Раҳим Ражабов ким эди?

ёки ўзига берилган уйни муҳтож оилага совға қилган

ҳалол ва камтарин раҳбар ҳақида хотира

Бу ўткинчи дунёда ўз халқ дуосини олиш ҳаммага ҳам насиб этавермайди.

Шундай инсонлар бўлганки, йиллар ўтса ҳам улар ҳақида яхши одам деган сўзлар айтилади. Бутун умрини ўз халқининг бугуни ва эртаси учун тиккан фидойи, мард, садоқатли дўст, ҳалол яшаб ўтган киши шундай эсланади.

Журналист-тарихчи Саъдулла Ғайбуллаевнинг “Раҳим Ражабовнинг мазмунли умри” номли китобини ўқигач, “Мазмунли умр ҳақидаги мазмунли китоб” бўлибди деган хулосага келдим.

Раҳим Ражабов ким бўлган? У Бухоро вилоятининг Қоракўл туманидаги Галабек деган қишлоқда 1937 йилнинг 29 апрелида дунёга келган. Ўша қишлоқ боласи вақти келиб, мамлакат машинасозлик ва электроника саноатининг етакчи намояндаларидан бири бўлди. Ўзбекистон Президентининг Давлат котиби, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари бўлиб ишлади. Амаллар ўткинчи. Раҳим Ражабов ўткинчи амалларда ишлаб қандай из қолдирди? Китобни варақласангиз, саволга жавоб оласиз.

Машҳур спортчилардан бири: “Бу ёруғ дунёдан ўтганимдан сўнг, одамлар мени таниқли футболчи сифатида эмас, ҳақиқий инсон сифатида эсласинлар”, деб ният қилган экан. Раҳим аканинг ҳам нияти шундай бўлгандир.

Раҳим Ражабов билан бир неча марта учрашганман. Қўшни Тожикистонда табиий офат юз берганда, мамлакатимиздан ёрдам юкларини жўнатиш муносабати билан Вазирлар Маҳкамасида йиғилиш бўлди. Интервью олиш учун давлат котибига юзландим. “Бўпти, укажон”, деб алоҳида хонага бошлади ва интервьюни олиб, қадрдонимдай хайрлашдим. Самимий муносабат сабабчи бўлиб қаерда Раҳим Ражабов ҳақида гап кетса, “бунчалар камтар раҳбар”, деб  юрадиган бўлдим.

Бир куни поликлиникада шифокор қабулида Раҳим ака ҳам навбат кутиб ўтирган экан. Саломлашиб, дастлабки учрашувимизни эслатдим.

“Сиз ҳақингизда ҳамма яхши гап айтади”, деганимда, “Раҳмат, ука”, деган гапни минг хижолат бўлиб айтдилар. Сўнг журналистлигим тутди. “Ака, Солижон Мамарасулов ҳақида нима дейсиз?” деб сўрадим. Шунда: “Солижон ака битта костюм-шимда юриб, тўғри сўз, ўта ҳалол, билимдон, ҳақиқий камтар раҳбар сифатида ишлаб ўтди-кетди-да. Қани энди, барча ҳокимлар ҳам шундай бўлса”, деган гапни айтдилар. “Инсоний фазилатлар, айниқса, камтарлик бобида ўзингиз ҳам қолишмайсиз”, дегим келди.

Араб тадбиркорлари Тошкентга келгач, Раҳим аканикига меҳмонга боришади. Хорижлик бойлар машинадан тушгач, ҳукумат раисининг ўринбосари, Давлат котиби бўлган инсоннинг бундай камтарона уйда яшашига ишонмайдилар. Улар қандайдир қасрга дуч келамиз, деб ўйлашган экан. Шунинг учун бироз беписандлик пайдо бўлади. Лекин ичкаридаги самимият ва Раҳим аканинг минглаб китобдан иборат кутубхонаси билан танишгач, бу қарашдан асар ҳам қолмайди. Улар ҳақиқий бойликка, кутубхонага дуч келишганди… Алихонтўра Соғунийнинг ханжари ҳам ана шу кутубхонада сақланган. Бу ханжарни Соғунийнинг ўзлари Раҳим акага совға қилган. Ҳаммага ҳам берилавермайдиган туҳфа.

Энди тарихга мурожаат қилсак.

Раҳим Ражабовнинг она томонидан катта бобоси Ражаб оқсоқол чўрткесар, ўз фикрига эга, эл манфаати учун курашчан киши бўлган экан. Ражаб оқсоқол Бухоронинг сўнгги амири буйруғи билан икки марта калтакланган. Тўғри сўз, халқ манфаатини ҳар нарсадан устун қўйган бобо Амир Олимхоннинг ана шундай “сийлови”га эришган.

Унинг отаси Ражаббой Хўжаев ҳам эл назаридаги киши бўлган. У 1930 йилларнинг қатағон машинасидан кўплаб оилаларни асраб қолган экан.

Раҳим Ражабов дастлаб “Ташсельмаш” заводида слесарь, муҳандис-механик, лойиҳачи-муҳандис бўлиб ишлаган. Сўнг бош муҳандис, Тошкент экскаватор заводида директор бўлганида Шароф Рашидов назарига тушган. Тошкентда Раҳим Ражабовнинг “Алгоритм”и деган гап бор. У 1981 йилнинг январида пойтахтда бунёд этилажак “Алгоритм” заводи қурилишида бош-қош бўлиб, шу заводнинг директори лавозимига тайинланади. Бу электрон ҳисоблаш машиналари заводи  бунёд этилишида Шароф Рашидовнинг хизмати қай даражада бўлганлиги китобда батафсил ёзилган.

Янги заводга юқори кучланишли электр линиясини тортиш керак бўлади. Аммо линия тортиладиган жойда 152 оила уй қуриб яшаётганди. Шунда бу уйларни бузиш кераклиги айтилади. Шўро ҳукумати тезда маблағ ҳам ажратган. Бузиш учун юқорининг буйруғи бор. Барча техника шай ҳолга келтирилади. Ҳамма Раҳим Ражабовнинг топшириғини кутарди. Шунда масъул ходимлардан бири унга бир ҳовлидаги кампир уйи бузилишини истамай, қаттиқ ранжиганлигини айтади.

Раҳим ака кампирнинг ҳовлисига кириб, ўзининг кимлигини айтмасдан, бир пиёла чой баҳона суҳбатлашади. Онанинг уч фарзанди урушда ҳалок бўлган, ўзи қолган фарзандлари билан уч марта “снос” азобини тортган экан.

Ражабовнинг фикри бутунлай ўзгаради. “Онажон, уйингиз бу гал бузилмаса, нима қиласиз?” дейди.

“Дуо қиламан, еттидан етмиш пуштигача ҳамма аждод-авлодинг ҳаққига дуо қиламан, ўғлим”, дейди кампир.

“Онахон, қани, дуо қилинг, мен шу ишнинг бошида турадиган бўлсам, уйингиз бузилмайди, яшайверинг, тўй-томоша қилсангиз, қутлагани келамиз…” деб кампирга тасалли беради.

Сўнг Ражабов мутахассисларга “кампирнинг уйини ҳам, кўчадаги бошқа уйларни ҳам бузмаймиз. Линияни ўтказишга бошқа ечим топинглар”, деди. “Тошкентда тасдиқланган, Москва маъқуллаган лойиҳани бузишнинг жавобгарлиги бор, Раҳим Ражабович!” дейди мутахассислардан бири. “Жавобгарлик ва масъулиятни ўз зиммамга оламан, сиз айтганни қилинг!”. Раҳим Ражабовнинг бу қатъий жавобидан кейин симёғочларни баландроққа кўтариб ечим топишади.

Шундай қилиб, 152 оила яшайдиган уйлар бузилмай қолади. Ана, халқпарвар раҳбарнинг кучи, унинг қиёфаси. Бўлмаса, шўро машинасининг куч-қудрати катта даврлар эди, ўшанда. Юқорининг буйруғи ҳар нарсадан сўзсиз ижро этиладиган пайтда бир кекса кампирнинг гапларига ким ҳам қулоқ соларди? Бу воқеани ўқиган бугунги айрим ҳокимлар қилаётган ишларига бошқатдан назар солсалар, эл назаридан қолмасмиди?

Раҳим Ражабов — давлат котиби

Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Давлат котиби лавозими давлат ҳокимияти тизимидаги бутунлай янги воқелик эди. Унинг бош вазифаларидан бири аппаратдаги 6 нафар Давлат маслаҳатчисининг фаолиятини мувофиқлаштириб боришдан иборат бўлган. Давлат котиби Раҳим Ражабов МДҲ давлат раҳбарларининг Минск шаҳрида ўтказилган саммитида Ўзбекистон делегацияси таркибида йирик амалдор сифатида иштирок этади. Китобдан парча:

“Ўшанда Ўзбекистонда буғдой масаласи муаммо бўлаётганди, — деб эслайди Раҳим Ражабов. — Украина президенти Леонид Кравчукнинг ёнига бориб, у билан буғдой борасида гаплашдим. “Ёрдам бераман, фақат Ислом Каримов номидан менинг номимга хат қил ва сен билан бирга эртага Киевга учамиз. Мен ҳамма губернаторларни чақирганман. Уларнинг ҳар бири ўзича Президент, хатингни кўрсатиб, ўша ерда ҳал қиламиз”, деди. Учрашувда олдинига губернаторларнинг баъзилари тихирлик қилишди. Леонид Кравчук уларга Ўзбекистон, ўзбек халқи уруш йилларида минглаб украиналик фуқароларга ёрдам берганини, Ўзбекистонга эвакуация қилинганларни бошпанасиз, нон-сувсиз қолдирмаганини айтгач, барчанинг боши эгилди. Ҳаммаси ўз имконияти даражасида буғдой беришга рози эканини билдиришди. Бир неча кундан кейин дастлабки вагонлардаги буғдой Ўзбекистонга етиб келди…”

Раҳим Ражабовнинг Давлат котиби бўлиб ишлаган даврида вазият анча оғир эди. Ўша пайтда биринчи Президентимизнинг Наманганга борганини билишади. Ўша пайтлар Раҳим Ражабовнинг Наманганга қилган сафарини кўпчилик билмайди. Ўшанда бир гуруҳ кучлар Наманган машинасозлик заводини қуршаб олиб, турли талабларни илгари сураётган эди. Вазият издан чиқиши мумкинлигини ҳис қилган Давлат раҳбари: “Ўзингнинг заводинг, бориб тинчитиб кел”, дея уни Наманганга юборади. Вазият қалтис эди. Давлат котиби улар билан музокарага киришади. Раҳим Ражабов: “Мен қуролсизман, сен ҳам қуролингни ташла, нима гап бўлса, эркакча гаплашамиз ва ҳал қиламиз”, дейди. Рақиб Ражабовнинг қўлига 13 банддан иборат талаблар ёзилган қоғозни тутқазади. Мулоқот жиловини қўлига олган Раҳим Ражабов 13 талабнинг 12 тасини бажара олишига уни ишонтиради.

Сўнг гуруҳ олдига чиқиб, “Модомики мен сизнинг талабингизни қабул қилдим, 12 та таклифингизнинг бажарилишига кафил бўлдим, сизлар ҳам менинг талабимни қабул қилинг ва уй-уйингизга тарқалинг”, дейди Раҳим Ражабов қатъий овозда. Хуллас, қонунда рухсат берилмаган тадбирга ҳеч кимнинг бир мўйи тўкилмасди.

Ҳалолликка ҳайкал қўйилса…

Кўп нарсаларга ҳайкаллар бор. Ҳатто қушлар ҳам эътибордан четда қолмаган. Лекин ҳалолликка қўйилган ҳайкални эшитмаган эканман. Бунинг учун катта ижодий салоҳият ва меҳнат сарфланса керак. Чунки ҳалол яшаш ва ҳалоллик нима эканлигини амалда кўрсатиш осон иш эмас. Дунёдаги кучли мусаввир ва ҳайкалтарош ҳамкорлиги зарур бўлади. Бу ҳаётда ўта тўғри, ҳалол бўлиб яшаш ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди. Қаердадир сал четга чиқиш, чекиниш ҳолатлари юз бериб қолиши мумкин. Шунинг учун ҳам кўпинча беайб парвардигор, деган сўз ишлатилса керак. Раҳим Ражабовнинг мазмунли умри ҳақидаги китобни ўқиш давомида “наҳотки шундай яшаш ҳам мумкин?” — деган саволларни ўз-ўзимга бериб кўрдим. Чунки кундалик ҳаётни кўриб, кузатиб турган киши сифатида, айниқса, айрим амалдорлар турмушини ўзгаларга солиштириб таққослаганда кўплаб саволлар пайдо бўлиши аниқ. Китобдан яна бир парчани биргаликда ўқисак:

“Алгоритм” заводи қурилиб ишга туширилгач, қурилишни олиб борган ташкилотлардан бирининг раҳбари Раҳим Ражабовнинг олдига кириб, унинг қўлига бир ҳовлининг калитини бермоқчи бўлади. “Нима бу?” “Энди, Раҳим Ражабович, қурилиш шунақа нарса… Ортган нарсалардан сиз учун бир ҳовли қурган эдик, бу ўшанинг калитлари”, дейди қабулга кирган раҳбар. Раҳим Ражабов калитларни олади, қурилган уй манзилини аниқлайди ва касаба уюшмасининг йиғилишини чақиради. Гувоҳлар иштирокида заводда ҳалол меҳнат қилиб келаётган, 6 нафар боласи бор, ёши каттароқ оддий бир ишчига қурувчи ташкилотнинг совғаси сифатида уйнинг калитини топширади. “Қурувчи укаларимизга раҳмат айтинг, мана, тежаб қолинган материаллар ҳисобидан бир кошона қуришибди ва уни сизга беришни лозим кўришибди, биз ҳам бу ташаббусни қўллаб-қувватлаймиз!” Гап нимадалигини, унинг илдизи қаердалигини билмаган ишчи хурсанд, қурувчилар эса ҳайрону лол…

Яхши мутахассис бўлиш учун ҳамма босқичдан ўтмаса бўлмайди. Раҳим ака бир хонали уйда қийналиб қолган куёви Ғуломжон Нарзуллаевни Сибирга бурғиловчига ёрдамчи қилиб жўнатади. “Ўша ерда ишлаб уй олинглар”, дебди. Кимсан, “Алгоритм” заводи директори қизини ўйлаб истаса бир қўнғироқ орқали каттароқ уйни олиб бериши мумкин эдику? У асло бундай йўлни танламагани учун ҳам Раҳим Ражабов бўлган.

Аҳмаджон ака ёзганидек, “Агар юртимизда ҳалолликка рамзий ёдгорлик қўйиладиган бўлса, унда Раҳим Ражабов сиймоси ҳам акс этиши керак”. Раҳим Ражабовнинг жуда катта ишларни ортга қарамасдан бажаришида турмуш ўртоғи Олия опанинг ўрни ҳақида кўп ёзиш мумкин. Уч қиз: Муҳаббат, Санобар ва Нодира. Ҳар бири бир олам. Ота-она ҳар қанча фахрланса арзийдиган фарзандлар. Биттагина мисол. Тиббиёт фанлари доктори Нодира Янгиева бир талабага баҳо қўймаганида, кимлар илтимос қилмади, дейсиз! “Ўқисин, баҳо кейин қўйилади. Ҳеч қандай илтимос ўтмайди”, деб туриб олади. Ўз фанини ўзлаштирмаган талаба эртага одамлар соғлиғи учун масъул бўлишини, яна битта нолойиқ шифокор пайдо бўлишига йўл қўймаслигини таъкидлайди. Ахир у Раҳим Ражабовнинг қизи. Қанийди, ҳамма шифокорлар ва уларга сабоқ берадиганлар Нодирахондай бўлса. Отаси ҳақидаги бу китобнинг дунёга келишига ҳам уч қиз сабабчи эканлигини билгач, қани, ҳамманинг ҳам шундай қизлари бўлса, деб уларга ҳавасим келди.

“Ҳалол бўл. Тўғри юр”. Донишманд отанинг қизларига айтган бу сўзлари мағзини чақмоқ керак. Бирор тадбир ёки дўстлар билан учрашмоқчи бўлганида Раҳим ака: “Интизом бузилмайдими?” деб савол бераркан. Ота ва болалар ўртасидаги бундай муносабатлар ҳам — мактаб. Оиладаги муҳит ва қизларнинг кийинишидан тортиб, илмга, ишга, одамларга муносабатигача эътибор берилишининг ўзи Раҳим аканинг қандай оила бошлиғи бўлганлигини кўрсатади. Китобда қизларнинг отаси ҳақидаги юракдан чиққан хотираларнинг ҳар бирида самимият, меҳр бор. Фахрланиш руҳи яққол сезилиб туради.

Хотираномада Раҳим аканинг жуда кўплаб дўстларининг бир-бирига ўхшамаган дил сўзлари, одамни ҳайратга соладиган ёдномалари ўрин олган. Ўзбекистон халқ шоири Жамол Камол, таниқли олимлар Сайёра Рашидова, Бахтиёр Турсунов, Иса Ҳамедов, давлат ва жамоат арбоблари, шунингдек, яқинлари, шогирдларининг хотиралари орқали халқимизнинг ажойиб фарзанди ҳақида билиб олиш мумкин. Китобнинг сўнгги саҳифаларида Малика исмли набирасининг ёзганларини ўқийсиз. “Бобом ва бувимни бахтли ҳаётим сабабчиларининг олд қаторида кўраман”, деганининг ўзидан ҳам кичик набиранинг катта гаплари борлигини билиш мумкин. Шундай давомчилари бор инсон, Ўзбекистон халқ шоири Шайхзода домла айтганидек, асло ўлмайди:

Умрлар бўладики,

Тиригида ўликдир.

Ўлимлар бўладики,

Ўлган одам тирикдир.

* * *

Китоб муаллифи Саъдулла Ғайбуллаев — журналист-тарихчи. “Фақир киши панада”, деб чеккада юрадиганлардан. Ҳозиргача Саъдулланинг “Қоракўл воҳаси қавмлари”, “Бухоролик шайх ва элчи қисмати”, “Шевамизда бир сўз бор” каби ўндан ортиқ китоблари чоп этилган.

Машҳур одамлар ҳаёти ва фаолияти тўғрисида ёзилган китоблар кўп. Лекин Ғайбуллаевнинг бу китоби бошқача. Унда бир шахс билан боғлиқ тарих бор. Кўпчилик билмайдиган “сирлар” очилган. Бу китобни бугунги раҳбарлар ўқиб чиқишса яхши бўларди. Лекин бугунги аксар раҳбарлар китоб ўқишни исташармикан? Вақт топишармикан? Қайдам. Лекин рисолада раҳбар, ҳоким қандай бўлиши керак, деган саволга жавоб бор. Қанийди, ўзига берилган уйни Раҳим акага ўхшаб муҳтожларга бериб юборадиган эҳсонли, мурувватли ҳокимлар кўпайса. Муқим қолиб айтар бўлсак, бу китоб ўқийдиган асар бўлибди. Китобхонларга арзигулик совға бўлибди.

Анвар АБДУВАЛИЕВ,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган

журналист.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

fifteen + eleven =