ҳовлисини бироз кезди. Саваланган ер қавариб кетгандай кўринди. Маликанинг оёқларидаги чам тоқия чанг ва тупроқдан холи бўлган тошларга тегиб, атрофда бир маромда таратаётган “тақ-туқ”, “тақ-туқ” товуши соқчиларни сергаклантирди. Маликани кўриб, таъзимга ҳозирландилар. Малика эса ўйлари билан банд эди. Тугаётган селдан унинг юрак изтироблари селоби кучли эди. У отаси, шоҳ ва шоҳлар пири бўлган Бобур билан учрашмоқда, висол онларидан баҳра олмоқда. Эъзозли дамда файзли даргоҳни олисдаги камалакнинг рангли нурлари нурафшон этгандек бўлди. Сафо нурлари очилаётган чеҳрани ёритди. Болалик чоғларини қўмсаётган Гулбадан отасига эргашиб кетаётгандек бўлди. Ота атрофдаги мулозимларни ишора билан тўхтатиб, қизини қўлга олди, эркалади. Тахтда ўзи эмас, севикли қизи ўтиришини истади. Ўтқазди ҳам. Бошидаги тожини олиб, чеҳраси сутдек тиниқ, оппоқлигини таъкидлаб турган қора сочларини, қалин зулфи торларини йиғиштириб, кийгазди. Мулозимларнинг бири ҳайратга келди. Иккинчиси болажон, шекилли, табассум билан хайрихоҳлигини билдирди, яна бири шоҳ, тахт, ворислик ҳақида ўйлаб қолди, шекилли, ғазабнок ҳолатга келди. Қизалоқ эса отаси билан бахтиёр эди.
Фавқулодда бир гўдакнинг йиғиси эшитилди. Ширин хаёлга чўмган Гулбаданни болалик чоғларидан балоғат ёшига қайтарди. У зийнатли мачит эшигига таянган аёлни ва унинг тиззасидаги қизалоқни кўрди. Юпун кийимда дийдираб ўтирган она-бола зебо хилъат билан безанган тунги маликани кўриб, дийдирашдан тўхтади, таъзим ҳам қилмади. Бечироқ, кимсасиз маконда дафъатан пайдо бўлган тунги ҳамроҳларини ҳайратомуз кузатиб турдилар. Гулбадан эса рўмолидан бирини ечиб, қизалоқни ўраб қўйди. Бўйнидаги инжу терилган марварид шодасини бўйнидан ечиб, ўрнидан тура бошлаган онанинг бўйнига тақиб қўйди.
Бирор сўз айтилмади.
Малика йўлида давом этди. Шоҳона рўмолга ўралган қиз, жулдур кўйлак ва бир хазинага тенг марварид таққан онанинг нигоҳи узоқлашиб бораётган Гулбаданнинг шарпасига қаратилган. Атторлар ва бозорлар расталарига яқинлашган Малика булутлар орасидан мўралаган, сўнгра ярақлаб рўйирост намоён бўлган Ойдек атрофни ёритди. Она-бола нажот чироғини ёққан аёлнинг ғира-шира шарпасини эмас, рўйирост гавдаланган қадди-қоматини кўрдилар. Онанинг кўзи ўша сирли аёлда. Марваридни силаб-сийпалаётган қўллар инъом этилган марваридни мўлтиллаб турган қизалоқнинг дуррачаси билан ўралган бўйнига тақди, неча кечаю неча кундуз эркалай олмаган қизини бағрига олди, қайта ўпди. Маликани улар валинеъмат қилган шахс сифатида эмас, қора тунда келиб атрофни ёритган фаришта деб билдилар. Иноят ва марҳамат кўрган бир гўдаг-у бир заифа дуо ва сано айтишга оғиз очдилар. Гулбадан олисдан зийнатли масжиднинг баланд остонасида учратган қизалоқ ва унинг волидаи меҳрибони томон назар ташлади. Кўзи ҳеч нарсани илғамади. Икки кўзи жиққа ёшга тўла эди.
Гулбадан саройга қайтганида вақт ярим кечадан ўтган бўлса-да, ҳарамсаройда шамчироқнинг ғира-шира ёруғи ўз ўйлари билан банд маликани ажаблантирмади. У хонасига кириб, либосини янгилади. Курси, кўрпача, ёстиқларда ёйилиб ётган қоғозларни йиғиштириб, тартибга солиб, жуддонга жойлади. Гулдор товоққа солинган сут, лочира, мева солинган патнисни кўтариб, мулозим аёл Инобат кириб келди. Тунги тамадди учун тайёрланган ноз-неъматларни дастурхон ёзилган хонтахтага ораста қўйиб:
— Онангиз безовта бўлдилар. Узоқ кутдилар. Биз ҳам муштоқ бўлиб, йўлингизни пойладик, — деди.
Гулбадан “Қайси онам?” деб сўрамади. Дилдор ва Моҳимни тенг кўришни одат қилган малика бу саволни ортиқча деб билди.
Инобат исмли бу аёлни малика хизматкорларнинг Зубдаси деб билар, кези келганида унга ёзаётган асаридан лавҳалар ўқиб бериб, мушоҳадага ундар, бетакаллуф сўзлашни таклиф этарди. Ҳозир эса иссиқ сутга лочирани тўғраб туриб, мухтасар сўзини айтди:
— Эрта тонгда, намоз адосидан сўнг хизматларига тайёрмиз онамизнинг.
Инобат таъзимни бажо келтирди, ижозат олиб, эшик томон борди. Нақшдор эшикнинг ёпилиши атлас қопланган маликанинг сарвқоматини бекитишига уланиб кетди.
Тўлин ой мусаффо ҳаводан воқиф этиб, туйнукдан мўралади, ораста хонани сутдек ёритиб юборди. Оппоқ лўла болишга бош қўйган Гулбадан қўлига тиниқ ойнани олиб, ёмғирда қолган сунбул сочлари толалари нам ҳолда ҳали бир-бирига чирмашиб улгурмаганидан, жингалак ҳолда кенг, таранг пешонасида, нозик елкасида эркаланиб ётгандек кўринди. Билак ва бармоқдаги тақинчоқлар аслзода аёлнинг қайси табақага мансуб эканлигини эслатиб турарди. Бу кўринишларни унинг соҳибаси билан бирга баҳам кўрамиз. Унинг тушларига суқилиб киролмаймиз. Зеро, онг, тафаккур, ширин ва қўрқинчли хотира Гулбаданнинг замир фикрлари, ички ҳолати билан боғлиқ. Ҳозир ҳам у ёноғига кафтини қўйиб, момиқ ёстиқда аста уйқуга кетди. Пиёда юришга одатланмаган, бугун узоқ якка сайр қилиш истагини қондирган, икки мискин юртдоши билан бўлган унсиз мулозаматидан таъсирланган, ҳозир эса уйқуда бўлган Гулбадан — шоҳ қизи етук ёшида кўрмаганларини тушида, тасаввурида кўрар, олис-олисларда қилганларини хотираларида андаккина бўлса-да, тиклаб ором олар.
…Майда ўрилган сочларини майин матодан тикилган, паррандаларнинг юмшоқ ва нафис патлари жойланган ёстиққа ташлаб уйқуга кетган Гулбаданнинг парвоз қилаётган қаноти каби нафис кўркам қошлари, узун киприклари ҳам шеърият шайдолари таърифидаги камалак ўқига сира ўхшамасди. “Қалам қош”га ҳам. Тим қора кипригу қош чеҳранинг тиниқ оқ тусда эканлигини таъкидлаб турарди. Маликанинг уйқудаги ҳусни-жамолидан ички ҳолатини кўришга, завқланишга ошиқамиз.
Ҳамидулла АКБАРОВ
