Буюк ҳофиз ёди
ёхуд Ўзбекистон халқ артисти Фахриддин Умаровни эслаб…
Мен чамаси қирқ йил атрофида улуғ санъаткоримиз Фахриддин Умаров ҳақида билганларимни ёзмоқчи бўлиб юрар эдим. Бу йўлда имкони борича теледастурлар ва радио тармоқларида гапирдим. Фахриддин ака тириклик чоғида ёхуд вафотларидан сўнг илмий анжуманлар, тўйлар ва оилавий хурсандчилик кунларида тўлқинланиб айтганларим бор.
Ҳатто бир илмий-маърифий йиғинда таниқли олимимиз, академик Азиз Қаюмов: “Ўзбек халқининг ифтихори бўлган Фахриддин Умаровга ҳурматингиз баланд экан”, деб эътироф қилганди.
Оилада ўн фарзандмиз. Икки акам, икки опам Украинанинг Скадовск туманида, қолган олтовимиз Тошкентда туғилганмиз. Раҳматли бобом Пўлатбекнинг Тошкентда бир-иккита дўкони, ҳозирги Зангиота туманидаги далаларида қўй ва сигирлари бўлган. Шўролар тузуми унга нисбатан “қулоқ” тамғасини босиб, 1931 йилнинг сентябрида оила аъзолари билан Херсон даштларига бадарға қилган. Фарзандлари орасида 21 ёшли отам Тўхтабек Каримбеков ҳам бўлган.
Худди шундай қисмат онамнинг тақдирида ҳам содир бўлган. Асли Хоразм диёридан бўлган волидам Эшниёзова (Каримбекова) Бибижон Беки қизининг оталари ҳам Херсонга “қулоқ” сифатида сургун қилинган. Онамнинг айтишларича, оталари Беки анча саводли, маърифатпарвар бўлган. Беки бобомиз ўз кулбаларида ёки Скадовскдаги ўзбек, туркман, қирғиз, қозоқлар даврасида: “Биз Ватанга, ўз диёримизга қайтишимиз керак, нима учун ўзга юртларда хор бўлиб яшашимиз керак?” деб айтар экан. Бунга жавобан бобом Беки Эшниёзов шўролар томонидан 1938 йилнинг 9 октябрида отиб ўлдирилган.
Бу воқеалардан сўнг волидамнинг онаси — Жумасултон бувимиз ҳам қирққа кирмай вафот этган, қабри Скадовскда қолиб кетган.
Қарангки, бундай ноҳақликлар гирдобига тушганлар орасида буюк ҳофизимиз Фахриддин Умаровнинг оиласи ҳам бўлган экан. Ота-онамнинг ҳикоя қилишича, Скадовск туманида улар улуғ санъаткоримизнинг оиласи билан ёнма-ён яшаган. 1931 йил, яъни қадим Туркистон халқлари Украинага бадарға қилинган йилда Фахриддин ака 5 ёш бўлган. Тўхтабек отам ва Аннамурод тоғамнинг сўзлаб беришича, Фахриддин ака оқ-сариқдан келган, жуда чиройли, тўғри сўз, рус тилини яхши биладиган ажойиб инсон бўлган. У киши тоғамнинг яқин қадрдонларидан бўлиб, Скадовск сургунидаги 6-ўзбек тўлиқсиз ўрта мактабида бирга ўқишган. Менда тоғамдан эсдалик бўлиб қолган ўша мактаб битирувчиларининг “виньетка”си бор. Унда Фахриддин Умаров битирувчиларнинг аълочиси сифатида энг юқорида турибди.
Болалик чоғларим оиламизда Фахриддин ака ҳақида суҳбатлар бўлар эди. Дадам ва ирригация институтининг етук домласи бўлмиш тоғам кўп гапирар эди. Фахриддин ака болалигида кўп қийинчиликлар чекканлиги, қамишдан най ясаб, уни чиройли чалиши, “большевой”лар билан рус тилида баралла тортишганлигини ва энг муҳими, жуда одобли, ҳалол ва аълочи бўлганлигини бизга намуна қилиб айтишарди.
Уйимизда Фахриддин Умаров ижросидаги грампластинкалар кўп эди. Айниқса, “Онам дерман”ни қўйсак, волидам ўкиниб-ўкиниб йиғлар ва уларга қўшилиб опаларим ҳам йиғлар эди. Тўй қилсак, дадам раҳматли Фахриддин акани таклиф қилар эдилар.
Йиллар ўтиб, ҳофизнинг яқин дўстига, худди ўғлига айланиб қолдим. У мени эркалаб “Бегим” деб айтар эди.
Дастлабки танишувимиздаёқ (80-йиллар бошларида телевидениеда) ўзим кимнинг фарзанди эканлигимни айтишим билан Фахриддин ака мени қучоқлаб: “Тўхтабек ака тачанкада, (яна қайтариб) тачанкада Одессадан нон ташир эдилар, бормилар?” деб сўрадилар. Мен отам ҳаёт эканлигини, 70 дан ошганлигини айтдим. Фахриддин ака дуо қилдилар ва дадамга салом йўлладилар. Дарҳақиқат, Тўхтабек отам сургунда бўлган йилларида Одесса билан Скадовск оралиғидаги чамаси 200 километр келадиган йўлда от-арава, яъни тачанкада нон ташиган экан. Ватандан бадарға бўлганлар корига яраган эканлар.
Мен Фахриддин ака билан, асосан, телевидениеда, баъзида радиода учрашар эдим. Тўйларда ҳам кўп бор кўришганмиз. У мени кўриши биланоқ самимийлик билан бағрига босар эди. Ёнларига чақириб олар эдилар. Суҳбатлари ниҳоятда дилкаш, ўта маданиятли, илмга бой, бирорта ортиқча гап бўлмасди.
Тақдир тақозоси билан ҳозирги ЎзМУда ўқитувчи, катта ўқитувчи, кейин эса телевидениеда сиёсий шарҳловчи бўлиб меҳнат қилдим. Кам бўлмадим. 1996-1999 йилларда Ўзбекистон Президентининг маданият, маънавият ва жамоат ташкилотлари билан ишлаш хизматида бош консультант, яъни ўша давр мақоми бўйича давлат маслаҳатчиси ўринбосари вазифасини бажардим. Фахриддин ака билан қўнғироқлашиб турар эдим. 1997 йил бўлса керак, Фахриддин Умаровга қўнғироқ қилдим, аввалгидек самимий суҳбатлашдик. Шунда мен “катта идорада” эканлигимни айтиб, у кишига нима учун ҳануз халқ артисти унвони берилмаётганлиги билан қизиқдим. Балки, бошқа санъаткор бундай идоранинг номини эшитиши биланоқ, “менга ёрдам беринг” деган бўларди. Фахриддин ака ундай қилмадилар. Улуғликни сақлаб қолдилар.
“Қобилбек, менга бўлган ҳурматингиз, садоқатингиз учун миннатдорман. Бироқ мени деб бурнингиз қонамасин. Бу масалани кўтарганлардан анча-мунчаси танбеҳ олдилар. Шундай бўлса-да, Ҳожиакбар (Ҳ.Ҳамидов) ҳаракат қилиб юрибди. Барака топсин!” — дедилар.
Мен фаолият олиб борадиган Миллий телерадиокомпанияда бир неча минг ходимлар бор. Яхши ижодкорлардан бири, шогирдим — бугунги кунда филология фанлари доктори Гулжаҳон Мардонова. 2002 йилда Фахриддин Умаров “Халқ ҳофизи” унвонини олгач, у буюк санъаткор ҳақида анча салмоқли кўрсатув тайёрлади. Муаллиф Г.Мардонова узоқ йиллар мобайнида айримлар Фахриддин акага азоб берганлиги ҳақида сўз боради ва улар ким эди, деган маънода савол беради. Фахриддин Умаровнинг улуғ маданият дарғаси эканлигини шунда ҳам кўриб яна ҳайрон қолдим. Жавобни қаранг: “Келинг, бугун ўшаларни эсламайлик, мен шу экран орқали уларга “раҳмат” айтмоқчиман. Чунки уларнинг отган тошлари оёғим остига тушиб, менинг бўйим баланд кўриняпти”. Менимча, бундай камёб фикрни фақат донишманд одамгина айта олади.
Мен Фахриддин Умаров иштирок этган олимлар даврасида ҳам бир неча бор қатнашганман. Бир куни Алишер Навоийнинг қўшиқ қилинган ғазали устида уч фан доктори бир томон ва Фахриддин ака ёлғиз бир томон бўлдилар. Мунозаранинг якуни бўлмагач, Фахриддин Умаров: “Келгуси учрашувимизга Алишер Навоийнинг китобини олиб келаман”, дедилар. Алқисса, келгуси учрашувда Фахриддин ака Алишер Навоийнинг китобини олиб келиб, уч фан докторини мот қилиб, ҳайратга солганлигининг гувоҳи бўлганман.
Фахриддин Умаровнинг қўшиқчилик санъати алоҳида мавзу. Фахриддин аканинг қўшиқлари бир нечта китоб ёзишга арзийди. Мен ҳам, иншооллоҳ, ҳофизнинг қўшиқларига ашаддий мухлисман. Ўзим ва акаларим тўплаган юзлаб қўшиқлар бор.
Фахриддин аканинг бой санъат бисотида мумтоз шеърият алоҳида ўринга эга. Жумладан, ҳофизнинг қўшиқлари Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Огаҳий, Муқимий, Фурқат, Хислат каби улуғ даҳолар ижоди билан боғлиқ. Айниқса, Фахриддин Умаров Бобур шеъриятига кўп бор мурожаат қилган. “Сочининг савдоси тушди” ёки “Жамолинг васфини, эй ёр” каби ажойиб қўшиқлар ҳофизнинг Бобурга бўлган юксак эҳтиромидан дарак беради. Фахриддин Умаров Бобораҳим Машраб ижодига ҳам кўп бор эътибор қаратган.
Фахриддин ака билан учрашувларимиздан бирида Машрабнинг “Меҳрибоним, қайдасан?” номли китобга дастхат ёзиб беришларини илтимос қилдим. У киши қуйидаги жумлаларни ёзиб, имзо чекдилар: “Машрабнинг ғазаллари мухлиси укам Қобилбекка самимий ҳурмат ила Ф.Умаров”.
Фахриддин ака Ёнғин Мирзо, Миртемир, Пўлат Мўмин, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Тўра Сулаймон, Шуҳрат, Ёдгор Бахши, Чустий, Ўткир Рашид, Ҳайдар Муҳаммад, Жуманиёз Жабборов, Шукрулло, Зоҳиджон Обидов, Ҳайдар Яҳёев, Муҳаммад Юсуф ва бошқа ўнлаб шоирларнинг шеърларини куйга солиб ижро этган.
Фахриддин ака оқибатли, вафодор дўст, лафзи ҳалол инсон эдилар.
У киши ўз даврининг улуғлари билан ҳам жуда қадрдон бўлган. Шулардан бири ҳақида қисқача айтиб берсам. Бу санъаткор Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Зокиржон Султонов эди. У киши Фахриддин акага қаттиқ мухлис эканлигимни билиб, ишонасизми, қаҳратон қишда Фахриддин Умаровнинг “теша тегмаган” 125 та қўшиғи ёзилган дискни яшаб турган хонадонимга олиб келсалар бўладими! Дарров иссиқ чой, бир бурда нон билан меҳмон қилган бўлдим, қарасам, шошяптилар, қўлларида катта пакет. “Зокиржон ака, шошилманг, келинингиз овқат тайёрлаяпти”, дедим. У киши: “Йўқ, Қобилбек, мана шу сеткада Фахриддин акамга дорилар бор, тезда етказишим керак, қанд касали анча безовта қиляпти”, дедилар-у ташқарига отилдилар. У ёғини чўзмайман. Мана инсонийлик, мана садоқат, мана дўстга эҳтиром!
Яна бир воқеани қисқача баён этсам. 2022 йилнинг кеч кузи. Қибрай тумани маданият саройида Фахриддин Умаровнинг хотира кечаси бўлди. Ажойиб санъаткорлар иштирок этди, дилкаш суҳбатлар бўлди, ҳофизнинг қўшиқларидан намуналар ижро этилди. Шунда ажойиб инсон, шоир, моҳир педагог Шукур Дадаш Фахриддин ака ҳақида маъруза қилдилар. Муболаға эмас, бундай чуқур мазмундаги нутқни мен фақат илмий кенгашларда ёки академиянинг йиғилишларида кўрганман, холос.
Айни шу тадбирга ҳофизнинг Жамолиддин исмли фарзандлари ҳам келган экан. У кишига оталари ёзиб берган дастхатни кўрсатишим биланоқ, халқ ҳофизимиз мени алқагани каби, фарзандлари ҳам ўз бағрига босди…
Қобилбек КАРИМБЕКОВ,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист.
