Мўъжизаларни излаб…
Ниҳоят, меҳнат таътилига чиқдим. Кўпдан буён Камбоджага бориш, қуюқ ўрмон орасида юзлаб йиллар “яшириниб” ётган, XVIII аср охиридагина француз олимлари томонидан қайтадан “кашф” этилган Анкор Бат саройи, ибодатхона, афсонавий иншоотларни бориб кўриш ниятим бор эди. Бу ҳақда яқин ҳамкасбларимга айтганимда, улар ҳамроҳ бўлишларини билдиришди. Шундай қилиб
, олти журналист-сайёҳ Камбоджага йўл олдик. Ўзбекистондан тўғридан-тўғри самолёт учмагани учун йўлимиз Хитой орқали ўтди.
Сиан — Хитойнинг қадимий пойтахти. У бугунгидек улуғворликка илк қадамни бундан йигирма уч аср илгари қўйган. Унгача Хитой ҳудуди бир неча ўн кичик-кичик бошқарувдаги бирикма-давлатлардан иборат бўлган. Сиан давлати тахтига 13 ёшли Цинь Цинь Шихуонди ўтиргач, Буюк Хитой деворларини бир-бирига боғлайди ва қудратли империяга асос солади. Дастлаб ихтиёрий, сўнг бўйсунмаганларни куч билан салтанатига қўшиб, замонасининг ер юзидаги энг йирик давлатларидан бирини ташкил қилади.
Инсон табиати қизиқ. Император Цинь қанчалар қудратли бўлмасин, 14 ёшидаёқ вақти келиб ўлимга юзма-юз бўлишини билиб, ўша кун учун мақбара қурдиришим лозим деб ҳисоблайди. Унинг тушунишича, у дунёда ҳам хос армияси бўлиши ва уни ҳимоя қилиши керак. Шу мақсадда эрамиздан аввалги 246 йилда ўзига муҳташам мақбара қуришни ҳамда 8100 та тўлақонли армия ҳайкалини ясатишни бошлайди.
Тарихчиларнинг ёзишича, бу ишга 700 минг қурувчи, ҳайкалтарош, рассом, ишчи-уста ёлланган. Улар 38 йил давомида Цинь армиясидаги мавжуд 8100 та аскар, саркарда, қўмондонларнинг асл қиёфаси акс этган ҳайкаллар тайёрлашади. Император 52 ёшида вафот этган. Шунда уни ўзи қурдирган мақбарага, армия ҳайкалларини унинг атрофига кўмганлар.
Цинь дунёдаги энг шафқатсиз император бўлган дейиш мумкин. У мақбара қурилиши ва ҳайкал ясашга, уларни кўмиш маросимига дахлдор барчани ўлимга ҳукм қилган. Тарихчилар ёзишича, 700 мингдан зиёд одам қатл қилинган. Қотиллар эса ўзларини ўзлари ўлдирганлар. Шундай қилиб, император Цинь мақбараси ва 8100 та ҳайкаллар ҳақида 1974 йилгача ҳеч ким билмаган! 18 ёшли деҳқон Ян Чжифа ўз ерида қудуқ очаётиб, тасодифан ер остидаги ҳайкалларга дуч келмаганида, бу дунё яна неча асрлар давомида, балки, бу мўъжизадан бехабар ўтарди…
Биз Цинь қалъа-ю саройлари, дунёдаги Хитой тупроғида илк бор қурилган мусулмон кўчаси, муҳташам масжид ва музейларни бориб кўрдик.
Камбоджа сафари Сием Реп шаҳридан бошланди. Биринчи куниёқ Анкор сарой ва ибодатхоналари томон йўл олдик. Улар IX – XII асрлар оралиғида қурилган 220 квадрат километр майдонда жойлашган 240 та иншоотдан иборат эди.
Биз энг улкан ва тарихи афсонавий сарой ва ибодатхоналарда бўлдик. Масалан, Анкор Бат, Байон, Та Пром, Бапхуон шулар жумласидан. Улар орасида энг улкани — Анкор Бат саройидир. Уни шоҳ Сурьяварман II XII асрнинг биринчи ярмида қурдирган бўлиб, у 300 йилдан ортиқ вақт ичида Анкор империяси шоҳининг қароргоҳи вазифасини бажарган. Саройда 53 та катта-кичик минора бор. Энг баланди 65 метр. У қирол тахти устига қурилган бўлиб, империя қудратини кўрсатган. Саройни ҳайкаллар галереяси дейиш мумкин. Юзлаб метрга чўзилган атроф ва ички тош деворларга ўнг минглаб ҳайкаллар ўйиб ишланган ва уларнинг ҳар бири мукаммал санъат асарига тенг.
Тақдирни қарангки, бу тарихий обидалар йиллар силсиласида қуюқ жунгли ўрмонлари орасида унут бўлиб қолиб кетган. Фақат 1861 йил 21 январда француз ботаник олими Анри Муо тасодифан Анкор саройларидан бирини топади. Кейин бундан хабар топган ҳукумат ва дунё олимлари иккинчи, учинчи… икки юз қирқинчи иншоотни аниқлайдилар. Бугунга келиб, Камбоджанинг Анкор Бат мажмуасига ҳар йили 2 миллиондан ортиқ хорижий сайёҳлар келмоқда.
Газета чоп этилаётган айни кунда биз, фарғоналик журналистлар Вьетнамнинг Фукуок оролидамиз. Ўрмон, океан, кўнгилочар шаҳарчалар қуршовида саёҳат қиляпмиз. Қаерга бормайлик, аввало газеталари билан танишамиз, телекўрсатувларини таҳлил қиламиз, журналистлари билан учрашиб, мулоқотга киришамиз. Мақсад саёҳат ва тажриба алмашиш. Қайтишимизда бизни Урумчида Шинжон журналистлар ассоциацияси, Хитойнинг “CNS” ахборот агентлигида кутишмоқда. Ижодий учрашув ва келишувлар тузиш режалаштирилган.
Энг муҳими: Сиандаги Терракор армияси, Камбоджанинг Анкор Бат ёдгорликлари ва Фукуок ороли мўъжизалари ҳақида алоҳида-алоҳида таҳлилий мақолалар ёзяпмиз, тез орада уларни эълон қилиш ниятидамиз, албатта.
Журналист дунё кезиши керак. Биз шу ақидани амалий дастурларимиздан бири деб қабул қилганмиз, холос.
Муҳаммаджон ОБИДОВ,
Хитой – Камбоджа – Вьетнам.
