Арслон юракли аёл қалби
Ҳалима Худойбердиева ижодига чизгилар
Ўзбекистон халқ шоири Ҳалима Худойбердиева яратган лирик мерос ва бир қанча таржималар миллий адабиётимиз хазинасига улкан улуш бўлиб қўшилган. Шоиранинг “Илк муҳаббат” (1968), “Оқ олмалар” (1973), “Чаман” (1974), “Суянч тоғларим” (1976), “Бобо қуёш” (1977), “Иссиқ қор” (1979), “Садоқат” (1983), “Муқаддас аёл” (1987), “Ҳурлик ўти”, “Бу кунларга етганлар бор” (1993), “Тўмариснинг айтгани” (1996), “Сайланма” (2001), “Йўлдадирман” шеърий тўпламлари ҳамда шоиранинг шогирди Гулжамол Асқарова томонидан нашрга тўплаб тайёрланган “Сайланма” 5 жилдлик китоблари нашр этилган.
Рус ва Европа адабиётшунослигида “Аёллар шеърияти” ва “Аёллар насри”, “Аёллар адабиёти” деган назарий тушунчалар кенг ишлатилади. Европада Ж.Остин, Элиот, М.Светаева, А.Ахматова сингари кўплаб аёл шоиралар, носирлар жаҳон адабиёти тарихидан ўрин олган. Ўзбек аёллар адабиёти тараққиётида Зулфия, Саида Зуннунова, Ойдин Ҳожиева, Гулчеҳра Нуруллаева, Ҳалима Худойбердиева, Қутлибека, Ҳалима Аҳмедова, Фарида Афрўз, Хосият Рустамова, Гуландом Тоғаева, Нодира Офоқова каби ўнлаб ижодкорларимиз баракали ижод қилишди ва ижодда давом этишмоқда.
Ўзбек адабиётшунослигида Ҳалима Худойбердиева ҳаёти ва ижодини И.Ғафуров, О.Шарафиддинов, Н.Раҳимжонов, У.Ҳамдамов, М.Ҳамидова, С.Тўлаганова каби олимлар ўрганишган. Шоира лирикаси мавзу нуқтаи назаридан ниҳоятда ранг-баранг. Шоира шеъриятида Ватан, ота-она, севги, бободеҳқон, она ер, от, йил мавсумлари (баҳор, ёз, куз, қиш), табиат, Турон, Туркистон каби мавзуларда юзлаб поэтик образлар яратилган. Шоиранинг халқ қалбига чуқур кириб борган “Бегим сизни, Худойим”, “Муқаддас аёл”, “Шунчаки…”, “Аёл монологи”, “Дориломон замон келди…”, “Алвидо денг”, “Аёлга бош уриш”, “Аёлга бахт беролмаган эркак учун”, “Аёл ўтиб борар”, “Қадим қўнғироқ” каби ўнлаб шеърлари ёд бўлиб кетган. Санъаткорлар Ш.Жўраев (“Дориламон замон келди”), Р.Комилов, Ф.Комилов (“Муқаддас аёл”), У.Мирҳамидова (“Алвидо денг…”)лар томонидан қўшиқ қилиб куйланган.
Ҳалима Худойбердиева жаҳон адабиёти дурдоналарини ўзбек тилига таржима қилиш ишларига ҳам ўз улушини қўшди. Жумладан, доғистонлик ижодкор Фазу Алиеванинг “Чавандоз болага”, арманистонлик Силва Капутикяннинг “Унутиш”, қорақалпоқ адабиётидан И.Юсуповнинг “Саксовул” шеърларини таржима қилган.
Шоира 1971 йилда ёзган “Мен шунчаки ўйлагим келмас” мисраси билан бошланувчи шеърида шундай ёзади:
Шунчаки ёзмоққа кўнгил тўлмайди,
Шунчаки ёзмоққа бормайди қўлим.
Шунчаки ёзмоққа чидаб бўлмайди,
Шунчаки ёзмоқ, бу — шоирга ўлим.
Дарҳақиқат, шоира ўзи таъкидлаганидек, шунчаки ёзишни истамайди. Шунчаки ёзишдан унинг кўнгли тўлмайди, қаламни ушлашга қўли ҳам бормайди, шунчаки ёзишга юзи чидамайди, шунчаки ёзишни шоир учун ўлим деб ҳисоблайди. “Ёниб ёзиш” шоиранинг ижодий кредосига айланди. У умрининг охиригача шоирликни ва шеър ёзишни шунчаки бир эрмак деб қарамади. Балки, шоира шеър ёзишни, ижодини “Илоҳий неъмат” ва “Катта масъулият” деб билди.
Ҳ.Худойбердиева лирикасида шарқ аёлининг иболи, ғамгин, мунис бадиий қиёфаси мужассамлашган. Унинг инжа шеърияти халқона миллий оҳанглар билан тўйинган. Шунданми, халқ Ҳалимани “севимли шоираси” сифатида алқайди. Зеро, қуйидаги шеърни ўқиб кўрамиз:
Онагинам!
Дориломон кунлар келди, шафақлари ол,
Қаён боқсанг, шайланишлар ва
созлашлар тор.
Олча гулин кўзларингга суртасан беҳол:
“Бу кунларга етганлар бор,
етмаганлар бор”.
Шоира халқимизнинг шукроналик билан кўп бор такрорлайдиган “Бу кунларга етганлар бор, етмаганлар бор” гапини шеърнинг биринчи ва охирги бандида такрорий қўллаб, халқона миллий шеър намунасини яратади. Айни пайтда шоира лирикасида халқ донишмандлиги билан йўғрилган шарқ шеъриятига хос фалсафийлик уйғунлашиб кетади. Халқ лирикасида рўмол — оила, муҳаббат рамзи ҳисобланади. Жумладан, шоиранинг “Бизнинг тоғда” шеърида рўмол муҳаббат рамзи бўлиб, лирик қаҳрамон унинг рўмолига “Қундуз телпак кийган чавандоз йигит” дуч келишини ич-ичидан жуда истайди.
Тоғ бошида рўмолим қолди,
Ўша-ўша тинчим йўқолди.
Дуч келади унга қай овчи,
Қайси сайёҳ, қайси йўловчи,
Тоғ бошида рўмолим қолди.
…Қундуз телпак кийган чавандоз,
Ҳадик тортмай юрагингни ёз.
Отинг нечун гижинглар бу пайт,
Рўмолимни сен олдингми, айт.
Ҳалима шеъриятида отаси Умматқул Худойбердиевга бағишлаб ёзилган шеърлари талайгина. Масалан, “Отам кекса улоқчилардан”, “Оқ олмалар пишганда…”, “Қўмсаш…”, “Отам ҳақида”, “Мен отамни қутлаб келай…”, “Отам, менинг меҳрибон отам”, “Деҳқон отамсан”, “Дағал қўллар”, “Отам хотирасига”, “Отам ҳақида”, “Мен отамни қутлаб келай…”, “Отам менинг”, “Ота ҳовлим” каби ўнлаб шеърлари отасига атаб ёзилган. Ота образи Ҳалима талқинида уддабурон улоқчи чавандоз, меҳнаткаш, серташвиш, меҳрибон, ҳалол, заҳматкаш инсон қиёфасида тараннум этилади. Масалан:
Отам, менинг меҳрибон отам,
Сиз солгунча турмушни изга,
Қор ёғди соч-соқолингизга,
Отам, менинг меҳрибон отам, —
деса, яна бошқа бир шеърида эрта вафот этган отаси хотирасига бағишлов шеър ёзади:
Отагинам!
Сиз кетдингиз, қолди кетмон-у пахта,
Паймонангиз шунча эрта тўлишини
билмабман.
Куз келмасдан
Илдизига болта теккан дарахтдай
Сўлишини билмабман.
Эрта вафот этган отасининг хотираси шоиранинг кўплаб шеърларида тилга олинади:
Юрагим ғалати, бормоқда тўлиб,
Олча гули қизғиш тортган кеч пайти.
Юртга кўклам қайтди куртак, қуш бўлиб,
Менинг кетган отам келмайди қайтиб.
Шоира яна бир шеърида отасини меҳнаткаш, қорайган, бурушиқ, қўлларида томирлари бўртиб турган, озғин, кўримсиз деҳқон қиёфасида тасвирлайди:
Бурушиқ, қорайган отамнинг қўли,
Кечмиш бир умрни эслайман қараб.
Кафтда шарт кесилган томирлар йўли.
Чандиқ бўлиб битган ундаги яра.
Шу озғин, кўримсиз, узун бармоқлар,
Онам сочларини силаган бир вақт.
Шоиранинг онаси Шарофат Хонназар қизига бағишлаб ҳамда она ҳақида ёзилган шеърлари қуйидагилар: “Онамга”, “Оқизоқ”, “Дориломон кунлар келди”, “Оқариб бормоқда, онам, сочларинг…”, “Бағишлов”, “Онамга”, “Онамга айтинг…”, “Онам кетиб боряпти…”, “Рўмолча”, “Оналар ҳақида”, “Онажон, ўтир, бир ҳасратлашайлик”, “Онамнинг айтгани”, “Илинж”, “Нима деб куйлашни менга ўргатгил”, “Энамнинг айтганлари”, “Туркистоннинг оналарини…”, “Отам, онам кўнгли йиғлаб, бўшаб ўтди”, “Мен сизга кетаман”, “Онам хусусида қайғуларим”, “Онамни тупроққа берма, Оллоҳим”, “Мулгиб-мулгиб узун кечалар”, “Онанг кетмоқда”, “Мажбурият”, “Асра онажонимни”, “Ўхшайди”, “Онам хотирасига”, “Онам ёди”, “Барг тушмади ерларга”, “Кўчам бўлсин”, “Оналаримиз”, “Бугун сенинг кунинг”, “Сув билан сирлашган куним” каби жуда кўплаб шеърлари бор. Она образи шоира талқинида рўзғорчи, серташвиш, болажон, меҳрли, фаришта, мунис қиёфасида тасвирланади. Жумладан:
Она!
Шу тонгда ҳам сен ташвиш билан банд,
Ун элаяпсанми, сен турақол, кийин.
Бу галча хамирни мен ўзим қораман,
Қуёш тандирида пишираман кейин.
Она образи шоира талқинида энг қадрли инсон, лирик қаҳрамон онасини шу қадар авайлаб-асрайдики, ёмон кунлари ҳақида онасига ҳеч гап етиб бормаслигини истаса, унинг шон-шарафларга, бахт-омадларга тўла кунлари ҳақида “онамга айтинг” дейди. Яъни ички истаклари орасидаги қай бир гап онасига етиб бориши ва бормаслигини уч бандли шеърда халқона услубда тараннум этилади:
Онам маъюс мажнунтол эди,
Шохчалари ер томон боққан.
Туришлари сиру фол эди,
Тўлқинларга қўшилиб оққан.
Япроқлари сувга ёзди хат,
Бошлаб қайдан қайтди билмадим.
Шивирлашди сув билан фақат,
Аммо
Нима айтди билмадим.
Шоира шохлари ерга эгилиб ўсган мажнунтолга онани қиёслайди. Она ва Мажнунтол ўртасидаги ноўхшаш ўхшашлик бу — маъюсликдир. Ҳар иккиси маъюс, уларнинг ичи дардга тўла. Шоира шу тариқа метафорик бадиий тафаккур қудрати билан образли тасвирга яратишга муваффақ бўлган.
Ҳалима Худойбердиева лирикаси қуйидаги муҳим омиллардан озиқланади:
- Ўзбек халқ оғзаки ижодидан.
- Мумтоз ўзбек ва шарқ шеъриятидан.
- Замонавий ўзбек ва жаҳон шеъриятидан.
- Шоиранинг шахсий ҳис-туйғулари ва реал ҳаётдан.
Ҳалима Худойбердиева шеъриятида шамол, от, арава, урчуқ, тош, дарахт, қуёш, Туркистон, Тўмарис, арслон, тупроқ, бободеҳқон, аёл поэтик образларининг хилма-хил маъно товланишлари учрайди. Масалан, “Гулни сескантирар булбул нолиши” мисраси билан бошланувчи шеърда урчуқ — инсон умрига рамзий метафорадир:
Гулни сескантирар булбул нолиши,
Аёлнинг урчуғи айланар чир-чир.
Булбул нолиши — у, менинг хонишим,
Урчуқ — умр йилларим айланишидир.
Юқоридаги шеърда ҳам шоира аёлнинг қўлида айланаётган Урчуқни инсон умрининг ўтишига ўхшатади. Урчуқни йигираётган бекач — Оллоҳ рамзидир.
Йигиради мени уқувли бекач,
Гоҳ ингичка тортиб сукут қиламан.
Унинг келишимли қўллари теккач,
Яна бир маромда йигириламан.
Бекачим, қўлингдан пишиқроқ чиқсам,
Ингичка-ю йўғон алмашавермай!
Шоиранинг бадиий топилмалари, метафоралари ва истиоралари ўзига хос индивидуал ҳисобланади. Жумладан, “Ҳаёт араваси” шеърида шоира метафорик рамзларга мурожаат қилади. Шеърда “от қўшилган арава” — оила рамзи бўлса, “от қўшилган араванинг ағанаб йиқилиши” — бу оиланинг ажралиб кетишига рамзий ишора беради. Масалан:
Тушиб қолдик бир аравага,
Учқур эди отларимиз ҳам.
Тўғри келди ҳайдамоқ менга,
Сен борардинг ястаниб беғам.
Қамчи босиб сенга қасдма-қасд,
Аравани учирганим дам
Қилмас эди йўл сурури маст,
Пир бўлардим завқим, ҳафсалам.
Араванинг қўша отини
Қамчилаб мен жиқ терга ботдим…
Ҳ.Худойбердиеванинг халқона оҳангларда ёзилган “Аёлга бахт беролмаган эркак учун” шеъри ҳам ниҳоятда дардчил, айни пайтда миллий халқона услубда ёзилган. Шунинг учун ҳам бу шеър халқ орасида машҳур бўлиб кетган:
Йиғласангиз йиғланг ҳушёр, сергак учун,
Не бир яхши, ёмон кунда тиргак учун.
Опам, синглим, кўз ёш тўкманг сира-сира
Аёлга бахт беролмаган эркак учун.
Эркак ўзи кимлигини биламикан,
Бир сирли, тилсимлигини биламикан,
Ишқ гавҳарин аёлига асролмаса
Шўрпешона, шумлигини биламикан.
Шеър матнида учрайдиган “Дупур-дупур тулпор келар”, “Тулпор кетар кўкайида доғлар билан”, “Тулпорларим, укам-акам, оталарим”, “Минг-минг уйли халққа эҳсон, атоларим” каби мисралар шеърга миллий халқона руҳ берган.
Ҳ.Худойбердиева лирикасида бахшиёна услубда ёзилган “Туғилиш”, “Она садоқати ва ёлғиз ўғил армони қиссаси”, “Бахшининг тўйдаги курашда айтганлари”, “Қасам”, “Кўзи борлар тўғри йўлдан юрмаса…”, “Қуш тилига ёвуқ келса қуш тили…”, “Йўқлов” кабилар ўзбек халқининг “Алпомиш”, “Кунтуғмиш” услубида ёзилган ўзига хос бадиият намуналаридир. Масалан, “Туғилиш” бахшиёна ҳикоясида Бобожон раис жон талвасасида ётганида хотинини тўлғоқ тутиб, боласи туғилади. Ҳикоя халқ достонлари услубида насрий ва назмий йўлда ёзилган. Бахшиёна ҳикояда шоира халқ тилидан унумли фойдаланган.
Ҳ.Худойбердиева “Тўмариснинг айтгани” шеърий тўпламига жамланган шеърларида “Тўмарис”, “Турон”, “Найман она”, “Йўлбарс”, “Йўлбарс юракли аёл” каби индивидуал поэтик образлар яратди. Жумладан, “Аёл ўтиб борар” шеърида шундай ёзади:
Сен сўрама, мен ҳам айтмайин
Курагимни синганини қарс.
Шовқин солма, мен уйғотмайин,
Юрагимда ётар бир йўлбарс.
Баланд бир ўт ёнган ичимни
Мен совутиб яшашим керак.
Ўз-ўзимга сарфлаб кучимни,
Мен овутиб яшашим керак.
Аёл ўтиб борар… шўх юриб
Шамолларда соч ёйган аёл.
Ич-ичида йўлбарс ўкириб,
Сиртдан майин жилмайган аёл.
Сен сўрама, мен ҳам айтмайин…
Шоира талқинидаги сиртдан қараганда майин жилмайган юмшоқ табиатли аёл қалбида йўлбарс шижоати, йўлбарс ўкириги билан яшаётган аёл тасвирланади. “Йўлбарс” қалбли аёл бу аслида Ҳалима Худойбердиеванинг ўзи эди, десак янглишмаймиз.
Том маънода, Ҳ.Худойбердиевани рус шеъриятининг “эркак характерли ижодкор аёллари” деб ном олган М.Светаева, А.Ахматовалар қаторига қўйиш мумкин, деб ўйлаймиз. Чунки шоира шеъриятида илгари сурилган ижтимоий ва маънавий-маърифий ғоялар талқинини бадиий ифодалашда эркак ижодкорлардан бир поғона баландга кўтарилиб кетади. Унинг лирикасида “курашчанлик”, “ватанпарварлик”, “миллатпарварлик”, “ҳақиқатпарастлик”, “адолатпарварлик” ғоялари “Тўмарис”, “Найман она”, “Йўлбарс юракли аёл”, “Қадим қўнғироқ” каби тимсолли образлар қиёфасида бадиий гавдалантирилади. Масалан, ижодкор “Қадим қўнғироқ” шеърида шундай ёзади:
Мен Туроннинг қадим қўнғироғимен,
Жаранг берсам қир-даласи уйғонар.
Аросатда бироз тиндим чоғи мен,
Саҳар кўнглим шалоласи уйғонар.
— Болам, кимсан, ким бобонгнинг қотили,
Билармисан туркнинг тўқсон зотини?
Томиримдан чиққудайин отилиб
Найман онанинг ноласи уйғонар.
Шеърнинг биринчи мисрасидаги “Мен Туроннинг қадим қўнғироғимен” учинчи банддан сўнг яна такрор ишлатилади. Қўнғироқ — рамзий маънода шоиранинг Турон миллатларини уйғотувчи жарангдор сас, овоз деб ҳам тушуниш мумкин. Шоира Туроннинг сочилиб, пароканда бўлиб ётган туркийларини бирлаштириш учун қадимий қўнғироқни чалиб, уларни уйғотмоқ истайди.
Шоиранинг “Ҳар элга бир байроқ керак”, “Ватан байроғи”, “Турон” каби қатор шеърларида ватанпарварлик, бирлашиш ғояларини илгари суради:
Эй, Сиз элнинг тик ўмровли шерлари,
Сурсурлашмай сурон солинг, эрлашинг!
Бугун — одам, эрта — элнинг ерлари —
Ерга айланмасдан туриб бирлашинг!
Хуллас, атоқли шоира Ҳалима Худойбердиеванинг ҳам жанр, ҳам мавзу нуқтаи назаридан ранг-баранг лирикасида ижодкорнинг ижтимоий, фалсафий, адабий-эстетик идеаллари ёрқин ифодаланган. Унинг шеърияти йиллар оша сермазмунлик касб этиб, Ҳалима Худойбердиеванинг “Арслон юракли Аёл қалби”ни бор бўй басти билан намоён этади.
Агарда таниқли шоира, давлат ва жамоат арбоби Ҳалима Худойбердиева ҳаёти ва фаолияти ҳақида сўз юритадиган бўлсак, унинг умр йўли, ҳаёти оғир синовларга, машаққатларга ҳам рўбарў келди. Президент Шавкат Мирзиёев давлат раҳбари бўлгунича қарийб 20 йиллар “қора рўйхат”га тушиб қолди. Машҳур шоира учун радио-телевидение, матбуот даргоҳларининг эшиклари тақа-тақ ёпиб қўйилди. Ўзбекистон халқ шоираси узоқ йиллар мамлакат хотин-қизларининг нашри бўлган “Саодат”да ишлаган, сўнгра Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси раҳбари бўлган эса-да, унга ҳеч қаердан иш ҳам берилмади. Бу синовларни ўта оғирлик билан кечирган шоира юрагидан не-не оғир ўйларни, дардларни кечиргани Яратганга аён.
Яратганга шукрки, 2016 йилдан кейин Ҳалима Худойбердиева номи, ижоди яна ўзининг ҳақли эътирофига сазовор бўлди. Шоира “Буюк хизматлари учун” юксак ордени билан тақдирланди. Унинг ижоди, бетакрор асарлари халқимизнинг юрагидан жой олгани, барҳаёт шеърият, ижод эканлигини ватандошларимиз яхши билишади.
Марҳабо ҚЎЧҚОРОВА,
филология фанлари доктори, профессор,
ЎзФА Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори
институти етакчи илмий ходими.
